Адабиётсиз, санъатсиз, ҳақиқий тарихсиз ясалган мафкура қумдан қурилган уй каби – санъатшунос ҳақиқатлари


Сақлаш
17:02 / 14.04.2025 72 0

Арзон ташвиқот, ғўр инкор

 

Шарқни улуғлаш баҳонасида Ғарб адабиётини, маданиятини ерга урадиганларга, “Сўфи Оллоёр олдида Толстой ким бўпти?”, “Машраб киму Камю ким?” қабилидаги жўн таққосларга кўп дуч келамиз. Донишманд Шарқ бунақа арзон ташвиқотга муҳтож эмас. Мутафаккир Ғарб ҳам чираниш оҳангидаги ғўр инкорларга қилт этмайди. Шарқ маънавияти – хазина. Инсонни тадқиқ этадиган Ғарб, хусусан, рус адабиёти хазинага элтувчи йўлларни кўрсатади. Мутолаа асносида мингларга бўлиниб кетган Ўзинг билан юзма-юз келаверасан. Бора-бора руҳингдаги тўсиқлар қулай бошлайди: дунёни кенгроқ, инсонни ичкинроқ идрок эта бошлайсан, бағрикенгроқ бўласан. Иккиси ҳам “Ваҳ, менга Машриқ надир, Мағриб надир, / Балки кўкларга учармен, бари бир...” деган умуминсоний ғояга келмоқ учун бир cулукдир.

 

Мақсад на эди жаҳона келдинг...

 

Ўзимга савол бераман: собиқ Иттифоқ даврида грузинлар қандай қилиб грузин совет киносини эмас, ГРУЗИН миллий киносини ярата олди? Бизга “Басмачфильм” ёрлиғи ёпиштирилган кезларда улар Худо ҳақида, дин ҳақида, эътиқоду маслак, одамзоднинг заминдаги ўрни, шоир миссияси ҳақида космик кўламдаги “Илтижо” фильми билан дунёга чиқди. Ваҳоланки, тарихчиларнинг ёзишича, Сталин қатағони Грузияда ҳам аёвсиз кечган. Бадиий адабиётдан ҳам биламизки, Кавказ чор Русияси давридаёқ рус амалдорларининг далаҳовлисига айланиб қолган. Қандай қилиб улар ўзлигини асраб қола билди?

 

Яна савол бераман: нега охирги йигирма-ўттиз йилда ўзбек эстрадасида шлягерлар – дурдоналар яралмади? Ҳолбуки, бугун ҳам тили грузинча, оҳанги кавказона, таъсир кучи эса умуминсоний, туйғуларни коинот, борлиқ ила олий уйғунлик қадар кўтарадиган янги-янги қўшиқлар яратилмоқда. Жўшқин нолалар руҳингизни чунон эркалайди, нотавон кўнглингиз қандай қилиб арзанда кўнгилга айланганини билмай қоласиз. Грузин – жигарингизга, Тифлис – иккинчи юртингизга айланади... “Мақсад на эди жаҳона келдинг, / Кайфиятини баён этиб кет!” – Отар Иоселиани, Вахтанг Кикабидзе, Тамара Гвердцители, Валерий Меладзе каби грузин фарзандлари мисолида кўряпмизки, улар доим буни эплаган ва эплаяпти. Шунинг учун ҳам бу халқ катта санъат ярата олади.

 

Кайфиятингники баён эта олмадингми, сен ҳеч кимсан, ҳеч нарсасан!..

 

Коса тагида нимкоса

 

“Телба” романида Афанасий Тоцкий образи бор – ҳали расидалик чегарасига ҳам бормаган қизалоқнинг бокиралигини топтаган кибор. Кимсасиз етим қизчани кимсан Настасья Филипповна хонимга айлантиргани учун ўзидан ғоят миннатдор. Ҳеч қачон бир аёлни бадбахт қилдим, маъсум болалигини ўлдирдим-ку, демайди. Йўқ-йўқ, бу фикр хаёлининг кўчасига яқин ҳам йўламайди. Аксинча, мен унга мурувват кўрсатдим, марҳамат этдим, саводини чиқардим, у менсиз ҳеч ким эмасди, деб ишонади.

