
Феруза Гафурова 2008 йилдан буён Германияда истиқомат қилади. Оилали, уч нафар фарзанднинг онаси. Қаҳрамонимиз Берлин шаҳридаги IWEС (Innovative Water & Environmental Solutions) компанияси бошқарувчиси, Германияда ташкил этилган “Oʻzbekoyim Community Germany” аёллар клубининг асосчиларидан бири, қолаверса, Германиядаги ватандош хотин-қизлар учун ташкил этилган “Бахтиёр оила” лойиҳаси маслаҳатчиси.
Ҳозирги касбимни болалик пайтларимдан орзу қилардим
Қадим Самарқандда улғайганман – болалигим кечган далалар, кенглик, сув кечиб юрган пайтларимни кўп эслайман. Болалигим мўжизавий кечган десам ҳам бўлади. Эсласам ҳали-ҳануз кўзларимга ёш келади. Табиатни севардим, у билан боғлиқлигимни кейинчалик англадим. Ўша пайтларданоқ келажакда хорижий давлат фуқаролари билан ҳамкорлик қилишни орзу қилардим ва шу ният билан Тошкент давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кирганман. Таълимим бу билан чекланиб қолмади, турмуш қурдим ва кейинчалик турмуш ўртоғимнинг соҳаси қизиқ туюлди, ана шу қизиқиш мени Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Миллий тадқиқот университетида иккинчи йўналиш бўйича таҳсил олишга ундади. Шундай қилиб, бу соҳада ҳам билим ва тажрибамни оширдим. Ана ўша билимлар бугун олисдан туриб ватаним учун фойдали ишлар қилишимга сабабчи бўлмоқда.
Ҳамиша Ўзбекистон иқлими билан қизиқаман
2008 йилдан буён Германияда яшаймиз. Ҳозирда Берлин шаҳридаги IWЕС (Innovative Water & Environmental Solutions) компаниясини бошқараман. Асосий мақсадимиз – Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида сув муаммоларига инновацион ечимлар топиш. Компаниямиз сув ресурсларини бошқариш, ичимлик сув таъминоти ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширади. Ўзга юртда бўлишимга қарамай, юртимиздаги муаммоларга бефарқ эмасман, бу дахлдорлик ҳисси мени доим катта ишларга ундайди. Лойиҳамиз орқали ватанимиз манфаати, келажаги учун хизмат қилишни чин дилдан истайман. Юртимиздаги тегишли ташкилотларга бу соҳада ўз тажрибаларим билан бўлишаман, керакли маслаҳатларни бераман. Ҳамиша Ўзбекистон иқлими билан қизиқаман, атроф-муҳитни асраш борасида эса жорий йилнинг Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилиниши мени жуда ҳам қувонтирди. Атроф-муҳитга эътибор бериш кераклиги бўйича ажойиб ташаббус бўлган. Давлат дастури билан танишиб, бу борада самарали ишлар олиб борилишига амин бўлдим, юртимдан фахрландим.
Бундан ташқари, Германияда ташкил топган “Oʻzbekoyim Community Germany” аёллар клубининг асосчиларидан бириман. Бу Германияда яшовчи ўзбек аёллари учун бирлик, қўллаб-қувватлаш ва миллий қадриятларни сақлашга қаратилган платформа. Бегона юртда бошқа маданият, ўзга турмуш тарзи ичида инсон, айниқса, аёл ўзлигини, илдизларини унутмаслиги жуда муҳим, чунки бу унинг оиласида, фарзандларида яққол акс этади. Ушбу аёллар клуби айнан шу мақсадларга, миллий қадриятларни сақлашга қаратилган. Қолаверса, аёллар бирлиги масаласи ҳам долзарб. Аёл аёлга елкадош, ҳамфикр эканини шу платформа соясида бир-биримизда эслатиб турамиз.
