
I
Ҳар биримиз шундай тажрибани бошдан ўтказганмиз: қўлингизда барча керакли ҳужжатлар, юзингизда умид билан бирор идора остонасидан ўтганингизда, кўзларингизда ҳали сўнмаган ишонч чақнаб туради. Мен ҳам худди шундай умид билан университет стипендия бўлимига кирдим.
“Стипендия учун ариза топширмоқчиман”, дедим мен, – овозимда яширилган ҳаяжон билан аранг. Ходим ҳужжатларимга қараганича кўзойнакларини тузатди. Унинг кўзларида мен кўришга ўрганган нарса – бепарволик, зерикиш ва энг даҳшатлиси, мендан олдин келган юзлаб талабаларнинг тақдири аллақачон ёзилган протоколнинг муқаррар такрори акс этарди.
“Сиз нотўғри аризани тўлдирибсиз. Бу ўтган семестрдаги форма”, деди у, лабларини зўрға қимирлатиб. “Янги намунани олиш учун молия бўлимига боришингиз керак.”
Шу сўзлардан кейин лабиринт ичига тушиб қолдим. Молия бўлимидан факультет котибига, у ердан яна бошқа бўлимга – гўё кўринмас ип билан боғланган, ҳеч қайси бири масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаган одамлар занжири. Ҳар бир янги эшик ортида яширинган умид ва ҳар бир рад жавоби билан чўккан елкалар.
Ётоқхонага қайтарканман, ўзимни худди кимдир ичимда бор кучимни сўриб олгандек ҳис қилдим. Қадамларим оғирлашди, нафас олишим қийинлашди. Бошимда айланаётган фикрлар эса тўсатдан таниш туюлди – бу ҳис, бу туйғу, бу мантиқсизлик... Уни қаерда учратганимни эсладим – Франц Кафка асарларида.
Бир аср олдин қоронғи ва совуқ Прага кўчаларида яшаган ёзувчи, гўё менинг бугунги кунимни, азобимни, руҳимдаги лабиринтни олдиндан кўра олган экан. Бу вақт ва маконни енгиб ўтиб, замонавий дунёнинг энг оғриқли нуқтасини илғай олган инсоннинг “тизим” деган махлуқ олдидаги ночорлиги. Кафка биздаги бюрократия деб аталган қафасни, унинг совуқ металл панжараларини, кўзга кўринмайдиган, аммо юракни сиқадиган деворларини кўра олган эди. Ва энг ёмони, бу қафас ҳамон бизни ўраб турибди, ҳатто янада мустаҳкамроқ, янада нозикроқ, янада мукаммалроқ шаклда.
Кафка (1883–1924) асарларида инсоннинг тушунарсиз, мантиқсиз тизимлар чангалидаги азоблари ва умидсизлигини қаламга олган. “Жараён”даги Ёзеф К. нимада айбланганини билмасдан суд олдида титрайди, “Қалъа”даги жаноб К. эса ҳеч қачон юзини кўрсатмайдиган, фақат совуқ буйруқлар берадиган ҳокимият билан боғланишга интилади, аммо ҳар сафар янги тўсиққа дуч келади.
Электрон почта, ижтимоий тармоқлар, сунъий интеллект ва чексиз рақамли маълумотлар асрида Кафканинг асарлари янада аниқроқ, янада ҳақиқийроқ бўлиб чиқмоқда. Қизиқ ҳолат, шундай эмасми? Биз рақамлар, ID-кодлар, логин ва пароллар орқали белгиланадиган дунёда яшаймиз. Қоғозли бюрократия рақамли лабиринтга айланган, аммо унинг моҳияти ўзгармаган – биз ҳамон маълумотлар базалари, платформалар ва тизимларда адашамиз, кимдир бизни эшитишига умид қиламиз.
Университетдаги менинг тажрибам – бу фақат кичик бир мисол. Ҳаётимизнинг ҳар бир қадамида – соғлиқни сақлаш тизимига мурожаат қилганда, банк хизматларидан фойдаланганда, давлат идораларида навбатда турганда, ҳатто оддий онлайн харид қилганда ҳам биз Кафка башорат қилган лабиринтга дуч келамиз. Ва ҳар сафар, ҳар бир янги эшик олдида бизнинг ичимизда бир савол янграйди: “Наҳотки менинг ҳаётим, вақтим, қадрим шунчалик арзимас?”
