“Яшамоқ – меҳнат қилмоқ демак”
Ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишдек юксак мақсадимиз биздан ҳар томонлама етук ёш авлодни тарбиялашни талаб этади. Ўғил-қизлар тарбияси эса кўпқиррали бўлиб, бунда меҳнат тарбияси асосий ўрин тутади. Зеро, буюк француз маърифатпарвари Франсуа Вольтер айтганидек, “Яшамоқ – меҳнат қилмоқ демакдир. Меҳнат – инсон ҳаётининг айнан ўзидир”. Меҳнат воситасида одам нафақат оламни, ўзини ҳам бунёд этади.
Мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг меҳнат қилиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланган. Ўзбекистон Конституциясининг 53-моддасида “Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, деб белгилаб қўйилган.
Биринчи Президент Ислом Каримов “Барча ислоҳотларнинг – иқтисодий, демократик, сиёсий ислоҳотларнинг асл мақсади инсонга муносиб турмуш ва фаолият шароитларини вужудга келтиришдан иборат” деган фикри билан бугунги ижтимоий меҳнатнинг маъно-моҳиятини ҳам аниқлаб берган эди (Ислом Каримов. Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида. Тошкент, “Ўзбекистон”, 1995. 119-бет).
ХХI асрда меҳнат қуйидаги хусусиятларни намоён этаётир: 1) меҳнат жараёнининг интеллектуал потенциали ортяпти, бу эса ақлий меҳнат ролининг кучайиши, ходимнинг онглилиги ва масъуллиги кучайишида намоён бўлмоқда; 2) меҳнат харажатлари моддий қисмининг улуши кўпаймоқда. Бу меҳнат воситалари (машиналар, асбоб-ускуналар, механизмлар ва бошқалар) роли ортиши билан боғлиқ бўлиб, инсон чекланган жисмоний имкониятлар шароитида меҳнат унумдорлиги ва самарадорлиги ошишида ҳал қилувчи омилга айланмоқда; 3) меҳнат жараёнининг ижтимоий аҳамияти ортяпти. Ҳозирда меҳнат унумдорлигининг ўсиши фақат ходим малакасини ўстириш ёки меҳнатни юксак механизациялаштириш билангина эмас, балки инсон саломатлиги, унинг кайфияти, оила, жамоа ва умуман жамиятдаги муносабатлари билан ҳам боғлиқдир (Абдураҳмонов Қ. Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси. Тошкент, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004. 11-бет).
Мамлакатимизда бундан 20 йил аввал қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, моҳият эътиборига кўра, ёш авлодни ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаш, ҳар бир йигит-қизда меҳнатга нисбатан эҳтиёж ва иштиёқ шакллантиришни кўзда тутади. Зеро, бугун амал қилаётган “9+3” шаклидаги бепул мажбурий таълим тизими моҳиятида ҳам ҳар ўқувчининг икки ёки уч касбни пухта ўзлаштириши, хорижий тилларни мукаммал эгаллаши, замонавий ахборот технологияларидан тўлиқ фойдалана билиши ва шулар асосида ҳаётга комил ишонч билан дадил қадам қўя олишидек эзгу мақсад мужассамдир.
Шахснинг яратувчилик фаолиятига тўсқинлик қиладиган уч иллат – бепарволик, танбаллик ва лоқайдликка қарши беаёв кураш очиш бугун ҳар қачонгидан-да долзарб, десак сира хато эмас. Бепарволик – ўз умри ва жамият ҳаётига эътиборсиз, совуққон қарашдир, бундай феълли киши наинки жамият, ҳатто ўзи учун ҳам бирор арзирли иш қилишга қодир бўлмайди. Лоқайдлик эса – жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга, улардаги ижобий ва салбий жиҳатларга ақлий-ҳиссий бефарқ ёндашув бўлиб, бу тоифа кишилар учун мустақиллик, фаровонлик, эркинлик олий қадрият саналмайди.
