
Адабиёт
Муқаддима
Жиноят тушунчаси давлат тузилмаси каби қадимий. Табиат қонунларидан ҳуқуқий тартиб-низомга ўтган жамиятда жиноятнинг хилма-хил турлари пайдо бўлган. Хўш, мазкур истилоҳ давлат қонунларини бузишга нисбатан ишлатиладими ёки мавжудлик қонунларини бузишга нисбатан? Дейлик, қотиллик мудҳиш жиноят ҳисобланади, аммо урушда душманни ўлдириш айб эмас. Яъни одамкушлик учун бир ҳолатда жазо тайинланса, бошқасида мукофот берилади.
Масалага фалсафий ёндашсак, дунёда асосан икки нуқтаи назар кенг тарқалганига амин бўламиз. Биринчисига кўра, оламни Худо яратган ва биз илоҳий қонунларга кўра яшашимиз, яқинларимизни севишимиз ва ожизларга ёрдам беришимиз керак. Иккинчи ёндашувга мувофиқ, бизнинг дунёмиз узоқ давом этган эволюция маҳсулидир. Бинобарин, биз табиий танланиш қонуниятига мувофиқ умргузаронлик қилишимиз керак. Бунда энг кучлилар омон қолади, заифлар эса нобуд бўлади. Хўш, қай бир қонуният асосида яшаган маъқул: инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам омон қолмоқ учун курашиши керакми ё яқинлари, дўст-ёри учун жон фидо этмоғи лозимми?
Бундай баҳс-мунозаралар файласуфлар ва ҳуқуқшунослар ўртасида неча замондан бери давом этиб келаётир. Илгари жиноятчилик сабабларини ижтимоий шарт-шароитлардан излаш керак дейилган бўлса, замонавий нуқтаи назарга кўра, унинг илдизлари инсон генетикасида ётади. Бугунги воқелик жиноий хатти-ҳаракатларнинг содир этилиши нафақат жамиятдаги норасоликлар, балки инсон ички оламидаги беқарорликларга ҳам боғлиқлигини кўрсатмоқда.
Инсон руҳиятида мудом эзгулик билан ёвузлик ўртасида кураш кечади. Бу зиддият инсон табиатида гоҳида бунёдкор, гоҳида вайронкор ҳиссиётлар шаклида юзага чиқади. Инчунин, инсон ҳаёти ана шундай туйғулар қоришмасидан иборат. Аммо масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор. Инсонлар руҳияти давлатнинг ижтимоий, маънавий асосларини белгилайди, ўша ўлчамларга ҳамоҳанг сиёсий тузум вужудга келади. Инсон, жамият ва давлат ўртасидаги мураккаб муносабатлар, хусусан, атоқли рус адиби Фёдор Достоевский асарларида теран тадқиқ этилган.
Достоевский асарлари башариятнинг қимматли маънавий меросига айланган. Адибни Зигмунд Фрейд, Эрих Фромм каби олимлардан-да юксакроқ шуҳрат чўққисига олиб чиққан бадиий ғоя ҳам айнан инсон фалсафасининг зиддиятли қирраларига дахлдордир. Ёзувчи чўнг истеъдоди ила инкишоф этган бадиий, ҳаётий ҳақиқатлар давлат ва инсон ўртасидаги аладдавом ихтилоф, одамзоднинг маънавий-руҳий инқирози, зўравон сиёсат асоратлари, жамиятдан ажралиб қолган, бегоналашган ёлғиз инсон фожиаси, ахлоқ ва ҳуқуқ тафовутларида намоён бўлади. Муаллиф “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Жинлар” каби романларида инсоннинг виждоний танловини таҳлил қилар экан, аччиқ хулосаларга келади.
Достоевский инсон, Арасту таърифлаганидек, сиёсий мавжудот эканини эътироф этгани ҳолда, у қонунларни бузишга мойил ижтимоий махлуқот эканига ҳам эътибор қаратади. Адиб талқинидаги инсоннинг кўп қатламли, кўп қиёфали “мен”и бирон қолипга сиғмайди, унинг руҳиятидаги исёнкорлик ижтимоий фазилатларга эга бўлган бунёдкор шахс “мен”идан кўра мураккаброқ ва жамият учун хатарлидир. Уни келтириб чиқарувчи омиллар қалбнинг ички “ошхона”си ёхуд “жиноий фикрлар лабораторияси” билан чегараланмайди (Бачинин В. Антропокриминология Достоевского: типы преступников. Журнал социологии и социальной антропологии. Том III. 2000, № 2. Cтр. 67–81).
