
Oyina.uz портали ўзбекнинг 100 зиёлисидан “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсиясини беришда давом этади. Лойиҳанинг 84-куни тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади.
Китоб – инсоннинг энг яқин ва энг яхши дўсти. Гарчи бугун турли электрон ахборот қурилмалари турмушимизнинг асосий воситасига айланган бўлса-да, бирортаси китобнинг ўрнини босолмайди. Китоб – билим, куч, ақл, ахлоқ манбаидир. Китоб ўқиган киши ҳеч қачон хор бўлмайди. Китобхон оилада тарбиялаган болалар албатта жамиятда ўз ўрнини топади.
Oyina.uz порталининг ўзбек зиёлиларидан “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсияси” лойиҳасининг доимий кузатувчисиман. Зиёлиларимиз тавсия қилган илмий ва бадиий китобларнинг барчаси инсон тафаккурини юксалтиришга хизмат қиладиган, билимини ривожлантирадиган, ахлоқий тарбия берувчи муҳим ва зарур китоблардир. Буни тавсиялар бир-бирини такрорлаганидан ҳам билиш мумкин.
Мен китобхонларимизга қуйидаги китобларни тавсия қилмоқчиман:
1. Наршахий, “Бухоро тарихи”. Бухоронинг қадимий ва ўрта асрлар тарихига оид муҳим манба бўлиб, шаҳарнинг барпо этилиши, қадимий номлари, подшоҳлари ҳақида, Бухоро атрофидаги Кармана, Нур, Тавоис, Искажкат, Шарғ, Зандана, Вардона, Афшона, Баркат, Ромитан, Варахша, Байканд (Пойкенд), Фороб ва бошқа шаҳар ҳамда қишлоқлари тўғрисида маълумот беради. Ҳудуд аҳолисининг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаёти билан боғлиқ тарихий воқеалар ва жараёнлар баён қилинади. Шунингдек, Туронга араблар босқини, ҳукмронлигининг ўрнатилиши, ислом динининг ёйилиши ва Бухоронинг араблар томонидан бўлиб олиниши ҳамда босқинчиларга қарши курашлар ҳақида ҳикоя қилинади. Китобда 9-юзйилликда Туроннинг араб халифалигидан ажралиб чиқиши, Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳокимият сомонийлар сулоласи қўлига ўтиши, бу даврда Бухоронинг иқтисодий ва маданий ҳаёти тасвирланган. Асарда Бухоро шаҳри дарвозалари, ички ва ташқи деворлари қурилиши, шунингдек арк, шаҳристоннинг бино қилиниши ёзилган. Фақат тарихчилар эмас, ҳамма ўқиши лозим бўлган миллий тарихий манбаларимиздан биридир.
2. Юсуф Хос Ҳожиб, “Қутадғу билиг” (“Саодатга этувчи билим”). Асар марказида 4 масала: адолат, давлат, ақл, сабр туради. Муаллиф ҳукмдордан тортиб деҳқону ҳунармандгача – жамиятдаги барча тоифаларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиради. Илмни улуғлаб, одам билиши мумкин бўлмаган нарса, билим билан ечилмайдиган жумбоқ йўқ, билим туфайли осмон сари ҳам йўл очилади, билиш учун эса тинмасдан ўрганиш лозим, деб уқтиради. Панднома шаклида ёзилган ушбу китоб тарихий, ахлоқий, тарбиявий жиҳатдан жуда муҳим ҳисобланади. 11 аср олдин ёзилган ушбу асар бугун ҳам ўзининг қийматини йўқотмаган.
3. Абу Наср Форобий, “Фозил одамлар шаҳри”. Адолатли жамият қуриш, фозил шаҳар ҳокими ва аҳолисининг хусусиятлари, ҳукуматни бошқарувчи кадрларни танлашга оид ҳуқуқий маслаҳат берувчи ноёб китоб. Асар давлат бошқаруви тартиблари, таълим, ахлоқ, диний эътиқод, уруш ва келишув каби йўналишларни ўз ичига қамраб олган. Фаробий шахс ва жамоа муносабатлари инсонни яшаш ва етукликка эришишида муҳим бўғин деб ҳисоблайди. Инсонларни ўзаро ҳамкорликка, халқларни тинчликка чақиради, дунёда ягона инсонлар жамоасини тузиш ҳақида орзу қилади. Мутафаккир инсон қадр-қимматини камситувчи жамиятга қарши чиқади. Доимий урушлар ва босқинчиликка асосланувчи жамиятни адолатсиз, жоҳил жамият сифатида қоралайди. Буюк мутафаккир томонидан тақдим қилинган ҳуқуқий ва ахлоқий билимлар барча учун бирдек фойдали деб ҳисоблайман.
