
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда газета ва журнал ташкил этишда ҳам йўлбошчилардан бўлди, десак муболаға бўлмайди. Газета фаолияти учун зарур шароитларни яратиш мақсадида босмахона очган. “Нашриёти Беҳбудий” деб аталган бу босмахона қачон очилгани, жиҳозлари қаердан сотиб олингани ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар бўлмаса-да, кутубхона очган йили ишга тушган, деб тахминлаш мумкин. Босмахонада илк бор Беҳбудийнинг туркий тилда тузган Туркистон, Бухоро, Хива харитаси, дарсликлари, қўлланмалари, “Падаркуш” драмаси ва Фитратнинг “Ҳинд сайёҳи қиссаси” русчага ўгириб чоп этилган. У бу китобларни ўз ҳисобидан нашр қилиб, тарқатган. Шунингдек, “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журнали ҳам шу босмахонада нашр қилинган. Нашриёт 1915 йилгача, яъни “Ойина” журнали фаолияти тўхтагунча “ишлаган”.
Газета очилиши учун 5 йил ҳаракат қилинган. Ниҳоят, 1913 йил 14 февралда Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторига газета чоп этишга рухсат сўраб ёзилган илтимоснома инобатга олинган. Илтимосномага газета йўналишларини кўрсатувчи мундарижа ва газетани нашр этишдан кўзланган мақсад илова қилинган:
˗ Ҳукумат фармойишлари;
˗ Бош мақола;
˗ Хориж хабарлари;
˗ Дохилий хабарлар;
˗ Ахборотлар;
˗ Ўлка бўйлаб маҳаллий ва савдо хроникаси;
˗ Рус ва хорижий матбуот янгиликлари;
˗ Зироат;
˗ Фельетон, адабий ва илмий бўлим;
˗ Мухбирлар ва хусусий телеграммалар;
˗ Умумимперия халқ судялари ва хусусан, қозиларнинг суд ҳисоботлари;
˗ Театр;
˗ Эълонлар;
˗ Идорадан жавоблар;
˗ Безак ва расмлар;
˗ Аралаш.
Газетанинг мақсадини рус маданияти ва Европа илмини Туркистон аҳолиси ўртасида тарқатиш ва мусулмонларни руслар билан яқинлаштиришдан иборат деб кўрсатган бўлсалар-да, газетанинг ҳеч қайси сонида бу “мақсад” учун бирор марта ҳаракат қилинмаган.
“Самарқанд” газетаси 1913 йил 15 апрелдан Самарқанд шаҳрида ҳафтада 2 марта ўзбек, форс ва рус тилларида 400–600 нусхада чиққан. Унда Туркистоннинг тараққиётини кўзловчи ва жамиятда ислоҳотларни амалга оширишни тарғиб қилувчи мақолалар ва шеърлар чоп этилган. Газетада Европа ва АҚШда нашр этиладиган газеталар, уларнинг ўқувчилари ҳақида ҳам хабарлар берилган. Ҳожи Муин, Мунавварқори, Фитрат, Камий, Саидризо Ализода, Сиддиқий Ажзий, Нусратилла Қудратилла ўғли (Миллий), Рожий каби жадидларнинг мақолалари чоп этилган.
Газетага биринчи навбатда Туркистон жадидлари обуна бўлган эди. Улардан бири Вадуд Маҳмуд газетага обуна бўлганини фахр билан эслайди: “Муаллим Шакурий мактабида мен ёрдамчи муаллим (халфа) бўлуб ишлаб юрган чоғларим эди. Бир кун мени бирга олиб шу газетнинг идорасига бордилар. Ҳозир ёдимда қолған. Решитников кўчасида янги ясалган бир бинога кирдик. Катта бир уй. Тўрда стол орқасида газетанинг муҳаррири Беҳбудий, кўзларида ойнак таққан. Ўтирган. Бир томондан газетанинг таржимони Саидризо Саидзода, бошқа томонда газетни тарқатувчи. Ҳожи Муин Шукрулло ўғли адрилар ёзмоқ билан машғул. Мана шу ерда газетга обуна бўлиб қайтдик. Бу ҳодиса менинг ҳаётимда муҳим бир ҳодиса тарзида жилваланди. Чунки у замонлар ким билади Самарқанд каби катта шаҳарда газетга обуна бўлиб газетхон сифатида ноил қанча киши эди экан. Ҳафтада икки ёки уч карра чиқатирган газетни махсус почталион ташиб келтириб бериб кетарди. Шулар қаторида мен ҳам бор эдим ва бу менинг учун зўр бир ифтихор эди”.