II
Кафканинг олами бизни ушлаб туриши мумкин бўлган энг катта занжир – бу умидсизлик ҳис-туйғусидир. Унинг қаҳрамонлари бюрократик тизимга қарши курашади, лекин бу кураш бошиданоқ мағлубиятга маҳкум. Эҳтимол, Кафка замонавий дунёмизнинг башоратчиларидан бири бўлгандир: у бизнинг тизимлар чангалида адашиб қоладиган, асл мақсадимизни йўқотадиган, ўзимизни айбдордек ҳис қиладиган, аммо айнан нимада айбланаётганимизни билмайдиган кунларимизни кўра олгандир.
Кафканинг олами атайлаб қурилган шаффоф деворлар, кўринмас тўсиқлар ва тугамайдиган навбатлар дунёсидир. Сиз Кафкага хос сўзларда, қуёш нури тушмайдиган мармар йўлакларда, қандайдир намлик ва қоғоз ҳиди анқиб турган, ўтмиш билан келажак ўртасидаги вақтнинг ўзи музлагандек жойда адашиб юрасиз.
“Афтидан кимдир Ёзеф К.га туҳмат қилган чоғи, бировга ёмонлик қилмагани, бирон-бир ножўя иш содир этмаганига қарамай, уни ҳибсга олишди.” Кафка “Жараён” романининг шу биринчи жумласи билан бизни тушунарсиз оламга ташлайди. Айбсиз бўла туриб, айбдорлик ҳисси билан яшайдиган замонавий одамлар учун бу жумла ҳаётимизнинг шиорига айланган. Банк картамиз тўсатдан блокланганда, давлат хизматларидан фойдаланишда асоссиз рад жавоби олганда, онлайн тўловимиз ўтмай қолганда ёки аккаунтимиз ҳеч қандай сабаб кўрсатилмасдан блокланганда – худди Ёзеф К. каби, ўзимизни қандайдир кўринмас тизим хатосини деб айбдор ҳис қиламиз.
Кафка тасвирлаган дунёдаги энг даҳшатли нарса қоидалар мантиқсизлиги эмас, балки шу мантиқсизликка аста-секин кўникиб боришимиздир. Хўш, замонавий инсон бу ҳолатни қандай қабул қилади?
III
Одамлар ям-яшил экинзор ўртасидаги тор йўлдан кетаётган йўловчига ўхшайди. Йўл тобора торайиб, ниҳоят белгилар, кўрсаткичлар ва қоидаларга тўлиб кетади. Атрофдаги экинзор йўқолади, ўрнига қоғоз деворлар пайдо бўлади. Ва шу пайтдан бошлаб инсоннинг саёҳат йўли ўзгаради.
Инсонда бир туйғу бор – қоидалардан қутулиш, эркин нафас олиш, ўз йўлини топиш истаги. Лекин эркинлик томон ҳаракат қилган сари деворлар баландлашиб боради. Шунда йўловчи уларни айланиб ўтиш ўрнига, деворлар ичида ўз йўлини топишга, қоидаларга мослашишга қарор қилади. Фридрих Ницше шундай деган эди: “Кимки йиртқич ҳайвонлар билан курашса, у ўзи ҳам йиртқичга айланиб кетмаслигига эҳтиёт бўлиш лозим. Агар узоқ вақт жарга тикилиб турсанг, жарлик ҳам сенга тикила бошлайди”. Кафка дунёсидаги адашувимиз ҳам худди шундай – биз тизимга қарши курашамиз, бироқ аста-секин ўзимиз ҳам шу лабиринтнинг бир қисмига айланамиз.
Бунинг энг яққол мисолини бюрократияда кўриш мумкин. Бюрократия шунчаки қоғозбозлик эмас – у бизни чексиз тўлдирадиган формалар, текширувлар ва тасдиқлар ботқоғига ботиради. Аслида, унинг мақсади инсонларни эмас, тизимни биринчи ўринга қўйишдир. Масъулият аниқ бир шахсга эмас, балки қоғозлар ва қоидаларга юкланади. Барчамизга таниш манзара – пандемия пайтида қанча давлат тез ва самарали ҳаракат қила олди? Кўпчилиги шунчаки қотиб қолди. Тизим ишдан чиққанда эса, фақат оддий инсонларнинг бирдамлиги ва ташаббуслари инқироздан чиқишга ёрдам берди. Бу Кафка ёзган ҳодисанинг худди ўзгинаси эмасми? Тизимлар бизни қалъа ичига қамаб қўйганида, фақат инсоний омил орқали нажот топамиз.
Аммо бир савол туғилади: агар бюрократия шунча ноқулайлик келтирса, нега ундан воз кечолмаймиз? Нега бу тизим шунчалик мустаҳкам ўрнашган? Сабаби, эҳтимол, биз ўзимиз билмаган ҳолда ундан нимадир олаётганимиздадир.
IV
Бизнинг замонавий Кафка лабиритинда қолишимизга сабаб бўлувчи асосий туйғу – бу хавфсизлик иллузияси. Биз турли формаларни тўлдирамиз, қоидаларга бўйсунамиз, рақамлар ортига яширинамиз. Шу орқали ҳаётнинг тартибсизлиги ва масъулият юкидан қочамиз. Бюрократик тизимлар бизга виртуал қалъа деворлари ичида яшашга имкон беради – биз уларга ишонмаймиз, уларни ёмон кўрамиз, улардан шикоят қиламиз, лекин улар бизга белгиланган йўналиш, тартиб ва мақсад беради.
Бизнинг замон – Кафка инсониятнинг қалбига қўйган ташхиснинг исботидир. Бюрократия – бу ташқи куч эмас, балки инсон ички ҳолатининг кўриниши. Биз “тизим” деб номланган нарсани ўзимиз яратганмиз, уни қувватлаб турамиз ва унга қурбонлик келтирамиз.
Кафка айтмоқчи бўлган асосий фикр шуки, бизни қўрқитадиган, азоблайдиган лабиринтни ўзимиз қурганмиз. Бир тарафдан бу тушкунлик келтиради: агар бу қафасни ўзимиз қурган бўлсак, ундан қутулиш мумкинми? Бошқа томондан эса, бу умид бағишлайди: агар бу бизнинг ўз ижодимиз бўлса, уни ўзгартириш ҳам қўлимиздан келади.
Бюрократик қафасни ўзимиз қурганимизни тушуниш – бу қафасдан чиқишнинг биринчи қадами. Лекин ундан қандай қутулиш мумкин? Қандай қилиб Кафка лабиринтидан чиқиш йўлини топиш мумкин?
V
Замонавий инсоннинг Кафка дунёсидан қутулиш йўллари борми? Йўллардан бири – инсонийликни қайта кашф этиш. Бизнинг бюрократик тузоққа тушишимизнинг сабаби, бир-биримизга муносабатимиз юзакилашиб, мулоқотимиз худди машиналар ҳаракатидек кўринишга кириб қолганидадир. Тизимда рақам бўлиб қолмаслик учун, қаршимиздаги инсоннинг юзини кўришимиз, унинг кўзларига қарашимиз, унинг инсонлигини тан олишимиз керак. Қоидалар, формалар, тизимлар – буларнинг барчаси инсонлар томонидан инсонлар учун яратилган. Улар муқаддас ёки ўзгармас эмас.
Гап шундаки, бюрократия бизнинг нафақат ташқи дунёмизни, балки ички дунёмизни, руҳиятимизни ҳам қамраб олади. Ўзимизга нисбатан ҳам бюрократик тизим ўрнатамиз – ўз-ўзимизни текширамиз, баҳолаймиз, ўлчаймиз. Замонавий ижтимоий тармоқлар ўз-ўзини назорат қилиш бюрократиясининг энг ёрқин намунасидир. Ҳар бир постимиз қанча “лайк” олганини, қанча одам кўрганини доимий равишда текширамиз. Бу Кафка назарда тутган тизимнинг замонавий бир шакли эмасми?
Ички бюрократиямизни англаш ва ундан озод бўлиш – ўз-ўзини англашнинг муҳим қисми. Лекин жамият миқёсида бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? Кафка бизга қандай йўл кўрсатади?
VI
Кафка бизга тизимдан қочиш тақиқланганини, лекин тизим ичида инсонийлкни сақлаб қолиш мумкинлигини кўрсатади. “Қалъа” романида жаноб К. охирида ўз вазиятини қабул қилади, аммо бу мағлубият эмас, балки муросага келишдир. У тизимга қарши бўлиб эмас, тизим ичида яшашни ўрганади. Шундай экан, замонавий Кафка тузоғидан қутулишнинг йўли – унга қарши курашиш эмас, балки уни инсонийлаштириш.
Бюрократик машина ичига инсонийлк, меҳр, бир-бирини тушуниш ва сабр-тоқат уруғларини экишимиз керак. Бюрократик машинани ўзгартиришнинг йўли оддий: ҳар бир мулоқотга инсонийлик олиб кириш керак. Банк навбатида турганда ходимга табассум қилиш, давлат идорасида ҳужжат топшираётганда шошилмаслик, онлайн хизматда хато юз берганда тушуниш билан ёндашиш – буларнинг барчаси кичик, лекин муҳим қадамлар. Бу уруғлар вақти келиб катта ўзгаришларга олиб келади.
“Жараён” романида Ёзеф К.нинг сўнгги сўзлари шундай бўлади: “Худди ит каби!” – у қатл этилаётганида шу сўзларни айтади. Лекин биз, Кафка ўқувчилари, бошқача якун яратишга қодирмиз. Бизнинг замонавий бюрократик лабиринтимизда “одам каби” яшаш, “одам каби” муносабатда бўлиш, “одам каби” ўзаро ҳурмат кўрсатиш имконияти бор.
VII
Нега Кафка ҳануз бизнинг замонамиз билан ҳамоҳанг? Чунки у инсониятнинг энг чуқур зиддиятларини: тартиб ва эркинлик, хавфсизлик ва таваккал, жавобгарлик ва масъулиятсизлик ўртасидаги тинимсиз курашни кўра олган. Бюрократия – биз яратган тизим, аммо у бизга хизмат қилиш ўрнига, аксинча, бизни ўраб олиб, ҳукмронлик қилади. Кафка асарларида энг оғриқли саволлардан бири шу: шахсий эркинлик ва ижтимоий тартиб ўртасида қандай мувозанат топиш мумкин? Ва биз ушбу мувозанатни топа олдикми?
Бюрократик лабиринтда адашган ҳар бир инсон – бу Кафканинг замонавий қаҳрамонидир. Биз ҳам Ёзеф К. каби нима учун айбланаётганимизни, қандай қилиб бу тизимдан қутулишимизни билмаймиз. Лекин бизда Кафка қаҳрамонларида бўлмаган нарса бор – унинг асарлари. У бизга кўзгуни тутган, лабиринтнинг харитасини кўрсатган – агар биз Кафкани тушунишга ҳаракат қилсак, эҳтимол, бюрократия лабиринтидан чиқиш йўлини ҳам топа олармиз.
Бугунги кунда, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари асрида, янги ва янада мураккаб лабиринтлар қурмоқдамиз. Кафканинг башоратлари ҳақиқатга айланмоқда, лекин биз уни ўқиганмиз, тушунганмиз, ундан сабоқ олишимиз мумкин. Инсонларни тизимлар учун эмас, тизимларимизни инсонлар учун мослаштириш – бу Кафка мактабидан олган асосий дарс бўлиши керак.
Кафка фақат ўтмишнинг адабий даҳоси эмас, балки бугунги куннинг энг долзарб муаммоларининг башоратчисидир. Унинг қора, тушкунликка тўла тасвирларида замонавий одамзоднинг тизим, технология ва ҳокимиятга муносабатини кўра оламиз. Ва энг муҳими, Кафка бизга “тизим” деган ниқоб ортига яширинган ва йўқолаётган инсонийлик масаласини кўтариб чиқади.
Кафка бюрократияси ҳақидаги фикрларимизни якунлар эканмиз, бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: биз ҳеч қачон тизимлардан бутунлай озод бўла олмаймиз. Жамият мавжуд экан, маълум қоидалар, тартиблар ва тизимлар бўлади. Лекин бизнинг вазифамиз – тизимларни инсонийлаштириш ва тушунарли қилиш. Кафка бизга қолдирган энг муҳим мерос – қоронғилик ичида ҳам инсонийликни сақлаб қолиш имконияти борлигини кўрсатиб берганидир.
Самандар ЭРКИНЖОНОВ
Тарих
Ватандош
Тарих
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