Машҳурларни яратган мактаб – “Алмаий” ҳақида хотиралар


Сақлаш
12:55 / 22.04.2025 130 0

Бугунги мақоламиз одатдагидан бошқачароқ. Гарчи унда навбатдаги жадид мактабларидан бири ҳақида сўз борса-да, аксар ўқувчилари машҳур инсонларга айланган масканнинг тарбияланувчиси ёзган хотиралари бизга кўп нарсаларни англатади.

 

XX аср бошларига келиб дунёда саноат инқилоби юз берган бир пайтда қадимда илм-фан маркази бўлган Туркистонда мактаблар худди ўрта асрлардагидек масжидлар айвонида, ҳужраларида, мозор ва қорихоналарда, айрим ҳолларда эса ўқитувчиларнинг ҳовлисидаги пастқам биноларда иш олиб борарди. Мактаблар учун махсус дарслик ва дастурлар бўлмасдан, ўқитувчилар ўз билимлари ва тажрибалари асосида дарс берар эди. Замонавий рус-тузем мактаблари эса миллий тарбия тизимига зид бўлиб, халқнинг маорифга нисбатан ишончининг йўқолишига, мактабдан безишига сабаб бўлаётганди. Ана шундай бир тарихий шароитда (1901 йил) Мунаввар қори Абдурашидхонов Шайх Ҳованди Тоҳур даҳасидаги Мирдодаҳожининг меҳмонхонасида ўзининг тўрт йиллик таълим дастури асосидаги илк жадид ибтидоий мактабини очади. 1909 йилга келиб, бундай мактаблар сони Тошкент шаҳрининг ўзида 9-10 тага етди ва “Хония”, “Раҳимия” мактаблари номи бутун Туркистонга танилиб улгурди. Мунаввар қори шу йиллар давомида ўзининг икки босқичли таълим дастурини яратишга киришади. Натижада 1914 йилдан унинг икки йиллик иккинчи босқич (рушдий) “Намуна” мактаби иш бошлади. Номидан кўриниб турибдики, мактаб бутун минтақа учун намуна бўлиб хизмат қилиши керак эди. “Намуна”да ўқувчилар махсус дастур асосида илм олар, рус тили билан бирга Европа тилларидан бири мукаммал ўргатилар, уларнинг илмий салоҳияти, меҳнат малакаси, уддабуронлиги ва психологик тайёргарлигига алоҳида аҳамият бериларди. Мунаввар қорининг “Намуна” мактабини битирган Абдулҳай Тожиев, Лутфулла Олимий, Мирмуҳсин Шермуҳаммедов, Файзулла Усмоновлар Уфадаги Олия мадрасасида ўқишни давом эттирган. Кейинроқ ўқувчилар Боку, Туркия, Мисрдаги олий таълим даргоҳларига йўналтирила бошланди. 1922 йил кузида Германияга йўлланган ёшларга ҳам “Намуна” ўқувчилари етакчилик қилади ва улар узоқ хорижда қисқа муддатда ўзларини тиклаб олиб, илм ва амалиёт соҳаларида катта ютуқларни қўлга киритадилар. Жумладан, Абдуваҳҳоб Муродий, Аҳмаджон Иброҳимов, Аҳмад Шукурий, Вали Қаюмхон, Тўлаган Мўмин, Тоҳир Шокир, Собир Иброҳимов каби “Намуна” ўқувчилари Германиянинг энг юқори даражадаги билим даргоҳларида таҳсил олдилар.

 

 