“Темур тузуклари”даги “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз кишидан яхшироқдир”, деган фикр буюк Соҳибқироннинг ана шундай бепарвою лоқайд кимсаларга муносабатини ифода этади. Танбаллик ҳам бепарволик ва лоқайдликка ўхшаса-да, бироқ меҳнатдан, яратувчанликдан ўзини онгли равишда четда тутишга интилиши билан фарқланади. Танбал одам ҳамиша оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишни маъқул кўради. Бундай кимсани ишёқмас, дангаса деб ҳам атайдилар. Танбалликдан сақланиш мумкин, албатта. Бунинг учун болаликданоқ жиддий тарбиявий иш олиб бормоқ зарур. Зеро, француз файласуфи Клод Гельвеций айтганидек, “Агар одам болалик давриданоқ меҳнатга одатланса, меҳнат унинг учун чинакам ҳузурга айланади. Аммо унда бундай одат шаклланмаган бўлса, ялқовлик унга меҳнатни азоб қилиб кўрсатади”.
Ақлий меҳнат таназзули даври
Шўролар даврида меҳнат умумдавлат миқиёсида кампаниябозликка айлантирилган эди. Меҳнатнинг инсонга келтиражак бевосита манфаати ҳақида гапирилмас, унинг ҳажми, сифати ва иш ҳақи ўртасидаги боғлиқлик инкор этилар, меҳнатга фақат давлат шон-шуҳрати, сиёсий куч-қудратини оширишга қаратилган фаолият, шундай фаолиятни амалга ошириш эса фуқаролик бурчи деб қараларди (Макаренко А. Воспитание гражданина. Москва, “Просвещение”, 1988. Стр. 220).
Айни ёндашув шўро тузумининг асл ниятини ошкор этадиган ақл, билим, тафаккурга асосланувчи интеллектуал меҳнат ролини пасайтиришга олиб келди. Шу боис ҳам мазкур тузумнинг давлат рамзи фақат икки хил меҳнат қуроли – ўроқ ва болға эди.
Коммунистлар ақлий меҳнат вакилларига паст назар билан қарар, педагоглар, олимлар, инженерлар, врачлар ва бошқа зиёлиларни бошқарув жараёнидан имкон қадар четда тутар эди. Зиёлилар ҳақида коммунистик давраларда “интеллегенщина” деб беписанд сўзланарди. Айни чоқда, ақлий меҳнат вакиллари ҳар 5–7 йилда бир ўтказиб турилган ялпи қатағонлар нишонига айланарди. Биргина 1937-38 йилларда 100 минг зиёли қатағон қурбони бўлгани даҳшатли ҳолдир, албатта (Ислом Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент, “Маънавият”, 2008. 98-бет).
Ақлий меҳнат вакилларига бундай ёндашув замирида тоталитар давлат сиёсатининг манфур моҳиятини зиёлилар бошқа синфларга англатиб қўйишидан қўрқув ва ҳадик мужассам эди. Буни хаспўшлашнинг ҳатто назарий-методологик асослари ҳам ишлаб чиқилган. Шўро даври педагогикаси дарғалари – А.Макаренко, Н.Крупская, А.Сухомлинский ақлий ва сиёсий тарбияни ўзаро қиёслаб, кейингиси олдингисидан мутлақ устун эканини қайта-қайта таъкидлаган. А.Сухомлинский асарларида “ёш ленинчи”ларни мақсадли тарбиялаш учун ўқувчининг билим олиш борасидаги меҳнати иккинчи даражали масала эканини очиқ-ойдин ёзади: “Мен мажлисларда ўқувчининг билим олиш борасидаги меҳнат натижаларини умуман муҳокама этмайман. Мен учун ҳар доим боланинг сиёсий эътиқоди бирламчи аҳамиятга эга” (Сухомлинский А. Коммунистическое воспитание. Москва, “Просвещение”, 1982. Стр. 56-57). А.Макаренко эса меҳнат жараёнида муҳим аҳамиятга эга шахсий масъулият ва жавобгарлик масаласига ҳам коммунистик мафкура нуқтаи назаридан ёндашади: “Ишда шахсий масъулият ва жавобгарлик тайинли натижа бермайди. Биз бор кучимизни коллектив масъулият ва жавобгарликни кучайтиришга қаратмоғимиз зарур” (Макаренко А. Избранные труды. Москва, “Просвещение”. Стр. 75).
Хуллас, шўро тузумига фаҳм-фаросатли, ақли теран, билимдон одамлардан кўра ўқиш, ёзиш ва санашни нари-бери биладиган, бироқ давлат топшириқларини сўзсиз бажарадиган ижрочилар керак эди.
