Давлат таназзулидан асраб қолувчи куч – Маданий мувозанатга қандай эришилади?


Сақлаш
12:57 / 23.04.2025 26 0

«Маданият шахс ва жамиятни мукаммаллик томон бошлаши керак», дейди инглиз шоири ва маданиятшунос Меттю Арнолд «Маданият ва анархия» номли китобида. Арнолд фикрини давом эттираркан, динни мисол қилиб кўрсатади, дин ҳам инсонни поклик ва мукаммал шахсиятга етаклайди. Аммо, маданиятнинг диндан асосий фарқи шуки, у дин каби бир қанча фазилатлар бирлашуви эмас, асосан, икки унсур мувозанатидан ташкил топади: Ўрганиш истаги ва Гўзаллик эҳтиёжи.

 

Арнолдга кўра, бир инсон биология ё математика каби фанлар бўйича ихтисослашиши мумкин, бироқ руҳоний етукликка интилмаса, санъат ё адабиётни бир четга суриб қўйса, маданий шахс ҳисобланмайди. Албатта, ижодкор асарларини яратиш асносида дунёни ўрганмаса, ниманинг аслида нималигини аниқлаш учун ҳаракат қилмаса, маданийлик даражасига эришмайди. Айнан мана шу мувозанат жамият ва давлатни қулашдан ушлаб туради.

 

 

Арнолд ХИХ асрда, қиролича Виктория даврида яшаган ва бу палла Англия тарихи учун ўта муҳим саналган. Саноат инқилоби, машиналашув, янгича техник қарашлар портлаган замонда Арнолд инсоннинг руҳиятдан узоқлашиши ва натижада ёлғизланиши мавзусини кўтариб чиқади. Чунки техник тараққиёт инглиз халқида илмийликка нисбатан ўта радикал ихлос уйғотади ва шу йўсин жамият санъат каби ижтимоий соҳаларни писанд қилмай қўйганди. Бошқа тарафдан, бунга қарши чиққан ижодкорлар билимни ерга уриб, фақат адабиёт, тил ва санъат каби соҳаларни ҳимоя қилаверади. Арнолднинг қайғуси ҳам шу эди. Мувозанатдан узоқлик унинг назарида анархия, яъни, давлат даражасида бузғунчиликни келтириб чиқаради.

 

Ўрганиш истагининг йўқлиги билимнинг ўзига ҳам жуда катта зарар эди. Чунки, сиз технологияни ишлатишингиз ва у ҳаётингизни енгиллаштиргани боис ундан мамнун бўлишингиз мумкин. Бироқ, айнан бу технологиянинг аслида ижтимоий тартибга қандай таъсир қилишини билмаслик, қизиқмаслик уни суиистеъмол қилишга олиб келади. Яъни билимга эргашишдаги кўр-кўроналик уни амалиётда қўллашда ҳам намоён бўлади. Натижада давлат идоралари, ижтимоий ташкилотлар, оила, таълим каби устунлар ҳам кўр-кўроналик ботқоғига ботади.

 

Бошқа тарафдан, Арнолд учун гўзаллик эҳтиёжининг йўқолиши, хусусан, гўзалликни ерга уриш инсонга қарши қаратилган жиноят эди. Боиси, Арнолд инсоннинг қалбини улуғлар ва уни нафақат билим, балки санъат, адабиёт орқали ҳам тасвирлашга ҳаракат қиларди. Айтайлик, илмий тадқиқотлар асосида ихтиро қилинган тандирда нон ёпдингиз. Қорин тўйди. Энди-чи? Бу нонни ўзингиз учун янада қадрли қилолмайсизми? Унга ўзингиздан нимадир қўшмайсизми? Албатта қўшасиз. Бу эса санъатдир. Қисқаси, ижод ва билим – бугунги технократия давридаги корчалонлар айтганидек, иккита айро соҳа эмас, балки ижтимоий тенглик ва маданий адолатнинг ажралмас риштаси.