4. Кайковус, “Қобуснома” (Насиҳатномаи Кайковус). Қуръони карим ва ҳадиси шариф, тарбиявий мазмундаги ҳикоялар орқали инсонга ахлоқий билим берувчи китоб. Асар Аллоҳ ва унинг расули Муҳаммад с.а.в.ни таниш, шукроналик, ота-онани ҳурмат қилиш, аниқ, табиий ва ижтимоий фанлар, санъат, ҳарбий иш, савдо, деҳқончилик ҳамда турли ҳунарларни ўрганиш, ахлоқ қоидаларига риоя қилишга даъват этади. Фарзанд тарбияси энг муҳим иш экани таъкидланган. Одамларни фазилатларига кўра уч гуруҳга: ақлли, ҳақиқатгўй, мард инсонларга ажратган ва жамиятда тутган ўрни ушбу хусусиятлардан келиб чиқиб белгиланишини таъкидлаган. Уни яхшилик, эзгулик, одамийликка оид китоб деб аташ мумкин. Фикрлар аниқ, тушунарли ва содда тилда баён қилинган. Инсоний фазилатларни ихчам ҳикоятлар, ривоятлар, шеър ва латифалар, мақол ва ҳикматлар ёрдамида мустаҳкамлаб олиш мумкин.
5. Абдурауф Фитрат, “Оила ёки оилани бошқариш тартиблари”. Оила – жамиятнинг асосий негизи бўлиб, унинг асосини тўғри қурмасдан ва фарзандни тўғри йўлда тарбияламасдан туриб, жамиятни ислоҳ қилиб бўлмайди. Ривожланиш, тараққиёт, фаравон ҳаёт ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Абдурауф Фитрат ислоҳотларни оиладан бошлаш заруратини англаган ҳолда Туркистон халқига оилалардаги муаммолар, камчиликлар, нуқсонларни кўрсатиб, уларнинг ечимини ушбу китоби орқали кўрсатишга ҳаракат қилган. “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” асари оиланинг пайдо бўлиши, унинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, оилада амал қилинадиган ички тартиб-қоидаларга бағишланган бўлиб, ҳар бир янги оила учун қўлланма вазифасини ўтайдиган масалалар ёритилган.
Абдурауф Фитрат ушбу асарида ҳар жиҳатдан соғлом оилада вояга етган фарзандларгина миллатни юксакка кўтара олишини, уни истибдоддан қутқаришини таъкидлайди: “Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ақл ва ахлоқдир. Лекин ана шу қурол-аслаҳамиз синиб, занг босиб чириб кетган. Шундай қуроллар билан бу дунёда бизга на саодат ва на роҳат бор…”. Фитратнинг бу асари ёш авлод учун ҳаётий қўлланма бўлувчи тарбиявий асардир. У ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ахлоқий-маърифий рисола сифатида алоҳида эътиборга молик.
6. Теодор Драйзер, “Америка фожиаси”. Бундан роппа-роса юз йил олдин ёзилган ушбу китоб Американинг эмас, балки дунёнинг барча давлатларида инсон билан содир бўлиши мумкин жиноят тарихига бағишланган. Инсон хато қилади, бундан сабоқ чиқариб такрорламаса, энг катта ютуғи. Аммо бу хатони қайта содир қилса, бу жиноят ҳисобланади. Ушбу асарда хатоларидан сабоқ чиқармаган, бир неча бор жиноятга қўл урган, ҳашаматли ҳаёт орзусида осон бойлик орттиришни ният қилган ва бунинг учун қотилликка қўл урган Клайднинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Теодор Драйзернинг ушбу машҳур асари ўқувчини чуқур мулоҳазага чорлайди. Очкўзлик, нафсга эргашишнинг охири ўлим билан якун топишига ишора қилинади.
7. Тоғай Мурод, “Отамдан қолган далалар”. Бу роман энг улуғ неъмат – мустақиллигини қўлдан чиқарган ўзбек халқининг босқинчи Россия империяси томонидан таланиши, хўрланиши, турли кўргуликларга дучор қилинишини кўрсатиб беради. Асарда совет даврида оддий меҳнаткаш аҳоли тўғрисўзлиги, ҳалоллиги, одоби, андишаси учун хору зор бўлгани афсус билан тасвирланган. Айниқса, мустабид тузумнинг аёлларга нисбатан зўравон сиёсати Гулжамол, Болхин, Қумри, Ойсулувларнинг рангсиз, қора меҳнатга қоришиб қолган ҳаёти мисолида очиб берилган. Муаллиф даврнинг нақадар камбағаллигини, инсонларнинг инсонлар томонидан уюштирилган фожиа қаршисидаги ожизлигини танқид қилиб, пахта яккаҳокимлигининг салбий оқибатларини бадиий рангларда намойиш қилган. Китобхон асарни ўқир экан, қул бўлиб яшашнинг даҳшатларига гувоҳ бўлади, ўз юртида хор бўлган ўзбек халқининг қайғу ва аламларини англаб олади.