Дин ва меҳнат
Қадимги диний манбаларда меҳнат турлича талқин қилинади. Биринчи йўналишга мансуб зардуштийлик динида меҳнат инсоннинг табиат билан уйғунлашуви, унга шукроналик бажо этиш воситаси деб таърифланади ҳамда шу восита ёрдамида табиатни асраш ва бунёдкорлик қилиш беқиёс ахлоқий қадрият, дея таъкидланади.
Иккинчи йўналишга мансуб яҳудо ва насаро динларида эса меҳнат инсон учун бу дунёдаги дўзахий қийноқ саналиб, унга Тангри надомати ва жазоси деб қаралади. Жаннатдан бадарға этилган Одам Ато ва Момо Ҳавво ерда машаққатли саъй-ҳаракати ва пешона тери эвазига кун кечиришга маҳкум этилгани уқтирилади. Шунингдек, меҳнат қилиш қуйи табақа вакиллари ва қулларга хос, киборлар ва руҳонийлар эса Одам Атою Момо Ҳаввонинг гуноҳи учун тавба-тазарру ва ибодат қилиб яшаши зарурлиги қоидага айлантирилган.
Яҳудо ва насаро динларидан фарқли ўлароқ ислом динида меҳнат инсонга Оллоҳ томонидан берилган жазо деб талқин этилмайди. Исломда онгли равишда қилинган меҳнатнинг ҳосиласи ўлароқ қўлга киритилган бойликни бирга баҳам кўриш – эҳтиёжмандларга кўмаклашиш, хайру саховат кўрсатиш олий қадрият сифатида талқин этилади.
ХVI аср ўрталарида Европада кенг ижтимоий ҳаракатга айланган протестантизм оқими тарафдорлари “Меҳнат – ибодатнинг айни ўзидир” деган шиор остида бирлашдилар. Меҳнатнинг илоҳий ҳодиса ўлароқ талқин этилиши одамларни ўз касб-корига масъулият билан ёндашиш, ишни сифатли адо этишга ундади ва меҳнат ризқ-рўз, бойлик келтиришига ишончни кучайтирди. Шу жиҳатдан, Ғарб Ренессанси даври ва ундан кейинги асрларда эришилган жаҳоншумул ютуқларнинг протестантизм ғоялари билан боғлаб талқин этилишида жиддий асос бор.
IX–XV асрларда юз берган Шарқ Уйғонишида эса диний эътиқоднинг меҳнат билан уйғунлашуви, илм-фан орқали дунё сир-синоатини билиш ҳаракати Оллоҳнинг нечоғли буюклиги ва қудратини англаш билан чамбарчас боғланди.
Оллоҳнинг буюклигини фақат илм-фан ва касб-ҳунар орқали англаш мумкинлиги Баҳовуддин Нақшбанд таълимотида айниқса рўй-рост кўринади. Ушбу таълимотда бола оиладаёқ касб-ҳунарга йўналтирилиши зарурлиги таъкидланган. Нақшбанд ҳазратлари бирор касбни пухта эгаллаган кишиларнигина мурид қилиб олган. Ул зот ҳунарга айланмаган билим самарасиз, негаки, у халққа ва Ҳаққа хизмат қилмайди, деб ҳисоблаган. “Агар киши ҳунарли бўлса, ўз билимини ҳақиқатга бағишлайди... Бордию касби бўлмаса, билимини тирикчиликка сарф этади... Оллоҳни ҳам, одамларни ҳам дилдан сева олмайди”, дея панд-насиҳат қилади ҳазрат (Абдураҳмонов Қ. Меҳнат иқтисодиёти. Тошкент, “Меҳнат” нашриёти, 2004. 34-бет).
Меҳнат тарбияси аждодлар талқинида
Шарқ Афлотуни, Муаллими соний дея улуғланган буюк мутафаккир Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” ва бошқа асарларида меҳнат тарбияси мавзуига алоҳида тўхталган. Форобий фикрича, ҳар бир мавжудот “ўзига хос бўлган мартаба – ...юксак камолотга эришиш учун борлиққа келган” (Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2016. 285-бет). Инсон учун бундай камолот олий бахт-саодат ҳисобланади. Даставвал инсон олий бахт-саодат нима эканини аниқ билиб олмоғи жоиз. Сўнгра уни ўзи учун мақсад қилиб белгилаб, шу мақсадга бор вужуди-ла мафтун бўлмоғи лозим. Бундан ҳам кейин мақсадга элтгувчи иш-амалларни аниқлаштириб олмоқ зарур. Энг охирида эса бахт-саодатга эриштирувчи иш-амалларга жидду жаҳд қилмоғи даркор. Форобий бахт-саодатни мақсад қилиб белгилаш таълим орқали, иш-амал билан унга эришиш эса тарбия воситасида бўлишини уқтиради. Яна мутафаккир таъкидлайдики, жамият аъзолари бахт-саодатга эришишда бир-бирига бажонидил ёрдам бермоғи лозим. “Ҳақиқий бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам қилувчи кишиларни бирлаштирган шаҳар – фазилатли шаҳардир, бахтга эришиш мақсадида бирлашган кишилар жамоаси – фазилатли жамоадир” (ўша асар, 288-бет) дейди аллома.
Буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний ҳам “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон” каби асарларида меҳнат тарбияси мавзуига батафсил тўхталган. Айниқса, у ўқитувчи меҳнатига катта эътибор қаратиб, бундай меҳнат ўқувчи онгига узлуксиз таъсир кўрсатиш туфайлигина самара беришини, билим олиш эса мунтазам такрорланувчи меҳнат орқалигина амалга ошишини қайд этади (Абу Райҳон Беруний. Қадимги ҳалқлардан қолган ёдгорликлар. Тошкент, “Фан”, 1968. 102-бет).
Табиблар султони бўлмиш улуғ бобомиз Абу Али ибн Сино эса меҳнатнинг инсон ҳаётида тутган ўрни ва ролини соғлиқ-саломатлик масаласи билан боғлаб тушунтиради. “Бекорчилик ва айш-ишрат нафақат нодонликка олиб келади, айни вақтда касалликнинг туғилишига ҳам сабаб бўлади”. Ибн Сино бу ўринда тан ва руҳнинг ўзаро вобасталиги масаласига урғу беради. Мутафаккир уқтирадики, меҳнатни севиш ва нафсни тийиш донолигу саломатликка, дангасалик ва мечкайлик эса нодонлигу касалликка сабаб бўлади. Шу тариқа, буюк аждодимиз келгуси наслларга бекорчилик ва айш-ишратни тарк этинг, меҳнат орқасидан камтарона умргузаронлик қилинг, дея йўл-йўриқ кўрсатади.
“Алишерий” иборасининг сири
Ҳазрат Навоий инсон адо этажак ҳар қандай касб ёки юмуш юксак сифатли бўлиши устида жонкуярлик қилган. Улуғ мутафаккирнинг илм-фан ва касб-ҳунар соҳибларига кўрсатган ғамхўрликлари ҳақида “Бобурнома”да бундай дейилади: “Фазл аҳли ва ҳунар аҳлига Алишербекчалик мураббий ва ҳомийлик қилган одам дунёда топилмаса керак” (233-бет). “Кимки бирор иш билан машғул бўлса, ҳиммат ва мақсади шу ишни камолга етказиш эди” (137-бет). “Алишербек кўп ва яхши нарсалар ихтиро қилган эди. Мабодо бирор киши қайсидир ишда бир янгилик яратса, у нарсанинг ривожи ва равнақи учун уни “Алишерий” деб атардилар” (139-бет).
Ҳазрат Навоий меҳнатга меҳр қўйган одамнинг, даставвал, бир соҳада етуклик мақомига эришувига ғамхўрлик қилган. Ул зотнинг бундай талабни ўртага қўйиши сира бежиз эмас экан. Қарангки, ҳозирги педагогика ва психология фанлари инсон руҳиятига доир қизиқ бир фактни аниқлади. Киши бирор соҳада етуклик даражасига эришсаю кенг жамоатчилик унинг бу соҳада биринчилигини эътироф этса, у энди бошқа соҳаларда ҳам пешқадамликни қўлга киритишга табиий равишда интилади. Масалан, математика фанидан аълочи деб эътироф этилган ўқувчи бошқа фанларда ҳам юксак натижаларга эришишни кўзлайди. Шу тариқа, бир йўналишда эришилган юксак натижа энди бошқа йўналишларга ҳам кўчади. Олимлар бу қонуниятни “экстрополятив ўзгариш” деб атайди. Демак, таълим самарадорлигининг кескин ўсишига туртки берувчи бундай омилни амалиётга кенг татбиқ этмоқ зарур.
