Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғафуров билан суҳбат
– Иброҳим ака, одамга болалик каби таъсир кўрсата оладиган давр йўқ. Чунки шу даврда инсоннинг маъно оламининг пойдевори ташланади. Кейинги жараёнларнинг барчаси пойдеворнинг қандай бўлиши билан боғлиқ. Болалик йилларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Мен 1937 йил 27 декабрда Тошкентнинг шимол томонидаги Мевазор мавзесида, тарихий Тешикқопқоқ деган жойда туғилганман. Бу ҳақда бир мансурам бор:
...ўттиз еттинчи йил.
Мен туғилганда қаҳратон эди.
Қодирий йўқ эди.
Чўлпон йўқ эди.
Фитрат йўқ эди.
Носирий йўқ эди...
Мен туғилганда қаҳратон эди...
Отам Усмонбой Ғафуров ҳунарманд нонвой, онам Муҳаррам Ибодова чевар тикувчи эдилар.
Тешикқопқоқ кўҳна мозорининг этагидан пишқириб, қичқириб шиддатли бир сой оқарди. Унинг номи ҳам Қичқириқ эди. Қичқириқ Қорақамишдаги тўқайзорлардан ўтиб Тошкентнинг ғарбидаги жуда чуқур ваҳимали жарликларга йўл оларди. Қичқириқ ҳозир ҳам бор.
Биз – ота-онам, акаларим, опам, тоғам муаллим Ҳусанбой Ибодов жуда катта ҳовлида бирга турардик. Отам уруш вақтлари ҳарбий юклар ташийдиган эшелонларда соқчи бўлиб хизмат қиларди ва баъзан икки-уч кунга Тошкентга келганида қиш пайтлари боғимизни мўр-малахдай босган қарғаларни милтиқ отиб қўрқитарди, биз болакайлар варанглаган ўқ овозларидан ҳайратга тушардик. 1940 йилда муаллим Ҳусанбек тоғам ўзи билан пединститутда бирга ўқиган Жўрахон кеннойимга уйланди. Ҳовлида катта тўй бўлди. Шу тўй менинг эсимда қолган. Ҳозиргача аниқ-тиниқ эслайман. Тоғамнинг келин тушган уйи эртаклардагидай безатилган эди. Уйнинг деворлари ойнаванд ромли шкафлар эди. Уларнинг ҳаммасига тоғамнинг китоблари тартиб билан териб қўйилганди. Китоблар жуда кўп эди. Жуда кичик бўлсам-да, ўша вақтларда шунча безаклар қолиб, айнан китоблар менга мўъжизадай туюлгани қизиқ. Одам боласи ўз толеини учратганини тўғри англаса, сўнг бу толе унга умр бўйи ва асрлар бўйи ҳамроҳлик қилади. Балки мен ўшанда ўз толеимни китоблар тимсолида учратгандирман.
Мен 1943 йилда Қорасаройдаги 28-мактабнинг биринчи синфига Мансур, Сайфи, Асад деган ўртоқларим билан ўқишга чиққанман. Оёқларимизда ҳеч нарса йўқ эди. Мактабга ялангоёқ борардик. Оёқлар тамомила ёрилиб, қонаб кетарди. Шундай бўлса-да, биз жон-жаҳдимиз билан мактабга интилардик.
Ҳарфларни, китоб ўқишни, иншо ёзишни ўрганганман, жуда ёш, ўзбекча кийинган муаллим опам менга иншо ёзишни топширар, кўчада нималарни кўрдинг, шуни ёз, ҳозир қайси фасл, шуни ёз, нимани кўрган бўлсанг шуни ёз дер эди. Мен жуда қийналиб бир нарсалар ёзардим. Қанорларда сомон олиб кетаётган катта аравани кўрдим, унга туя қўшилган эди деб ёзардим. Муаллим опа мақтарди. Менинг илк ижодий ишларим шундай бошланган.
