
Адабиётшунос олим Дилмурод Қуронов билан суҳбат.
– Дилмурод ака, аслида, Сиз билан адабий жараён, сўз санъати ҳақида суҳбат қуришимиз керак эди. Музофотда яшасангиз-да, пойтахтнинг қайноқ муҳитидан узилмагансиз, талабчан олим, жонсарак зиёли сифатида миллат истиқболига доир баҳс-мунозараларда фаол қатнашиб келасиз. Шу боис бу гал дунёнинг ишлари, жамиятнинг равиш-рафтори хусусида гурунглашмоқни маъқул деб топдик.
Қуш қанотсиз парвоз қила олмагани каби илм-фан ҳам академик эркинликсиз тараққий этмайди. Академик эркинлик олий таълим ва илмий муассасалар ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг тафаккур, тадқиқот ҳурлигини англатади. Янада аниқроқ айтсак, олимлар, толиби илмлар илмий-ижодий фаолиятда ҳокимият, сиёсий гуруҳларнинг тақиқу таъқибидан, умуман, ҳар қандай назоратдан омонда бўлмоғидир. Назаримизда, наинки илм-фан ва таълим соҳалари, балки бутун жамият равнақи учун академик эркинлик сув билан ҳаводек зарур.
Сўнгги ҳисоботлар (Academic Freedom Index 2024) дунёда академик эркинлик билан боғлиқ вазият мақтангудек эмаслигидан далолат бермоқда. Айниқса, Ғазо бўлгасида уруш бошлангач, демократия яловбардори бўлган давлатларда ҳам “қирол яланғоч” экани алайно ошкор кўринди-қолди. Масалан, Фаластин заминида содир этилган хунрезликларни қоралаган америкалик олимлар университетлардан бадарға қилинди. Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, дейдилар. Мутараққий дунёда рўй бераётган бу сира бесаранжомликлар эркин жамият қуриш йўлида саъй-кўшиш қилаётган ёш мустақил давлатларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин...
Илм-фан хизматида сочи оқарган олим, таълимнинг ёқасидан кириб енгидан чиққан педагог ўлароқ мамлакатимизда академик эркинлик ҳолатини қандай баҳолайсиз?
– Савол ғоят мураккаблигидан, жавобни соддадан бошлаганимиз маъқул. Камина олий таълимда иш бошлагандан бери мудом бир ҳолни кузатаман: раҳбарият профессор-ўқитувчиларнинг ишга келиб-кетишини қатъий назоратга олишга интилади. Кўп йиллардан бери “Эрталаб соат 8 да ишга келганда ва 15:00 да – кетар чоқда дафтарга имзо қўясизлар” деган талабни эшитамиз. Тўғри, IT замонида шакл ўзгарди: “Университетга киришда мослама ўрнатилган, ишга келганда ва кетиш чоғи бармоқ босасиз – келаси йилдан табель шу асосда тузилади” дейишяпти энди. Эътирозга ўрин йўқдек, профессор-ўқитувчига олти соатлик иш куни белгиланган, ахир. Кўнгилларимизни фахрга тўлдирган қизимиз, Колумбия университетида профессорлик мақомига эришган илк ўзбек олимаси Азиза Шоназарованинг “Daryo” нашрига интервьюсида айтишича, АҚШда олий таълим ўқитувчилари кун тартибини ўзи белгилар экан. “Бу касбнинг мен учун энг қулай тарафи ҳам ана шу. Бир семестр мобайнида ҳафтада икки ёки уч марта дарс бергани бораман, холос. Профессорлар фаолиятига дахлсиз ишларга жалб этилмайди ва улардан эртадан кечгача офисда ўтириш талаб қилинмайди”, дейди у. Эътибор қилдингизми, Азизахон қизимиз “Профессорлар фаолиятига дахлсиз ишларга жалб этилмайди” деб таъкидлаган, чунки она юртида бунинг акси эканини яхши билади-да. Бизда, масалан, ўқитувчи таржима ишига ойлаб жалб этилиши, дарсларини бошқа ҳамкасблари ўтиб юриши оддий ҳол. Ёки фалон тумандаги мактабга “методик ёрдам кўрсатиш учун” профессор-ўқитувчини боғлаб қўйиш, ҳафтада бир кун ўша мактабда бўлиш каби талаб ҳам бор. Раҳбариятни-ку айтмаёқ қўяй, уларни чигит экиш ё буғдой ўримига масъул этса ҳам бўлади, гўё ўзларининг масъулиятидаги ишлар тугаб-битган ё дўндириб қўйилган каби...
