
Моҳичеҳра Абдусаматова халқаро Wizz Air компаниясида менежмент соҳасида фаолият олиб боради. Эрасмус дастури ғолибаси бўлган қаҳрамонимиз Полшанинг Вистула ва Венгриянинг Будапешт Метрополитан университетларининг туризм менежменти йўналишида магистратурани тамомлаган.
Мен, Моҳичеҳра Абдусаматова, 1995 йил Тошкент шаҳрида туғилганман. Ўзбекистонда бакалавриат босқичини тамомлаганимдан кейин, менежмент соҳаси бўйича ишга кирганман ва чет элда таълим олиш учун пул йиғишни бошлаганман. 2020 йил Полшадаги Вистула университетининг магистратура босқичига ўқишга топшириб, шу орқали талаба визаси билан илк бор Полшага келганман. 2021 йил Эрасмус алмашинув стипендиясини ютиб олгач, ўқишимни давом эттириш учун Венгриянинг Будапешт Метрополитан университетини танлаганман. Магистратурани тамомлагач олган билимларимни иш жараёнида қўллаш ва иш тажрибасига эга бўлиш учун Венгрия давлатида маълум муддатга қолишни танладим.
Кичик елкасида катта орзуларни кўтариб юрган ўзбек қизи
Болалик вақтларимда чет давлатда таълим олиш ва хорижий мамлакатларга саёҳат қилиш энг катта орзум бўлган. Бу орзуларим ҳақида гапирганимда, узоқ-яқин қариндошлар ва дўстларим менга кўп бора ишончсизлик билдиришган. Яхшиямки, оилам, айниқса онам мени қўллаб-қувватлаган. Шу боисдан ҳам, улардан ҳар доим миннатдор бўламан. Ҳар бир инсон болалигидан катта-катта орзулар қилади, аммо атрофидаги инсонлар унинг орзуларига бефарқлик ва ишончсизлик билан қараши сабаб, кўпчилик ўз орзуларидан воз кечиб кетади ёки охирги қадамни ташлашга келганда ортга қайтади. Машҳур ёзувчи Пауло Коэлонинг «Алкимёгар» асаридаги бир жумла, менга ҳар доим мақсадларимга эришиш учун тинимсиз ҳаракат қилишим кераклигини ёдимга солади:
«Бизнинг сайёрамизда бир буюк ҳақиқат бор: агар сиз чиндан ниманидир орзу қилсангиз, унга, албатта, эришасиз. Зотан бу орзу олам қалбида ҳам туғилади ва айни шунинг ўзи сизнинг Ерда мавжудлигингизнинг тасдиғи, сизнинг тақдирингиздир».
Ўйланманки, қийинчиликлар инсонни мағлубиятини тан олишига эмас, аксинча кучли бўлишига туртки бўлиши керак. Мен, кичик елкаларида ўз орзуларини кўтариб юрган ўзбек қизиман.
Хоҳласангиз ўқинг, хоҳламасангиз йўқ
Европа таълим тизимининг менга энг кўп ёққан жиҳати бу эркинлик. Талабалар учун қатъий белгиланган дарс жадвали, форма ёки давомат йўқ. Бу ерда ҳар бир талаба ўзи учун масъул. Хоҳласангиз ўқинг, хоҳламасангиз йўқ. Ҳеч ким сизга мажбурлаб таълим бермайди. Айниқса, имтихонлар шаффоф тарзда ташкил этилади, «бир икки сўм бериб имтихонни яхшироқ баҳога топшириш» деган тушунча йўқ. Билимингизга яраша баҳо оласиз, йиқилсангиз яна қайта ўқишингиз керак. Агар университетга қабул қилинган ва битириб чиқаётган талабалар кўрсаткичига қарайдиган бўлсак, ўқишга қабул қилинган талабалар кўрсаткичидан 10-15 айрим ҳолатларда 20-30 фоиз атрофида камроқ талабалар ўқишни тамомлашади. Шу сабабдан ҳам, бу ерда ҳар бир талаба астойдил билим олишга ўзи мустақил равишда ҳаракат қилади, бефарқлик қилса ўқишни битира олмайди.