Бизга учинчи синфда ўқиш китоби беришди. Мен ундаги биринчи дарсни ўқиб, жуда қизиқиб қолдим. Тез орада ўқиш китобимни бутунича ёдлаб олдим. Унда Ғафур Ғулом шеърлари, Ойбек, Миркарим Осимнинг асарларидан парчалар берилган эди. Миркарим Осимнинг ҳикояларини ўқиб тарихга ҳаддан зиёд қизиқиб қолдим. Жалолиддин, Темур Малик, Алишер деган отлар мен эшитмаган жуда қизиқ номлар эди. Кейин тўртинчи синфда бизга Ваҳоб ака деган ёш йигит тарихдан дарс ўтди. У худди артистларга ўхшаб дарс ўтар, ҳаммамиз бақрайиб қолар, оғзимизни очиб ўтирардик. Шундан кейин мен тарихчи бўламан деб юрагимга тугиб қўйгандим. Умуман, бизнинг ўқитувчиларимиз ҳаммаси алгебра, арифметика, физика, кимё, биология, она тили, адабиётдан худди артистларга ўхшаб маҳорат билан дарс ўтишар, биз маҳлиё бўлиб ўтирардик. Кейинчалик ўйлаб юрдим, балки шунинг учун бизнинг ичимиздан олимлар, адабиётчилар, кимёгарлар кўп чиққандир!
Менинг биринчи устозим тоғам эди. Тўртинчи синфга ўтганимдан кейин тоғамдан сўраб китобларини олиб ўқий бошладим. Тоғамнинг жавонларидан Чўлпон, Усмон Носир, Ғафур Ғуломларнинг илк китоблари чиқарди. Яхши тушунмасдим. Лекин оҳангларига берилиб ўқийверардим. Кейин катта бўлганимда яна ўқисам, тамомила бошқа-бошқа нарсалар экан. Отам хизматдан қайтгач, маҳалладагиларнинг илтимоси билан яна нонвойлик қила бошлади. Мен ўқишдан бўш кунлари қарашиб турардим. Отам қарашганимга ҳар сафар уч сўм берарди. Мен уларни йиғиб қўярдим. Эскижўвага кўп тушардим. Чорсуда отам туғилиб ўсган Коппонга борардим. Ширмонпаз амакиларим ва аммаларим шу ердаги ҳовлиларда туришарди. Уларни яхши кўрардим. Жуда ширинзабон, яхши муомалали, эскича ўқиган одамлар эди. Мени ширмой нон, мевалар билан сийлашарди. Эскижўвада қатор тушган дўконлар орасида китоб дўкони ҳам бор эди. Кейин шу дўконга кирардим. Йиғиб қўйган пулларимга ўзимга китоблар олардим. Тўртинчи синфда ўқиётганимда шу магазинда катта қора чарм портфел кўриб қолдим. Унинг ичида тўртта бўлими бўлиб сиёҳдон, қалам, ручка, ўчиргич қўядиган ажойиб чўнтакчалари ҳам кўп эди. Мен уни ниҳоятда яхши кўриб қолдим. Аммо йиққан пулим етмасди. Яна бироз отамга қарашиб юриб, пулим етадиган бўлгач, бу гўзал портфелни сотиб олдим. Китоб-дафтарларимни солиб мактабга олиб бордим. Кичкина бола шундай катта чарм портфел кўтариб юрганидан ҳамма менга ажабланиб қарарди. Мен ўзимча бундан мамнун бўлиб қўярдим. Мактабни шу катта чарм портфелим билан битирдим. Университетга киргач, у ерга ҳам китобларимни солиб олиб бормоқчи бўлдим-у, лекин курсдошларимдан ҳеч ким портфел кўтариб юрмагани учун тортиндим. Шу портфел менга ниҳоятда сирдош буюм бўлиб қолган, унга энг яхши кўрган китобларимни – Марк Твенни, Айнийнинг “Эсдаликлар”ини, Ойбекнинг “Қутлуғ қони”ни солиб қўяр, истаган пайтда олиб ўқийверардим. Кейинроқ университетдаги танишим Маҳмуд Саъдий билан ўқиган китобларимиз ҳақида тинмай гаплашар, у менга баъзан “Қутлуғ қон”ни ўн бир марта ўқиб чиққани, ҳали яна ўқигиси келиб туришини айтарди. Мен эса “Қутлуғ қон”ни тўққиз марта ўқиган, Маҳмуд олдида мақтана олмасдим.
