Имтиёзли табақалар ва қайта тикланаётган анъаналар – Диний қатламнинг қимматга тушган қадриятлари


Сақлаш
11:12 / 12.12.2021 1541 0

Марказий Осиёга исломнинг кириб келиши мусулмон маданиятини ва туб аҳоли ўртасида ўзига хос социал қатламларни шакллантирди. Ўлкада ислом мафкурасининг кенг тарқалишида фаол иштирок этган шахслар, муайян социал гуруҳларнинг аъзолари ислом мафкурачилари томонидан рағбатлантирилиб, ижтимоий ҳаётда ўзлари учун зарур бўлган мақомни эгаллашга муяссар бўлгандилар. Сабаби – мавжуд мақом унга жамиятда ўз мавқеини мустаҳкамлаш билан бирга кўплаб ҳақ-ҳуқуқларни берарди. Муҳими, чиқарилган турли фармон ва фармойишларда эгалланган мавқенинг кейинчалик норасмий мақом сифатида авлоддан-авлодга ўзига хос бир “тамға” – этикет бўлиб ўтишига ишора ҳам эди.

 

Маълум вақт ўтгач, авлод томонидан қабул қилиб олинган мақомнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг фойдаланиш учун асқотиши аён бўлиб қолди ва у ижтимоий гуруҳнинг бир кўриниши сифатида “табақа”га айланди. “Табақа” – бу ижтимоий келиб чиқишнинг муштараклиги, шуғулланадиган машғулоти (касбий фаолият)нинг умумийлиги ва маълум бир қариндошлик ҳамда никоҳ меъёрлари тизимига амал қилувчи, диний мансублик асосида қатор анъана, удумлар орқали бир-бирига боғланган қариндошлик риштасидир. Кўп олимлар табақала нишни “оқсуяклик”ка интилишнинг самараси деб ҳисолайдилар.

 

Аслида, табақаланиш ёки қайсидир жамоа аъзоси бўлиш инсонга фақат ғурур туйғусини бериб қолмасдан, унга болаликданоқ ўз мавқеини ҳимоя этишни ҳам юклайди. Бу масъулият бурч даражасигача кўтарилган бўлиб, унга гўдак дунёга келган кундан бошлаб амал қилинади. Масалан, мусулмонларда бу – фарзандга исм қўйиш, кимлар билан дўст тутиниш, қаерда ўзини қандай тутиш, кимга қандай муносабат ва мулозаматда бўлиш, ўз ўрни ва мавқеини билиш, диний ва дунёвий илмларни ўрганиш, исломни таниш кабилар билан ифодаланади.

 

Қайси авлод асрлар давомида сақланиб келаётган анъана ва қадриятларнинг софлигини таъминлай олса, унинг қалбидаги ғурур тушунчаси ҳам шу қадар баланд бўлади. Шу боис авлодда янги туғилган гўдакка ўзини англай бошлаган чоғданоқ “авлодни тан олиш”, “унинг муқаддас анъаналарига амал қилиш”, “авлодга ўзини бахшида этиш” билан боғлиқ удумлар сингдириб борилади. Чунки бу кишига катта руҳий ва ахлоқий масъулият юклайди. Зеро, шахснинг бажараётган ҳар бир амали ортида муқаддас авлоднинг “ўтиб кетган” (рихлат қилган) вакиллари ор-номуси ётади. Авлодга мансуб бўлган кишининг “яхши” ёки “ёмон” бўлиши берилган тарбиянинг мукаммаллигига боғлиқ. Шу боис фарзанд дунёга келиши биланоқ, унинг қандай озиқланиши кераклиги, жисмига монанд исм қўйилиши, тарбияда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор бериши муҳимлиги каби ахлоқий масалалар авлод аъзоларининг йиғинларида қайта-қайта таъкидланади.

 

Бола улғайиб боргани сари унга жамиятдаги мавжуд миллий, умуминсоний, давлат томонидан эътироф этилган қоида ва меъёрларга қандай амал қилиш лозимлиги ҳам ўргатиб борилади. Сабаби – авлоднинг аъзоси бўлиш сабр-бардош, бағрикенглик, ирода, хотиржамлик каби психологик туйғулар билан бирга миллат ва жамият олдидаги мажбуриятларини ҳам мукаммал ўзлаштиришни талаб этади.

 

Минтақадаги тузумларнинг тез-тез ўзгариб туриши “киборлар жамияти” вакилларига жуда қимматга тушган вақтлар бўлган. Тарих хотираларини “варақлаб” ўрганадиган бўлсак, яқин ўтмишдаги руҳий ва жисмоний тазйиққа маҳкум бўлган гуруҳ ёки ижтимоий жамоалар қаторига ҳеч иккиланмай ижтимоий-диний қатламга мансуб авлодларни киритиш мумкин. Шу боис, ушбу тоифа кишилари ҳар қандай жамиятда, биринчи навбатда, қай ҳолатда бўлмасин, инсоний фазилатлар етакчи бўлганлиги учун турли мафкураларга мослашиб борганлар. Бу – омон қолиш ва авлодни сақлаб қолиш учун муҳим ҳисобланган.