Топганингиз саёҳатларга буюрсин
Европада яшашни асосий яхши томонларидан бири бу саёҳат қилишнинг қулай ва арзонлиги. Европага келганимдан бери 20 дан ортиқ давлатларга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлдим. Ҳар бир саёҳатдан бошқа бир инсон бўлиб қайтиб келардим. Саёҳатлар менга минимализмни ва шукур қилишни ўргатди. Бирор давлатга саёҳатга борганда ўзингиз билан кўп нарсалар олиб кетолмайсиз, оғир юкни узоқ вақт кўтариб юриш ҳам инсонни чарчатади, ҳам саёҳатингизни кўнгилдагидек ўтишига ҳалақит беради. Турли мамлакатларда ҳар хил инсонларни кўраман, улар билан мулоқот жараёнида янги билимлар олиш билан бирга ўз ҳаётимда бор нарсаларга шукур қиламан. Саёҳатлар инсонни дунёқарашини кенгайтириб, ўз «комфорт зона»сидан чиқишига ундайди. Қулай муҳитда инсон ривожланмайди, шу учун ҳам тез-тез саёҳат қилиб туриш шахсий ва карьерадаги ўсишга хизмат қилади деб ўйлайман.
«Топганинг тўйларга буюрсин», дейишади, мен эса «топганингиз саёҳатларга буюрсин» дегим келади. Саёҳат қилиш учун сарфланган маблағ сизни ички оламингизни бойитади ва ривожлантиради. Ҳаммани оғзидан тушмайдиган тўй қилиш учун бутун умрини сарф қилиб меҳнат қилишдан кўра, дунёдаги энг гўзал масканларга саёҳат қилиш минг марта афзал.
Будапештда бир ой яшаш қанчага тушади?
Бупадешт шаҳри Венгриянинг пойтахти, шу билан бирга бу шаҳар Европа марказида жойлашган энг машҳур, яшаш учун нисбатан арзон ва қулай ҳисобланади. Будапештнинг иқлими менга жуда ёқади, сабаби ҳавоси тоза ва мўътадил, ёз ойлари ҳам илиқ бўлади. Венгрияда таълим сифати юқори бўлган кўплаб университетларда инглиз тилидаги дастурлар мавжуд. Айниқса, техника, тиббиёт ва ижтимоий фанлар соҳаларида яхши йўналишлар мавжуд.
Кўпинча бир ой давомида қанча миқдорда пул сарф қилишимга қизиқишади. Албатта, ҳар битта инсон индивидуал. Харажатлар ҳам уларнинг турмуш тарзи ва танловларига боғлиқ бўлади. Будапештда яшашнинг харажатлари ўртача $450-$700 деб ўйлайман. Кимдир мен айтган суммадан ҳам камроқ ёки кўпроқ ишлатиши мумкин. Ўзимдан келиб чиқадиган бўлсам, мен молиявий саводхонлигимни ҳар доим ошириб боришга ҳаракат қиламан ва пул сарф қилишда бир нечта стратегияларга таянаман. Бу эса менга саёҳат қилиш имконини яратади.
Қуйидаги жадвалда асосан нималарга ва қанча миқдорда пул сарф қилинишини кўришингиз мумкин.
Н/А |
Харажат тури |
Миқдори ($) |
1 |
Ижара |
$250 — $400 |
2 |
Озиқ-овқат |
$80 — $150 |
3 |
Суғурта |
$30 – $50 |
4 |
Жамоат транспорт |
$10 – $20 |
5 |
Интернет/алоқа |
$10 – $20 |
6 |
Қўшимча шахсий харажатлар |
$50 – $100 |
Ўзбекистонда тажрибали мутахассис эдим, Венгрияда ҳаммасини яна нолдан бошладим
5 йил олдин чамадонимни олиб, илк бор Европага келаётганимда мен учун қадрли бўлган сувинер самалётни ўзим билан олиб келганиман. Аммо қачондир ўзим ҳақиқий самалётлар орасида ишлайман деб ўйламаганман. Ўзбекистонда бакалаврни тамомлагач, 1 йил менежмент соҳасида фаолият олиб бордим. Ўз мамлакатимда олий маълумотли, иш тажрибасига эга, хорижий тилларни биладиган мутахассис эдим. Аммо хорижга келгач, мен барчасини қайта нолдан бошлашимга тўғри келган.