Ёзувчи қаҳрамонларининг “мен”ида соф эътиқодга зид даъволар билан бирга мушоҳадага ундовчи ахлоқий, ҳуқуқий далилларни кузатиш мумкин. Инсон руҳиятининг тушуниксиз, ҳатто парадоксал хусусияти шундаки, у вақти-вақти билан мавжуд ҳукмрон тартибдан норозилик туйиб, ижтимоий меъёрлар, қонунларга “асирлик”, якрангликдан безор бўлгани боис тартиб ўрнида тартибсизлик, яратувчанлик ўрнида бузғунчиликни қўмсай бошлайди.
“Жиноят ва жазо”дан англашиладики, “жиноятчиликда ғайриоддий қобилият”га эга шахсият зулматда қолмоққа маҳкумдир. У эркинликни суиистеъмол қилиб, ҳокимият ва умумэътироф этилган қадриятларни инкор этади. Асар қаҳрамони руҳиятига соя солган қоронғи харизма уни пировардида дунёда Худо борлигини ҳис қилиш неъматидан ҳам мосуво қилади.
Роман тафсилотларига кўра, “жиноятчи одам” образи ижтимоий-тарихий нуқтаи назардан истиқболли бўлиб чиқади. Қаҳрамон тимсолида биз давр даъватларига қарши курашувчи “машина-одам”ни кўрамиз. Ҳар қандай ахлоқий тўсиқларни осонгина босиб-янчиб ўтадиган совуққон “машина-одам” сиёсий жиноятчининг янги бир авлоди сифатида намоён бўлади. “Жиноят ва жазо” қаҳрамони бундай деб хитоб қилади: “Қонун бу, Соня! Шундай!.. Мен кимда-ким қудратли, ақл-иродада кучли бўлса, уларнинг устларидан ҳоким бўлишини энди билдим! Ким қанча кўп уддалай билса, улар ичида ўша ҳақ бўлиб чиқаркан. Ким узоқроқ тупурса, ўша уларнинг низоми бўларкан, ким човутини қанча кўп нарсага уришга журъат қилса, ўша уларнинг ҳаммасидан ҳам ҳақлироқ бўлиб чиқаркан! Шу замонгача шундай бўлган ва бундан сўнг ҳам шундай бўлиб қолажак!” (Иброҳим Ғафуров таржимаси.)
1
Достоевскийча “машина-одам” истилоҳи биринчи навбатда ғарбона ишбилармонлик муҳити вакили бўлган қаҳрамонларга нисбатан қўлланади. У ҳисоб-китобли, шафқатсиз, мақсадига эришиш учун ҳар қандай йўлдан боришга шай, ҳатто қабоҳат ва жиноятлардан-да тап тортмайди. Ҳокимиятга интиладиган кучли механик иродага эга бўлган Родион Раскольников ҳам ўз табиатига мос машинамонанд сиёсий дастурни мақбул деб билади. Унга мувофиқ, тоталитар бошқарув усулларига асосланган давлат ўз фуқароларини доимо қўрқув, таҳликада тутиб туриши, фуқаролар устидан муттасил кузатув олиб бориши, истеъдодлар ва ёрқин шахслар мафкуравий босим, полиция террори орқали йўлдан супуриб ташланиши керак эди. Бу дастурни амалга оширмоқ учун ахлоқий тутумларни бутунлай йўқ қилиш, тартибни тартибсизликка айлантириш лозим бўлар эди.
Достоевскийнинг мушкул-мураккаб вазиятда сиёсий саҳнага чиққан қаҳрамонлари ўз майлларини қондириш йўлида даҳшатли воситаларни ўйлаб топади. Уларнинг ақл-тафаккури наинки ғоялар, балки ҳукмронлик қутқусидан куч олади. “Ғайриоддий” одамлар эзгулик йўлида ҳар қандай жиноятни содир этиши мумкин, деган соғлом ақлга зид даъвони илгари суради улар. Ёдингиздадир, Раскольников ҳам “Мен жамият учун зиён келтираётган бир судхўрни ўлдирдим, давлат эса минглаб одамларни қурбон қилиб юбормоқда. Нега у жиноятчи эмас, нега у жавоб бермайди?” дея ўзини оқламоққа уринади.