Дин, табобат, иқтисодий масалалар, миллий нуқсонлар, ижтимоий таъминот, маориф, тарбия, тил-имло масаласи, аскарлик, тарих, транспорт, шаҳарсозлик, урф-одатлар, адабиётга оид мақолалар газетада мунтазам нашр қилиб борилган. Мақолаларнинг катта қисмида миллатни маърифатли қилиш, илмга қизиқтириш, тараққий этган халқлар қаторида туришга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Самарқанд“ газетасида чоп қилинган “Миллатлар қандай тараққий этарлар” мақоласида ривожланган миллатлар ҳақида маълумот берилиб, унинг асосий сабаби илмга бўлган эътибор туфайли, деб хулосаланган. Мактаб ва мадрасани ислоҳ қилиш давр талаби эканини қайд қилган: “Бугун ислоҳи мактаб, мадраса, яъни ислоҳи миллатга қўшиш қилинмаса, бир аср сўнгра диёнат барбод бўлур ва анинг жавоби масъулияти бугунгиларга қолур. Бу масъулиятдан қутулмоқ учун миллатни диний илм ва дунёвий илм-фан қилмоқ учун тарғиб қилмоқ керакдур”.
Газетада нафақат миллий, балки туркиялик тараққийпарварларнинг ҳам мақолалари чоп этилган. Жумладан, газетада туркиялик муаллима Фавзия Абдулрашиднинг “Муслималар учун мактаб” мақоласини кўриш мумкин. Унда ёзилишича, Фавзия Абдулрашид 1913 йил март ойида қизлар учун халқаро хусусий мактаб очган. Мактабга Русия, Миср, Ҳиндистон каби мамлакатлардан кўплаб талабгорлар келган. Туркистонлик қизларни ҳам мактабига ўқишга таклиф қилган. Мактабни ташкил қилишдан мақсад бойлик орттириш эмас, башариятга хизмат қилиш, деб таъкидлаган: “Ушбу ишдан мақсадимиз, шахсий фойда бўлмай, фақат жамияти башарияга хизмат этмак ва олами исломга тарбияли ва маълумотли оналар етиштирмакдур”.
Ҳукуматнинг доимий тазйиқи, қадимчилар томонидан халқ орасида газета ўқиганларнинг кофир деб тарғиб қилиниши натижасида “Самарқанд”нинг обуначилари сони кескин камайиб бораверган. Вадуд Маҳмуднинг хотирлашича, “Самарқанд шаҳрининг ўзида юз нусхаси зўрға сотилатурган бўлган”. Маҳмудхўжа Беҳбудий моддий қийинчилик ва доимий цензуралар туфайли газетанинг фаолиятини 44-сони чиққач тўхтатишга мажбур бўлган. Бундан хабар топган Қўқон жадидларидан Акобир Шомансур ўғли ва Мирзоҳид Оқилий газетанинг давомийлигини таъминлаш учун 500 сўм иона билан 200 та обуна юборишга тайёр эканликларини билдирганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий иона ва обуна билан газетани узоқ муддат давом эттира олмаслигини билдирган ва ионани қабул қилмаган. 1913 йил 17 сентябрда бир бетдан иборат “Самарқанд” газетасининг охирги 45-сони чиққан.
Миллатнинг тараққий этишини истамаган, унга қора ишларни қилдиришдан манфаатдор бўлган мустамлакачи ҳукумат “Самарқанд” газетасини ўзининг асосий душмани деб билди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 5 йиллик ҳаракати туфайли ташкил қилинган, бор йўғи 5 ой фаолият олиб борган ушбу газетани ёптириб қўйган. Аммо бу газета асосчисининг иродасини бука олмади, мутафаккир эндигина ташкил қилинган “Ойина” журнали фаолиятини ривожлантиришга эътиборини қаратди.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
тарих фанлари доктори, Тарих институти директорининг
илмий ишлар бўйича ўринбосари
Тарих
Тарих
Фалсафа
Жараён
Санъат
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