 

Ўйлаб қаралса, Тоцкий ўз босқинчилигини “халоскорлик” деб биладиган, жиноятини маданиятни тарғиб этиш ниқобида амалга оширадиган тажовузкор давлат моҳиятини ўзида мужассам этгандек. Бугунги қонли “постановка”нинг кўр ижрочилари ўтган аср инқилобидан бус-бутун, омон чиққан такаббур тоцкийларнинг, курагинларнинг зурриёдлари эмасмикан? Нега Достоевский Россиянинг аҳли аркони cиғинадиган, манаман деган хонимлар изига зор турадиган тўрани қалби кўр, молу давлатидан гуноҳи улкан зодагон қилиб гавдалантирди? Нега Толстой туғишганидан ҳам парҳез этмайдиган фаҳш қулининг отасини ордендор сарой мулозими сифатида тақдим этди? Василий Курагин – Наполеонни мағлуб этган қудратли империянинг вазири! Вазир бўлатуриб, ўлим тўшагидаги қариянинг бойлигини ўзлаштириш учун ҳар қандай тубанликка тайёр. Адабиётнинг буюк адолати бадиий асарни тарихий қийматга ҳам эга ҳодисага айлантира олди. Бунда фақат ўтмиш солномасини эмас, мангуликка муҳрланган миллат руҳиятини, халқ қалбини кўрамиз.

 

Юраги саҳнага айланган санъаткор

 

Вахтанг Кикабидзе ярим бўғиқ, бироз хирилдоқ овозда қўшиқ айтса ҳам нега танангизга титроқ югуради? Сизга буткул нотаниш гуржи тилида айтилган нолалар нега бунча таниш туюлади?.. Мен Кикабидзени тинглаб дард билан дарднинг фарқига етгандайман, аниқроғи, шу сирга изоҳ топгандайман: Буба амаки катта ижтимоий-инсоний дардларни шахсий дардига айлантирган, илло шахсий дардини зинҳор ижтимоий кўламга кўтармаган. 

 

Уни Россия саҳнаси дунёга танитди. Айнан шу диёрда Вахтанг Кикабидзе номи билан машҳур бўлди. Лекин мисқоллаб йиққан шон-шуҳратини, ўзини кутаётган “юксак” марҳаматни грузин тупроғига кирган рус танки оёқлари остига сочиб юборди. На юбилейини ўтказиш учун қадрдон Москвасига борди, на улар тортиқ этган “Дўстлик” орденини қабул қилди!

 

У куч-қудратга ҳисоб бермади, аксинча, ундан ҲИСОБ сўраб ўтди. У меросини Ватанини ҳимоя этаётган мазлум миллат қўлларига топширмасдан тинчгина кетолмасди. Сиёсий дийдиёларнинг у учун заррача қиймати қолмаган эди. Инсоний бурчини бажарса бас...

 

Асл эранга хос қадамларни ташлаган шахснинг ўй-хаёлидан қандай кечинмалар ўтган? Юрагини қандай ҳиссиётлар кемирган? Булар беиз кетадими? Йўқ. Айнан ўша ҳил-ҳил пишган ҳиссиётлару тобланган кечинмалар унинг қўшиқлари оҳангида юз хил жилвада сизиб чиқади. Чеҳрасига истара бахш этган ажинларнинг изоҳи куй бўлиб воқеланади. Шунинг учун ҳам уни тинглаганда кибор ва забун Кавказ тарихини ўқигандек бўлаверамиз. Қўшиқлари инсон драмасини, унинг қувончию андуҳини дардчил ва ўктам овозда тушунтиради.

 

Санъаткор дунёни ўз саҳнасига айлантира олиши керак, деган гап бор. Лекин ижодкор юраги ҳам дунё саҳнасига, инсоният истиғфорига айланмоғи шарт!

