
Мамлакат ҳеч қачон ўз-ўзидан ривожланиб қолмайди. Айниқса, эндигина мустақилликка эришган, барча жабҳада тараққиёт сари интилаётган давлатларда жамиятнинг умумий савияси, инсонларнинг интеллектуал салоҳияти, айниқса, илмий-ижодий зиёлиларнинг саъй-ҳаракатлари, ижтимоий фаоллиги алоҳида ўрин тутади.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби, шарқшунос олим, моҳир педагог ва дипломат, иқтисодиёт фанлари доктори Рустам Собирович Қосимов (1955–2021) истиқлолнинг дастлабки йилларидан турли масъул вазифа ва лавозимларда ишлаб, таълим тизимини такомиллаштириш, юксак малакали кадрлар тайёрлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, диний-маънавий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, кексалар, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим давлат дастурларини амалга оширишда бой билим ва тажрибаси, юксак салоҳиятини сафарбар этган эди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Рустам Собировични ҳурматлаб, ўзининг энг яқин кўмакчиси, маслаҳатгўйи деб билар эди.
Яқинда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу закий ва донишманд инсоннинг ибратли ҳаёт йўли, самарали ижтимоий ва сиёсий фаолияти, бетакрор фазилатлари ҳақида замондошлари ва яқин дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдларининг самимий хотираларидан иборат “Рустам Қосимов замондошлари хотирасида” китоби нашрга тайёрланди.
Қуйида мазкур тўпламдан ўрин олган ёдномалардан бири эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Машҳур адиб ва таржимон, устозимиз Носир Фозиловнинг умр шомида битган хотиралар китоби “Эсласанг, кўнглинг ёришур” деб аталар эди. Адабиёт ва санъатимизнинг нурли сиймоларини ёд этишга бағишланган ушбу тўпламни мен ҳам катта эътибор ва қизиқиш билан мутолаа қилган, айниқса, унинг ўзига хос таъсирли номи қалбимда ўчмас из қолдирган эди.
Бугун таниқли давлат арбоби, шарқшунос олим, моҳир педагог ва дипломат Рустам Собирович Қосимов ҳақидаги хотира сўзларини битар эканман, юқорида эсланган китоб номидан илҳомланиб, ёдномага шундай сарлавҳа қўйишни жоиз, деб билдим.
Дарҳақиқат, раҳматли Рустам ака эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида ўзини аямай, фидокорона хизмат қилган самимий ва камтарин инсон, садоқатли дўст, меҳрибон устоз сифатида у кишини таниган, билган барча одамнинг юрагидан чуқур ўрин эгаллаган эди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат бошқарувига бу соҳада муайян тажрибага эга эски партия ва совет ходимлари билан бирга илмий ва ижодий зиёлиларнинг кўплаб ёш намояндалари ҳам жалб этилди. Касб-кори, миллати ва тили, билими ва қобилият даражасида муайян тафовут бўлса-да, бу ёш кадрларнинг барчасини миллий истиқлолга садоқат, дунё харитасида янги пайдо бўлган мустақил ва суверен Ўзбекистон Республикасига сидқидилдан хизмат қилишдек юксак орзу-интилиш бирлаштириб турарди. Ана шундай инсонлар орасида ўша пайтда Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқитувчи, доцент ва декан, кейинчалик эса Тошкент давлат техника университетида бизнесни бошқариш факультети декани лавозимларида ишлаган Рустам Қосимов ҳам бор эди.
Гарчи биз у киши билан университетда бир даврда (1973–1978 йилларда) таҳсил олган бўлсак ҳам факультетларимиз бошқа-бошқа бўлгани учун ўзаро таниш эмас эдик. Мен Рустам Собировични ўзим давлат хизматига келган 1993 йилдан таний бошладим.
Мамлакатимизнинг келгуси тараққиёти учун янги авлод кадрлари – мустақил фикрлайдиган, хорижий тиллар ва замонавий технологияларни пухта эгаллаган ходимларга катта эҳтиёж мавжуд эди. Шу сабабли иккинчи мутахассислигига кўра иқтисодчи олим бўлган Рустам Қосимов 1997–2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида янги ташкил этилган Давлат ва жамият қурилиши академиясининг халқаро иқтисодий муносабатлар кафедраси мудири, факультет декани лавозимларида фаолият юритди.
Бунда у кишининг 1976–1981 йилларда Ироқ ва Сурия каби хорижий мамлакатларда хизмат қилиб, тажриба орттиргани ҳам инобатга олингани табиий.
2000-йилларга келиб, Рустам Қосимов фаолиятида янги давр бошланди. Бу пайтда у Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Банк-молия академияси ректори, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори, Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Oлий ва ўрта махсус таълим вазири, Бош вазир ўринбосари лавозимларида қизғин ва самарали меҳнат қилди. Бир сўз билан айтганда, янгитдан оёққа қўйиш, тартибга солиш лозим бўлган энг оғир соҳаларга “ташланди”.