 

Гап шундаки, маданият инсоннинг айнан Худодан берилган икки эҳтиёжи – ўрганиш ва завқ олишга асосланади. Фақат шу икки унсургина бутун бошли жамиятни бирлаштириб турувчи маданий тартибни вужудга келтиролади. Маданият бўлмаса, ижтимоий бирлик ҳам йўқ. Жамият бир бўлмагач, албатта, турли гуруҳлар келиб чиқади ва омма парчалана бошлайди. Бу нуқтада Арнолд Англиядаги турли маданий гуруҳларни танқид остига олади. Чунки бу гуруҳлар айнан бутун бошли жамиятни эмас, фақат бир ҳовуч кишининггина манфаати учун фикрий замин яратаётганди. Яна бошқа ёзувчи – Уолт Уитмен «Ўзимга қўшиқлар» да шундай дейди: Демократия, аввало, фарқларга кўрсатилган ҳурматдир. Яъни бир жамиятда минг хил одам бўлса, бу минг хиллик борича қабул қилиниши ва тотувликда яшай олиши керак. Айнан шу тотувликкина демократик бирлик яратади. Йўқса, фарқлар йўқ қилингач, одамларнинг ўзлиги ҳам йўқолади ва энди у жамият эмас, шахсиятсиз манқуртлар подасига айланади. Пода ичидаги демократияни эса демократия деб бўлмайди.

 

 

Арнолднинг бу фикрга бўлган таъсирини шундай очиқлашимиз мумкин: Маданият жамиятни бирлаштиргани ҳолда жамият ичидаги инсоний эҳтиёж ва заруратларни мувозанат ичида ушлаб туради. Маданий жамият фақат бир ҳовуч инсонга эмас, балки бутун бошли халққа тенглик бергани ҳолда одамларнинг шахсий диди, ҳолати руҳияти ва фарқларини ҳурмат қилади. Мен қизил, бошқа одам оқ кийгани учун бир-биримиздан фарқ қилармиз, аммо мен нега қизил кийишимни билишим, яъни ўрганишга иштиёқим у кишининг нега оқ кийганини ўрганишга бўлган истагимни ҳам қўллаб-қувватлайди. Мазкур ўрганиш истаги эса ўз ўрнида қаршимдаги одамнинг руҳий эхтижидан хабар топиб, асл сабабни билишим ва унинг дидига бўлган ҳурматимнинг ошишига сабаб бўлади.

 

Маданиятсизлик анархияни келтириб чиқаради, дедик. Хўш, модомики, маданият барибир давлат ва бошқа куч эгаси бўлмиш институтлар томонидан назорат қилинадиган бўлса ва агар жамиятда маданий бирлик яратилмай, анархия келиб чиқса, бу давлатнинг айби. Ва бундай ожиз, мувозанат ва бирлик муҳитини ярата олмаган давлат қулашга маҳкум. Шунинг учун, назаримда, диктаторлар кўп яшамайди. Улар маданий бирликни халққа зўравонлик билан сингдирмоқчи бўлишади. Ва, албатта мажбуран тиқиштирилган «маданий маром» инсоннинг илоҳий табиатига зид унсурга тобе бўлади. Инсонга бегона унсур эса охир-оқибат инсон томонидан рад қилинади. Ушбу раддия бевосита ана ўша ғайри инсоний маданиятни яратган давлатга йўналади. Кейин эса давлатнинг қулаши рўй беради. Хулоса қилиб айтганда, бир давлат ўз маданий, яъни илмий ва ижтимоий мувозанатини ярата олмаса, охир-оқибат қулайди. Шу маънода маданият ва билимни бирваракайига ривожланишига имкон бериш, шароит яратиш энг бирламчи ўринда таназзулдан ёки шармисорликдан асраб қолади.

 

Мирзоҳид АБДУЛЛАЕВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17697
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//