1918 йил 12 май куни Мунаввар қори Абдурашидхонов раҳбарлигида Туркистон халқ дорулфунуни очилгани расман эълон қилинди. Уч босқичли таълимга асосланган Дорулфунун қошида яна беш йиллик Дорулмуаллимин ҳам иш бошлаган. Дорулмуаллиминга Шокиржон Раҳимий раҳбар этиб тайинланиб, “Турон”, “Ватан”, “Зебу Нисо”, “Навоий”, “Ҳаёт”, “Урфон”, “Учқун”, “Улуғбек”, “Мухторият”, “Алмаий”, “Камий”, “Машраб” каби ўнлаб мактаблар олийгоҳ тасарруфига олинади. Бу мактабларга Тангриқул ҳожи Мақсудий, Усмонхўжа Тўхтахўжаев, Саидрасул Саидазизов, Усмон Дадамуҳаммедов, Илҳом Одилов, Муҳаммадрасул Расулев каби кўп йиллар мадраса ҳамда рус-тузем мактабларида тажриба орттирган педагоглар жалб этилди. Энг муҳими баъзи мактаблар аниқ ва табиий фанларга, бошқалари эса механика, ихтиро ва ишлаб чиқариш йўналишларига ихтисослаштирилди. Миллий мактабларда аниқ ва табиий фанларни ўтишда, жисмоний тарбия, ҳарбий таълим фанларини жорий этишда ўлкага келган турк зобитларининг хизматидан кенг фойдаланилди. Жумладан, турк зобитларидан Ҳайдар Шавқий, “Намуна”га, Камол Шамсибей “Ҳаёт”га, асли тошкентлик Сайид Аҳрорий “Турон”га ўқитувчи сифатида қабул қилинди. Айнан шу вақтда Аҳмад Шукурий мудир бўлган “Алмаий” меҳнат мактаби ҳам ташкил этилган эди. Мактаб таниқли муаллимлар – Усмон Дадамуҳаммедов, Эшонбобо Исломовлар, турк зобитлари Байрам Али ва Қодир Човушлар ғайрати ортидан жуда тез ном қозонди. 1918 йил сўнгида мактаб Байрам Алибей раҳбарлиги даврида етим болалар учун очилган III интернат билан бирлаштирилиб, “Алмаий” номидаги меҳнат интернат мактаби номини олади. Яхши бино, Бешоғочдаги иккита катта кушхона, 4-кўн заводи ва 3 та боғ тасарруфида бўлган мактаб тажрибали жадид муаллимлари раҳбарлигида улкан педагогик илмий – амалиёт марказига айланади. Бироқ, 1919 йилнинг охирига келиб Туркбюро томонидан мазкур мактабларнинг фаолиятига кескин қаршилик бошланди. 1920 йил охирига келиб барча турк зобитлари “ҳарбий асир”ларнинг қайтарилиши баҳонаси билан советлар мамлакатидан чиқариб юборилди.

 

1919-1922 йиллар мактаб директори бўлган Усмон Дадамуҳамедов қатнаб ўқийдиган ўқувчиларни Бешёғочдаги “Камий” номли мактабга юбориб, интернатда фақат ётоқхонада яшовчи болаларни олиб қолади. Интернатда ўқувчилар учун кунинг биринчи қисмида илм, иккинчи қисмида меҳнат таълими йўлга қўйилади. Дурадгорлик, токарлик, қизлар учун қўлҳунари, этикдўз-косибчилик (чизмаси билан), тикувчилик (машинада, чизмаси билан), бўз тўқувчилик, сават тўқувчилик ва муқовачилик каби ўрганиладиган ҳунарлар сони 8 тага етказилади. Мактаб устахоналари керакли ускуна ва хом- ашёлар билан таъминланади. Тайёр маҳсулотлар, аввало, мактаб ва ўқувчилар эҳтиёжи учун сарфланар, қолган қисми бозорда сотилган. Бундан ташқари мактабда миллий мусиқа, драматургия, мухбирлик, расм, шахмат-шашка, жисмоний тарбия ва тил ўрганиш тўгараклари йўлга қўйилган. Ўқувчилар тўрт фасл мактаб тасарруфидаги 3 та боғга қатнаб, боғдорчилик, деҳқончилик ишлари билан шуғулланишарди. Боғдан чиққан ҳосил ҳам интернат эҳтиёжлари учун сарф этилган. Шу ўринда мактаб директори таниқли жадид муаллими Усмон Дадамуҳаммедов ҳақида тўхталиб ўтсак:

 

Миртемир

 