Аслида, инсон руҳиятини мажруҳ этган, давлатни ўзак моҳиятидан маҳрум қилган инквизиция ҳодисаси “жинлар жамияти”нинг тамал тошини қўйган эди. Дарвоқе, барча “изм”ларнинг айнан Ғарбда вужудга келиши сабабларидан бири ҳам шу бўлса ажаб эмас. Хусусан, фашизм ва большевизм таълимотлари “телбалар ва жинлар жамияти”ни тартибга солишга уринар экан, инсон қиёфасини йўқотган “хўрланган ва ҳақоратланганлар” учун гўё халоскор ғояларни таклиф этди.
Зиддиятли шахс, улкан истеъдод соҳиби Фёдор Достоевскийнинг ўзи ҳам узоқ муддат тутқунлик ва сургун азобини тотган бўлса-да, ёлғизлик, ёвузлик изтиробларидан қутула олмайди. 1861–1863-йиллар “Время” журналида ишлаб юрган даврларида рус дворянларининг маънавий қашшоқлиги, ахлоқий тубанлиги ҳамда халқни шафқатсиз эксплуатация қилишини фош этади. Кейинроқ эса адиб Туркистонни забт этиш тарғиботчиларидан бирига айланади. Руслар Европага юриш қилса, “варварлар” деб аталар экан. Осиёда эса улар маданиятли миллат ўлароқ кутиб олинар эмиш (қаранг: Достоевский Ф. Собрание сочинений в 15 томах. Том 14. СПб, “Наука”, 1995).
Россияда большевизмнинг вужудга келиши қисқа муддатли инқилоб маҳсули эмас эди. Унинг назарий илдизлари империя аҳолиси онги ва қалбида шаклланган шовинистик руҳиятга бориб тақалади. Биз бежиз инсон ва у яшаб турган муҳитга урғу бермаётирмиз. Файласуф Карл Поппер “очиқ жамият душманлари”ни санаганда, гапни шунчаки Афлотундан бошламайди. Гап шундаки, эркинлик ва мутлақ эркинлик ўртасидаги мувозанат танлови кўпинча иккинчисининг фойдасига ҳал бўлган. Мутлақ эркинликка эга бўлган руҳият ахлоқий чегарани унутади. Бу эса жиноятнинг жазосиз майдонини вужудга келтиради.
Большевизм тоталитаризм демакдир. Тоталитаризм – ҳокимият ижтимоий ҳаёт, жамият ва шахс устидан ялпи назорат ўрнатган тузум. У жамият қарашларини расмий мафкурага бўйсундирувчи сиёсий усуллар орқали қарор топади. Гарчи ноинсоний ва адолат тамойилига терс бўлса-да, большевизм ғоясини байроқ қилган тоталитар давлат муайян ҳуқуқий тамойилларга таянган, бу мақом унинг Конституциясида муҳрланган эди.
2
Совет давлати ўта марказлашган ва буйруқбозлик характерига эга бошқарувни шакллантирди. Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалар устидан тўлиқ давлат назорати ўрнатилди. Фикрлар хилма-хиллиги, тафаккур ҳурлиги, мухолифатчилик қатъиян ман этилди, сиёсий эркинликлар тақиқланди. Миллатларнинг қадимий урф-одат ва қадриятлари чекланди, адолатпарвар зиёлилар қатағонга учради. Ҳукмрон партиянинг ўзбошимчалиги ва зўравонлиги миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлди.
Сталин даврида сиёсий зулм ва зуғум энг юқори чўққига чиқди. Бу даврнинг характерли жиҳати шуки, репрессив орган саналган Давлат хавфсизлиги қўмитаси тизимли равишда барча катта-кичик ташкилотлар устидан ялпи назорат ўрнатди. Шўроча типдаги бу тузилма жамиятда юз минглаб бегуноҳ кишиларни ноҳақ жазога мустаҳиқ этди. Чинакам қўрқув салтанати бунёд этилди.
