Қўқон беклигини хонлик мақомига кўтарган ҳукмдор – Олимхон қисмати


Сақлаш
16:45 / 15.04.2025 26 0

 

ХВИИИ аср бошларида ташкил топган Қўқон хонлиги ХИХ аср биринчи чорагига қадар беклик мақомида фаолият юритган. Мамлакат ҳукмдорлари «бек», «бий» унвонлари билан аталиб, давлатни бошқарган. Қўқон хонлигини биринчи бўлиб, «хон» мақомида бошқарган раҳбар — Олимхон эди.

 

Олимхон минглар сулоласи вакили, Қўқон ҳукмдори Норбўтабийнинг ўғли эди. Унинг онаси Мингойим ҳам минглар сулоласидан бўлган. Олимхон таваллуд санасини Худоёрхонзода ўзининг «Анжум ат-таворих» асарида 1772 йил деб қайд этади. Олимхоннинг жияни Муҳаммад Ҳакимхон Тўра эса «Мунтахаб ат-таворих» асарида Қўқон хони 1810 йилда, 36 ёшида вафот этганини кўрсатиб ўтган.Яъни, Олимхоннинг таваллуд санаси сифатида 1774 йил белгиланган.

 

«Анжум ат-таворих» асари муаллифи Худоёрхонзода Қўқон хони Худоёрхоннинг ўғли ҳисобланади. Демак, Худоёрхонзода Олимхон даврида яшамаган ва у билан замондош эмас. Шундай бўлсада, асарда Олимхон даврига доир қимматли маълумотлар келтирилган.

 

Қўқон хони Норбўтабий вафот этганидан кейин унинг уч ўғли – бир онадан туғилган ака-укалар Олимхон ва Умархон ҳамда яна бир бошқа онадан туғилган ўғли Рустамбек, шунингдек Норбўтабийнинг укаси Ҳожибек тахтга даъвогарлик қилади. Олимхон ва Умархон она томондан минг уруғидан, Рустамбек эса юз уруғидан бўлган. Ўзаро курашлардан сўнг Қўқон хонлиги тахтига Олимбек келади.

 

Олимхон шахсига икки хил ёндашув мавжуд. Исъҳоқхон Ибрат ўзининг «Тарихи Фарғона» асарида Олимхонни шундай таърифлайди: «Бу Олимхоннинг лақаби Золимхон эди. У амакиси Ҳожибекни қатл қилиб, кўп зулмлар чиқарган эдики, ғазабиндан, зулминдан Золимхон машҳур ва маъруф, мункири аҳли тасаввуф эди. Маъа мофийҳи ўзини муташшари билиб, ижрои шар иддаоси-ила кўп зулмлар қилур экан».

 

Исъҳоқхон Ибратнинг бундай фикрлари Олимхон тахт масаласида амакиси Ҳожибекни қатл этгани ва ўз пирини 70 дарра уришни буюрганига асосланган. Албатта, ҳукмдорлар ўзаро курашларда қариндошлари билан можароларга боради, бу деярли барча салтанат раҳбарларига хос. Олимхон ҳам бундан мустасно эмас эди.

 

Олимхон шахсига унинг жияни Муҳаммад Ҳакимхон Тўра қуйидагича таъриф беради: «Олимхон ўша замоннинг унгача салтанат гулзорида бу подшоҳ каби тароват ва латофатда тенгсиз бирор гул очилмаган ҳамда мамлакат бўстонида унинг қадди-қомати сингари бирор сарв бўй чўзмаган бир шоҳи эди. Мақсади ҳосил ва нияти ёр шаҳриёр бўлиб, шоҳлик улуғворлиги ва савлати билан безанган, шижоати жаҳон палоси узра машҳур ва мазкур, курашлари замон саҳифасига битишган эди.

 

Яхши кўринишли юзи чиройли ва дилни эркалар чеҳраси ҳушсурат ҳамда душманни янгчувчи билагида тўла қудрат бор эди. Агар камонидан ўқ отилса, кўзланган нишонни турган жойида қотирар, агар тоғ тепасига бориб тушса, теккан ерини қулатар эди».

 

Муҳаммад Ҳакимхон Тўра яшаган давр Олимхон ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. У 1802 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Олимхон вафот этган вақтда Ҳакимхон 8 ёшда эди. Бироз бўлсада Олимхон билан замондош бўлганлиги учун ушбу асардаги Олимхонга берилган таърифлар нисбатан ишончлироқ дея айтиш мумкин.

 

Олимхон даврида Қўқон хонлигининг сиёсий мавқейи янада ортди. Олимхон 1805 йилда «хон» унвонини қабул қилди ва шундан сўнг давлат расмий равишда Қўқон хонлиги деб атала бошланди.

 

Олимхон даврида Қўқон Фарғонанинг маданий ва иқтисодий марказига айланади. Хонлик қўшни давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатади. У Хива, Шарқий Туркистон ва Бухорога элчилар юборди. Айнан Олимхон давридан Қўқон хонлигининг ташқи иқтисодий ва элчилик алоқаларида тараққиёт даври бошланади.