Усмон Дадамуҳаммедов 1890 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У аввал эски мактабда, сўнг Кўкалдош мадрасасида ўқиб, араб, форс тилларини ўрганади. 1905 йилдан босмахонага котиблик қиларкан, тош босмада китобларни нашрга тайёрлайди. 1910 йилдан Мунавварқори Абдурашидхоновнинг Шайхонтоҳурдаги Мирдодаҳожининг уйида жойлашган усули жадид мактабида ҳуснихат фанидан дарс бера бошлайди. 1913 йилдан Хадрада жойлашган 7 йиллик рус-тузем мактабида ўзбек тили ўқитувчиси бўлиб ишларкан, айни пайтда Мунаввар қорининг “Намуна” мактабида ҳам дарс берган. Советлар ҳокимиятга келгач, Хадрадаги Тошкентда ягона бўлган 7 йиллик рус-тузем мактаби “Намуна” ўрта мактабига айлантирилиб, унга шаҳардаги илғор ўқитувчилар жамланади. Усмон Дадамуҳаммедов ундан “Алмайи” мактабига ўтиб, 1929 йилгача дарс беради. Шундан сўнг кечки институтга ўқишга киради ва туман маориф бўлимида услубчи бўлиб ишлай бошлайди. 1933 йилда кечки пединститутни битириб 33-, 51-, 90-мактабларда тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишлайди. 1941 йилдан 82-мактабда, 1945 йилдан Тошкент вилоят педагогика билим юртида дарс беради. 1939 йил хизматлари учун Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи унвони берилган. 1949 йилда Ленин ордени билан мукофотланган. 1957 йил, соҳадаги 47 йиллик фидоийликдан кейин қарилик нафақасига чиқади.

 

Усмон Дадамуҳамедов 1957 йил 22 октябрь санасидаги хотира битигида 1917 йилнинг ёзида Кўкалдош талабаси сифатида “Талабалар жамияти”га аъзо бўлганини ёзади. Шу вақтда шоир Ҳайбатулла Хислат, Абдулла Авлонийлар ташкил этган “Муҳаррирлар жамияти” асосида айнан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шакллангани, ўз даврининг энг машҳур адиблари – академик Ғафур Ғулом ва Ойбекларга “Намуна” мактабида дарс берганини қайд этади. “Алмаий” мактаби ҳақидаги хотираларини битаркан, унда ўзининг 1-намуна гуруҳида тарихчи олим Яҳё Ғуломов, Нўъмонбек Долимов, географ Субутой Долимов ва бошқаларга дарс берганини ёзади. Шунингдек, 1922 йил июн ойида мактаб “ўлка ўзбек намуна-тажриба иш мактаби”га айлантирилиб, шаҳар маориф бўлимидан Республика Маориф нозирлиги қарамоғига олинади. Интернатга Мунавварқорининг яна бир шогирди Назир Иноятов директор этиб тайинланди. Бу вақтда мактаб турли асбоб-ускуналар билан жиҳозланади, шон-шуҳрати бутун мамлакатга ёйилади. Мусиқа, санъат ва театр ишлари авж олиб, ўқувчиларнинг саҳна асарлари нафақат мактаб клубида, балки Свердлов, Ҳамза театрларида ҳам қўйилиб, халқнинг олқишига сазовор бўлади. Илм-фан ва меҳнат тарбияси билан суғорилган мактаб ўқувчилари орасидан Иззат Султон, Сулаймон Азимий, Парда Турсун, Миртемир, Жўра Жаҳоний, Фозил Холиқий, Малика Раҳмонова, Ҳ.Пўлат каби турли соҳаларда мамлакат равнақи йўлида улкан муваффақият қозонган юзлаб кадрлар етишиб чиқди. Улар иш мактабида Қори Ниёзий, Теша Зоҳидий, М.Аскаров, А.Хабиров каби энг улуғ мураббийларнинг тарбиясини олди. Кейинги йилларда мактабга Ҳабиб Иноятий, Эшонбобо Исломий, Асад Носирий каби тажрибали жадид муаллимлари раҳбарлик қилади.

 

Иззат Султон

 

Шу ўринда мактабнинг яна бир тарбияланувчиси, бу вақтда Низомий номидаги пединститут катта ўқитувчи бўлган Малика Рахманованинг 1957 йил 20 сентябрь санаси билан “Намуна иш мактаби ҳақидаги эсдаликларим (1922-1930 йиллар)” деб ёзган хотираларидан айрим сатрларни келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Чунки, юқорида санаб ўтилган ва саналмаган халқимизнинг ҳақиқий истеъдодларини юзага чиқарган бу мактаб ҳаёти қандай бўлгани ҳақида ёрқинроқ тасаввурга эга бўлиш ва аслида жадидилар яратган мактаблар шунчаки бошланғич таълим берувчи масканлар эмас, балки пухта ўйланган замонавий дастурларга асосланганини англаш муҳим, бизнингча...