– Ёшлик йилларингизда университетда ўзбек маънавий оламининг улкан дарғалари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев каби шоирлар, адиблар ва олимлар билан бир авлод сифатида изма-из таҳсил олгансизлар. Шубҳасиз, бу авлод вакиллари миллат фахрига айланди. Бу жараённинг ҳар бирингизга қандай таъсир кўрсатгани ҳақида гапириб берсангиз.
– Мен 1956 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг филология факултетига ўқишга кирдим. Бу ерда илм, ижод, ижтимоий интилишлар муҳити кишини ҳар доим ўзига маҳкам жалб қилиб турарди. Дам-бадам Эркин Воҳидовнинг ўқувчилик ва талабалик даврида ёзган шеърлари янграб қоларди. Кичкина ғаройиб кашфиётга ўхшаган бу шеърлар домлалардан тортиб ҳаммани – ҳатто бошқа факултетдагиларгача ўзига ром қилиб олган, кўплар уларни ҳар жойда ёддан ўқишарди. Жуда машҳур эди Эркин Воҳидов. Кейинроқ унинг ёнига Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Омон Мухтор, Ўткир Ҳошимов, Саъдулла Сиёев қўшилди. Уларнинг илк асарлари ўқувчилар ўртасида донг таратди. Газета-журналларда босилди, алоҳида китобчалар бўлиб чиқди. Адабиётга гуриллаб янги талантли тўлқин кириб келаётгани, ижод майдонида мустаҳкам ўрнига эга бўлаётгани ҳаммага аён бўлди. Уларнинг ҳар бири тез орада ўзига хос шахс сифатида намоён бўлдилар. Уларнинг ўзига хос талантлари тарбиясида Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Умарали Норматов сингари университет домлаларининг эътибори, ҳиссаси жуда катта бўлди. Мен ҳам университетни тоғамдан сўнг илк чин устозим деб билдим. Бу ишонч ва муҳаббат ҳаётимга жўшқинлик, қаламимга ҳарорат ато этиб турди.
– Дунё адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилиб китобхонларга етказишда матонат кўрсатдингиз десак, муболаға бўлмайди. Таржима санъати оғир ва машаққатли санъат. Игна билан қудуқ қазишдай гап. Агар сиз таржима қилган китобларни бир жойга тўпласа, нақ 30 жилд бўлади. Таржимадан ташқари ўзингизнинг китобларингиз ҳам 30 жилдга боради. Бу умрингиз давомида жуда катта хирмон кўтарганингизнинг далилидир.
– Дунё адабиётига қизиқиш, бутун ҳаётимни китоб билан боғлаганим, китобни менга ёзилган тақдир иши деб билганим мени адабий танқид ва бадиий таржима соҳаларига дадил қадамлар билан киришга чоғлади. Ўқиган китобларимни ўзбек тилига хаёлан ағдариб юрадиган бўлдим. Қораламалар қилдим. Муқобил сўзлар, жуда кўп вариантлар, версиялар қидирдим. Баъзан йирик-йирик асарлар бир бутун ҳолда хаёлимда ўзбекча шаклга кириб гавдаланарди. Ёшлигимдан, “Ойдин кечалар”ни ўқиганимдан бери Фёдор Достоевский романлари худди шундай яхлит ўзбекча бўлиб кўз ўнгимда турарди. Чидолмай уларни қоғозга туширишга шошилардим. Аммо реаллик бошқа эди. Реаллик қора терга ботиб меҳнат қилиш, тинимсиз заҳмат чекишни тақозо қиларди. Усмон Носир, Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий, Миркарим Осимдан таржиманинг жозибадор сўзи қандай бўлишини ўргандим. Асар колоритини, фусункорлигини қайта тиклашга ва бунда сўз фасоҳатини заррача йўқотмасликка муттасил эътибор қаратдим. Кейин йиллар ўтган сари булар менинг бадиий таржимадаги услубимга айланди. Буларни маҳоратнинг ўлмас манбаига айлантириш ниҳоятда катта иқтидор, куч-қувватни талаб қилади.