Энг катта ниятларимдан бири фарзандларимни миллий руҳда тарбиялаш
Касбий фаолиятим шулар билан чегараланмаган, “Бахтиёр оила” лойиҳасида маслаҳатчи сифатида ҳам фаолият юритаман. Бу лойиҳа оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва фаровонликка эришишда ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. Лойиҳа иш ва оила мувозанатини сақлаш, тарозининг икки палласини тенг тутиш қанчалар муҳим эканини эслатиб туради. Ишдаги муваффақиятларни четга сурмаган ҳолда оиламдаги бахт-қувончни асрашга ҳаракат қиламан. Ушбу ғояларни мазкур лойиҳа ёрдамида бошқа аёлларга ҳам етказишга, уларни қўллаб-қувватлашга интиламан. Уч нафар фарзандим бор, улар Германияда улғайишяпти. Шунинг учун ҳам энг катта орзуларимдан бири – фарзандларимни миллий руҳда тарбиялаш. Улар Германияда туғилган бўлса ҳам ўзбек эканликларини ҳис қилишлари ва бундан фахрланишлари учун бор кучимни сарфлайман. Ўз маданиятимиз, бобокалонларимизни билишларини хоҳлайман ва бу учун қўлимдан келганини қиляпман.
Узоқда бўлсак ҳам юрагимиз доимо Ватан билан бирга
Келажакдаги режаларим жуда катта ва кўп йўналишларни қамраб олади. Дунё миқёсида сув ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган фойдали лойиҳалар устида ишлашни давом эттирмоқчиман. Шунингдек, мусофирликда яшаётган ўзбек аёлларимизга қўлимдан келганча мадад бериш, уларга таянч ва қанот бўлиш муҳим мақсадларимдан бири.
Яна бир муҳим йўналиш – Германияда яшовчи ўзбек ўсмирларида миллийлик туйғусини кучайтириш, илдизларимизга бўлган ҳурматини мустаҳкамлаш ҳам мақсадларим сафида. Мусофирликда яшаётган ватандошларимиз номидан бироз гапиришни истардим. Биз узоқда бўлсак ҳам, юрагимиз доимо Ватан билан бирга. Ўзбекистон билан боғлиқ лойиҳалар сонининг кўпайишини чин дилдан хоҳлайман, чунки бу нафақат мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади, балки келажак авлодимиз учун ҳам бебаҳо мерос бўлади. Бу йил биз ҳам IWЕС жамоаси билан ушбу эзгу ишга ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Ҳозир Ўзбекистонда яшилликка қаратилган лойиҳа устида иш олиб боряпмиз, чунки бу нафақат табиатга, балки бутун инсониятга фойда келтирадиган ташаббус.
Келажак авлодга тоза ҳаво, яшил табиат ва мустаҳкам миллий руҳни қолдиришимиз шарт
Шунингдек, мусофирликда яшаётган юртдошларимизга миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш қанчалик муҳим эканини эслатмоқчиман. Бу бизнинг келажак авлодларимиз учун бажаришимиз керак бўлган энг катта ва муҳим вазифалардан бири. Биз келажак авлодга тоза ҳаво, яшил табиат ва мустаҳкам миллий руҳни қолдиришимиз шарт! Мусофирлик бу – нафақат янги имкониятлар, балки катта синов ҳам. Биз юртимиздан узоқда бўлсак ҳам, бир-биримизга суянишимиз, қўллаб-қувватлашимиз ва бирлашишимиз керак. Келажак авлод ўз илдизларини, кимлигини, қаердан келганини унутмаслиги учун бугундан ҳаракат қилишимиз лозим. Биз ватандошлар “Ватанимизни севайлик, уни ҳимоя қилайлик ва ўз ҳиссамизни қўшайлик” шиори остида ўз фаолиятимизни олиб боришимиз керак. Шундай экан, ҳар бир ватандошимизни ўзига шу саволни беришга чақираман: мен ўз юртим учун қандай фойда келтира оламан? Чунки, агар ҳар биримиз ўз имкониятимиз доирасида кичик бўлса ҳам Ватанимиз учун бирор эзгу иш қилсак, бирлашсак, бизнинг миллатимиз янада кучли бўлади!
Уфора ҲАБИБУЛЛАЕВА суҳбатлашди.
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