 

“...1922 йил июнь ойи, бизларни – бир неча қизларни Қоратошдаги боғчадан тарбиячи Нафиса опа 3-сон Интернат деб аталган мактабга бошлаб келди ва мактаб мудири Назрулла Иноятов билан таништирди. Н.Иноятов жуда хушмуомала киши бўлиб, бизлар билан худди оталардай суҳбат ўтказди. Бир неча кун мактабга бориб келиб юрдик, сўнгра бизларга ётоқхона беришди. Ҳар биримиз биттадан темир кароват, эски кўрпа ва ёстиқ олдик. Бизлар ётоқхонада уч маҳал овқатланар эдик. Бизларнинг Бўрижарда “Иванов боғи” деб аталмиш мевали боғимиз бўлиб, деярлик ҳар кун бориб пишган меваларни терар эдик. Бу боғда асосан олма, нок, жуда кўп гилос, олча, ўрик ва бошқа мевали дарахтлар бўлиб, Бўрижар қирғоғида жуда қалин чакалакзор ўралган эди. Шунингдек, мактаб ҳудудида ҳам 2000 кв метр жой бўлиб, бу ерда картошка, помидор, пиёз, сабзи, лавлаги, карам каби сабзавотлар экилар эди...

 

Оёқ кийимлари билан ҳаммани баробар таъмин этилмади, асосан, оёқ кийим ва пальто каттароқ ўғил ва қиз болаларга берилди. Зарур бўлганида навбат билан кийиб чиқар эдик. Кичик қизлар катталар раҳбарлигида оёғимизга балетка тикиб, ётоқда кийиб юрар эдик. Қиш, лой, қор кунлари оёғида кийими бор катта қизлар кичик қизларни опичиб ўқиш корпусига олиб бориб қўйишарди. У ерда, бино ичида балетка билан бемалол юраверардик.

 

Биринчи синфда, энг аввал бизларни Усмонжон ака Дадамуҳаммедов ўқита бошлади. Шу вақтда ўқитувчилардан Эшонбува қори ака Исломов, Назрулла Иноятов, Абдусалом Ниёзов, Ҳабиб Иноятов, мураббия Гулчеҳра Иноятова ва бошқалар бор эди. Бошланғич йиллари жуда катта қийинчиликларни бошдан кечиришга тўғри келди. Ёқилғи йўқлигидан ётоқ ва синф печкалари ёқилмас, биз совуқда кўрпага ўралиб ўтириб, пайпоқ тўқир эдик. Ҳатто овқат пишириш учун ҳам ўтин қаҳатчилиги бўлиб турар эди. Хоналарга 8-10 та қиз жойлаштирилиб, ётоқ бошлиғи сайлаб қўйиларди. Ётоқхонада бир киши навбатчилик қилар ва у эрта билан ҳаммадан олдин туриб, ётоқни ювиб, чангларни артиб, тозалаб чиқар, сўнгра ўз ётоғидаги қизларни уйғотар, ўрин-жойларни саранжом қилиб йиғиштиришни қатъий талаб қилар эди. Шунингдек, асбоб-ускуна, кийим-кечакларни сақлаб, кўз-қулоқ бўлиб турарди. Ойда икки марта Эски шаҳарда жойлашган Чорсудаги ҳаммомга қатор қилиб олиб боришарди. Ҳаммомга болалар билан бирга мураббийлар ҳам борар, кичик болаларни ювинтириб қўйишар эди. Ёши катта опалар эса тутинган сингилларининг ювинишларига ёрдам берарди. Бу мураббиянинг ишини енгиллаштирар эди. Интернатда ака-ука, опа-сингил тутинишлар жуда авж олган бўлиб, одатда, бир қизнинг опаси, акаси ва ўзидан кичик укаси бўларди. Масалан, менинг Меҳринисо Султонова опам, Фозил Холиқий акам ва Раимберди исмли укам бор эди. Бу ака-укачилик, опа-сингилчиликлар қандайдир юқоридан белгиланмай, болаларнинг ўзаро алоқалари, бир-бирларининг индивидуал хусусиятларини ўрганишлари, табиий равишда келиб чиқадиган мойилликлари натижасида ўз-ўзидан шаклланарди. Тарбиявий нуқтаи назардан бунинг аҳамияти жуда катта бўлиб, опалар болаларга ўз туғишган укалари сингари муомала қилиб, ғамхўрлик қилишар, ҳар нарсада ёрдамлашар, кўпинча бирга вақт ўтказиб, доим назари доирасида сақлар эди. Меҳри опам билан кароватимиз ёнма-ён эди. У ҳамма вақт менга ўрин йиғишда, кийимларимни кийишда, ювишда, дазмоллашда кўмаклашар, юмушларни доим биргалашиб қилардик. Меҳри опам сочларимни қатиқлаб ювар, энди ўсиб келаётган кокилларимни эрта билан туриб тарар, калталигидан фарқим очилмаса, туфлаб-туфлаб икки ёнга очиб қўярди. Катта қиз бўлиб қолганимизга қарамай, бўш вақтларда дарсдан сўнг қўғирчоқ ўйнардик. Қўғирчоқлар ва уларнинг кийимларини ҳам ўзимиз тикарканмиз, шу тариқа аста-секин тикувчиликни ҳам ўргана бошлагандик.