1940-йиллар охири – 1950-йиллар бошларида Бутуниттифоқ Коммунистик партияси Марказий қўмитаси директиваларини амалда татбиқ этиш жараёнида даставвал илм-фан, адабиёт ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги етакчилар, зиёлиларни ижтимоий қатлам сифатида маҳв этишга қаратилган махфий ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Жумладан, 1947 йил июнь ойида Ички ишлар халқ комиссарлигининг (НКВД) 44 банддан иборат (003) 47-сонли йўриқномаси (“Жосуснома” дастури – Т. А.) қабул қилинади. Ўта махфий ҳужжатда Совет давлати тасарруфидаги мустамлака республикаларни тобеликда тутиб туришнинг ўзига хос усуллари белгилаб берилган эди. Йўриқнома, жумладан, қуйидаги кўрсатмаларни ўз ичига олади:
– Ташкилотчилик қобилиятига эга ва халқ орасида машҳур бўлган кишиларга алоҳида эътибор бериш керак. Бундай кишиларни оғдириб олишга уриниш зарур, мабодо таклиф рад этилар экан, уларнинг юқори лавозимлар томон йўлини тўсиб қўйиш лозим бўлади.
– Шундай бир вазият яратиш керакки, давлат хизматчиларининг (махсус хизмат ва ҳарбий саноатдан ташқари) даромадлари жуда кам миқдорни ташкил этсин. Бу, аввало, соғлиқни сақлаш, суд ва таълимга, қолаверса, барча раҳбар ходимларга тааллуқлидир.
– Бошқармалар ва корхоналардаги идоравий лавозимларга (жойлардаги ҳукумат органлари билан келишувсиз) махсус хизмат билан ҳамкорликда бўлган кишиларни тайинлаш зарур.
– Шундай қилиш керакки, ҳар қандай масала билан бир вақтнинг ўзида бир қанча қўмита, муассаса ва ташкилотлар шуғуллансин, аммо уларнинг бирортаси уни ҳал этиш ҳуқуқига эга бўлмасин. Раҳбарларнинг фаолияти фақат топшириқларни бажариш билан чегараланиши керак.
– Касаба ташкилотлари зинҳор корхона раҳбариятига қарши чиқа оладиган ҳуқуқларга эга бўлмаслиги керак. Уларни бошқа ишлар билан, масалан, дам олиш ва таътиллар уюштириш, пенсия, кредит аризаларини ҳал қилиш, саёҳатлар, маданий ва кўнгилочар тадбирлар ўтказиш, камёб молларни тақсимлаш сингари юмушлар билан банд қилиб қўйиш керак. Улар сиёсий раҳбарият қарорларини ёқлашлари ва тушунтириш ишларини олиб боришлари лозим.
– Партия, давлат ва хўжалик аппаратида ишлаётган туб ер кишиларини шундай вазиятга солиш керакки, ўз қўллари остидагилар кўз ўнгида уларнинг обрўси тўкилиб, аввалги давраларига қайтишга имкони қолмасин.
– Барча илмий текшириш институтлари ва лабораторияларини доимий кузатиб бориш зарур.
– Маҳаллий аҳоли орасидан етишиб чиққан раҳбарларга миллий тус берилишига йўл қўйилади, аммо бу ҳол миллатнинг ўсиши, бирлашувига хизмат қилмаслиги керак.
– Хусусий корчалонлар ва ҳунармандларни шундай дастгоҳ ҳамда хомашё билан таъминлаш керакки, сифатли маҳсулот тайёрлашнинг имкони бўлмасин. Уларнинг маҳсулотлари нархи давлатникидан қиммат бўлиши керак.
– Бошланғич ва ўрта мактабларда, энг асосийси, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида ўта эътибор қозонган ўқитувчилар ишдан четлаштирилиши лозим. Уларнинг ўрнига биз томонимиздан белгиланадиган кишиларни қўйиш керак. Фанлар орасидаги фарқ йўқотиб юборилиши, лотин ва эски юнон тиллари, умумий фалсафа, мантиқ ва генетика фанлари ўтилиши тўхтатилмоғи шарт. Тарих дарсларида ўтмишдаги сиёсатдонлар ватан равнақига хизмат қилгани ёки хизмат қилишга урингани ҳақида гапириш мумкин эмас. Эътиборни фақат подшоҳлар зулми ва уларга қарши халқ курашига бурмоқ лозим.