 

Иқрор

 

Мактаб иншоларида Алишер Навоийни “ғазал мулкининг султони” деб ёзишни одат қилган эдим. Аслида, ҳазрат дунёсидан буткул узоқ эдим, ҳали у ҳақда ўз айтар сўзим йўқ эди. Ҳозир ҳам Навоий ижодини яхши биламан деб айтолмайман, лекин нуқул Шайхзода ибораси ортига беркиниш яхши эмаслигини биламан. Ул зот ҳақида қай даражададир ўз тасаввурим, муносабатим бор. 

 

Ҳа, айнан муносабат йўқ жойда, фикр тўхтаган жойда ҳашамдор гапларга ружу қўйилади. Қалам кимдир ҳақида қоғоз қоралай бошладими, ўз-ўзидан ошириб-тошириб, идеаллаштириб ташлайди. Чунки мияда қаҳрамонни фақат мақташ керак, деган “дастур” ишлайди, холос. Худди туғилган кунда қутлов айтаётган одам ҳолига тушасиз.

 

Баҳодир Йўлдошев, Ҳалима Худойбердиева, Римма Аҳмедова, Гулбаҳор Йўлдошева, Жамшид Зокиров, Ҳожиакбар Нурматов, Иброҳим Ҳаққул, Омон Мухтор, Маҳмуд Саъдий, Мурод Абдуллаев, Луқмон Бўрихон ва Ҳулкар Олимжонова билан боғлиқ хотиралар мени тинимсиз таъқиб этади. Лекин улар ҳақида ёзмоқ учун мен ўзимга тик қарай олишим, ҳақиқий истиғфор, чин иқрор босқичига кўтарилишим шарт. Ўшандагина у инсонларни мендан ҳам яхши биладиган одамлар кўзига тик қарай оламан. Улар орасида иймон асирлари, Ҳақнинг тутқунлари бор. Менга ўша инсонларнинг ўткир нигоҳи халал бераётир...

 

Уч улуғ сиймо

 

Кўпдан бери уч буюк ижодкор ҳақида ўйлайман: Бобур, Толстой ва Абдулла Орипов. Улардаги умумийлик нимада, биласизми? Учови ҳам ўз ҳолини борича баён этиб кетди.

 

Акс таъсир

 

Йигирма йиллар олдин бир олимдан негадир кўп кўринмаётган, лекин ғоят истеъдодли аёл ҳақида сўраганимда у киши рўйхушлик бермай гапирган эди. Қизиғи, суҳбатдошимнинг гаплари акс таъсир этиб, иштиёқимни кучайтиргандан кучайтирди. Ўшанда таъналарни ақлим қабул қилгандек бўлди-ю, юрагим кескин инкор этаверди. Ниҳоят, у аёл остонасига бордим. Домланинг гапига кўр-кўрона итоат этмай, юракка бўйсунганим ҳаётимдаги энг тўғри қарор бўлганини кўп ўтмай тушундим... Айнан ўша кескин эътироз учун ҳам бугун ўша олимга раҳмат айтаман. 

 

Инсонни фош этар овоз

 

Овоз – нигоҳ, кулги ва йиғи каби одамнинг кимлиги, ички дунёсини фош этади. У, таъбир жоиз бўлса, бизнинг юрагимизга ўрнатилган микроскоп. Асаб саси асабга тегади. Кибрнинг товуши кўкракдан тепада туради, томоқдан чиқаётгандек таассурот уйғотади. Шанғи оҳанг, хунук овоз юракнинг ғадир-будир чизгиларини кўрсатади, ўргимчак тўри чангалидаги фикр ва қалбнинг маҳдудиятидан сўзлайди. Минғирлашга мойил бир маромдаги овоз эса соҳибининг қанчалар зерикарли эканидан, илмилиқлигидан дарак беради. Хоҳ диний, хоҳ сиёсий ёки маърифий ташвиқотни касб қилган одам оҳангида таъкид устун туради. Бир танада ақлли-аҳмоқ қоришиб кетади.