Айниқса, ўз соҳангизда яхши иш топиш учун жуда кучли мутахассис бўлиш, яшаб турган давлат тилини билиш ва иш тажрибаси талаб этилади. Венгир тилини ўрганиш, янги давлатга мослашиш ва бу ердаги мутахассислардек рақобатбардош кадр бўлиш учун анча меҳнат қилишимга тўғри келган. Жуда кўп жойларга иш бўйича аризалар топширганман, ҳатто саноғини ҳам билмайман. Венгриядаги Wizz Air авиакомпаниясида ишлаш учун ҳужжатларимни топширганимда очиғи мени интервьюга таклиф қилишади деб ўйламаганман.
Wizz Air менга янги имконият эшикларини очди
Wizz Air – Европанинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлиб, у 2003 йилда ташкил этилган. Унинг бош офиси Будапешт, Венгрияда жойлашган. Wizz Air 16 та давлатда 32 та базага эга, 200 га яқин манзилга парвозларни амалга оширади.
Компаниядаги фаолиятим давомида соҳам бўйича тажрибасига билан бирга, кучли мутахассислар билан нетворкинг ўрнатиш имкониятига ҳам эга бўлдим. Иш муҳитидаги эркинлик, ходимлар учун яратилган қулай иш графиги ва шахсий ривожланиш учун имкониятлар менга жуда ёқди. Иш давомида ортиқча стрессларни деярли сезмайман, сабаби барча ҳодим бир-бирини ҳурмат қилади. Мендан бирор ёрдам керак бўлса, гарчи у менинг вазифам бўлса ҳам, буйруқ бермайди, аксинча илтимос қилади.
Стереотиплардан воз кечиш вақти келган
Жуда кўп қизлар билан суҳбатлашганимда, бир томондан уларнинг илмга чанқоқ эканлигидан қувонаман, иккинчи томондан эса, стереотиплар сабаб уларнинг орзулари қурбон бўлаётганига гувоҳ бўламан. «Қиз бола пишир-куйдирни ўргансин, четда ўқиб нима бор», деган гаплар тез-тез қулоғимга чалинади. Бу каби стереотиплардан воз кечиш вақти аллақачон келган. «Ўғил боланинг илм олиши – бир кишига, қиз боланинг ўқитилиши эса бутун жамиятга таълим бериш билан тенг». Агар бутун ўзбек қизлари олдида гапириш имконим бўлганида айтган бўлардим, «азиз опа-сингилларим, ўзингизга ишонсангиз барчасини қила оласиз. Илтимос, бошқаларга қулоқ солиб, мақсадларингиздан кечманг!»
Онамни йўқотиш энг катта зарба бўлган
Инсон ҳаётда бир нарсага эришаркан, бошқасидан воз кечишига тўғри келади. Хорижда ўқиш учун иссиқ жойим, онамни ширин таомлари ва оиламни дийдоридан узоқда бўлишга мажбур бўлганман. Кўп йиғлаган, барчасини ташлаб ортга, қадрдон уйимга қайтгим келган вақтлар бўлган. Шу пайтлари онам доим менга далда бўларди.
Онамни йўқотиш мен учун энг катта зарба бўлган. Уларни сўнгги сўзларини эшитолмаганман. Аммо ҳар доим қалбимнинг ичида уларнинг сўзлари ва иссиқ юзларининг сиймоси туради. Ҳаммамиз аслида бир-биримизга омонат эканлигимизни англадим, шу сабабдан ҳам яқинларимни янада қадрлашни ўргандим. Онам доим менинг орзу-истакларимни қўллаб-қувватларди. Улар билан соатлаб суҳбатлашардим. Менинг шижоатимни кўрган дугоналарим «қаердан бунча куч оласан», деб сўрашарди. Онам мендан фахрланишини истайман, улар хоҳлагандек, илмли, ўз фикрига эга инсон бўлиш учун ҳаракатдаман, дердим.
Оъчоғимизда онам қиладиган ошни соғиндим
«Мусофир бўлмагунча мусилмон бўлмайсан», – дейишади, чиндан ҳам шундай экан. Оиламни кўпроқ қадрлашни ўргандим. Ҳа албатта, ҳамма учун оила муҳим ва қадрли, лекин қадр тушунчаси мусофир учун умуман бошқача. Уйимиздаги ўчоқда онам пишириб берадиган ошни таъмини жуда соғинганман. Инсон қаерда бўлмасин ва қанчалик яхши ҳаётда яшамасин ватанини, у ердаги қадрдон чеҳраларни ва ўзи улғайган маҳаллани соғинчи билан яшар экан.
Машҳура Раҳмонова суҳбатлашди
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