8. Қаҳрамон Ражабов, “1924. Туркистонинг парчаланиши”. Ушбу китобда XX аср бошларида босқинчи совет ҳокимияти амалга оширган мудҳиш воқеа – Туркистонда 1924 йил кузида ўтказилган “миллий-ҳудудий чегараланиш” сиёсатининг сабаби ва моҳияти очиб берилган. Бевосита Кремлнинг кўрсатмаси билан 1925 йил февраль-март ойларида олти миллий тузилма: Ўзбекистон ССР ва Туркманистон ССР, Қирғизистон АССР ва Тожикистон АССР, Қорақалпоқ ва Қорақирғиз автоном вилоятларининг ташкил этилиши жараёнлари таҳлил қилинган. Туркистоннинг большевиклар томонидан парчалаб ташланиши кўплаб салбий оқибатларга олиб келгани, бу сиёсатдан энг кўп ўзбек халқи жабр ва зиён кўргани Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида сақланаётган архив ҳужжатлари, ёпиқ жамғармалардаги “мутлақо махфий” маълумотлар ҳамда ўша давр матбуоти, шунингдек, ўзимиз ва хорижда яратилган тарихий адабиётларнинг қиёсий таҳлили асосида холис ва ҳаққоний ёритилган. Китоб содда, равон тилда ёзилган бўлиб, уни турли ёш ва қатламлар бемалол ўқишлари, тарихий билимларга эга бўлишлари мумкин.
9. Қаҳрамон Ражабов, “Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1917–1991 й.)”. Ўзбекистон халқи 1917–1991 йилларда совет давлати мустамлакаси остида бўлиб, жуда мураккаб даврни бошидан ўтказди, кўплаб қурбонлар берди. Аслида Россия империяси босиб олган даврдаёқ бошланган қатағон сиёсати совет ҳокимияти йилларида авж олдирилди. Миллий озодлик, ҳурлик ва эркинлик талаб қилиб чиққан ўзбек халқининг жасур ва қўрқмас фарзандлари турли ёлғон айбловлар ва туҳматлар билан жисмонан йўқ қилинди. Китобда ХХ аср 20-йилларининг ўрталаридан тоталитар жамиятнинг хусусиятлари тобора аниқ кўрингани, миллий республикалардаги раҳбар ходимларга муносабатнинг ёмонлашуви очиқланиб, Ленин томонидан эълон қилинган “Ким биз билан бирга бўлмаса, у – душманимиз!” шиорини Сталин шафқатсизлик билан амалга ошириб, тузумга мухолифатда турганларга қарши қатағон сиёсатини, 30-йиллардан бошлаб 90-йилларгача ўзбек халқига нисбатан оммавий террор қўллангани кўрсатиб берилган. Ушбу асар илмий жамоатчилик ва халқимиз учун фойдали китоб бўлиб, мустамлака зулмининг аянчли оқибатларини ўқиб, уқиб, мустақиллик, озодлик ва эркинликнинг қадрига етишга ундайди.
10. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Конституция – бош қомусимиз бўлиб, ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати, бурчларимизнинг назоратчисидир. Конституция сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётимизни тартибга солувчи бош қонундир. У бизни Ўзбекистонда ва хорижда ҳимоя қилиш кучига эга. Инсонпарвар конституциямизда давлат ва жамиятнинг барча йўналишларига оид ҳуқуқий ечим ва талаблар белгилаб қўйилган. Жумладан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича нормалар белгиланган. Шунингдек, ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти қайд этилган. Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилган. Ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш кафолатланган. Ўзбекистоннинг бошқарув органларининг ваколатлари ва вазифалари халқаро ҳуқуқ нормалари асосида кўрсатиб берилган. Ўз ҳуқуқини билган инсон ҳуқуқсизлик қурбонига айланиб қолмайди. Етти ёшдан етмиш ёшгача барча ўқиши, уқиши зарур ва шарт бўлган китоб, деб ҳисоблайман.
Дилноза Жамолова 1983 йилда Бухоро вилоятида туғилган. 2001–2007 йиллари Бухоро давлат университети тарих факультетида ўқиган.
Меҳнат фаолиятини 2005 йили Когон қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси лавозимидан бошлаган. 2016–2019-йиллари ФА Тарих институти таянч докторанти, кичик илмий ходими, 2019–2019-йиллари Когон тумани 1-ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси, 2019–2021 йиллари Бухоро давлат университети Бухоро тарихи кафедраси ўқитувчиси, доценти, 2021–2023 йиллари Тарих институти докторанти, 2023 йилдан Тарих институти директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.
“Бухоро амирлигида жадидлар ва қадимчилар фаолияти (ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари)” (2021), “Туркистон ва Шарқ мамлакатлари тараққийпарварларининг ўзаро алоқалари” (2023) асарлари, олий ўқув юрти талабалари учун “Ўрта Осиё орнаменти ва тасвирий санъати тарихи” (2021) ўқув қўлланмаси ҳамда “Қонун муҳофазасида, Бухоро вилояти прокуратураси тарихи” китоб-альбоми (ҳаммуаллиф, 2022) муаллифидир.
“Жадидлар сўзи – миллатнинг кўзи” ҳамда “Туркистон мухторияти миллий матбуотда” китобларини нашрга тайёрлаган. Миллий ва хорижий журналлар, умуммиллий ва эллараро илмий йиғинлар тўпламларида 100 дан ортиқ илмий ишлари чоп этилган.
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