
Рюноскэ Акутагава (1892–1927) ХХ аср япон адабиётини янги поғонага кўтариб, жаҳонга танитган адиблардан. У миллий адабиётни Ғарб сўз санъати анъаналари билан уйғунлаштириб, анъанавий тасвир ва ифода усулини янги йўналишга бурган ёзувчи сифатида танилган. Япон адабиётида энг машҳур мукофот унинг номи билан аталади.
Рюноскэ Акутагава – ҳикоя устаси. 1916 йили ёзилган “Дастрўмол” ҳикоясида у модернист сифатида қадимги самурай кодекси сақланиб қолишини орзулаган профессорнинг аянч тақдирини қаламга олган.
Ҳикояни теранроқ англаш учун у яратилган вақтдаги ижтимоий, сиёсий, маданий вазият билан таниш бўлмоқ лозим. 1912–1926-йиллар Япония тарихида демократлаштиришга биринчи уриниш бўлган “Тайсё даври” деб аталади. Бу давр “француз муаллифларининг кучли таъсири остида бўлган Рюноскэ Акутагава даври” деб ҳам таърифланади. Ушбу йилларда Япония саноати ривожланган давлатга айлана боради. Бироқ нархлар ҳам иқтисодий ўсишга мутаносиб тарзда кўтарилади. Оддий одамларнинг ҳаёти ёмонлашади, бу эса бутун Япония бўйлаб ғалаёнларга олиб келади. Умумий сайлов ҳуқуқи, сўз, митинглар, уюшмалар эркинлиги талабидаги оммавий ҳаракатлар кучаяди. У вақтлар Япониядаги ижтимоий-сиёсий вазият оғир, одамлар руҳий иштибоҳ хасталигига чалинган, деярли кунора даҳшатли кўнгилсизликларга дуч келиш мумкин эди. “Кунчиқар юрт”га Ғарбнинг қизиқиши кучайган, бир неча юз йиллар мобайнида ташқи муҳитдан узиб қўйилган японларни “демократик” маҳсулотлари билан маҳлиё қилишга киришилган бўлса-да, императорлик фуқароларни кучли тазйиқ остида ушлаб турар, чегарадан чиққанлар аёвсиз жазоланар эди.
“Дастрўмол”нинг бош қаҳрамони – Токио император университетининг ҳуқуқшунослик факультети профессори Хасэгава Киндзо. Умрини мустамлака сиёсати тадқиқига бағишлаган олимнинг хулосасига кўра, япон инқирозини бартараф этиш учун бусидодан ўзга йўл йўқ. Бусидо “жангчи йўли” деган маънони англатади. У самурайлар кодекси, чинакам жангчининг жамиятда, жангда ва ёлғиз қолганда хулқ-атвор меъёрлари, қадим ўтмишга бориб тақалувчи фалсафа ҳисобланади. Ҳикоя қаҳрамони фикрича, “бу таълимотда Амриқо ва Оврупо мамлакатларининг насронийлик руҳига яқин жиҳатлар мавжуд”. Агар замонавий Япониянинг маънавий низоми бусидога асосланса, бу япон халқининг улар билан яқинлашувига, халқаро тинчликни таъминлашга хизмат қилиши мумкин... Шу пайт оқсоч уйга меҳмон келганини айтиб, ташриф қоғозини узатади. Киндзо уни ўқиб турган китоби орасига хатчўп қилиб қўяди. Қирқ ёшларни қоралаган меҳмон аёл баҳорда ошқозон пардасининг яллиғланиши билан хасталаниб, университет касалхонасига ётқизилган талаба Нисияма Конитиронинг онаси эди. У ўғлининг вафоти ҳақида маълум қилиш ва профессорга миннатдорлик билдиришга келганини айтади. Уй соҳибини ўғли ўлганига етти кун бўлган аёлнинг ўзини тутиши ажаблантиради. Ақалли бир томчи кўзёш йўқ! Овози ҳам