– Мен таржима санъатини дарди бир, қувончи бир-бирига ўхшаш, аммо икки тилда гаплашадиган икки инсоннинг ҳасратлашишига ўхшатгим келади. Аминманки, бу кечинмани катта ижодий жараёнда кўп бора туйгансиз. Расколников билан (“Жиноят ва жазо” романи), княз Мишкин билан (“Телба” романи), Маркес қаҳрамонлари билан баайни бирга яшагансиз. Гап шундаки, таржима ақл ва юрак ўртасидаги катта ижоддир.
Бироқ бугун интернет саҳифаларида ёки алдам-қалдам, қўл учида қилинган таржима китобларда бир оғриқли манзара пайдо бўлаяпти: “гугл” (Google)га автоматик таржима қилдириб, эга-кесимини сал эпақага келтиргач, “таржимон – фалончи” дея эълон қилиб юбораётганлар ҳам кўп. Ёки асарни ўзича тушуниб, уни ақли етганича таржима қилиш асносида, муаллиф матнида бўлмаган гап-сўзларни қўшиб (ёки айириб) ташлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу нодир ижод тури бу кетишда қай аҳволга келиб қолади деб ўйлайсиз?
– Миллий уйғониш шабадалари тобора куч олиб, маданий-маърифий дунёларимизда ҳаётбахш жонланишлар кузатилмоқда. Бу жонланиш бадиий ижод соҳаларида ҳам кўзга ташланаяпти. Ўқиш, китобларга қизиқиш, илм олиш, тадқиқотчи олим бўлиш, глобал дунё ва миллий ҳаёт тарзи талаб қилаётган кенг спектрдаги ихтисосларни мукаммал эгаллаш, мутахассис бўлишга интилиш ёшлар, ўсмирлар, хотин-қизларнинг кенг қатламлари орасида удумга айланмоқда. Камбағаллик ва ундан туғиладиган жуда кўп ранг-баранг нокасликларга тамомила барҳам беришнинг энг таъсирчан йўли мутахассис (қайси соҳада бўлмасин!) бўлиб етилишдир. Ҳозир камбағалчиликдан чиқаётган ва у билан буткул хайрлашаётганларнинг барчаси мутахассисликларни эгаллаган кишилардир. Турли техник қулайликлар чиқаётган ажойиб-ғаройиб компютерлар замонида таржималарни ақлли компютерлар ҳамда ўта ғаройиб ҳисоблаш машиналари зиммасига бемалол юклаш мумкин деб қарайдиган “ақлли” одамлар (тўғрироғи, қаллоблар ва кўзбўямачилар) ҳам бош кўтармоқда. Аммо ҳеч қандай ақлли машина инсон қиладиган ижодга қобил эмас ва бундан кейин ҳам ҳеч қачон қодир бўлолмайди. Зеро, ҳеч қандай ақлли машина одам ҳиссиётлари ва у ярата оладиган образлар, манзаралар, коллизиялар, иллюзияларни бунёд этолмайди. Агар бунёд этолса, унда оламда янги одам навини яратган бўлади. Бунга қодир куч табиатда йўқ. Бадиий ҳамда илмий таржима соҳасини талант, иқтидор, малака, тажрибаларсиз асло тасаввур қилиб бўлмайди. Ижод кўзбўямачи ва қаллоблар иши эмас. Таржимон бўлиш учун бир нечта тилни мукаммал эгаллаш, миллий адабиётлар, турли билимлар соҳаларидан яхши хабардор бўлиш, хуллас, ижодкор бўлиш керак. Ўзини сўз мулки ичра ғаввосдек ҳис қилмоқ лозим. Шундагина қаламдан гўзал, одамлар юрагида гавҳардек яшайдиган сўзлар чиқади. Мен ҳозирги ноширлар жуда қаттиқ талабчан бўлишлари зарур деб ўйлайман. Ахир сўзга хиёнат нонтепкилик билан баробар. Сўз қароқчиларидан эса масъулият талаб қилмоқ жоиздир. Халтура таржима китобларни пайдарпай чиқариб тарқатаётган ноширлардан нега бундай деб сўраб туриш керак-ку ахир! Балки бу ишларни тўла тартибга соладиган таржимонлар бирлашмаси (ассоциацияси!) тузиш пайти келгандир. Адабиёт агентлиги билан биргаликда бадиий ва илмий таржимонлар ассоциацияси қанчалар зарур ҳозирги кунда!
Хуллас, кейинги пайтларда ўзбек тилини яхши билмасдан, бадиият нелигини англамасдан мен таржимонман деб савиясиз, чучмал ағдармаларни қалаштириб ташлаётганлар ҳам бор. Мен шундан ташвишланаман, чунки бу нарса дидни, адабиёт ҳақидаги тасаввурларни бузади.
– Иброҳим ака, машҳур ирланд адиби Жеймс Жойснинг “Улисс” романи ҳам илк бор сизнинг таржимангизда ўзбек китобхонига етиб борди. Бу китоб хусусида ғарб зиёлилари ҳам фавқулодда янги асар, инсон тафаккурининг янги маҳсули дея баҳо берадилар. “Дунёда икки тоифа одам бор: “Уллис”ни ўқиганлар ва ўқимаганлар!” каби таърифлар мавжуд. Шу ўринда ушбу асарнинг мазмун-моҳияти, ёзувчининг муддаоси, умуман “Улисс”нинг калити нимада деб биласиз? Бу китоб таржима бўлиб, китобхонларимиз қўлига етиб борган бўлса-да, юқоридагига ўхшаш қатор саволлар ўзбек китобхонида бисёр...
“Улисс” нима?
– Дунёда одам тўла роҳат қилиб (худди эски қази егандек бўлиб) ўқийдиган улуғ китоблардан бири Жеймс Жойснинг “Улисс” романи бўлса керак деб ҳисоблайман. Фусункор, афсонавий китоблардан. Бадиий адабиёт нафосати ва бадиияти қандай таъсирчан кучга эга бўла олиши бу китобда ҳар томонлама мужассам топган ва нафосат қирралари беҳад мислсиз сирлари билан намоён бўлган. Дунёнинг энг таъсирчан юзта китоби ичидан унга якдиллик билан биринчи ўринни беришган. “Улисс” афсонавий китоб бўлиши билан бирга унинг атрофида ҳам ранг-баранг афсоналар жуда кўп ва унга том-том шарҳлар, изоҳлар, тадқиқотлар, тарихлар ёзилган ва ҳали ҳам пайдарпай ёзилмоқда. Менинг таржимамда бу асар қарийб 900 саҳифа бўлган. Унда Жойс 1904 йил 16 июнда – бир кун ичида рўй берган ҳодисаларни тасвирлаган. Ирландиянинг пойтахти Дублин шаҳрида ёш йигит, номдор ёзувчи Жойс худди шу куни ўзининг бўлажак хотини Норахон Барнакл билан учрашган экан. Шу учрашув шарафига Жойс ушбу буюк китобини битган. Бу ақл бовар қилмайдиган бадиий поэтика кашфиётлари китоби. У ўн саккиз эпизоддан иборат. Жойс ўн саккиз эпизоднинг ҳаммасини дунё адабиётида бўлган барча бадиий техникалар, услублар, воситаларни қўллаб ёзган. Уларни романнинг бир неча ҳаёт қаватларига табиий сингдириб юборган. Мутахассислар ҳанузгача шуларнинг бадиий сирларини очишга уринишади. Жойсни ўқиш қийин дейишади. Гўзаллик ва айниқса унга етиб бориш қачон осон бўлган? Аммо меҳр, қунт, иштиёқ ва бадиий сўзга садоқатли муҳаббат бўлса, бу қийинчиликлар асло қийинчилик эмас. Навоий, Бобур, Қодирий, Яссавий, Машраб бизни жиддий ва қийин китобларни қийин демай ва машаққатидан қочмай ўқишга ўргатишган.
Жойс, Кафка, Флобер, Достоевский, Толстойларни ўқиганда ҳам уларнинг мислсиз гўзал оламларига поэтика қийинчиликларини ўзлаштириб, англаб, тушуниб кириб борасиз. Бунинг устига Жойс бу китобида дунё адабиётида биринчи бўлиб “онг оқими” деган бадиий тасвир усулини кашф этган. Фрейднинг туш, либидо, сублимация таълимотини бадиий тарзда юксак даражада инкишоф этган. Унинг персонажлари чексиз ўйлайдиган ва фикрлайдиган кишилар. Буларни англаб етган ўқувчи Жойсни ўқиб битиргач ўзини бир неча Европа университетини битиргандай сезади. Ўқиш қийин деб ўзингизни лаззатдан бебаҳра қилманг. Реклама агенти Леополд Блум, ёш шоир муаллим Стивен Дедал, гўзал овозли санъаткор Молли, тарихчи файласуф Бик Маллиган ва романнинг бошқа қаҳрамонлари ҳаёт, инсон, тақдирлар, дунёнинг туриш-турмушлари ҳақида ҳеч тўхтамай фикрлаб, фикрлаганда ҳам ғаройиб фикрлаб сизни ўз дунёсига жалб қилиб туради. Сиз саҳифама-саҳифа дунёнинг энг хабардор одамларидан бирига айланиб борасиз. Яссавийнинг қудрати нимада эканлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? У фақат худони танишни тарғиб қилган деб ўйлайсизми? У доим ўз ҳикматларида бехабарлар билан баҳс олиб борган. Бехабарликни жуда кенг маънода тушунган. Бу ҳатто гумроҳликдан ҳам бошқача бир ҳодиса бўлган. Шунинг учун у ҳозиргача бор, ҳозиргача тирик, ўлмаган! У минг йилларча, ҳатто бронза асридан бери ҳаёт ва Ер юзидан тамомила изсиз ўтиб келади. Китоблар эса бизни шундай оғир ҳодиса – бехабарликдан қутқаради. Зеро, китобда Гёте ибораси билан айтганда, “мангу нафосат” яшайди.
– Жадидлар нафақат адабиётимизни, маънавиятимизни ҳам, миллий тафаккуримизни ҳам янгилашга бел боғлаган эдилар. Жадидлар билан боғлиқ қандай армонларингиз бор?
– Жадидларни ижодий тилим чиққанидан бери севаман. Чўлпонсиз, Беҳбудийсиз, Фитратсиз ўзимни ҳам, адабиётдаги ўрнимни ҳам тасаввур қилолмайман. Уларнинг ўзбек халқи озодлиги, маърифати йўлидаги заҳматларини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Улар ҳаётимиздан, тарихимиздан ўз ҳаққоний ўрнини топгани ва эгаллагани хўб бўлди. Жадидлар эътиқодига эргашиш ва уни янги тарихий ижтимоий шароитда ижодий давом эттириш бугунги ва эртанги энг долзарб вазифамиз деб биламан.
– Замонавий ўзбек адабиёти билан жаҳон адабиётини солиштирганда қандай хулосаларга келасиз?
– Бугун ҳозирги замон ўзбек адабиёти жаҳон адабиётининг узвий давомига айланиб бормоқда. Янги мавзулар, шакллар, усуллар, қарашлар кириб келмоқда. Асл тилларга таржималар ҳам умидли куртакламоқда. Ўзбек адабиёти дурдоналари тупроқда қолмаганидек, жаҳон адабиёти мумтоз намуналари ҳам ўзбек тилида ўз жарангини топади. Бунга шубҳа йўқ. Аммо Учинчи ренессанс даври бадиий таржимонларининг майдонга кириб келиши ва ўзини топиши, танитиши ниҳоятда қийин кечмоқда. Лекин жараён бошланган.
– Ҳаётда қаттиқ амал қиладиган қоидангиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Мунтазам ижод қилиш. Бир кун ҳам тўхтаб қолмаслик, ҳар қандай вазиятда, ҳеч қачон ижоддан чекинмаслик.
– Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева билан бутун умр бирга яшадингиз, ҳаётнинг оғир-енгилини бирга тортдингиз. Шу ҳақда кўнглингиздаги хотираларингиз...