– Сиёсий раҳбарликка муқаддам қамалган шахсларни қўйиш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Маҳаллий аҳоли ихлос қўйган ғанимларимизни оғдириб олмоқ ёки таъзирини бермоқ зарур. Уларни қонунбузарликда айблаб қамаш ёки “бахтсиз ҳодиса” аталмиш баҳонаи сабаб ила йўқ қилиб юбормоқ керак.
– Сиёсий айблов билан қамалган фуқароларни оқлашдан мумкин қадар қочиш керак. Мабодо, оқлаш лозим бўлиб қолса, у ҳолда янги суд жараёнисиз (судья, айбдор, қораловчи ва маълумот берувчини чақирмай) суднинг хатосини тузатиш сифатида иш кўриш мумкин.
– Партия томонидан тайинланадиган раҳбарлар ишимизга зиён келтирса ҳам, ўзига бўйсунадиган кишилар ўртасида норозилик уйғотса ҳам барибир судланмаслиги даркор. Ўта қўпол хатоларга йўл қўйишса, уларни лавозимидан бўшатиб, бошқа бир шундай мансабга ёки ундан-да баландроғига қўйиш лозим бўлади. Бунинг имкони бўлмаган вазиятда уларни бирон бир раҳбарлик лавозимига мўлжаллаб, захирадаги кадрлар рўйхатига киритиб қўйиш керак.
– Иш жойларида пешқадам мутахассислар бўшатилиши ҳамда улар ўрнига чаласавод, мулоҳазасиз ходимлар қўйилишига эришмоқ керак.
– Олий ўқув юртларига шундай кишиларни қабул қилиш керакки, улар халқнинг оми қатламидан бўлсин, уларни мутахассислик бўйича чуқур билим эмас, балки фақат диплом қизиқтирсин (Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2000. 510-бет).
Совет давлати шу тариқа жамиятнинг мафкуравий-маданий, ижтимоий-иқтисодий жабҳаларини “темир мушт” сиёсати асосида мувофиқлаштириш ва янада мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Инсонларни кодификация қилгани, қулликнинг индустриал босқичини бошлаб бергани қизил империя сиёсатининг энг катта “ютуғи” саналади.
3
Сиёсат воситасида уюштириладиган жаҳолатни давлат содир этадиган жиноят деб аташ мумкин. Шу маънода Раскольниковнинг айрим мулоҳазалари муайян мантиққа эга. Достоевский қаҳрамони бўйсунмас одамнинг ахлоқий қонунларга қарши жиноят содир этиш ҳуқуқини ёқлайди. Тоталитар тузум ҳам инсон қиёфасидан маҳрум бўлган хасталар жамиятини вужудга келтиради. Бундай муҳит мудҳиш жиноятларга доялик қилади.
Маъмурий-буйруқбозлик усули замирида тараққиёт ёхуд фаровонликка интилиш эмас, балки жамиятни ялпи парокандалик ҳолатини вужудга келтириш орқали идора этиш мақсади ётади. Бунда вазифалар улуғ, амаллар эса мавҳум келади. Ана шу мақсадлар ижросига камарбаста бошқарув тизими ҳам шакллантирилади. Парламент, суд ҳокимияти ва бошқа турли институтлар, маҳаллий ижро органлари ягона партия (шахс) иродасига бўйсундирилади. Бошқарув идоралари умумий ёки мавсумий юмушларга жалб этилиб, асосий вазифалардан чалғитилади. Аҳоли турли оммавий юмушларга ёхуд қишлоқ хўжалиги ишларига сафарбар этилади. Йўриқномада уқтирилганидек, шундай муҳит яратиладики, биронта вазирлик самарадорликка эришиш имконига эга бўлмайди.
Инсоннинг мадорини қуритадиган, руҳиятини чарчатадиган усуллардан яна бири бу – сурункали ва давомли мажлислар ўтказиш амалиёти. Мажлисларда гўё таҳлилий хулосалар чиқарилади. Аслида эса, улардан кўзланган мақсад утопик ғояларни (коммунизм қуриш) сингдириш, раҳбарларни манқуртларга айлантириш эди.