 

Вақт ўтиб шахс вояга етгач, у ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилишга, яъни меҳмонга бориш, катталар билан суҳбатлашиш одоби, ўз нутқи ва овозини тарбиялаш, нотиқлик маҳоратини ошириб бориш, қандай китобларни кўпроқ мутолаа қилиш, қайси соҳада илм олиш ва бошқаларни ўрганади. У ўқиб ўрганиши шарт. Чунки вақти келиб у бошқаларни ўқитади, фикр-мулоҳаза алмашади. Акс ҳолда, авлод фаолиятига қайсидир маънода путур етади. Авлод билан бирга унинг аъзоси хатти-ҳаракатларини, яъни унинг қандай гуноҳ иш ёки хато қилганини атрофдагилар ҳам кузатиб боради. Демак, авлодга мансублик икки хил кечади: ўз-ўзини назорат қилиш ва жамоа томонидан умумий назорат ўрнатиш орқали. Марказий Осиёда диний-ижтимоий мавқега эга кишиларнинг юқори тоифадагилари кўпинча, ўзларини араблар, хусусан, пайғамбар Муҳаммад с.а.в., унинг халифа ва саҳобалари авлодлари деб ҳисоблайдилар.

 

Таниқли шарқшунос олим Аширбек Мўминов ўз тадқиқотларида қуйидаги фикрларни билдиради: “Маълумки, исломнинг илк даврларида “исломни қабул қилиш” “араб бўлганлик”ни билдириб, янги ҳолат, яъни минтақадаги айрим гуруҳларни араб қабилалари таркибига жалб этган эди. Шу сабабли Марказий Осиё минтақасида истиқомат қилган маҳаллий аҳоли таркибидан биринчи бўлиб исломни қабул қилганлар ушбу ҳудудга жойлаштирилган таниқли араблар ёки араб қабилаларига “мижоз” бўлиб қолдилар”. Исломга мурожаат қилган бошқа туб миллат вакиллари янги вужудга келган мусулмонлар тоифасини ташкил этиб, уларга мавала ёки мавло (кўплик да эса маволи), деб мурожаат қилинган. Ислом футуҳотларидан сўнг тобе этилган вилоятларнинг араб бўлмаган аҳолиси мавло деб атала бошланди, бу билан аҳоли гўё араблар ҳимояси остига олинган деб ҳисоблана бошлади. Эътироф этадиган томони шундаки, саййид ва хўжа мавқесидаги авлодларнинг бугунги кундаги вакиллари ҳам ҳали-ҳамон ўз келиб чиқишларини араблар билан боғлайдилар.

 

“Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, ўзига тўқ, бадавлат шахслар (ҳукмдорлар, ўзини юқори ёки олий табақага мансуб деб ҳисоблаганлар) авлод-аждодлари тўғрисида маълумот қолдириш сулола тарихини яратиш га ҳаракат қилганлар”. Тарихда ном қолдирган кишилар сулола тўғрисидаги ҳужжатнинг муҳимлигини жуда яхши тушунишган. Чунки таниқли кишилар, айниқса, ўзларини харизматик (илоҳий инъом) сифатларга эга деб билувчи шахсларга “аждодларнинг буюк ҳаёт фаолияти” тўғрисидаги ҳужжатларнинг етишмаслиги жамият ҳаётидаги ижтимоий-бошқарув муносабатларида панд берган. Ўзига хос тарзда кечган табақаланиш натижасида Марказий Осиёда ҳам маҳаллий халқ орасидан диний-ижтимоий жиҳатдан оқсуякликни даъво қилувчи кишилар ажралиб чиққанлар. Улар саййид, хўжа (аслида хожа), “эшон”, “амир”, “тўра”, “ҳабиб”, “махдум”, “мирза” (амир-амирзоданинг қисқартирилган шакли кўп ҳолларда мир Бухоро амирлигида ишлатилган.