Экстроплятив ўзгаришларни юзага келтириш, моҳият эътиборига кўра, педагогик жараёндир. Педагог айни жараённи нечоғли юксак самара билан ташкил этиши ўқувчиларнинг нафақат бугунги таълим-тарбияси, эртанги ҳаёти ва фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.
Раҳбарлик қандай меҳнат?
Меҳнатнинг энг кўп куч-қувват талаб этувчи шакли ақл билан боғлиқ фаолиятдир. Ўз навбатида, ақлий меҳнат турлари ҳам илм-фан ва фаҳм-фаросатни қанчалик кенг қўллашни талаб этишига кўра ўзаро фарқланади. Раҳбарлик ёхуд бошқарувчилик – ақлий меҳнатнинг энг сермашаққат тури, десак асло муболаға эмас. У илм-фандан ниҳоятда самарали фойдаланиш баробарида етук фаҳм-фаросатни, яъни аввал тажрибада кузатилмаган ностандарт ҳолатларда тезкорлик билан мақбул ечим топа олиш иқтидорини ҳам талаб этади.
Раҳбар меҳнати, ўз мазмун-моҳиятига кўра, билвосита меҳнат фаолияти ҳисобланади. Чунки унинг вақти асосан бошқалар меҳнатини режалаштириш, ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилишга сарфланади. Шу боис раҳбар меҳнатининг натижаси асосан у қабул қиладиган қарорларда намоён бўлади.
Жамоа меҳнатининг самарадорлиги раҳбар бу жараённи қандай режалаштиришига боғлиқ, демакки, раҳбарнинг ўз меҳнатини қандай режалаштириши ҳам ниҳоятда аҳамиятли. Абдулла Авлоний номидаги Ўрта умумий таълим муассасалари раҳбарлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ўтказилган социологик тадқиқот натижаларига кўра, мамлакатимиздаги мактаб директорларининг ярми (50,4%) ўз фаолиятини асосан хизмат вазифалари ва юқори идоралар топшириғи асосида режалаштирар экан. Албатта, бундай ёндашув раҳбарнинг ўз лавозимини кўп йиллар сақлаб қолишини таъминласа-да, бироқ бошқарувчи сифатида барқарор ўсиб юксалишига етарли бўлмайди. Зеро, ҳозирги даврда таълим муассасаси раҳбаридан ўз устида узлуксиз ишлаш асосида муттасил инновацион-креатив ривожланиш талаб этилаётир.
Шунингдек, тадқиқотдан аён бўлишича, аксар мактаб директорлари қисқа муддатда ҳал этиш зарур бўлган масалаларга (мажлис ўтказиш, тадбир уюштириш, хатлар билан ишлаш, юқори идора топшириқларини бажариш, қабулга келувчилар билан учрашиш, мактаб ҳудудида тозаликни сақлаш ва ҳоказо) асосланиб, кун, ҳафта, ойлик режаларини белгилар экан. Менежментда бу усул жорий ишлар асосида режалаштириб фаолият юритиш деб номланади ва у раҳбарни истиқболни кўзлаб иш юритишдек фазилатдан мосуво этади. Ҳамонки, бош тарбиячи бўлган директорнинг ўзида шунча камчилигу нуқсон бўлса, унинг мактабида таҳсил кўраётган ўғил-қизлардан нимани кутиш мумкин?!
Оилада меҳнат тарбияси
Ҳар қандай меҳнат ундан олинажак самарага кўра қадрланади. Шу боис оилада берилажак тарбия энг қадрли меҳнат саналади. Тажрибадан аёнки, бола характерида бирор фазилатни, масалан, тўғрисўзлилик ёки иродани шакллантириш нечоғли қийин ва мураккаб иш, у қанча куч, сабр, қатъият ва матонат талаб этади.
Маълумки, бола характерининг асосий хусусиятлари беш ёшгача шаклланади, мактабгача бўлган даврда мустаҳкамланади ва бутун умри давомида такомиллашади. Биринчи президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида ўғил-қизлар беш ёшгача бўлган даврда бутун умри давомида оладиган барча ахборотнинг 70 фоизини эгаллаб бўлишини қайд этиб, бола шахсига катта масъулият ва эътибор билан ёндашиш зарурлигини таъкидлаган.
