«Ҳайдовчилар қоидани бузса радар айбдорми?». Андижондаги «радар овчиси»га фаоллар муносабати


Сақлаш
15:50 / 14.04.2025 35 0

Андижонда қайта-қайта радарга тушиб, жарима тўлагани боис шаҳардаги 52 та радарни пневматик қурол билан шикастлаган эркак ижтимоий тармоқларда «халқ қаҳрамони»га айланмоқда. Фойдаланувчилар ҳатто, қонунбузарлиги учун 1 миллиард сўмлик жарима солинган фуқарога молиявий ёрдам кампаниясини ҳам ўтказяпти. Фаоллар эса бундай «самосуд»ни қоралаб, мулкка зарар етказган шахсни оқлаш мумкин эмаслигини таъкидламоқда. 

 

14 апрель куни Андижонда пневматик қурол билан 52 та радарни отиб, ишдан чиқарган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида видеолар тарқалди. Видеода 49 ёшли эркак йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун кўп бор жаримага тушгани ортидан бу ишга қўл урганини айтган.

 

У шаҳардаги 29 та чорраҳага ўрнатилган 51 та Hikvision русумли фото ва видео қайд қилиш дастурий-техник воситаси ҳамда 1 та Hikvision русумли радар комплексини ўзининг пневматик милтиғидан ўқ узиб, қасддан шикастлаган.

 

Фуқаро жами 1 млрд 147 млн сўм моддий зарар етказганликда айбланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «в» банди (кўп миқдорда мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Тармоқларда бу хабарга турли хил муносабат билдирилмоқда. Аксарият фойдаланувчилар эркакни «халқ қаҳрамони» деб атаб, у қилган ишни тўғри дея баҳолаяпти. Баъзилар эса фуқаро шунчаки қоидаларга риоя қилса, радарлар унга ҳеч қандай муаммо туғдирмаслигини таъкидлаган.

 

Кўплаб фаоллар ва блогерлар ҳам бу борада ўз фикрини билдирган. Oyina.uz уларнинг айримларини бу ерга жамлади.

 

Хушнудбек Худойбердиев. Ҳуқуқшунос, блогер

 

«Жисмоний ва мулкий зарар етказган ҳолда қилинган ҳар қандай самосуднинг оқибати жуда ёмон.

 

Радарларга қарши ўзбошимчалик билан уруш очган шахс ҳеч қанақа замонамиз қаҳрамони эмас. У энг аввало қоидабузар, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаган. Ўзи тартибли юришни ўрганиш ўрнига, аламини радарлардан олмоқчи бўлган ва самосудга йўл қўйган. Буни ҳеч қанақа сабаб ёки баҳона билан оқлаб бўлмайди.

 

Масалан, бир киши ҳар сафар тақиқланган жойга, шундоқ йўл ёқасига, чиқинди ташлаб кетар эди. Охири ўша ерга камера ўрнатишди ва чиқинди ташлаганларни жаримага тортиш бошланди. Ҳалиги қоидабузар яна кўчага чиқинди ташлашда давом этди ҳамда жарима тўлагани учун камераларни уриб синдирди. Нима қилиш керак, уни ҳам оқлаш керакми? У қаҳрамонми? Қайси иши учун? Қоидаларга бўйсунмагани учунми ёки ўзбошимчалик билан мулкка зарар етказгани учунми? Ваҳоланки, кўчага чиқинди ташлаш бевосита одам ўлдирмайди, лекин йўл қоидалари бузилиши сабабли ҳар йили 2 мингдан ошиқ юртдошимиз ҳалок бўлмоқда.

 

Унақада кейинги босқичда ҳадеб қўлга тушавергани учун камераларни синдирган ўғриларни ҳам оқлашни бошлаймизми?