 

Маддоҳ ва лаганбардор кимсалар овози қанчалик чиройли бўлмасин, гапи бетаъсир. Гўё гапирмаяпти, алжираяпти, гўё сувқувурдан шовқин чиқяпти дейсиз. Қон йиғлаб гапирса ҳам, сўзи ёдингизда қолмайди. Чунки улар сохтакор кимсалар. Шунинг учун ҳам уларнинг овозини асл оҳанглар, хос товушлар, табиий титроқлар тарк этади. Шахсияти илмилиқ одамнинг овозида ўзгачалик бўлмайди. Ҳатто унинг овози-да “ҳаммалашган” бўлади.

 

“Яраси очиқ” ижодкор

 

Римма Аҳмедова билан Ҳожиакбар Нурматов кўнглига чўккан, ўзини тинглай олган нодир шахсиятлар эди. Ўзига нима керагу нима керак эмаслигини аниқ биларди. Ҳар ишни ўзига эп кўрмас, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини муносиб тутарди. Халқчиллик ва аслзодалик ўртасидаги олтин ҳалқага ўхшарди улар. Шеъриятда Рауф Парфи “яраси очиқ” ижодкор бўлган эса, актёрлар орасида Римма опа ва Ҳожиакбар ака шундай эди...

 

Сўзсиз фарёд, сассиз қувонч

 

Туркиянинг собиқ бош вазири Аднан Мендерес ҳақида гап кетса, поляк кинорежиссёри Кшиштоф Кесьлёвский ёдимга тушади. Ёки аксинча – санъаткорни ўйласам, вазир жанобларининг нимтабассумли қиёфаси хаёлимда гавдаланади. Булар ўртасида қандай умумийлик бор, деб сўрарсиз. Дор остидаги Мендерес билан Венеция кинофестивалида бош совринни қабул қилаётган пан Кесьлёвскийнинг руҳий ҳолати, кайфияти уйқаш туюлади менга. Мендерес афанди ўз қатлини қанчалар хотиржам, нурли маъюслик ила қаршиласа, Кесьлёвский ҳам ғалабасини худди шундай қабул қилади. Гўё рўй бераётган воқеаларнинг унга ҳеч алоқаси йўқ. “Дунёнинг тагига етганлар” деб шодлигу қайғуни бирдек қарши оладиган, донишмандлик босқичига кўтарилганларга айтилса керак. 

 

Руҳ бу даражада юксалиши учун қандай чиғириқлардан, сўқмоқлардан ўтмоғи керак? “Агарда имкон бўлса, нариги дунёга Нозим кўзидаги мунгни олиб кетардим”, деган экан Миртемир домла. Мен эса юрагимда нақш бўлиб чизилган шу икки ҳазрати инсоннинг муваффақият ва ҳалокат қаршисидаги кечинмалари моҳиятига етишни, юрак тубидаги жавоҳирларни англашни шу қадар истайманки!..

 

Нафақат бахт, бахтсизликка ҳам сокинлик ярашади. Гоҳ шодлигингиз билан ўзга юракка озор бериб қўясиз, гоҳ қайғунгиз билан кимнингдир қувончига соя соласиз. Сўзсиз фарёд, сассиз қувончга қандай эришмоқ мумкин? “Олтин шер” ҳайкалчасини ушлаб турган ғолиб билан дор оғочига салом бераётган мағлуб ўртасидаги масофа қанча? Ичингизда шунақанги харсангтош бўлса-ю, ютуқда ҳам, ютқизиқда ҳам сизни қилт эттирмаса, руҳнинг чайқалишига йўл қўймаса... Балки ўзгага маломат, ўзидан мамнунлик, дунёсидан манфаату умидворлик ҳиссидан буткул фориғ бўлган одам озодликка эришар? Назаримда, айнан шу ҳасби ҳолда баланд, завқли парвоз бордек...

 

Хомхаёлга эргашиб

 

Гоҳида ўйлайман: нега фалончи кўп ўқиган, узоқ йиллардан бери қалам тебратиб келаётган ва катта адабиётга мансублик иддаоси бўлса-да, ҳаминқадар ёзувчи даражасида қолиб кетган? Нега?.. 