Иқтисодиёт, молия, солиқ, саноат ва хўжалик юритиш ишларининг илмий тамойиллардан узиб қўйилиши ҳам онгли равишда амалга оширилган усуллар сирасига киради. Бюджет танқислиги, йўқчилик, инфляция каби қатор муаммоларнинг вужудга келиши йўриқномада кўрсатилган талабларга мос келади. Бу ҳол коррупция тегирмонига сув қуяди. Оқибатда аксар раҳбарлар муттаҳамга айланади ва уларнинг ҳар бири устидан жиноий иш очиш мумкин бўлиб қолади. Инсон бўлса бас, айбу нуқсон топилади, жазо ҳам тайёр! Асосий даромадлар эса юқори қатлам орасида тақсимланади. Қуйи бўғиндаги ижрочилар режаларни бажара олмаётганидан ўзини мудом айбдор ҳис қилиб юради. Жамиятда оддий тадбиркорларнинг даромадлари солиқлар асосида чеклаб қўйилади. Қарабсизки, барча қатлам назоратда ва тобеликда!
Тоталитар тузумда ҳатто қонунлар ҳам мустабид мафкура ва яккақўл иқтисодий тартиботни ҳимоя этишга хизмат қилади. Қонунлар мавҳум, мубҳам бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Муайян қонунлар оммага тушунарли бўлиб қолса, у дарҳол ўзгартирилади. Боз устига, қонунларни амалга татбиқ этиш механизми ишлаб чиқилмайди. Бор-йўғи фалон қонунлар қабул қилингани овоза этилади, холос. Яна бир салбий жиҳат шуки, қонунлар орқали инсон манфаатлари давлат манфаатларига қурбон қилинади. Инсон шаъни, қадр-қиммати, эътиқод-иродаси, эркинлик орзуси давлат қонунлари қолипига киритилади. Бу қолипдан чиққан шахс жиноятчига айланади.
Масъул лавозимларга муносиб кадр танлаш ва тайинлаш давлатнинг устувор вазифаси ҳисобланади. Аммо НКВД йўриқномасида қайд этилганидек, шўро даврида кўпинча топшириқларни оғишмай ижро этадиган, аммо таҳлил, тафаккур лаёқатидан маҳрум шахсларга лавозим пиллапояларидан кўтарилишга имкон берилган. Зотан, бу тоифа раҳбарлар тузумга садоқат билан хизмат қилган, унинг барқарорлиги, пойдорлигига ҳисса қўшган. Мустақил фикрли кадрлар эса сиқиб чиқарилган.
Бошқа мустабид режимлар каби совет давлати ҳам “қулоқлар” технологиясидан кенг фойдаланган. Аксар ишлаб чиқариш муассасаларида айғоқчилик штати жорий этилган. Уларнинг вазифаси “номақбул” одамлар устидан доимий назорат ўрнатишдан иборат эди.
Тоталитар тузум илм-фан ва таълим соҳасини ҳам ўз йўриғига солишга уринган. Шу сабабдан, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида катта эътибор қозонган, одамларни ўз ортидан эргаштириш салоҳиятига эга ўқитувчилар турли сабаблар билан, кўпинча “сопини ўзидан чиқариб” ишдан четлаштирилган. Совет давлати ижтимоий-гуманитар фанларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Зеро, бу фанлар фикр эркинлиги, ижодкорлик қобилиятини ўстиришда муҳим ўрин тутади. Махфий йўриқномадаги олий ўқув юртларига чуқур билим эгаларини эмас, балки қуруқ диплом ихлосмандларини қабул қилиш ҳақидаги кўрсатма ҳам мустабид тузум жуда узоқни кўзлаганидан далолат беради. Чунки билимдон, мустақил фикрли одамларнинг кўпайиши сардору саркорларнинг бошқарув фаолиятига халал бериши мумкин эди. Университетни амал-тақал битирган талабалар эса пароканда ва аламзада жамиятга сингиб, йўқ бўлиб кетар эди.
НКВД ишлаб чиққан махфий ҳужжат шўро давлати бошқарувида дастуруламал вазифасини ўтаган десак муболаға қилмаган бўламиз. Айни шу йўриқнома асосида Коммунистик партиянинг сиёсати шакллантирилган, ҳаётга татбиқ этилган. “Инсонпарварлик”, “халқлар дўстлиги” каби жозибадор ғоялар билан ниқобланган қизил мафкура, аслида, улкан мамлакатни инсониятга қарши кўз кўриб қулоқ эшитмаган нобакорликлар содир этилган жазо колониясига айлантирган эди. Таассуфки, мудҳиш жиноятларнинг аксари ҳуқуқ доирасида, қонун шамсияси остида амалга оширилган эди.