 

Қўқон хонлиги музофотида мирза деб оддий кишилардан чиққан саводли, юқори лавозимдаги кишиларни аташган), мусо, шо, шоҳ каби ижтимоий мақомни қўлга киритган кишилар ва уруғлардан ташкил топади. Оддий табақага мансуб бўлган аҳоли қатлами эса қорача, фуқаро, халқия, авом, раъият деб номланган. Даврлар ўтиши билан қўлга киритилган ёки ижтимоий-биологик таъсирлар натижасида шаклланган мақомлар авлоддан-авлодга тўғридан тўғри ўтадиган бўлди ва бу оила аъзосининг ижтимоий ҳолатига нисбат бериш чоғида ёзиладиган мақом даражасига кўтарилди. Масалан, у “хўжа”га мансуб оилада туғилди. Авлодининг миллати ўзбек бўлса, у ўзбек хўжаларидан, хўжанинг “бой тўпи” уруғидан бўлса, демак “бой тўпи” хўжаларидан, агар бу уруғ Пайғамбар с.а.в.га бориб тақалса (ҳақиқатдан ҳам “шажара” мавжуд бўлиб, у ўз тасдиғини топган бўлса), Пайғамбар авлоди саналади, бўлмаса, қайсидир тариқат (масалан, яссавия) ёки ҳудудга тақалса, шунга мансуб хўжалардан (Жўйбори хўжалари (Бухоро), Салавот хўжалари (Термиз), Хўжакент хўжалари (Тошкент вилояти), Туркистон хўжалари, Шоҳимардон хўжалари ва бошқалар) ҳисобланади.

 

Биз мавқе, мартаба, мақом, диний унвон сифатида ўрганишни таклиф этаётган даражалар маҳаллий аҳоли ўртасида уруғ, қавм, аждод, асл зот, насл-насабли, тагли-тугли каби атамаларга урғу бериш билан алоҳида аҳамият касб этиб келган. Масалан, “сен қайси уруғдансан”, “фалончи насл-насаби тоза кишилардан саналади”, “асли зоти паст авлод-да”, “бу қавмдан ўтган одамлар авлиё сифатларга эга бўлганлар”, “бизнинг аждодларимиз улуғ ва буюк кишилар ўтган”, “тагли-тугли инсонларнинг фарзандлари...”. Юқори табақага мансуб кишилар ўзларининг даражаларини мусулмон оламида шажара, насабнома, силсила, ҳатти иршод деб номланган ҳужжатлар билан исботлашга интилганлар.

 

Шажара – арабча дарахт деган маънони англатиб, кишиларнинг келиб чиқиши, аждодлари ва қон-қариндошлик алоқалари мажмуидир. Уни тарих илмининг бир тармоғи – генеалогия фани ўрганади. Подшоҳлар, ҳукмдорлар, афсонавий қаҳрамонларнинг насл-насабига қизиқиш қадим замонлардаёқ бўлган, лекин ўрта асрларда шажара имтиёзли табақаларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг аждод-авлодларини расмийлаштириш учун хизмат қилган, қизиқишнинг кучайиши билан алоҳида аҳамият касб этган. Олий унвон эгаларига берилган шажаралар бир неча ҳолатларда авлоддан-авлодга етказиб келинган. Шажара битиклари ҳайвонлар терисига, қоғозга туширилган. Баъзан эса тошга, ёғочга ўйиб ёзилган (Қашқадарёнинг Касби туманидаги Ҳазрат Султон зиёратгоҳида исми зикр этилган авлиёнинг тошга ўйиб ёзилган насаб номаси учрайди.

 

Тадқиқотчи Алишер Бек эса Қирғизистоннинг Бозорқўрғон туманида Хонсойибхон пошша Саййид Авлиёхон тўра қизи қўлида ёғочга битилган шажара мавжудлигини айтган эди. Бундан шундай хулосага келиш мумкин, шажаралар нафақат аждодлар номини авлоддан-авлодга етказиш ёки юридик жиҳатдан расмийлаштириш, балки уни яратиш халқ амалий санъати даражасига ҳам кўтарилган. Шажара ёки насабномаларнинг аксар қисми тери ёки қоғозга битилган бўлиб, уларнинг узунлиги 0,5 метрдан 3-4 метргача, энига эса 30–45 сантиметрлар атрофидаги ҳажмни ташкил этарди. Авлодлар тарихидан гувоҳлик берувчи бу ҳужжатларнинг айримлари зарҳал ҳарфлар билан ҳошияларга олиб ёзилган, баъзилари эса оддий сиёҳда қоғозга туширилган. Шажараларнинг ишончли эканлиги бир нечтагача муҳрлар билан тасдиқлатиб олинган. Шунингдек, шажара ёки насабномаларнинг бармоқ билан муҳрлаб тасдиқланганлари ҳам учрайди.

 

Олиймақом кишиларнинг хусусиятларини белгилаб берувчи маскан ҳам бўлиб, улар муқаддас жой ва зиёратгоҳлардир. Ўзларини Пайғамбар авлоди деб ҳисоблайдиган саййидлар авлодларининг қабрлари (даҳма, хилхона, мозор) шўролар давридан илгари ва унинг дастлабки йилларида бошқалардан алоҳида бўлган. Асосан, марҳум (майит) хонадон ҳовлисига, кўпинча, ташқи ҳовлига дафн этилган. Ихлосманд кишилар, мурид ва зиёратчилар бу жойларни келиб тавоф қилиб турганлар. Баъзи ҳудудларда бу удум яна қайтадан тикланаётганининг шоҳиди бўлиш мумкин.