Барчага аёнки, бола беш ёшгача оила муҳитида ва асосан она таъсирида бўлади. Педагогика ва психология фанлари бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, беш ёшгача бўлган даврда бола онги тафаккурнинг фотографик хусусиятини ривожлантиради. Болада тасаввур жараёни фаоллашади, яъни у ўзи кўрган, эшитган нарса-ҳодисаларни ўзига хос тарзда “сурат”га тушириб, такрорлаш негизида хотира захирасини шакллантиради. Оиладаги муҳит – ота-она, ака-ука, опа-сингиллар ўртасидаги муносабат боланинг характер хусусиятлари, чунончи, меҳнатга ёндашуви шаклланишида ҳам муҳим роль ўйнайди.
Бир сўз билан айтганда, оилада қарор топган муҳит боланинг ҳаётга умумий ёндашуви юзага келиши, яъни унинг ҳозирги ва келгуси ҳаётида қандай қарорлар қабул қилиши, у ёки бу масала юзасидан қандай хулосага келиши, хуллас, яхшилик ёки ёмонлик тарафида бўлишида ҳал этувчи омил ҳисобланади.
Оилада меҳнат тарбияси бола оёққа туриб юра бошлаши билан йўлга қўйилиши зарур. Бу даврда боланинг бирор енгилроқ нарсани олиб келиши, буюм ёки қўғирчоқни узатиб юборишини рағбатлантириб бориш асосида иш тутган маъқул. Яъни бола ўз ҳаракати билан катталар корига яраётганидан завқ ҳис этсин. Гўдакликдан бошланувчи бундай меҳнат тарбияси ростгўй ва хушхулқ бўлиш, анъана ва урф-одатларни ҳурматлаш билан қўшиб олиб борилмоғи даркор.
Инсон табиатида мавжуд таомил ва қоидаларни ўзгартириш майли ва иштиёқи азалдан бор. Ривоятларга кўра, Одам Ато ва Момо Ҳавво ҳам жаннатдан илоҳий амрни бузгани учун қувилган. Бола ақлан ва жисман вояга етгунига қадар уни оиладаги таомил ва қоидаларга риоя қилишга одатлантириш ниҳоятда аҳамиятли. Бу борадаги илк кўникма эса болага уйдаги нарсаларни ҳар доим ўз жойига қўйишни ўргатиш бўлмоғи керак. Зеро, хитой мутафаккири Конфуций меҳнат тарбияси ростгўйлик билан, ростгўйлик эса нарсаларни ўз жойига қўйишга ўргатиш билан боғлиқ, дея ўгит беради. Демак, бир қарашда унча аҳамиятли кўринмайдиган палапартишлик, бесаранжомлик, яъни нарса-буюмларнинг ўз жойида турмаслиги болада меҳнат ва ҳаётга лоқайдликни шакллантириши мумкин.
Бола қалбида бирор касб-ҳунарга меҳр уйғотиш оиладаги меҳнат тарбиясининг биринчи йўналишидир. Бола ҳали бошланғич синфларда ўқиб юрган пайтидаёқ бирор касбни эгаллаш унинг аниқ ҳаётий мақсадига айланиши зарур. Бунинг учун эса танланган касб-ҳунарга доир ахборотни босқичма-босқич ўзлаштириб бориш тақозо этилади. Масалан, бола келгусида врач бўлмоқчи. Бу ҳолда унга 7-8 ёшлигиданоқ бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, энг оддий дориларни фарқлай олиш сингари бошланғич билим ва кўникмаларни сингдириш лозим.
Оиладаги меҳнат тарбиясининг иккинчи йўналиши эса болани ҳаётга умумий тайёрлашдир. Бунинг учун, аввало, ҳар бир юмуш аслида бир ҳунар эканини фарзандларга эринмай тушунтирмоқ зарур. Масалан, гул ва дарахтларни парваришлаш, овқат тайёрлаб, дастурхон тузаш, ўзи ва укаларига кийим-кечаклар тикиш, уйдаги носоз мебелларни таъмирлаш ва бошқа кундалик бирор машғулот келгусида инсон ҳаётини таъминловчи ҳунар бўлиши мумкин. Ҳамма гап уй шароитида ана шу машғулотларни нечоғли ўз вақтида, сифатли адо этишни ўргата билишда. Оилада шундай юксак тарбия олган ўғил ёки қиз ҳаётга бир неча ҳунар эгаси бўлиб киришига шак-шубҳа йўқ.
Фарзандларнинг ўз оила аъзолари ва атрофдаги бошқа кишиларга қанчалик меҳр-оқибатли бўлиб шаклланишида ҳам меҳнат тарбиясининг ўрни ва роли беқиёс. Ота-оналар болаларига тарбия беришида энг кўп кўзга ташланувчи икки ёндашув мавжуд. Биринчиси, болани эркалатиб вояга етказиш бўлиб, бу ёндашув тарафдорлари оилада меҳр ва ардоққа қониб вояга етган фарзанд бутун умри давомида, худди ўзи оиласи бағрида кўрганидек, бошқаларга меҳр ва ардоқ кўрсатиб яшайди деб ҳисоблайди. Иккинчи ёндашув тарафдорлари эса болани қаттиққўллик асосида тарбиялаш, уни тартибот-интизомга қатъий риоя этишга одатлантириш зарур деган фикрни ёқлайди. Бундай қарашдаги кишилар болани ҳаёт қийинчиликларига бардошли қилиб ўстиришни ўта муҳим деб билиб, аксинча, эркалатиб ўстирилган фарзанд қийинчиликларга дош бера олмайди, иродаси суст бўлади, ҳаётда юксак марраларни забт этолмайди, деб ҳисоблайди.
Табиийки, ҳар икки ёндашувда ҳам озми-кўпми мантиқ бор. Аммо, бизнингча, болани эркалатишда ҳам, унга қаттиққўллик қилишда ҳам меъёр бузилмаслиги шарт. Чунки ҳар икки ҳолда ҳам бола характерида айрим жиддий қусурлар пайдо бўлади. Яъни ўта эркалатиб юборилган бола келгусида енгилтак, масъулиятсиз, ўта қаттиққўллик остида улғайган фарзанд эса бемеҳр, шафқатсиз бўлиб қолиши мумкин. Демак, болага меҳрибонлик ва талабчанликни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда тарбия бериш мақсадга мувофиқдир.
Болага бирор олижаноб мақсадни кўзлаб яшаш, ҳалол меҳнат қилиб бундан роҳатланишни ўргатиш келгусида унинг қаршисидан чиқиши мумкин бўлган барча муаммоларга ўзи мақбул ечим топишига замин ҳозирлаши аниқ. Шу боис ҳам ёш авлодни меҳнатга оқилона тайёрлаш ривожланган мамлакатлар сафидан муносиб ўрин эгаллашни юксак мақсад қилиб белгилаган Ўзбекистон учун том маънода ҳал қилувчи вазифадир.
Таълим модели ва “портлаш эффекти”
Мамлакатимизда “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури негизида юзага келган миллий таълим модели давлат, жамият, узлуксиз таълим, фан ва ишлаб чиқаришдан иборат беш таркибий қисмга эга бўлиб, бу қисмларнинг уйғун фаолияти ягона мақсад – юксак меҳнат салоҳиятига эга ҳар томонлама етук шахсни тайёрлашга йўналтирилгандир. Зеро, миллий давлатчилигимиз тарихида бундай улуғвор мақсад ҳеч қачон умумжамият миқёсида қўйилмаган, бунга имконият ҳам бўлмаган.
Тарихимизнинг энг ривожланган IX–XII, XIV-XV асрларида ноёб истеъдоди ва бетиним меҳнати эвазига бошқалардан ўзиб кетган айрим ёшларни илмий мактаблар ва нуфузли жамоаларга жалб этиб, уларни шахс даражасига етказиш амалиёти кузатилган, албатта. Аммо мамлакатнинг барча фуқароларини миллати, жинси, диний эътиқоди, ижтимоий мавқеидан қатъи назар болаликдан мақсадли тайёрлаш, ҳар бир ўғил-қизга бепул билим бериш, касб-ҳунар ўргатиш орқали уни шахс даражасига кўтаришга доир давлат сиёсати бўлмаган. Миллий таълим модели, биринчи президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, пировард натижада таълим, фан, маданият ва ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида мисли кўрилмаган тараққиёт суръатларини ва ижобий маънодаги “портлаш эффекти”ни юзага келтиради ва мамлакатимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқади. Бунинг учун эса миллий таълим моделининг юқорида зикр этилган беш таркибий қисмида ишни юксак самара билан ташкил этмоғимиз даркор.
Мансур БЕКМУРОДОВ
“Tafakkur” журнали, 2017 йил 2-сон.
“Бунёдкор шахс ва меҳнат тарбияси” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