Халқаро истилоҳда академик эркинлик таълим бериш, тадқиқот юритиш, илмий изланишлар натижаларини эълон қилиш, фикр-қарашларни ифодалаш эркинликларини, таълим муассасаси ёки давлат томонидан цензурага йўл қўйилмаслигини англатади. Яъни у давлат, таълим муассасаси ва шахсий миқёсда воқеланади. Демак, шу уч миқёсда таъмин этилмоғи ҳам керак. Давлат муайян фан доирасида нимани ва қандай ўқитишни тўлалигича профессор ёки ўқув муассасаси белгилашига йўл қўйиб бера оладими? Табиийки, йўқ. Чунки давлатнинг ҳам нимани, қандай ўқитишга доир манфаати бор, бас, пулини тўлагач, мусиқани ҳам танлайди-да!
Аслида, бу бугуннинг ё кечанинг муаммоси эмас: салкам уч минг йил аввал Афлотун хаёлидаги идеал давлатда қандай мифларни ўқитиш мумкин-у, қандайларини ўқитиш мумкин эмаслигини муҳокама қилган. Худди шу объектив сабаб шўро замонида жадид адабиётининг ўқитилмаганию ўзбек совет адабиётининг “тирик классиклари” кенг тарғиб этилганини изоҳлайди. Мустақилликдан кейин бунга мутлақо терс ҳолат кузатилгани ҳам яна ўша объектив сабаб билан боғлиқ. Энди тасаввур қилинг, шўро даврида бизга сабоқ берган устозлар Фитрат, Қодирий, Чўлпонлар ҳақида гапиргиси келмаганми? Улар ўзбек адабиёти тарихи ҳақида бераётган билимлари чала, бирёқлама бўлиб қолаётганига ўкинмаган дейсизми? Ўзимиз ҳам яқин ўтмишда – гоҳ у, гоҳ бу ижодкор дарсликлардан чиқарилиб, ими-жимида тақиққа учраган вақтлар уларнинг асарларисиз адабиётимиз манзараси нотугал бўлиб қолаётганини мудом ҳис қилиб турмадикми? Ҳозир-чи, ҳозир бу ҳисдан тўлиқ фориғ бўлганмизми?.. Сираси, айтилганлар академик эркинликнинг иккинчи қирраси – тадқиқот эркинлигига ҳам баб-баравар тегишли. Албатта, азалдан шундай эди деганим қиёматгача шундай қолади дегани эмас – муносабат ростланса, ҳолат ҳам ўзгаради. Бунинг учун кўп нарса талаб этилмайди: давлат манфаати холислик, илмий объективлик принципларига зид келмаса, ҳар икки томонга мақбул “олтин оралиқ” топилса бас.
Академик эркинликнинг фундаментал шартларидан бири – олий таълим муассасасининг автономлигидир. Маълумки, сўнгги йилларда бизда ҳам бу борада илк қадамлар қўйилди: айрим олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик, академик эркинлик тақдим этилди. Бу йўлда тетапоя қила бошладик, аммо мавжуд шароитда гўдак расмана юриб кета олармикан, деган андиша йўқ эмас. Яшириб нима қилдик, ҳудудларда ОТМларга ҳокимият тузилмаларидан бири деб қараш шаклланиб қолган. Ҳокимлик ўтказадиган барча йиғилишларда ОТМ раҳбарларининг қатнашишига зарурат борми? Улар бевосита таълим масалалари кўриладиган мажлис бўлсагина таклиф қилиниши керак эмасми? ОТМ раҳбарларига ҳокимларнинг ёш боладек дакки беришини-ку қўйинг, котибият мудирларининг зир югуртиришлари, ходимларнинг сиёсат қилишига нима дейсиз?! “Амирларнинг яхшиси – олимларни зиёрат қилганлари” деган гаплар унут бўлгандек. Дорилфунунларга асосий фаолиятига алоқасиз топшириқлар берилиши одатий ҳолга айланган. Зеро, ҳокимият ОТМларни ҳар вақт сафарбар қилиш мумкин бўлган куч деб билади. Энг ёмони, ҳокимиятнинг кўзига ОТМлар “контрактдан жарақ-жарақ пул топаётган” корхона бўлиб кўринади. Тўғри, улар жойларда ҳисобига мунтазам маблағ тушиб турувчи ташкилот бўлиб қолди. Аммо ўша маблағ ўқув жараёнини ташкил қилишга, таълимни такомиллаштиришга сарф этилмоғи керак-да. Ҳокимият катта-кичик харажат талаб қилувчи топшириқларни университетларга юклайверади: сметада кўрсатилмаган сарф учун маблағнинг ноқонуний йўл билан “йўндирилиши”ни, яъни жиноятга йўл очилаётганини эса айтмаса ҳам бўлади...