 

Сулаймон Азимов

 

Хона навбатчисидан ташқари яна бошқа назоратчилар ҳам бўлиб, улар вақтида уйғониш, ошхонада тартиб билан овқатланишни кузатиб туришарди. Кечки овқатдан сўнг ўқувчилар 2 соатлик мутолаа ва дарс тайёрлаш учун синфларга тўпланар, навбатчи ким бекор юрса, дарҳол огоҳлантириб, тайёрланишга мажбур қиларди. Соат 11 да ётишга қўнғироқ чалингандан сўнг кўпинча мураббий билан бирга ётоқларда йўқлама қилиниб, иккинчи кунги навбатчиларга қисқа ҳисобот билан иш топшириларди. Ошхона ишлари учун ҳам алоҳида навбатчилар тайинланиб, сабзавот артишдан, нон кесишгача бўлган жараён уларнинг вазифаси ҳисобланарди. Биз шу тариқа ҳам ўқир, ҳам оддий оилалардаги турмуш тарзидан бегона ўсмасдик.

 

Дам олиш кунлари болалар ҳордиқ чиқаришар, шаҳарда уйи бўлганлар шанба куни энг яқин ўртоқлари, тутинган ака-укалари билан бирга ота-онасининг ёнига кетиб, якшанба кечки пайт яна интернатга қайтиб келишарди. Директор, ўқитувчи, тарбиячилар ҳам тез-тез болаларни уйларига олиб кетиб, меҳмон қилишларига ўрганиб қолгандик. Биз ҳам жуда кўп марта 4-5 киши бўлиб интернат директори Назрулла Иноятовнинг, муаллим Усмон Дадамуҳаммедовларнинг ҳовлисига меҳмонга боргандик. Уларнинг оила аъзолари бизни жуда яхши қарши олишар, сочларимизни қатиқлаб ювиб, майда қилиб ўриб қўйишарди. Улар билан тотли таомлар устида гурунглашиб, кечки пайт мактабга қайтардик.

 

Бизга 5-синфлардан токарлик дарси ўтиб бошланди. Устозимиз уста Рустамов жуда мулойим, дилкаш киши бўлиб, бизга рандалаш, мих қоқиш, арралаш, ўқув кўрсатма қуролларини ясашда металл елим билан ишлаш ва бошқа юмушларни ўргатганди. Юқори синф ўқувчилари стол-стул, ўриндиқ, кийим илгич каби турли жиҳозларни тайёрлашар, бузилганларини тузатишарди. Интернатда Ҳомид Файзиев, Малик Абдуллаев, Нажим Насриддинов каби жуда ўткир рассом болалар бўлиб, саҳна учун бутун декорацияларни тайёрлаб, турли портретларни чизишарди. Саҳна учун ниқоблар, бўёқли кенг шалвар ва бошқа кийимларни тайёрлайдиганлар ҳам шулар эди. Усмон Дадамуҳаммедовнинг ҳуснихат тўгарагида ўқувчи, жуда чиройлик ёзадиган Тўрахон Мирзаев, Карим Бердиев, Убайдулла Расулов ва бошқалар эса афишаларни ёзардилар.