 

Етти-саккиз йил олдин муҳаббат мавзусида чучмалгина қисса ўқиб қолдим. Қаҳрамонлар сал депсиниб кетай деса, оёқ остидан ўлгур бир тошча ҳам чиқмайди. Назаримда, бу каби ғариб қиссаларнинг муаллифлари ҳаёт қонуниятларидан, муҳаббатнинг зиддиятли моҳияти, инсон тийнатидан кўра ўзининг тор тутумларини устун кўради. Ўз ҳақиқатини инсоният ҳақиқатида кўргиси келади. Бутун бир воқеликни, қаҳрамонлари тақдирини мана шу хомхаёлга бўйсундирмоқчи бўлади. Шунинг учун ҳам бундай асарлар ўз ўқувчисини, ҳасратдошини топиши душвор.

 

Сўз интиқоми

 

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида иш бошлаган кезларим Гулчеҳра Умарова бир мақолани қўлимга тутқаздилар. Бор-йўғи икки ярим бет. Мақоланинг охирига қарайман: “Фалончи Фалончиев, филология фанлари доктори, театршунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Давлат мукофоти совриндори, фалон орден соҳиби...” Таассуфки, шунча ваҳимага арзирли биттаям тирик сўз топилмаса денг! Узр-у, фақат расмий некрологга ярайдиган ўлик нимарсалар. Гулчеҳра опа ўзига ярашган қув табассум билан деди: “Ака бир умр шунақа ёзди. Ҳеч ким ундан ортиғини кутмайди. Лекин мақолани чиқартирмай қўймайди”. 

 

Дарҳол тушундим: у муаллиф “сўнгги рицарь” эмас. Ҳа, айтар гапининг тайини йўқ “ёзғувчи”лар исм-шарифини ҳеч ёлғизлатиб қўймас экан. Илми ҳаминқадар бўлиши мумкин, лекин унвонларининг қаторидан хато ўтишини хоҳламас, кейин билсам, бу ҳам бир ҳимоя усули экан. Кимнинг ўзига, сўзига ишончи қанчалик суст бўлса, тиргакка, суянчиққа шунча кучли эҳтиёж сезар экан. Ваҳоланки, ғўддайиб турган ўша “савлат” мақоланинг ҳам, эгасининг ҳам ғариблигини янада қабартириб кўрсатади.

 

Хўш, давлатлар-чи? Улама сифатларга муҳтож мамлакат ҳам ўша ожиз олим аҳволидами? Исроф этилган сўз интиқоми оғир келаркан. Йигирма беш йил давомида “мустақил юртимиз” деган таърифни нақорат қилганимиз сари, шахс сифатидаги эркимизни анор суви каби сиқиб-сиқиб чиқардик. Энди бу сира хатолардан сабоқ чиқарайлик.

 

“Покдомон” жодугар

 

Илон Маск ҳақида бир пост ўқидим. Эътиқод борасида баҳслироқ фикр айтган экан. Ижтимоий тармоқларда одамлар яйраб-яйраб шунақанги изоҳлар қолдирганки, гўё Маск тушолмайдиган жаннат улар учун нақддек! Одамзод – таскинлар ижодкори. Ҳатто ёвузлик тимсоли бўлмиш ялмоғиз кампир ҳам аччиққина тилини икки қарич қилишга важ топармиш: ҳалигача қўлимни ҳеч кимга ушлатмаганман, менинг покдомонлигим олдида сенларнинг шуҳратингу кашфиётларинг бир тийин!..

 

Ўтда ёнмас, сувда чўкмас

 

Юрий Живаго Комаровскийдан “Сен қандай қилиб ҳар қандай тузумдан бус-бутун чиқасан? Ҳар қандай ҳокимиятнинг керакли одамига айланасан, бунинг сири нимада?” деб сўрайди. Жавоб бундай: “Чунки мен Худога ишонмайман”. 

 

Смоктуновский надомати

 

1980-йилларнинг бошида бир фильмни суратга олиш ишлари “ватангадолар шаҳарчаси” Горькийда кечади. Атоқли актёр Иннокентий Смоктуновский яқин атрофда диссидент олим Андрей Сахаров яшаётганини эшитиб, уни зиёрат қилмоқчи бўлади. Йўлга отланаётганида ҳушёр дўстлари унга бормасликни маслаҳат беради. Лекин у Горькийга келиб, Сахаровни кўрмай кетолмаслигини айтади. Манзилга яқинлашиб, уй атрофида икки нафар махсус хизмат ходими юрганини кўради. Оний қўрқувга енгилган актёр ортга қайтади.