Хуллас, кўрган-билганларим бизда академик эркинлик ҳақида гапиришга ҳали бир оз эртароқ эмасмикан, деган андишани туғдиради. “Мусулмончилик аста-секин, мана, айрим университетларга молиявий мустақиллик, ўқув жараёни билан боғлиқ эркинликлар берила бошлади-ку...” дейишингиз мумкин. Шундай, лекин бу бошланмалар томир ёзадиган ер ҳали шўрхок, бас, аввал шўрни ювмоқ лозим! Бизда академик эркинликни жорий этиш тартиби бошқача бўлиши керак. Энг аввал университетлар автономлиги қонунан қатъий белгиланиши зарур. ОТМлар низом асосида мустақил фаолият олиб бориши, вазирлик ёки марказга методик жиҳатдангина бўйсуниши, улар ишига четдан аралашувга йўл қўйилмаслиги керак. Ана шундагина академик эркинлик рўёбга чиқади. Ана шундагина ОТМлар бутун куч-қувватини таълим сифатини ошириш ва илм-фан ривожига йўналтириши мумкин.
– ЮНEСКО эълон қилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон хорижда таҳсил олаётган талабалар сони бўйича дунёнинг беш етакчи давлатидан бири бўлиб турибди. 150 минг чоғли ватандошимиз чет эл олий таълим муассасаларида таҳсил кўрмоқда экан. “Ёш ўзбек иқтисодчиси Ҳарвардда докторлик ёқлади”, “Ўзбекистонлик олима илк бор Колумбия университетида профессор унвонини олди”, “Ўзбек тадқиқотчиси Оксфорд университети шафелигида сунъий идрок бўйича салмоқли рисола чоп этди”... Бу каби хушхабарлар ҳар биримизнинг қалбимизни ғурурга тўлдиради. Айни чоқда кўнгилда хавотиромуз савол ҳам туғилади: жаҳоннинг обод шаҳру кентларида туп қўйиб палак ёзган қоракўзларимизнинг жиллақурса ярми Ватанга қайтармикан, юрт хизматига камарбаста бўлармикан?..
Хабарингиз бор, бугун дунёнинг бой давлатлари заковат соҳибларини ўзига оғдириш учун рақобатга киришган. Ўз соҳасининг пешқадамлари хорижда, таъбир жоиз бўлса, пойандоз солиб қарши олинади. Ўзбекистонлик кўпдан-кўп иқтидорли олимлар ҳам хорижий давлатларда фаолият юритмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳазил-мутойибада айтилганидек, “Ўзбекистоннинг олтин бошлари Ғарбга, олтин қўллари Шимолга равона бўлаётир. Юрт ичида эса фақат олтин тишлар қолди”. Хўш, ақллар ҳижратини табиий ҳол дея қабул қилиш керакми? Ё давлат иқтидорларни қайтариш учун тизимли чора-тадбир кўрмоғи лозимми?
– Албатта, давлат иқтидорларнинг юртдан чиқиб кетиши олдини олиш (қайтариш) учун тизимли чора-тадбирлар кўрмоғи зарур. Ўз-ўзидан кейинги савол қалқиб чиқади: у чоралар қандай бўлади? Шўро даври каби чегарани пашша ҳам учиб ўтолмайдиган қилиб тўсишнинг энди ҳеч имкони йўқ, қатъий тақиқлар билан бир нимага эришиш душвор, ватанпарварлик туйғусининг ўзи билан ҳам узоққа бориб бўлмайди. Ёлғиз битта йўли бор: иқтидорлар учун ўзимизда ҳам хориждаги каби шарт-шароит яратиш керак, токи мусофирликда эриша оладиганига муқимликда эришсинлар... Чет элдаги каби моддий манфаатдорлик ва бадастир шароит ҳозирча имконсиз, дея эътироз билдирилиши мумкин. Эҳтимол, шундайдир. Лекин тарки ватан қилувчиларнинг ҳаммаси ҳам моддий шарт-шароитдангина безиб кетяпти, десак тўғри бўладими? Фикримча, йўқ. Ўзимизда ишлашни, отаона, яқинлару ёр-дўстдан йироқ тушмасликни истовчилар кам эмас, лекин... Хўш, ҳозирда олий маълумотли мутахассиснинг ишга жойлашиш имконияти қандай? У ўз билими, маълумотига муносиб жойни бемалол эгаллай оладими? Йўқ-да, аксар иш ўринлари банд. Дейлик, у ишлаши мумкин бўлган жойни ё ўрта маълумотли бирови, ё бошқа мутахассисликка ўқиган бошқаси, ё диплом учунгина амал-тақал ўқиган тағин бири эгаллаган. Асосийси, ул мардум иссиқ ўрнини асло бўшатмайди – ё раҳбарнинг хеши, ё ишга киришда “харажат” қилган, ё қўлида “компромати” бор, ё...