– 1976 йилдан буёғига Ойдин Ҳожиева билан бир йўлдан елкама-елка, ҳамжиҳат, ҳамкор, мададкор, маслакдош бўлиб бордик. Эллик йилдан ортиқроқ вақт ичида Ойдинни доим чеҳраси очиқ, юзи ёруғ, самимий ҳолда кўрдим. У шу вақт мобайнида жўшиб-тошиб ижод қилди. Гўзал лирик шеърлар, ҳассос достонлар ёзди.
Ҳаётимда чин бурилиш – мен Ойдинни, Ойдин эса мени топгани бўлди. Бошқа барча инсоний бурилишлар шундан улги олди. Биз асл нарсалар нималигини бирга англадик. Чин ва сохтанинг нималигини билдик. Яна қайдам...
Юлдузим, сен билан ўнгланди тилагим...
Ўчмагансан, кетмагансан, аразинг йўқ.
Хуш чиқибсан кўк тахтингга –
Манглайингни келар силагим,
Юлдузим, ҳамроҳим, сен билан тирилди юрагим...
– Бугунги ўзбек ёшларига айтадиган энг муҳим гапингиз?..
– Бугунги ёшлар билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлгим, режаларини яхшилаб англагим келади. Улар фурсатни бой бериб қўймасликларини жуда истайман. Одам вақтга жуда қаттиқ боғланган. Миллион-миллион ришталар билан чамбарчас боғланган. Вақт шакллантиради: қиёфани ҳам, қалбни ҳам шакллантиради. Ақлли одам вақтни бой бермайди. Вақтни бой берган ҳеч қачон ақлли бўлмайди. Ҳар ким ўзига савол берсин: мен вақт ичида қандайман: борманми, йўқманми? Бунга жавоб топган доим ютуқда.
Яна бир гапим: ёшлар асл устозлар этагини маҳкам тутсинлар. Устоз бор жойда ҳаёт бор, келажак бор, тараққиёт бор.
– Дунёнинг паст-баландини кўп кўрдингиз ва бу кўриб-кечиришлар жараёнида халқимизнинг донишманд инсонларидан бирига айландингиз. Шу қутлуғ ёшга кириб ҳаёт ҳақидаги, инсон ҳақидаги энг муҳим хулосангиз нима бўлди?
– Баъзан... шунча йил яшаб, кўриб-кечириб, ҳаёт ва инсон ҳақида қандай хулосаларга келдим деб ўйлаб қоламан. Ҳар бир инсон чин ўзини, ўзлигини, ўз ўрни, ўз вазни, вазифасини билиб, англаб донишмандона умр кечирса қанийди. Инсониятнинг ярмидан кўпи ўз-ўзини, ўз ўрни ҳамда вазифасини билмай ўтиб кетмоқда. Қалбаки сўзлар, арзимас майда-чуйдаларга берилиб умрни бой бермоқда. Талай одамларнинг оқ-қорани танимаслиги мени қаттиқ ташвишга солади. Бу бугунги замонда янада қалтис тус олаяпти.
– Ўзбек халқининг қайси мақолини кўпроқ яхши кўрасиз ва нима учун?
– “Она юртинг омон бўлса, ранги рўйинг сомон бўлмас” деган мақолни яхши кўраман. Жуда содда, жуда оддий кўринса-да, бу мақолда ҳаётимизнинг моҳияти айтиб қўйилган. Чунки бизнинг олтмиш икки минг томиримиз она юртимиз билан чамбарчас боғланган.
– Доимо сизга йўлдош тилакларингиз...
– Ватанимда сув доимо сероб бўлишини, ҳаво ҳамиша тоза-соф бўлишини, одамлар бир-бирларига мудом самимий, ишончли, маърифатли бўлишларини тилайман. Ўзганинг дардини ўз дардидай қабул қилишларини истайман. Кўнглимда гапларим кўп. Яна ҳар кимнинг дилидаги Худога боғлиқ. Мезбон битта: У бизни кузатади ва кутади.
Суҳбатдош: Эшқобил ШУКУР.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 1-сон.
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