мулойим-хотиржам. Камига, лабларида нимтабассум. Агар аёлнинг сўзлари бир четга йиғиштириб қўйилса, ўртада кундалик майда-чуйдалар ҳақида суҳбат кетаётгандай эди. Шунда профессор Берлинда таҳсил олиб юрган кезлари Вильгельм I қазо қилганида пансионат бекасининг 12 яшар қизи ва 9 ёшли ўғли унинг бўйнига осилиб, ҳўнграб йиғлаганини эслайди. Бусидо тарафдори бўлмиш Киндзо овруполикларнинг ҳис-туйғуларини ифода этишда ўта таъсирчан эканини ҳеч ҳазм қилолмасди. “Энди эса ўзи манови аёлнинг кўзёш тўкмаганига лолу ҳайрон бўлиб ўтирибди”. Аёл оқ дастрўмол тутган қўлларини тиззасига қўйган. Профессор унинг қўллари дир-дир титраётганини пайқаб қолади. Аёл ич-ичидан тошиб келаётган изтироб тошқинини босиш учун рўмолчани бармоқларига ўраб, шундай таранг тортардики, сал қолса, тамом... рўмолча иккига бўлиниб, аёл портлаб кетадигандек. Аёл зоҳирда кулиб турса-да, ботинда зор-зор бўзларди... Профессор кечки овқат маҳали воқеани миридан-сиригача хотинига айтиб бериб, меҳмонни “япон аёлларининг бусидоси” деб атайди. Профессор анчагача шундай хушнуд хаёл суриб ўтиради.
Муаллиф асарни шу нуқтада тугатиши мумкин эди. Шу кичкина ҳикоя билан ҳам аёлни япон халқининг кўнгли, ботини, қудрати тимсолига айлантирган бўлар эди. Лекин якунда адиб асар мазмунини бошқа ўзанга буриб юборади. Оқсоч берган ташриф қоғозини у Стриндбергнинг “Драматургия” китобига қистирган эди. Китобни очадию шу сатрларни ўқийди: “Ёшлигимда Ҳайберг хонимнинг (адашмасам, у парижлик эди) дастрўмоли ҳақида кўп гапиришарди. Хонимнинг юзи кулиб, қўли дастрўмолни йиртарди. Бу “иккиёқлама ўйин услуби” деб аталарди...” Шу жумла сабаб профессор энди меҳмон хонимни ҳам, хотинини ҳам, япон маданиятини ҳам ўйламасди. Ҳаловати бузилган, бу жумлада “ваннадан қушдай енгил бўлиб чиққан профессорнинг дилини хуфтон қиладиган яширин недир шама бор эди”.
Бусидо ҳам “иккиёқлама ўйин услуб”ига ўхшар, улар айнан бир нарсанинг икки хил воқеланиши эди. Япониянинг ҳикоя ёзилган вақтдаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳолати эсланса, матн остидаги мазмун янада ойдинлашади. Оғир вазиятларда халқни тинчлантириш, эҳтимол, айбдорлардан чалғитиш учун ғоя, мафкура керак бўлади. Ҳақиқатдан чўчиш, балки фаҳмламасликдан оддий инсонлар бир ҳовуч элита манфаатидан келиб чиқиб тақдим этилаётган ғоя атрофида бирлашади, шуни маъқул йўл деб билади. Акутагава “Дастрўмол”ини антиутопик ҳикоя дейиш мумкин. Дастрўмол мафкурага қиёсланади. Жамиятдаги оғриқларни унинг ёрдамида беркитиш, тўсиш мумкин.
Ҳақиқий истеъдод учун макон ва замон тўсиқ бўлолмайди. Миллати, динидан қатъи назар, унинг ёзганлари бутун инсониятга тегишли бўлиб чиқаверади. Акутагава ана шундай ижодкорлар сирасидан.
Маҳфуза ТЎЙЧИЕВА,
Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти
“Тафаккур” журнали, 2025-йил 1-сон.
Ватандош
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