Ҳар қандай текширишу аттестациялардан эсон-омон ўтади денг! Ҳолбуки, талабгор бўлмиш ундан бир калла баланд, шу жойга кўпроқ муносиб эканини англайди, илло қўлидан ҳеч нарса келмайди: камситилган, хорланган сезади ўзини, кетгиси келади. Муаммонинг кучли ижтимоий-психологик омили ана шу. Афсуски, бу иллат ажриқ мисоли томир отяпти. Токи ижтимоий-иқтисодий муҳит соғломлашмас экан, хусусан, давлат ташкилотларига ишга қабул қатъий белгиланган муддат ва танлов асосида ўтказилмас экан, токи бу жараён мутлақо очиқ ва имкон қадар инсон омили аралашувисиз кечмас экан, ундан халос бўлиш амримаҳол. Хўп, шундай тартиб ўрнатилиб, иллатдан қутулдик ҳам дейлик, аммо бу муаммони ҳал қилиш йўлидаги илк қадам, холос – энди иқтисодий ва демографик вазият билан боғлиқ бошқа бир омил ўртага чиқади. Биз навқирон миллатмиз, аҳоли таркибида ёшлар нисбати йилдан-йил ортиб бораётир. Ҳаммага иш топиб беришнинг имкони йўқ, жумладан, иқтидорлиларга ҳам. Албатта, имкони йўқ экан деб қўл қовуштириб турилмайди, аҳволни яхшилаш учун зарур чоралар кўрилади. Айни чоқда, нафақат меҳнат ресурслари, интеллектуал ресурсларимизнинг ҳам хорижга оқиши табиий. Агарки оқимни буткул тўхтатишга ожиз эканмиз, уни бошқармоқ, мамлакат равнақи ва истиқболи учун манфаатли ўзанга буришга ҳаракат қилмоқ лозим.
Аввало, чет элдаги иқтидорларимиз ўзларини “эмигрант” эмас, “хорижда муваққат ишловчи” деб ҳис қилсин. Бу эса уларнинг юрт билан робитаси узилмаслигини тақозо этади. Демак, уларнинг Ватан билан боғлиқ фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш зарур: мамлакатимиздаги илмий марказлар билан мунтазам алоқани таъминлаш, соҳаси бўйича марказлар, лабораториялар, клиникалар очиш, инвестиция киритиши учун қулай ва имтиёзли шароитлар яратиш... Қарангки, ечим яна биринчи омилга бориб туташяпти. Чиндан ҳам, ижтимоий-иқтисодий муҳит соғломлашмай туриб муаммоларни адолатли ва тўғри ҳал қилиб бўлмайди.
Дарвоқе, аввал ҳам ўйлаб юрардим-у, шу кунларда бир фактга дуч келгач, янаям кўпроқ ўйлаётирман: биз инсон ресурслари борасида ҳам “хомашё” етказувчигина бўлиб қолмаяпмизми?! Ҳозир ҳамманинг оғзида шу гап: белорус клуби футболчимиз Абдуқодир Ҳусановни текинга олиб кетиб, кейинроқ Франциянинг “Ланс” жамоасига 100 минг еврога сотган. Уч мавсум ўтиб моҳир ҳимоячи 40 млн евро эвазига инглиз клубига ўтди. Энди ўша маблағдан белорус клубига ҳам улуш тегади, “Бунёдкор”га-чи?.. Иқтидорлар билан ишлаш рисоладагидек йўлга қўйилса, бизнинг клуб ҳам яхшигина ҳисса олармиди? У ҳолда бир Абдуқодир эмас, уни тарбиялаган клуб, бутун ўзбек футболи манфаат кўрган бўлармиди?!
Хонаси келиб қолди, футболдан яна бир мисол келтирай. Ҳамюртимиз Аббосбек Файзуллаев ЦСКА (Москва) жамоасининг пешқадам ўйинчиси бўлгани ҳолда ойига 10 минг еврога яқин маош оларкан. Ҳолбуки, ўша клубнинг бошқа бир етакчиси Игорь Акинфеевга йилига 1,6 млн евро маош берилар экан. Равшанки, бу бир Аббосбекнинг эмас, ўзбек футболи, умуман, Ўзбекистоннинг зарари...
Хулоса шуки, иқтидорли футболчиларни тарбиялаш билан бирга уларни номдор клубларга ўтказиш ишини ҳам режали йўлга қўйиш, соҳа мутахассисларини етиштириш – пул тикишга лойиқ ишдир. Мактабни битирибоқ Россияга отланиб, “Ҳунаринг нима?” сўроғига “разнорабочий” (асли “чернорабочий”) деб юрган бўй йигитларга бирон бир ҳунарни пухта эгаллаш имконини яратиш ҳам муҳим. Ҳунар эгаси ўлароқ кўпроқ маош олсалар, топганлари охир-оқибат юрт фаровонлигига хизмат қилади-да!..
Алҳол, латифадаги “олтин қўл” ва “олтин бош”ларнинг чиқиб кетиши – объектив жараён, уни буткул тўхтатишга ожизмиз, лекин элу юртга зарари имкон қадар кам, фойдаси эса кўп бўлишига эришмоғимиз шарт.
– “Бугун Оврупо халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол низолари; овруполиклар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва калта кийим жанжаллари. Оврупо шаҳарлари бугун электр билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жуғрофия ва тиббиётни ўқитиш-ўқитмаслик ихтилофлари...” Бу – жадид ҳаракати сардори Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг 1923 йил “Туркистон” рўзномасида чоп этилган мақоласидан иқтибос. Не тонгки, орадан бир аср ўтган бўлса-да, аҳволи руҳиямиз деярли ўзгармагандек. “Ҳаётнинг кураш майдонида ва жаҳон халқлари орасида ислом оламининг фарсах-фарсах орқада қолганлигини баён қилишга эҳтиёж йўқдир. Биз туркистонлилар эса бошқа исломий жамиятларга нисбатан дунёи жаҳон паришонликка тушиб, йўлимиздан адашганмиз”, дейди бошқа бир маърифатпарвар Абдурауф Фитрат. Юз ваҳки, бугун ҳам мутараққий дунё билан ўртамиздаги фарсах-фарсах масофа қисқармаган...
Тўғри, миллат зеҳниятига асрлар мобайнида ўрнашган зангларни кетказиш осон кечмайди. Аммо “то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Оллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”лиги ҳам аён ҳақиқат. Наҳот, Ҳолливуднинг “Суғур куни” фильмида тасвирлангани каби якранг ҳолатни қайта-қайта бошдан кечирмоққа абадиян маҳкум бўлсак?! Фитрат домла куюниб ёзганидек, “бу паришонликнинг сабаби недир?”
– Тушкунлик (пессимизм) – одамнинг ўзига юк бўладиган нарса, марра яқинлашгани сари некбин (оптимист) бўлгингиз келаркан. Шу маънода, сўнгги йиллар ижобий ўзгаришларни кўпроқ кўраётгандекман. Аввало, ёшларда билим олишга интилиш кучайди – мустақилликнинг илк йилларига қиёсланса, фарқ – осмон билан ерча. Иккинчидан, ёшлар ичида “Мана бу – ҳалол, мана бу – ҳаром” деган мезон билан ҳаракат қиладиганлар кўпаймоқда. Умид шуки, эртами-индин улар “Давлатники – ҳамманики, мен эса ўша ҳамманинг бириман, демак, меники ҳам” дейдиганлар ўрнини эгаллайди. Улар энди “Давлатникида етим-есирнинг, ғарибу мискиннинг, мактабу хастахонанинг... мағрибдан машриққача ҳақдорларнинг улуши бор” деб қарайди. Шу тариқа юртда ҳалолдан фаровонлик барпо бўлади. Ҳалолдан келган фаровонлик анчайин тўкинлик эмас, бундай шароитда нону чой билан кун кечираётган ҳам, умри жамшидона зиёфатда ўтаётган ҳам бирдек қаноатда яшайди – кўнглида хотиржамлик ҳукмрон, ақлу идроки юксак материялар ҳақида ўйлашга эҳтиёж туяди. Утопияга ўхшаяптими? Йўқ, бу хаёлот эмас! Худо хоҳласа, шундай кунлар келади: халқимиз чин маърифатга эришади, унинг тарихидаги энг шонли саҳифалар ўшанда битилади. Ҳа, айтганча, қолоқликнинг боисини сўрадингиз. Фикримча, кўнгил хотиржамлигига путур етказувчи нимаики бўлса бари “паришонлик сабабидир” – хусусан, нафсга мағлублигимиз, шукроналик фақат тилда бўлиб қолгани...
– Олис ўтмишда ҳам, яқин кечмишда ҳам маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик иллатлари халқимиз бошига не-не шўришларни солмаган дейсиз. XIX аср мавлоноси “Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман” дея шиква-шикоят битган бўлса, XX асрда чақмоқдек умр кечириб ўтган бошқа бир шоиримиз “Ўзбекни қуритар маҳаллийчилик” дея фиғон чекди. Маҳаллийчилик миллатнинг оғриқ тишларидан экани ҳақрост. Негадир кейинги вақтларда бу иллат яна бош кўтариб қолди. Маиший жабҳадаги айирмакашликни қўятуринг, ижтимоий тармоқларда ҳатто ўн минглаб “мурид” йиққан баъзи блогерлар “Тошкентни қишлоқилар босиб кетгани”дан ёзғирмоқда. Бу иллат фақат пойтахт аҳлига хос десак адашамиз. Фаразан, мамлакатнинг бош кенти Фарғона ёки Қашқадарёга кўчирилса, водий, воҳа аҳли ҳам “ўзимизникилар ва ўзгалар” тарзида иш тутмаслигига кафолат йўқ. Давлатчилигимиз илдизи минг йилларга бориб тақалади. Замонавий республика тузилганига ҳам бир аср бўлди. Маҳаллийчиликдан ҳали-ҳануз халос бўла олмаганимиз ягона миллат ўлароқ шаклланмаганимиздан далолат эмасми? Тараққиёт карвонининг пешқадами бўлмоққа бел боғлаган миллатга бу хил майдалик ярашадими?!
– Ҳеч шубҳа йўқки, маҳаллийчилик ҳам, уруғ-аймоқчилик ҳам тараққиётимизга тушов – буни ҳамма бирдек эътироф этади. Бироқ амалга келганда беихтиёр уларга даст бериб қўямиз. Ҳатто бу иллатларни сизу биз қатори кескин танқид қилиб юрган киши фалакнинг гардиши билан мансабга тайинланиб қолсаю фурсат ўтказиб разм солсангиз, унинг “команда”си ҳам асосан қариндош-уруғларию ҳамюртларидан иборат бўлиб чиқади. Албатта, масъулиятли вазифа юкланган одамнинг ўз ёнида ишончли кишилар бўлмоғини исташи табиий. Лекин ўша вазифани бажармоқ учун салоҳият керак, ахир. Муносиб одам ён-атрофидан – қариндош-уруғи, ҳамшаҳар, ҳамқишлоқлари, таниш-билишлари орасидан бўлса-ку – эътироз йўқ, бўлмаса – “четдан” олиниши керак-да! Афсуски, кўпинча иқтидорли номзод қолиб, савияси бир калла пастроқ бўлса ҳам, қондош-қариндошлик ё қуда-андалик ришталари билан боғланган киши ёки ҳамқавм танланади...
Назаримда, бу иллатнинг психологик илдизлари жуда чуқур – ҳў-ўв одамзод мамонт овлаб юрган замонларга қараб кетса ажаб эмас. Ибтидоий одам атрофидаги махлуқлар қаршисида ўзини ожиз сезганидан ҳамиша қариндошу ғордошлари кўмагига муҳтож бўлган – улар ёнида бўлсагина ўзини табиат кучларию махлуқотдан ҳимоялангандек ҳис этган. Айни шу ожизлик ҳисси суяк суриб келиб ҳар бир инсоннинг коллектив онгсизлигида муқим ўрин олган. Ибтидоий аждодидан фарқ этароқ, бугунги кун кишиси ўзини табиат қаршисида ожиз сезмайди; у табиат менинг измимда деган янглиш ишончида яшаркан, ўзини жамият қаршисида ожиз ҳис этади. Бу ҳис юрагидаги қўрқувни кучайтиради: атрофини душманлар қуршаган, муваффақиятини ҳеч ким кўролмайди, ҳамма уни чалиш пайида, ёнига ишончли одамларни тўплаши керак, ўзи ҳам кимнингдир ишончига кирмоғи даркор, акс ҳолда ем бўлиб кетади...
Маҳаллийчилик ва қариндош-уруғчилик – шахс сифатида етилмаганлик асорати. Бу тоифа кишилар учун энг кичик ижтимоий бирлик шахс эмас, балки тўда. Унинг тўдасидаги мутлақ ҳокимлиги ШАХС эканига далолат қилмайди, чунки ўзи дохил юқорироқ тўдада у муте бир аъзо, холос... Ҳа, афсуски, сиз ҳақсиз: “Маҳаллийчиликдан ҳали-ҳануз халос бўла олмаганимиз ягона миллат ўлароқ шаклланмаганимиздан далолат”. Зотан, миллат дегани аксарияти ўзлигини, жамиятдаги ўрни ва қадр-қимматини, ижтимоий миссиясини англаган шахслардан таркибланувчи тузилмадир.
– “Ҳужжат ул-ислом”нинг отдоши, мисрлик забардаст олим шайх Муҳаммад Ғаззолий (1917–1996) Ғарб тамаддунини афсонавий махлуқ – инсон сиёқли, ҳайвон жисмли Абул Ҳавлга (Сфинкс) ўхшатган экан. Аллома замон кишисининг тафаккури башарий, табиати эса ҳайвоний эканига ишора қилган, назаримизда. Азизу мукаррам деб сифатланган одамзод вакиллари бугун содир этаётган кўз кўриб қулоқ эшитмаган қилғиликларни кузатиб, Ғаззолий ҳақ эканига такрор ва такрор иймон келтирасиз. “Маърифат асри”да кечаётган урушларда лак-лак инсон қони тўкилмаяптими?! Ҳарб аҳли киприк қоқмай маъсум гўдакларни-да қатл қилмаяптими?! Ахлоқ, эътиқод, маънавият каби муқаддасотлар поймол этилмаяптими?! Тушови узилган “нокасу ножинс” тоифанинг хурмача қилиқларини... эслагиси ҳам келмайди киши. Ҳолбуки, инсониятнинг ақлу тафаккури юксалгани сари жоҳилият чекинмоғи лозим эмасмиди?..
– Инсон фаришта билан ҳайвон оралиғидаги ҳодиса дейиш билан шайх Муҳаммад Ғаззолий айтган, унгача айтилган ва кейин ҳам айтилажак кўплаб пурмаъно таърифу ташбеҳлар моҳияти ифодалаб қўйилган. Инсон шу икки қутб оралиғида саргардон экан, ундан ҳар не эзгуликни ҳам, ҳар не тасаввурга сиғмайдиган ёвузликни ҳам кутиш мумкин. Шу ёшгача кўрган-билганларимни умумлаштириб, тараққиёт дегани башарият ҳаётининг фақат эзгулик жабҳасидагина эмас, ёвузлик томонида ҳам бирдек кечаверар экан, деган нохуш хулосага келиб қоламан-да, бундан қутулмоқ учун қайта бошдан мулоҳаза юритаман – яна ўша натижа, лекин уни тан олгингиз келмайди, ўйлайверасиз, ўйлайверасиз... Инсон Яратган изми билан бўлган кор-амални ўзгартиришга уриндими, фожиа муқаррар.
Тафаккуримизни юксалтган китобларда эркинлик энг олий қадрият дея талқин қилинган. Биз ҳам романтик кайфиятда – эркинликни соғиниб, унга талпиниб улғайдик, ҳамманинг сўзда, фикрда, эътиқодда ҳур бўлмоғини орзу қилдик. Билмадим, бир мен шундаймидим ё бошқалар ҳамми, мудом Ғарб кишисини эркинроқ билиб, унга ҳавасланиб яшаганим рост. Энди, ўша ҳавасланганим ҳурлик камалак байроқ кўтариб кўчаларни тўлдирган даюсу ножинслар тимсолида юз кўрсата бошлаганида... бир нокасга Европа пойтахтларидан бирининг кенг майдонида туриб бемалол Қуръонни ёқиш – икки миллиард мусулмон кўнглига туфлашга изн берганида... ўзга дин кишиларини-ку қўйинг, Олимпия ўйинлари ёпилишида христиан ақидасини масхара қилганларида... – бу эркинликнинг энди асло Раҳмондан эмас, нақд Шайтондан бўлиб қолганига ишониб ўтирибман. Ёшликда эркинликни орзулаганимиз хато эди демоқчи эмасман, асло! Аммо эркинлик тушунчасининг “тараққиёт”и уни шу қўрқинч ҳолга келтирди. Ўткир ақллару тоза қалбларда мавҳумот ўлароқ яшаган кезлар у мутлақ эзгу эди, ҳаётга жорий бўлгач эса инсон ботинидаги иллатларга ҳам қоришди – одамзод эркинлик талабида ҳаддан оша бошлади. Ҳадни унутиш эса, биласиз, инсон учун бешак ҳалокатдир. Зеро, ҳад унутилса, эзгу нарса ҳам ёвузликка дўнади. Инсон эса, афсуски, нафсига мағлуб бўлибми ё иблисга алданибми, кўпинча ҳаддан ошишга мойил келади.