Хулоса
Ҳокимиятнинг ахлоқ сарҳадларини бузиши ва зулмга берилиши давлатни таназзулга олиб келади. Боз устига, зўравонлик сиёсати узоқ муддат давом этса, бу ҳол бутун халқлар дунёқарашига салбий таъсир кўрсатади, уларнинг миллий ғурури ва ватанпарварлик фазилатларига заха етади. Ўтган асрнинг 90-йилларида Совет давлати ҳам интиҳога юз тутди. Хўш, миллий республикалар шу билан қизил мафкуранинг ғайриинсоний меросидан буткул фориғ бўлдими? Мустабид тузум инсон, жамият ва давлат муносабатларида, маънавий жабҳада қандай асоратлар қолдирди?
Жамиятда тоталитар сиёсат турли ижтимоий шарт-шароитларга кўра қарор топади. Бундай жамият шаклланиши инсон тафаккури билан боғлиқ ҳодиса экан, уни ўтмишга айланди, деб бўлмайди. Боз устига, жамиятда раскольниковлар ҳам мудом мавжуд. Ҳар доим зўравонлик қилишга “қодир ва ҳақли” одамлар чиқади. Шунга кўра айтиш мумкинки, тоталитар тафаккурнинг миллий қиёфаси йўқ, у инсониятга хос хусусиятдир. Бугун ҳам дунёнинг баъзи мамлакатларида миллионлаб одамлар ўз эрки ва тақдирини ихтиёрий равишда мавҳум ғоялар ёхуд ғайриинсоний мафкуралар илкига топшириб қўяётгани мазкур хулосани тасдиқлайди.
Дарвоқе, дунё бўйлаб томир отган бозор иқтисодиёти ва либерализм руҳий қулликнинг истеъмолчилик деб аталган янги кўринишини пайдо этди. Айни вақтда ана шу эҳтиёж ва майлларни қондирувчи давлат машинаси мукаммаллаштирилмоқда. Эндиликда инсонни тобелик ва мутеликка олиб келаётган омил оғир ижтимоий турмуш эмас, балки истеъмолчилик психологиясидир. Модомики, жамият тараққиёти иcтeъмoлчиликнинг ўcишигa боғлиқ бўлca, бу давлатнинг acocий тамойилига aйлaниб, охир-оқибат унинг йўқ бўлишигa oлиб кeлиши тайин.
Одамзод яхшилик ва ёмонлик, нафосат ва залолатни қориштириб юборган, сохта қадриятлар асирлигида яшаётган бир даврда Фёдор Достоевскийнинг инсон ҳақидаги фалсафий қарашлари янада муҳим аҳамият касб этаётир. Ёзувчи романларида қаламга олганидек, аксар жамиятларда содир бўлаётган зулм ва зўравонлик, тенгсизлик ва умидсизлик сабабли одамларнинг қизил чизиқлардан ҳатлаш эҳтимоли ортмоқда.
Оғир шароит ёки ноинсоний муҳитни қотилликка оқлов сифатида кўрсатувчилар ҳам бор. Аммо жиноятни бирор назария билан хаспўшлаб бўлмайди. Шу маънода, Раскольниковнинг қонунсизликка изн бериш, “эзгу мақсадлар йўлида жиноят содир этиш” назарияси ўта хавфли, ҳалокатлидир.
Достоевский шахслар, ҳатто энг аъло одамлар бўлса ҳам, зулм-зўравонлик қилишга ҳақли эмаслигини бутун дунёга англатди. Бугун ҳам инсоннинг маънавий олами, хулқ-атвори, хатти-ҳаракатлари, умуман, жамият олдидаги жавобгарлиги муаммоси долзарб бўлиб қолмоқда. Зотан ўзгарувчан, беқарор дунёда ҳар бир инсон ўзи ва бутун инсоният келажаги учун масъулдир. Бу жиҳатдан, даҳо адибнинг “Инсон руҳиятида фақат бунёдкорлик қудратигина мавжуд эмас” деган хулосаси бизни ҳамиша, ҳар доим огоҳликка ундайди.
Тўлқин АЛИМАРДОН
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.
“Жиноят жазосиз қолганда” мақоласи
Адабиёт
Ватандош
Тил
Адабиёт
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