
Адабиёт
Гулруҳ Юсупова Венгриядаги Minspire Consulting plc хусусий корхонасининг бизнес аналитики, бир фарзанднинг онаси, рафиқа ҳамда халқаро Stipendium Hungaricum, NAWA (Академик алмашинув учун миллий агентлик) ва 360 GEM Малайзия талабалар алмашинуви каби халқаро грантлар ғолибаси ҳисобланади.
Мен ёшлигимдан негадир бизнес ва молия билан боғлиқ соҳаларга қизиқардим. Қизиқишларим сабаб, коллежни тамомлагач, Тошкент Молия Институти банк иши факультетига ўқишга кирдим. «Қизларга мос бўлган, шифокорлик ёки ўқитувчиликни танласанг бўлмайдими», деган гапларни кўп айтишган. Аммо оилам ҳамиша менинг қарорларимни қўллаб-қувватлаган. Менимча, касблар аслида гендер танламайди, аксинча ҳар бир соҳада аёл ва эркак мутахассисларнинг бўлгани яхши.
Хорижий тиллар муваффақият дебочаси бўлди
Мактабда ўқиб юрган пайтларим ота-онам мени инглиз ва немис тиллари тўгарагига юборгани барча муваффақиятларим дебочаси бўлган экан деб айта оламан. Айниқса, талабалик йилларида тил билганим боис бир нечта тўлиқ қопланувчи дастурларга топшириб, ғолиб бўлганман. Илк марта 2019 йил 360 GEM Малайзия талабалар алмашинуви дастури билан Миллий Тегана Университетида бир семестр ўқиб келганман. Кейин иккинчи марта, Полшанинг Варшава университетида яна бир семестр таълим олганман. Кейинроқ 2022 йил NАWА (Академик алмашинув учун миллий агентлик) грантини ютдим. Буларнинг барчасига эришишимда асосий омил сифатида хорижий тилларни эрта ўзлаштиришни бошлаганим деб биламан ва ҳозирда уч ёшли ўғлимга ҳам бир нечта тилларни биргаликда ўрганиши учун турли методларни қўллайман.
Тақдир тақозоси билан мен ва турмуш ўртоғим Венгрия давлат грантини ютганмиз
Турмуш ўртоғим билан 4-босқич пайтимиз оила қурганмиз. Иккаламизнинг соҳамиз бир, қизиқишларимиз ҳам жуда ўхшаш эди. Хорижий мамлакатларда таълим олиб, ўз соҳамизни янада яхшироқ ўрганишни истардик. Оила деганда мен икки инсоннинг бир-бирига қараб туришини эмас, аксинча бир мақсадга биргаликда интилишини тушунаман. Инсон ёлғиз ўзи ҳаракат қилганидан кўра, биргаликда меҳнат қилса осонроқ бўларкан. Биз, турмуш ўртоғим билан биргаликда жуда кўплаб халқаро грант дастурларга топширдик. Тақдир тақозоси билан ҳар иккимиз Венгрияда магистратурада таълим олиш учун халқаро талабаларга бериладиган Stipendium Hungaricum грантини ютдик ва магистратурада таълим олиш учун Венгрия давлатига келдик. 2021 йилдан буён оиламиз билан Венгрия давлатида яшаб келяпмиз.
Stipendium Hungaricum грантига қандай топшириш, талаб этиладиган ҳужжатлар ва грантнинг манфаатли жиҳатлари
Stipendium Hungaricum – бу Венгрия ҳукумати томонидан тақдим этиладиган халқаро стипендия дастури бўлиб, у хорижий талабаларни Венгрия олий ўқув юртларида таҳсил олишга жалб қилишни кўзда тутади. Дастур орқали талабалар бакалавриат, магистратура, докторантура ва қисқа муддатли курсларда ўқиш имкониятига эга бўлади. Ушбу грант дастури учун аризалар 15 ноябрдан бошлаб қабул қилинади. Ариза топшириш жараёни онлайн тарзда ушбу сайт орқали амалга оширилади ва барча керакли ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилади. Ўзбекистон фуқаролари учун Венгрия ҳукумати томонидан 2025/2026 ўқув йили учун 170 та стипендия ажратилган.
DAAD, Chevening ёки Fullbright грантлари билан солиштирадиган бўлсак, Ўзбекистон учун 20 баравар кўпроқ жой мавжуд ва бу дегани грант ютиш имконингиз ҳам шунча марта кўпроқ дегани. Дастур ҳақида батафсил маълумот ва ариза топшириш бўйича кўрсатмаларни расмий веб-сайт орқали олишингиз мумкин.