 

Олимхон мамлакат иқтисодини ривожлантириш мақсадида камбағаллар ва қаландарларга ер ва чорва ажратиб беради. Бу Олимхоннинг қуйи қатламлари орасида нуфузи ошишига олиб келади. Маълумки, Қўқон хонлигида Норбўтабий давридан бошлаб мис чақалар босила бошланган, Олимхон эса кумуш тангалар ҳам зарб қилдиради.

 

Унинг ҳукмронлиги йилларида Фарғона водийсининг жанубий ҳудудларидаги сув таъминотини яхшилаш учун Сўх дарёсидан олтита ариқ қазилган ва ҳозирги Олтиариққа асос солинган.

 

Олимхон давлатни қаттиққўллик билан бошқарган. У диний соҳада туб ислоҳотлар ўтказади. Хонлик бошқарув тизимида фаолият юритаётган диний уламолар устидан назоратни кучайтиради. Масалан, диний унвон ҳисобланган «Эшон»ни бекор қилади, айрим диндор арбобларнинг тўғри ибодат қилишини текшириш мақсадида имтиҳон жорий қилади ва ёлғончилиги фош қилинганларни жазолайди. Диндор-руҳонийлар Олимхоннинг бу хатти-ҳаракатидан норози бўлади, натижада уларнинг аксари қатл этилади.

 

Олимхон кўплаб соҳалар қатори ҳарбий соҳада ҳам ислоҳотлар амалга оширади. У янги мунтазам қўшин таркибидаги аскарлар у ёки бу гуруҳ таъсир доирасига тушиб қолишидан хавфсираб, тоғлик тожиклардан иборат махсус гвардия ташкил қилади. У бу қўшин ёрдамида кўплаб муваффақиятларга эришади: Ангрен воҳаси, Тошкент, Туркистон ва Чимкент каби ҳудудларни ўз давлати таркибига қўшиб олади.

 

Мирзоолим Мушрифнинг «Ансоб ус-салотин ва таворих ул-хавоқин» асарида Олимхонда шундай таъриф берилади: «... қўп сиёсатлик подшоҳ бўлди. Амири Бухоро ҳам таваҳҳумга тушди». Айнан Олимхон даврига келиб Қўқон хонлиги Бухоро амирлиги билан тенгма-тенг рақобат қила оладиган, ҳам иқтисодий-ижтимоий ҳам ҳарбий-сиёсий жиҳатдан йирик давлатга айланган.

 

«Қамал вақтида маъқул бўлган хизматлар кўрсатиб, душман тўп ва тўфанги ўқидан оламдан ўтган йигитларнинг барчасини рўйхатга олиб, уларнинг фарзандларига шафқат ва марҳамат кўрсатди. Уларнинг болаларини дафтарга ёзиб, ёшига қарамасдан оталари ўрнига амалларга тайинлади», дея Олимхон ҳақида ёзади тарихчи Ниёз Муҳаммад Ҳўқандий ўзининг «Ибратул Хавоқин» асарида.

 

Олимхон ўша машҳур Тошкентга қилган юриши пайтида унга нисбатан кўплаб фитналар уюштирилади. Уюштирилган фитналарда унинг укаси Умархон ҳам иштирок этганлиги тўғрисида манбаларда маълумотлар бор. Фитначилар «Олимхон Тошкентда ўлди», дея хабар тарқатади ва укаси Умархонни 1810 йилда хонлик тахтига ўтқазади. Бундан хабар топган хон зудлик билан Қўқонга қайтади. У йўлда, Сарой деган мавзеда отиб ўлдирилади. Муҳаммад Ҳакимхон Тўра бу пайтда Қўқонгача бир фарсах масофа қолганлигини айтиб ўтади.

 

«Мунтахаб ат-таворих» асарида Олимхоннинг ота-онаси ёнига дафн қилингани ҳамда ўша қабристонга «Дахмайи Шоҳон» деб ном берилгани қайд этилган. Шу даврдан бошлаб бу ерга хон хонадони вакиллари дафн этиш анъанага айланади.

 

Олимхондан сўнг хонлик тахти унинг укаси, «Амир ал-муслимин» номини олган Умархонга насиб этади.

 

Олимхоннинг фарзандлари масаласига келадиган бўлсак, Муҳаммад Ҳакимхон Тўранинг ёзишича, Олимхоннинг уч нафар ўғил фарзанди бўлган. Биринчиси шаҳзода Шаҳрух, иккинчиси Оталиқ хон номи билан танилган Иброҳимхон, учинчиси Муродхон эди. Яна учта қизи фарзанд: Ойимхон, Улуқхон ва Офтобхонлар ҳам Олимхондан мерос бўлиб қолади.

 

Олимхон Қўқон хонлари орасида ўзининг мардлиги, қаътиятлилиги, қаттиққўллиги ва тантилиги билан ажралиб туради.

 

Яҳёбек ТУРСУНБОЕВ

Ўзбекистон Миллий университети талабаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17589
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//