Менинг у киши тўғрисидаги кўплаб хотираларим айни шу даврга тўғри келади. Хизмат тақозоси туфайли бу ажойиб инсон билан жуда долзарб ва қайноқ жараёнлар, лойиҳаларда бирга иштирок этиш насиб этди. Миллий истиқлол ғоясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, маданият ва санъат, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Мустақиллик, Конституция, Наврўз байрамлари ва бошқа оммавий давлат тадбирларини, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада каби республика спорт мусобақаларини, “Шарқ тароналари” сингари халқаро фестивалларни юқори савияда ўтказиш борасида елкама-елка туриб меҳнат қилдик.
Иш жараёнида гоҳо ўта мураккаб масалалар, зиддиятли ҳолатлар ҳам вужудга келиши сир эмас. Шундай вазиятларда Рустам Собирович уларнинг барчасини табиатига хос бўлган юксак маданият, вазминлик ва босиқлик, хушмуомала билан ҳал этишга интилар эди. У кишининг кимгадир баланд товушда қўпол муносабатда бўлгани, қўл остидаги ходимларнинг шаънини ерга урадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўйганини кўрган эмасман. Ҳар қандай кескин баҳс-мунозарада ҳам ҳамсуҳбатлари ва мухолифларига қараб мурожаат қилганида – улар талаба ёки академикми, юқори мартабали амалдор ёки оддий одамми – “агар ижозат этсангиз”, деб сўз бошлар ва шу фазилати билан кўнгилларни ўзига ром қилар эди.
Айни вақтда у халқ ва давлат манфаатига дахлдор бўлган энг муҳим масалаларда ҳамиша адолат ва қонун тарафида, принципиал позицияда турар эди.
Мен бу инсоннинг интеллектуал ва маънавий салоҳияти ниҳоятда кенг эканига, нафақат миллий, балки жаҳон маданияти ва тарихини, фалсафа ва эстетика, динлар ва миллатлараро муносабатлар масалаларини чуқур билишига тан берардим. Рустам ака мамлакатимиз ҳамда хорижда бўлиб ўтадиган турли учрашув ва анжуманлар, халқаро конференция ва фестивалларда инглиз, араб ва рус тилларида эркин мулоқот қилиш, маърузалар ўқиш иқтидорига эга, мухтасар айтганда, ҳар томонлама етук ўзбек зиёлисининг ёрқин тимсоли эди.
Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. Маълумки, мумтоз шеъриятимизда аруз вазни етакчи ўрин эгаллайди. Бу адабий жанр дастлаб Арабистон яриморолида пайдо бўлиб, юртимизга ислом дини билан бирга кириб келганини билсак-да, унинг яратилиш тарихи кўпчиликка қоронғи. Арузнинг турли вазн ўлчовлари карвонда одимлаб бораётган туяларнинг қадам ташлашига ҳамоҳанг экани, айнан шу ҳолат қадимги саҳро шоирларига илҳом бериб, ижодига кучли таъсир ўтказгани тўғрисида мен биринчи марта Рустам акадан эшитган эдим.
Ўрни келганида бу фидойи инсон билан кўп йиллар ҳамкорликда ишлаб, унинг таваллуд айёмини бирор марта биргаликда нишонлаш насиб қилмаганини бугун афсусланиб эслайман. Чунки у кишининг туғилган куни 30 август санасида эди. Бу пайтда давлат хизматчилари, айниқса, юқори лавозимдаги масъул ходимлар учун энг долзарб палла бошланар – барчамиз Мустақиллик байрамига қизғин тайёргарлик ишлари билан банд бўлардик. Шу боис, Рустам Қосимовнинг туғилган куни кўпинча байрам бўладиган майдонда ёки вилоятларда биров билиб, биров билмай ўтиб кетар эди. Мана шу факт ҳам бу шахснинг ҳаёт йўли истиқлолимиз тарихи билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечганини кўрсатади.
Албатта, Рустам аканинг ҳаётда муносиб ўрин топиши, машаққатли ва самарали меҳнати билан эл-юрт ҳурматини қозонишида у туғилиб вояга етган зиёли оиланинг, хонадондаги маънавий муҳитнинг катта ўрни бор. Отаси – узоқ йиллар Тошкент халқ хўжалиги институтида домлалик қилган таниқли олим Собир Қосимов ўз давридаги қийинчиликларга қарамай, беш фарзандининг барчасига тўғри таълим-тарбия берган мўътабар зот эди. Болаларининг олий маълумот олиши, илмий фаолият билан шуғулланиб, етук мутахассис бўлиб етишишида падари бузрукворнинг ўрни беқиёс. Рустам аканинг оқила онаси Муҳаббат Қосимова эса бу борада оила бошлиғига ҳамиша таянч бўлиб келганини кўпчилик яхши билади.
Рустам Қосимовнинг оға-инилари, опа-сингиллари ҳам юртимиз илм-фани ва педагогикасини равнақ топтириш борасида жонбозлик кўрсатиб, хизмат қилган инсонлардир.
Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар соҳаларни тараққий эттиришга бутун борлиғини бағишлаган Рустам Қосимов таниқли илм-фан, маданият ва адабиёт вакиллари билан яқин дўст эди. Уларнинг истеъдоди ва ижодини ҳамиша қадрлар, қўлидан келганича қўллаб-қувватларди. У кишининг Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Баҳодир Йўлдошев, Турсунали Қўзиев, Шоазим Миноваров, Абдуҳошим Исмоилов, Аҳмаджон Мелибоев сингари кўплаб ижодкорлар билан дўстона муносабатда бўлгани ҳаммамизга яхши маълум.
Айниқса, Шоислом Шомуҳамедов, Алибек Рустамов, Азиз Қаюмов каби устозларининг номини доимо ҳурмат-эҳтиром билан тилга олар эди. Рустам аканинг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима Суйима Ғаниеванинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган “Йўл” номли мазмундор, таъсирчан ҳужжатли фильм яратилганини яхши эслайман. Таниқли шоир ва публицист Эшқобил Шукур бошчилигидаги ижодий гуруҳ томонидан суратга олинган, қаҳрамоннинг бедор қалб дунёси теран очиб берилган ушбу фильм ҳам олима опамиздан, ҳам Рустам Собировичдан гўзал бир эсдалик бўлиб қолди.
Суйима опанинг кексалик ва беморлик чоғларида Рустам Қосимов у кишининг ҳолидан доимо хабар олиб, ёрдам ва кўмак кўрсатиб турди. Дафн маросими ва маъракаларига бош-қош бўлди.
Дўстимизнинг илм ва ижод аҳлига, мададга муҳтож турли инсонларга эътибори ва ғамхўрлиги ҳақида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Ҳаммамизга маълумки, инсоннинг ҳаёт йўли доим ҳам равон ва силлиқ кечмайди, унда ҳар хил кутилмаган, паст-баланд ҳолатлар учраб туради. Рустам Қосимов ҳам фаолияти давомида шу каби синовларга дуч келди. У 2011 йилдан касаба уюшмалари тизимида фаолият юритди. Лекин ўзининг мустаҳкам иродаси, инсоний фазилатлари сабабли тушкунликка тушмади, аввалгидек ғайрат-шижоат билан хизмат қилишда давом этди.
Мана шундай мураккаб даврда муҳтарам Президентимиз, ўша пайтда Бош вазир лавозимида ишлаган Шавкат Миромонович Мирзиёев Рустам Қосимовни ҳамиша қўллаб-қувватлаб турди. Ижтимоий жараёнлардан четда қолишига йўл қўймади. Ҳукумат раҳбарининг вакили сифатида марказда ва жойларда турли топшириқларни бажариш, жумладан, оммавий тадбирларни ўтказиш, маънавий-маърифий ишларни ташкиллаштиришга сафарбар қилиб, фикр-мулоҳазалари, тажрибасини намоён этиши учун имконият яратиб берди.
2016 йил охирида Рустам Собирович яна қизғин ижтимоий фаолиятга қайтди. Мамлакатимизда бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Зеро, янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ эзгу ва улуғвор мақсадлар у каби фидойи, билимдон ва ташаббускор кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш, уларга кенг йўл очиб беришни тақозо этарди. Шу боис, Рустам Қосимов олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинлангани тўғрисидаги хабар кўпчиликни қувонтирди. Кейинги йилларда эса Рустам ака Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори каби масъулиятли лавозимларда ҳормай-толмай, жўшқин меҳнат қилди.
Афсуски, 2021 йилда – “COVID-19” пандемияси авжига чиққан пайт у киши ҳам шу мудҳиш касаллик билан оғриб, кўрилган барча чора-тадбирлар, тиббий
муолажаларга қарамай, 66 ёшида оламдан ўтди. Рустам Собировичнинг вафоти барча қавму қариндошлари, дўсту биродарлари, ҳамкасблари, юзлаб шогирдлари, мамлакатимиз жамоатчилигини чуқур қайғуга солди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев барчамизга бош бўлиб таъзия маросимида иштирок этиб, Рустам аканинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва таскин билдирар экан, жумладан, бундай деб таъкидлади:
“Рустам Собирович Қосимов тимсолида биз Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг етук зиёлисидан жудо бўлдик. Биз жуда кўп йиллар бирга ишлаганмиз, оғир кунларни ҳам бошимиздан ўтказганмиз. Ҳозир ҳам менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин”.
Албатта, ўлим ҳақ. Вақт-соати келганида ҳаммамиз ҳам бу ёруғ дунёни тарк этамиз. Лекин одамнинг ортидан яхши ном, эзгу амаллар, солиҳ фарзандлар, етук шогирдлар қоладиган бўлса, вафотидан кейин унинг иккинчи умри бошланиши ҳам барчамизга аён. Чунки минглаб қалбда илм-маърифат ва олижаноблик чироғини ёқиб кетган Рустам акадек, эсласанг кўнгил ёришадиган инсонлар хотираси ҳеч қачон ўчмайди.
Шу маънода, халқимизнинг етук фарзанди Рустам Собирович Қосимовнинг шарафли умр йўли бугун ҳам давом этмоқда, десак, ўйлайманки, адашмаган бўламиз.
Хайриддин СУЛТОНОВ
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 30 апрель, 87-сон.
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Ватандош
Адабиёт
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