Гибрид таълим тизими Ўзбекистонда ҳам бўлишини истардим
2021 йил Stipendium Hungaricum гранти билан Будапешт Иқтисодиёт ва Бизнес Университетида магистратура босқичида ўқишни бошладим. Турмуш ўртоғим ёнимда эканлиги энг катта менинг ютуғим бўлган десам адашмаган бўламан. Биринчи курсни тамомлагач, илк марта оналик бахти насиб этди. Ўзингиз яхши биласиз, хорижий давлатда таълим олиш, айниқса магистратурада ўқишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Она бўлгач менинг вазифаларим янада ортганди. Яхшиямки, турмуш ўртоғим ёнимда эканлар, менга доим далда бўлди. Университетда имтиҳонларим бор пайтида ўғлимизга қараб турарди. Улар ҳам ўз навбатида талаба бўлган, уларнинг имтиҳони бўлган пайтида эса мен масъулиятни зиммамга оламан.
Она сифатида айтаманки, Венгрияда таълим олишнинг бир жиҳати яъни гибрид ўқиш имконияти менга жуда қўл келди. Топшириқ ва вазифаларни онлайн топшириш мумкин эди, фақат семинар дарсларга бориб қатнашардим. Ўйлайманки, Ўзбекистон таълим тизимига гибрид усули киритилса яхши самара беради. Ҳар куни талабанинг университетга қатнаши, давомати юз фоиз ва доим формада бўлиши уни ҳеч қачон ўз соҳасининг етук мутахассиси қилиб қўймайди. Аксинча, талабаларга шундай муҳит яратиш керакки, улар ўзлари англаб етсин, чиндан ҳам бу соҳа уларникими?! Мажбурият билан, хўжакўрсинга университетга бориб келгандан кўра, қайсидир кунлари ўз устида ўзи мустақил ишласа соҳасини кўпроқ ўрганади деб ҳисоблайман.
Қанча эрта иш қидиришни бошласангиз, шунча яхши
«Ҳали қўлимда дипломим йўқ. Ўқишни тамомлагач бемалол иш қидираман», – деган хаёлларга алданиб қолманг. Европа – бу Ўзбекистон эмас. Бу ерда таниш билиш орқали «секингина рози қилиб», ишга жойлашиб олиш тушунчаси йўқ. Ишга кириш учун, аввало ўз соҳангизни яхши билишингиз, сиз яшаб турган давлатнинг тилини ўзлаштирган бўлишингиз ва кўп ҳолларда иш тажрибасига эга бўлишингиз лозим. Қанча эрта иш қидиришни бошласангиз, шунча яхши. Магистратурани тамомлашдан 6 ой аввал иш қидиришни бошладим. Кўплаб ишларга ҳужжатлар топширдим ва Minspire Consulting plc хусусий корхонасидан иш таклифи олдим.
Тошкентдаги Ипотека банк билан ҳамкорликдаги лойиҳа
2023 йил сентябрь ойидан буён ушбу корхонада бизнес аналитик сифатида ишлаб келяпман. Охирги бир ярим йилги фаолиятим давомида OTP Group компанияси ва Тошкентдаги Ипотека банкнинг бир лойиҳа устида ишладим. Бу лойиҳанинг асосий мақсад ва мазмуни автоматлаштирилган банк тизими билан боғлиқ ва бу лойиҳа давомида бир неча марта бизнес ташрифи билан Тошкентга бориб-келдим. Менга ички фахр ва миннатдорлик ҳиссини берган асосий омил шу бўлдики, хорижий давлатда ишласамда, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш ва ўз ватанимни равнақи учун бир мисқол бўлсада, ўз улушимни қўша олишда эди. Лойиҳани Венгрия ва Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан муваффақиятли тарзда якунладик.
Сунъий интеллект тизимлари орқали компания ва корхоналар янада ривожланади, асосийси энг оптимал вариантни танлаш
Ҳозирда сунъий интеллект бўйича яна бир янги лойиҳа устида ишлаяпман. Бугунги кунда бозорда рақобатбардош ва жуда ҳам кўп қулайлик ва устунликларга эга бўлган сунъий интеллект тизимлари ишлаб чиқилмоқда. Янги лойиҳамизнинг асосий мақсади – сунъий интеллект тизимларини ўрганиб чиқиб, бизнинг корхонамизга мос келадиган энг оптимал вариантни танлаб олиш.