 

Сўнгги нафасида эса санъаткор аччиқ афсус-надомат қилади: “Ўша шармандали кунни эсласам, ҳануз ўзимдан уяламан. Хўп, Сахаровникига кирсам нима бўларди – мен иштирок этган фильмлар токчада чанг босиб ётиши, ўзим имтиёзлардан мосуво бўлишим мумкин эди... Хўш, нима бўпти?! Лекин ўзимга ҳурматим йўқолмасди-ку!”

 

Нега моҳиятдан қўрқамиз?!

 

Улуғ актёр Наби Раҳимов айтган экан: “Мен ўлганимда фалончи одам майитим тепасида гапирмасин. Буни васият деб билинглар!” 

 

Баъзида устоз журналистлару ҳамкасбларнинг ёдномаларини ўқиганда ўша васият ёдга тушади. Ҳақиқат шуки, ёлғон мадҳлару дилетантча ҳамдардликлар, носамимий битиклар анъанавий журналистикани адо қилади. “Бўл тайёр – доим тайёр!” шиори самимиятни ўлдиради. Ҳар қанча титкиласак-да, бисотимиздан соф истиғфорга йўғрилган фикрлар чиқмайди. “У истеъдодининг бор бўй-бастини кўрсата олмади, жавоҳири ўзи билан кетди. Саҳнабоп қиёфаси, аслзодаларга хос виқорига қарамай, саҳнада бир он ҳам нафас олмади. Ҳаётидаги йўқотишлар, шахсий драмалари уни қадрдон театридан айирди. Кинода хам ундан фойдалана олишмади. У ўзбекнинг Нодирабегими ёки Ўзбекойими бўлиши мумкин эди...” каби рост гаплар гўё марҳум обрўйини туширадигандек. Нега моҳиятга мўралашдан чўчиймиз? Нега бунчалар шаклбозмиз?! Саёзлик қачон савлатга айланишга улгурди? Ўзини заррача ҳурмат қилган одам ўтганлар бизнинг ясама ҳамду саномизга муҳтож эмаслигини тушунади. Ҳали ором топмаган руҳни безовта этмайлик. Бас, у ёлғон дунёни – бизни тарк этаётир. Рост гапингиз бўлмаса, тинч қўйинг марҳумни!

 

Риё шаккокликни туғдирар

 

ХХ аср 50-йиллари иккинчи ярмидан 70-йиллар бошигача совет киносида оилали аёл муҳаббати мавзусига кўп мурожаат этилди: “Жамила”, “Уч терак қаҳвахонаси”, “Анна Каренина”, “Ваня тоға”, “Сурайё”, “Лайлак келди – ёз бўлди”, “Инсон қалби ҳақида қисса”... Нега киночилар бу қалтис мавзуга айнан аёл кўксини қалқон қилдилар? Сталин вафотидан сўнг мамлакатда эрк эпкини енгил эсгандай бўлди. Эркка ташналик одам қонида бор. Ўшанда темир тақиқларга, инсон иродасини букиб турган рутубатга исён ифодаси сифатида аёл ишқи танланди.

 

Бугун ҳам ёшлар даъво қилаётган “жинсий эркинлик” тушунчасини “буюк келажак” утопияси туғдирмадимикан? Тушунайлик ва тан олайлик: биз айтиб келган ва айтаётган чўпчаклар мурод-мақсадига ета олмай, юнон трагедиясига айланди. Катта риёкорлик катта шаккокликни туғдирди.

 

Ҳаёт ҳақиқати

 

Асл адабиётсиз, соф санъатсиз, ҳақиқий тарихсиз ясалган ҳар қандай ғоя ва мафкура қумдан қурилган уй каби омонатдир.

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 1-сон.

“Ёлғоннинг ёнида турмайлик” мақоласи.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17590
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//