 

Қизларга тўр тўқиш, қўлда нақш ва ҳошиялар, енгил кийимлар тикиш ўргатиладиган қўлҳунари тўгараги очилганди. Биз қизлар рўмолча, сочиқ ва чойшабларимизга канвада гул тикар, тўр тўқиб, чойшаб ва сочиқларимизни безардик. Тикиш санъатини жуда яхши эгаллаган қизлар кейинчалик уст кўйлак, нимча-юбкаларгача нозиклик билан гул тикишларини кўрганман. 1927 йил ўрмонда катта ит билан овга кетаётган ёш йигитча сурати солинган гиламча тикиб, кароват деворига илиб қўйган эдим. Интернатимизда кўргазмалар ўтказилиб, энг яхши қўл ишлари учун совғалар берилар эди. Мен ҳам ана шу ҳадялардан икки бор олганим эсимда. Қўлҳунари тўгараги бизни тикиш, чеварлик ишларига ўргатганди. Бу эса келгуси йилларимиз учун жуда катта ҳаётий аҳамиятга эга бўлдики, оилавий турмушда, уй учун зарурий нарсаларни эстетик дид билан тикиб, уйни саранжомлаш ишларида катта ёрдам берди.

 

Шокиржон Раҳимий

 

“Алмаий” меҳнат мактабимизда яна сават тўқиш тўгараги ҳам бор эди. Биз уста билан эрта баҳор “Иванов” боғимиз ёнига бориб, кўчадаги толларнинг ёш новдаларини кесиб, ўрам-ўрам олиб келар ва ундан турли шаклдаги саватларни тўқирдик. Масалан, нон соладиган катта ялпоқ, чуқур тутқичли, тутқичсиз, умуман, турли ҳажмда бўларди улар. Мен ҳозиргача сават тўқишни эсимдан чиқарганим йўқ. Яна косиблик ишхонамиз ҳам бўлиб, бунда асосан йиртилган, сўкилган оёқ кийимлари таъмир қилинар ва енгил оёқ кийимлар тикилар эди.

 

Биз ёзда деярлик кунора “Иванов” боғига бориб, мевали дарахтларга қарар, тагларини чопар, оқлар ва кераксиз шохчаларини кесиб ташлардик. Ишларни якунлаб, ўша ерда овқатланиб, кенг майсазорда ўйинлар ўйнардик баъзан. Кунларнинг бирида 10-12 ёшлардаги бир бола мол-қўйларини боққа қўйвориб, ўзи кўм-кўк ўт устига ётиб олганча, “Алифбе” ўқиётганининг устидан чиқдик. Дарров ҳаммамиз унинг кимлиги, нима ўқиётганини билишига қизиқдик. У ота-онаси, умуман, ҳеч кими йўқлигини, бировларнинг молини боқиб юришини айтди. Биз эса интернатимиз худди унга ўхшаган болалар учун очилгани, ҳамма нарса – овқат, кийим, ётоқ, ўқиш ҳаммаси текин эканини айтиб, уни биз билан ўқишга таклиф қилдик. Орадан кўп ўтмай, ўша қора болакайни интернатда янги уст-бош кийимда, қувонганча ўқиб юрганини кўрдик. Бу жуда тиришқоқ, қобилиятли, меҳнатсевар боланинг оти Пардабой Турсунов эди.

 

Парда Турсунов 

 

Мактабимиз театри ҳамиша қизғин эди. Айниқса “Маърака” комедияси қўйилганда залдаги бутун халқ, маҳалла аҳли завқ билан томоша қилар ва хохолаб кулишар эди. Мактабимизнинг “Кўк кўйлак” драм театрига Хомид Файзиев режиссёр, Иззат Султон адабий раҳбар эди. У “жонли газета” деб аталар, аъзолари 20-25 нафаргача борарди. Биз мактаб, маҳалла ёнидаги клубдан ташқари касабалар боғида (ҳозирги ТЮЗ), Ҳамза ва Свердлов театриларида ҳам концертлар бериб турардик. “Эрк куйлари”, “Ёрилгин тош”, “Маърака” ва бошқа саҳна кўринишларида асосий ролларда Араб Хаитбоев, Нури Тошматов, Фотима Муфтаҳова, Жўра Бобобек, Исмоилов ва бошқалар чиқарди. Аҳоли учун пуллик театр ва концертлар ҳам қўйилгани учун бу мактабимизнинг иқтисодий томонига катта ёрдам эди. Мактаб Наримонов билим юрти, Зебинисо мактаби, айниқса, Ленин номидаги ҳарбий билим юрти билан жуда мустаҳкам алоқада бўлиб, катта клубларда биргаликда концертлар берар, кечалар ўтказардик.

 

Юнус Ражабий, Имомхон Икрамов раҳбарлигидаги мусиқа тўгарагида 15-20 нафар ўғил-қиз ўқувчилар доимий иштирок этарди. Ўлмас Жалолхонов чанг, Носиҳ Салаҳ, Фозил Холиқий най, Набиев, Убайдулла Расулов, Сафия опа тамбур, Ғулом Зафарийнинг қизи Сидиқахон, Нуриопа Тошматова, Ҳожар Султонова, Рашид ака дутор, Раим Икромов ғижжак каби миллий мусиқа созларини чалишарди. Интернатнинг энг кучли болалар ташкилоти раҳбари биз “ижроқўм” дегич Араб Ҳаитбоев эди. У жуда таъсирли, забардаст, қатъий характерли, мустақил, кучли иродали ўқувчи бўлиб, юқори синфда ўқирди. Ўқувчилар директор, ўқитувчи ёки тарбиячилардан кўра кўпроқ шу ижроқўмдан “қўрқишар”, чунки, интернатда директор ёки ўқитувчилар ҳар бир ишга аралашавермасди. Ўқувчиларга бевосита таъсир фақат ўқувчи ташкилоти орқали қилинар, бунинг яхши томони тарбияланувчиларда фаол ташкилотчилик, мустақил фикр ва кучли таъсир этиш каби ижобий сифатларни ўстиришга ёрдам берарди.

 

 Юнус Ражабий

 

1926 йилдан бошлаб ёзги таътил вақтларида интернатда қоладиган болаларни Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва туманларига саёҳатга олиб бора бошлашди. Биринчи саёҳатимиз 1926 йил ёзда Шоҳимардонга уюштирилди. Марғилонгача поездда бориб, у ерда 2 та соябонли арава кира қилиб, ашула айта-айта жўнаб кетдик. Манзилга кечки пайт етиб бориб, тиниқ оқадиган катта дарё бўйидаги бир уйга жойлашдик. Бу ерда 10-15 кунча туриб, Шоҳимардоннинг теварак-атрофи билан танишдик. Биз кўпинча тоққа чиқиб, у ерда оқадиган жуда тиниқ ариқчани томоша қилишни, турли тошларни теришни, ўсимликлар, тоғ гулларидан гербарий йиғишни, муздек сувда чўмилишни севар эдик...”.

 

Биз юқорида биргина “Алмаий” меҳнат мактаби ҳаёти, унда етишиб чиққан инсонлар ҳақида ҳикоя қилдик. Ваҳоланки, бу мактаблар қошидаги жамоалар, жумладан, “Намуна” мактабида Ҳайдар Шавқийнинг “Темур тўдаси”, “Ватан” мактабида Саид Аҳрорийнинг “Изчилар тўдаси”, “Турон” мактаби қошида Ғолиббей раҳбарлигида “Турон тўдаси”, Ғози Олимнинг “Турк ўчоғи” тўдаси, “Ирфон” мактабида “Тараққиёт дернаги” тўдаси, умуман, Тошкент шаҳрида мавжуд бўлган еттита тўданинг ҳар қайсиси ўз йўналишига ва ўз мадҳияларига эга эди. Уларда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Мажид Қодирий, Собиржон ва Шокиржон Раҳимийлар, Тангриқул Мақсудий, Усмонхўжа Тўхтахўжаев, Шоҳид Эсон Мусаев, Шорасул Зуннун, Абдулваҳҳоб Муродий, Салимхон Тиллахонов каби кўплаб таниқли жадид муаллимлари, миллий куй ва қўшиқлардан Али Ардобус каби фидойи муаллимлар дарс берганлар. Шубҳасиз, мазкур мактаблардан етишиб чиққан юзлаб, минглаб етук кадрлар кейинчалик Ўзбекистонининг илм-фани, адабиёти, санъати, маданияти, тиббиёти, иқтисодиёти ва саноати равнақига улкан ҳисса қўшди, олим-у муҳандисларига айланди. Улардаги жўшқин ҳаёт ва илмий-ижодий муҳит ҳақидаги мулоҳазалар кейинги мақолаларимизга мавзу бўлишга арзийди.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

17:05 / 27.05.2025 0 13
Соҳибқирон битган мактублар

Адабиёт

16:05 / 27.05.2025 0 9
Алибобоми ёки Али боб?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18286
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//