– Дилмурод ака, етти-саккиз йил аввал чоп этилган “Шеърда мантиқ керакми?” деган мақолангиз қўлма-қўл ўқилгани ёдимизда. Ўшанда Аҳад Қаюм отлиғ ҳаваскор қаламкашнинг қораламаларини зўр ҳафсала билан таҳлил қиларак бадиий диднинг ялпи ўтмаслашуви ҳақида бонг урган эдингиз. Таассуфки, “шиғирчи”лар шоирлик даъвосидан воз кечгани йўқ. Билъакс, кейинги йилларда назмбозлик касали янада кучайди. Бу ҳол сўз санъати ўртамиёналикка енгилганини англатмайдими? Чин адабиёт аҳли, нима, “оқ байроқ”ни кўтараверсинми энди?
– Сиз айтмоқчи, “зўр ҳафсала билан таҳлил қилганим” учун айрим ҳамкасблардан “Танқиддан тубан нарсалар ҳақида ёзиш нега керак?!”, “Умрни зое қилибсан!” қабилида дашномлар ҳам эшитганман. Негадир бу мақолани кўпчилик Аҳад Қаюмни танқид қилиш учун ёзилган деб тушунди. Ҳолбуки, у бир баҳона, мақола адабий жараёндаги ҳодиса ҳақида эди – назмбозлик касали кучайганию бадиий диднинг сусайиб бораётгани, енгил-елпи шеърларнинг кун сайин оммалашаётгани сабабларини англашга ҳаракат қилганман. Лекин, барибир, кўпчилик учун то ҳануз ўша ҳаваскор қаламкашни “боплаб уриб чиққан”гина бўлиб қолаётирман. Ҳай, майли, бу бошқа масала...
Тўғри, шиғирчилар шоирлик даъвосидан воз кечгани йўқ. Бу ёғини сўрасангиз, уларни таслим қилиш, қаламини синдириш ниятини кўзламаганман ҳам. Зеро, шеър ёзиш, тўлиб кетган кўнгилни қоғозга тўкиш эҳтиёжи кўпчиликда бўлади. Жиллақурса, илк муҳаббатдан боши гангиган маҳал, тўрт сатр бўлсин, шеър битадида одам. Лекин сатрларга ажратиб ёзилганки матн шеър эмаслигини, ичидан тўкилганки нарсани бошқаларга кўрсатса бўлавермаслигини ҳам билиши керак-да одам деган! Илгарилари ҳам кўпчилик кўнгил ҳолини маҳрам дафтарига шеърий алфозда изҳор этган, лекин у қораламаларга фақат хос кишиларнинг кўзи тушган. Эндиликда эса хос дафтарнинг насибаси ҳам тармоқда оламга ёйиляпти – бамисоли келинчакнинг ичкийими балкондаги дорга ёйилгани каби. Нашр имкони ортганидан шахсий дафтарларни ҳам китоб қилиб чиқариш кўпайди. Китобки, муқова санъаткорона ишланган, қоғоз сифати аъло, матбааси юқори савияда... хуллас, қаршисида Алишер Навоий нашрлари бўйнини қисиб қоладиган даражада! Ҳеч йўқ ҳазратдан андиша қилинмаса-я! Асли, мақола шу ҳақда – хос дафтарларга қайтиш зарурлиги тўғрисида эди.
Ниҳоят, “оқ байроқ” кўтариш масаласига келсак. Йўқ, ҳартугул сўнгги йилларда вазият ўзгараётгандек – матбуотдаги чиқишлар, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар шундай яхши гумон қилишга дастак беради. Назм санъати мудроқлик ҳолатидан чиққандек, чор тарафдан яхши шеърлар жаранги келаётир. “Излам” ва у билан боғлиқ тадбирлар, “Қақнус”даги чиқишлар, “Дуэль” сингари жўшқин беллашувлар, яна қайтадан оммалаша бошлаган назмий концертлар – буларнинг ҳаммаси юксак шеърият, сиз айтганга зид ўлароқ, зафар туғини баланд кўтарганча ҳужумга ўтганини кўрсатади.
Собиржон ЁҚУБОВ cуҳбатлашди.
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.
“Ҳалоллик маслаги, қаноат матлаби” суҳбати.
Маънавият
Фалсафа
Тарих
Ватандош
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