 

Ҳар қандай норозиликни қонун доирасида билдириш керак. Агар радарларни нотўғри деб ўйласангиз, унда бунга қарши қонуний йўл билан курашинг. Лекин зинҳор ўзбошимчалик билан эмас. Давлат бунга йўл қўйиб берса, эртага хаос бошланади, исталган инсон биронта ёқмаган одамининг ўзига ёки мулкига зарар етказишни бошлайди. Бу ҳар биримиз учун хавф.

 

Агар ўша инсон радарлар ёмонлиги ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали танқидий фикр билдирганда эди, гарчи унинг гапларига қўшилмасам ҳам, лекин унга фикри учун босимлар бўлса, ҳимоя қилган бўлардим. Худди «метан заправка»даги ҳайдовчи ҳолатидаги каби. Чунки танқидий фикр айтиш жиноят эмас, сўз эркинлиги Конституция билан кафолатланган.

 

Аммо бировнинг мулкига зарар етказиш — қонунларга зид.

 

Бўлган ишдан эса на ҳайдовчиларга, на бошқа юртдошларимизга манфаат тегади. Бир тийинлик фойдаси йўқ. Асосий жабрни ўша инсоннинг ўзи кўради энди, қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлади».

 

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

 

«Кўзларида қилган ишидан заррача афсусланиш йўқ. Қайтага ъмен халқ учун қилдим, керак бўлса тўлаб қўйишʼ, деган иддао бор».

 

Обиджон Латипов, фаол

 

«Зиёлиси хор, радар синдиргани ъқаҳрамонʼ бўлган жамиятнинг ҳолига маймунлар йиғлайди».

 

Нозим Сафари, блогер

 

«Монови автотеррорист Андижондаги 52 та радар ва камераларни уриб, ишдан чиқарибди. Энди эса етказган зарарини тўлаш учун карта қўйиб, машинапараст аҳолидан пул сўраяпти. Жуда хавфли шахс ва кейс. Бундайларни жойи қамоқ».

 

Шунингдек, фойдаланувчилардан бири «ҳайдовчилар қоидани бузса радар айбдорми?» дея воқеага муносабат билдирган. Радарлар ЙТҲъларнинг олдини олиш, ЙТҲ қурбонлари сонини камайтириш учун қўйилишини таъкидлаган фойдаланувчилар ҳам кам эмас. Бироқ аксарият изоҳларда одамлар қонунга тескари равишда ҳаракат қилган инсонни хайрхоҳлик билдирган.

 

 

Ривожланган давлатларда радарлар билан боғлиқ аҳвол қандай?

 

Дунёдаги энг хавфсиз йўлларга эга Швецияда тезлик назорати камералари (радарлар) ҳаракат хавфсизлиги камералари деб аталади. Аксарият мамлакатларда бундай камералардан биринчи галда ҳар бир қоидабузарлик (масалан, тезликни меъёрдан ошириш ҳолати)ни қайд этиш, қоидабузарни тутиб, уни жаримага тортиш воситаси сифатида фойдаланилади. Шведлар фикрича, бундай анъанавий ёндашув ҳайдовчиларда ҳукуматга ишончсизлик уйғотади.

 

Швеция бу масалага бошқача ёндашади. Мазкур Скандинавия мамлакатида камералар биринчи галда ҳайдовчиларга тезлик чекловлари ҳақида ахборот бериш ва йўлларнинг хавфли қисмларидан огоҳлантириш воситасидир. Алоҳида қоидабузарларни қайд этиш – иккинчи даражали масала: Швецияда ҳайдовчиларга камералар орқали ёзиладиган жарималар сони кўплаб мамлакатларникидан анча кам.

 

Бунинг асосий сабабларидан бири – одамларда бу тизимга ишонч бор ва улар янги камераларнинг ўрнатилишига қаршилик кўрсатмайди. Бундай ёндашув иш беряпти: йўлларнинг хавфсизлик камералари ўрнатилган қисмларида ҳайдовчиларнинг 95 фоизи белгиланган тезлик меъёрига риоя қилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17589
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//