Бу «маркет ресеарч» дейилади, яъни бозорни ўрганиб чиқамиз, кейин аналитик таҳлил асосида, нархлар, қулайликлар, хавфсизлик ва бошқа томонларини билиб, энг мақбул вариантни танлаймиз. Ҳозирда мана шу тадқиқотни жамоамиз билан биргаликда амалга оширяпмиз. Бизнинг жамоамизда анча катта ва тажрибали мутахассислар йиғилган. 10 дан ортиқ маслаҳатчи мутахассислар, бизнес аналитиклар, архитекторлар ва лойиҳа менежери биргаликда ушбу лойиҳа устида ишлайди. Оптимал сунъий интеллект тизими орқали корхонамиз янада кенгаяди, хизмат сифати яхшиланади ва тезлашади.
Украинадаги уруш Венгрияга ҳам салбий таъсир қилди
Венгрия давлати Европанинг марказида жойлашгани ва табиати жуда чиройли экани билан ажралиб туради. Охирги уч ой ва уч йилликдаги Венгриядаги вазият ҳамда бир ойлик харажатларни таққослайдиган бўлсам, бу икки давр ўртасида очиғи жуда катта фарқ бор. Охирги уч йилликда Венгрияда уй нархлари, озиқ-овқат ва бошқа тўловлар кескин кўтарилди. Бунинг асосий сабаби Россия ва Украина ўртасидаги уруш. Венгрия Украина билан чегарадош, бундан ташқари, Венгрия сиёсий ва иқтисодий томондан Россия ва Украина билан ҳамкор. Шу сабабдан қўшни мамлакатдаги нотинчлик Венгрияга ҳам катта таъсир қилмоқда. Яшаш харажатлари сўнгги уч йил давомида деярли 2-3 баробар ошиб кетди.
Энг асосий харажат бу уй ижараси. Ҳозирда бир оилага икки хонали уй ижараси барча қўшимча тўловлари билан Будапешт марказида ўртача €750-800 ни ташкил қилади. Оила даромади эса икки киши ишлаганда солиқлардан ташқари €3000. Албатта, бу ўртача миқдор бундан кўп ҳам, оз ҳам бўлиши мумкин. Уч кишилик оилага харажатлари учун 1000-1500 евро сарфланади.
Венгрияда болалар боғчаси мутлақо бепул
Венгрияда икки хил боғчалар бор: олти ойдан уч ёшгача бўлган болалар асосан ясли болалар боғчаси ва уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар учун боғчалар. Ўғлимни бир ёшлигидан кичик ёшли болалар боғчасига берганман. Яслилар эрталаб 7 дан кечки соат 5 гача фаолият юритади. Фақатгина доимий ёки вақтинчалик рўйхатга олинган яшаш манзилингизга қараб, фарзандларингизни болалар боғчасига беришингиз мумкин. Давлатга қарашли бўлган боғчалар мутлақо бепул ва венгер тилида фаолият юритади.
Агар фарзандларингизни инглиз тилида ўқитиладиган боғчаларга берсангиз ўртача ҳисобда ойига 500-600 евро тўлайсиз. Очиғини айтганда, бу ўртача даромадли оилалар учун анча қиммат. Яслилар ва боғчалардаги шароитлар жуда ҳам яхши. Менга энг ёққан жиҳати эса бир гуруҳда 10-12 та атрофида болалар бўлади. Ҳар бир гуруҳга биттадан асосий ва ёрдамчи тарбиячилар бириктирилади. Ўғлим венгер тилида яхшигина гапира олади. Албатта, ўз она-тилимизни ўғлим яхши ўрганишини хоҳлайман. Шу сабабли, уйда кўпроқ ўзбек тилида ўғлим билан гаплашишга ҳаракат қиламан.
Венгриядаги Ўзбекистон элчихонасини Венгриядаги уйим деб ҳис қиламан. Ўзбекистондаги энг кўп мен соғинадиган нарса бу меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик ва жамиятимиздаги шахслар бир ўзи учун эмас, балким бирлашиб жамият учун ҳаракат қилиши. 10 йил ортга қайтиб, ўзимга бир гап айтиш имкони бўлганда «ортга қарамасдан, фақат олдинга интил», деб айтган бўлардим. Бугунги кунимга чексиз шукроналик ҳис қиламан.
Машҳура Раҳмонова суҳбатлашди
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