 

Ўрта асрларга келиб минтақада юқори табақалар ўртасида авлодни расмийлаштиришга бўлган қизиқиш ортиб боради. Бу ўз навбатида XV асрдан бошлаб шажара доирасидаги никоҳ алоқалари ҳақида гувоҳлик берувчиларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Шу даврдан бошлаб сулола ёки бир-бирига яқин бир неча уруғларнинг насл-насаб дафтарларини тузиш бошланиб кетади. Ушбу насабномалар билан қадим замонлардаёқ унутилишга йўл қўймаслик мақсадида қариндошлик ришталарини астойдил сақлашга ва насл “номуносиб” авлодлар билан аралашиб бузилмаслигига интилганлар. Шундай хатти-ҳаракатлар эвазига “аслзода” уруғлар шаклланган. Ўз аждодларининг шонли кунларини доим эсда тутиш мақсадида аждодлар ҳар бир қавмнинг исми ва унвонини оила солномасига ёзиб борганлар; айниқса ўзини Пайғамбар авлодига мансуб деб ҳисоблаганлар бунга алоҳида эътибор қаратганлар. Ҳозирги Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудидаги шажаралар шажараи саййид, яъни Пайғамбар авлодлари саналган саййидлар шажараси, туркий қавмларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ уруғ шажаралар ва бугунги кунда ўзининг етти авлодини билиб қўйиш ва тиклаш мақсадида қилинаётган оддий шажараларга бўлинади.

 

Аввалги иккита шажаралар туркуми имкон қадар ҳар бир даврдаги бошқарув институтлари (хонлик, қозият, уламолар кенгаши ва уруғлар нинг йиғилишида тўпланган гувоҳлар иштирокида) муҳри билан тасдиқланган. Хонлик, амирлик томонидан ёзилган кўплаб ҳужжатларда: “Таниқли шариат паҳлавонларининг орзуси билан, уламоларнинг саҳиҳ сўзлари билан фатво берилдики, шажара охират ишлари учун шариат ҳужжатидир. Чунончи, саййидлар шажараси хоҳ эски, хоҳ янги бўлсин дунё ишлари учун шаръий васийқа каби васийқадир, охират ишларида ҳам ҳужжатдир”, деган фатволарни кўп учратиш мумкин. Эҳтимол, шу боис бугун одамлар кимдадир шажара борлигини эшитса, унинг аждодлари катта мавқе эгаси бўлган, деган хаёлга борадилар. Аввалги даврларда кишилар ўзларининг қайси табақага мансублигидан ташқари “етти ота”сини билиши фарз деб ҳисобланган. Шажараларни баъзан етти пушт номи билан боғлаб, бир тизимга солиш асосида авлодларга етказиш ҳозирги кунда мерос сифатида кенг тарқалмоқда. Буни ҳам ўзликни англаш жараёнидаги бир хусусиятнинг намунаси деб эътироф этса бўлади. Чунки халқ орасида кенг тарқалган иборалардан яна бири – бу етти ёт бегона атамасидир. Мазкур масала юзасидан ўзига хос ишлар олиб бораётган сурхондарёлик тадқиқотчи Р.Мирзаев аҳоли орасида маълум бўлган етти пушт кўринишини бир тартибга келтириб, шундай тақдим этади:

1. Ота-она           5. Эвара

2. Фарзанд           6. Дубора

3. Невара             7. Новора

4. Чевара             8. Бегона

Агар қиёсий нуқтаи назардан сулола тармоқлари таҳлил қилинса, насронийларда бу анча осон кечганини кузатиш мумкин. Чунки улар никоҳ маросимларини расмий тартибда рўйхатдан ўтказганлиги боис бу масалага кўп ҳам жиддий тус бермайдилар. Маълумки, никоҳ тартиби христиан урф-одатига кўра, черковда махсус китобга қайд этиб борилади. Шунинг учун киши истаган вақтда ўз аждодлари тўғрисида маълумотни олиши мумкин. Мусулмон дунёсида эса никоҳ муносабатлари гувоҳлар иштирокида оғзаки равишда баён қилиниб, расмийлаштирилганлиги сабабли авлодларни ёдда хотирлашга катта эътибор берилган бўлса, ажаб эмас. Бизнингча, бу – шажарага эҳтиёж пайдо қилган омиллардан биридир.

Комил КАЛОНОВ

 

“Жаннатмакон” журнали, 2007 йил, октябрь сони.

“Аслинг – наслинг”, биринчи мақола

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси