
Адабиёт
1. Лайфҳак – инглизча life hack – ҳаётни соддалаштириш дегани. Турмушни енгиллатиш учун ўйлаб топилган уддабуронликлар, иш-юмушларни бажаришнинг осон усуллари тушунилади.
2. Инсайдер – инглизча in – ичида, ичкари, side – томон, қисм дегани. Ташкилотнинг омма учун ёпиқ маълумотларига эга шахс, ходим тушунилади.
3. Тренд – инглизчада чўққи, йўналиш демакдир. Ҳар қандай соҳадаги омма эътиборига тушган воқеа, нарса, маҳсулот тушунилади.
4. Букблогер – инглизча book – китоб, bloger – саҳифа юритувчи сўзларининг бирикишидан пайдо бўлган. Ўқиган китоби борасидаги фикрларини ижтимоий тармоқда билдириб борадиган китобхон тушунилади.
5. Слайд – инглизча slide – силжитмоқ феълидан ясалган. Тақдимотдаги мавзуга доир, кетма-кет жойланган расм, матн ва бошқа график материаллар тушунилади.
6. Стикер – инглиз тилидан олинган. Нарса безашда ишлатиладиган, ёпиштирилувчи кичик рамз, ёрлиқ.
7. Снапчат – инглизча snap – қисқа, шошилинч, chat – (онлайн) мулоқот сўзларининг бирикишидан ҳосил бўлган. Интернетдаги қисқа жонли мулоқотни билдиради.
8. Респект – инглиз тилидан олинган. Бирор шахс ёки нарсага нисбатан юқори баҳо, эътироф маъносида қўлланади.
9. Сторис – инглизча воқеа, ҳикоя демак. Ижтимоий тармоқларда маълум вақт кўриниб, сўнг ўчиб кетадиган қисқа, кичик пост. Асосан видео, расм кўринишида бўлади.
10. Креатив – инглизча ижодий дегани. Бирор ишга нисбатан ўзига хос, ноёб ёндашув маъносини англатади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, адабиётшунос олим, ёзувчи Олим Тошбоев тавсия қилади:
1. Лайфҳак. Бу сўз яна икки-уч йилдан сўнг “маслаҳат”, “тавсия”нинг талоқ хатини бермаса гўрга эди. Тамом, олифтагарчиликни йиғиштириб, “маслаҳат”, “тавсия” деб ишлатайлик. Ўзбек анойи эмас дея “ёлғон”ни “факе”ка, “бозор-ўчар”ни “сҳоппинг”га, сартарошхонани “барбер сҳоп”га, “саёҳат”ни “травел”га айлантирганимиз етади...
2. Инсайдер. Баъзи маҳаллий ва хорижий ОАВда “манба” ҳам дейишаяпти. Бу унчалик тўғри эмас. Ўрисча “источник”нинг таржимаси. Асрлар давомида яшаб келаётган “хуфия”ни тирсаклаш адолатдан бўлмайди.
3. Тренд. Ҳозир бировга бу сўз аслида “урф” бўлади десангиз балога қолишингиз ҳеч гап эмас. Негаки, “тренд” деявериб, “урф”га пойгакдан жой кўрсатиб қўйдик... Урф!
4. Букблогер. Менимча, китобхон, ўқирман, китобхон блогер деб ишлатган тузук.
5. Слайд – тақдимот.
6. Стикер. Бу сўз кейинги пайтларда асосан “ёрлиқ” маъносида қўлланмоқда. “Oxford” изоҳли луғатида сўзлашувда “қайсар” маъносида ҳам ишлатилиши ёзилган. Бундан ташқари, “sticker”нинг “огоҳлантирувчи белги”, “қайднома”, “эслатма” маънолари ҳам бор. Демак, матн, жумла маъносидан келиб чиқиб “ёрлиқ”, “қайднома”, “эслатма” сўзларидан бирини танлаш тўғри бўлади.
7. Снапчат. Атоқли от бўлгани учун ўз номида қолгани маъқул.
8. Респект “офарин”, “тасанно”нинг олдида айланиб-ўргилиб ўтаверсин! Шундай гўзал, жарангдор сўзларимиз бўлатуриб тилимизни бураб юрсак уят бўлар-ов.
9. Сторис. Бу сўз ўрнига “лавҳалар” деган маъқул.
10. Креатив. “Ижодий” сўзи турганда инглизчага эҳтиёж йўқ.
Таниқли адиб Алишер Ибодинов тавсия қилади:
1. Лайфҳак – “йўриқ” ёки “корисодда”. Чунки “кор” тожикчадан олинган бўлса-да, ўзбек тилига сингиб, ўзимизники бўлиб кетган. Масалан, мардикор, корхона...
2. Инсайдер. Олдин саройларда ички юмуш билан шуғулланувчи шахслар бўлган. Улар “сирчалма” ёки “сирчи” деб ҳам аталган. Бу “инсайдер”га мос тушади.
3. Тренд – урф.
4. Букблогер – китобчи.
5. Слайд – суратлавҳа.
6. Стикер. Халқимизда зардўзлик, каштачилик, умуман ҳунармандчиликда аввал ясалиб, сўнг буюмга қадаладиган безаклар бўлган. Стикер ҳам шу вазифани бажаргани учун “безак” деган маъқул.
7. Срапчат – суратсуҳбат, суратли суҳбат.
8. Респект. “Олқиш” бу сўзга жуда ҳам мос тушади-ку! Нега шундай атамаслигимиз керак?
9. Сторис – лаҳзалик.
10. Креатив – ижодкорона.
Байрам Али тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 1-сон.
“Эшиклар очиқ, аммо...” мақоласи
Адабиёт
Ватандош
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