Олим, мунаққид, филология фанлари доктори Сувон Мели 70 ёшда


Сақлаш
14:51 / 20.12.2021 1624 0

 

Куни кеча Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори Сувон Мелининг 70 ёшга тўлиши муносабати билан илмий-адабий анжуман бўлиб ўтди.

Университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов, адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Иброҳим Ғофуров, Аҳмаджон Мелибоев, Қўчқор Норқобил, Нортўхта Қилич ва бошқалар Сувон Мелиевни табаррук ёш билан муборакбод этдилар.

 

Шу муносабат билан Жаҳон адабиёти ва универсал адабиётшунослик кафедраси мудири, профессор Узоқ Жўрақулов томонидан Сувон Мели ҳақида ёзилган ушбу маърузани эътиборингизга тақдим этамиз:

 

Давримизнинг забардаст олими, мунаққид, назариётчи, Навоийнинг содиқ муҳиби ва янги типдаги тадқиқотчиси Сувон Мели Самарқанднинг Каттақўрғонида, оддий меҳнаткаш деҳқон хонадонида туғилган. Унинг отаси қатъиятли, ҳалол, одам эди. Уруш кўрган, қирғинбарот ичидан омон қайтган. Сувон Мелининг айтишича: “Жанг майдонида “Ихлос” сурасини тилимдан қўймадим, Оллоҳ қўллади, кўп ўлимлардан қолдим, умримнинг қолгани менга Эгамнинг марҳамати”, дер экан отахон. Бу гапларни айтишимга сабаб шуки, Оллоҳнинг бундай марҳаматидан бир шингили Сувон Мелига ҳам тегишли. Оллоҳ урушдан омон қайтган Мели Ҳусановга, бошқа болалари қатори, 1951 йили яна бир ўғил берган. Унга Сувон деб исм қўйишган.

Бугун шу воқеага 70 йил тўлди. Етмиш йил аввал ота хонадонини қувончу умидга тўлдирган болакай Сувонқул бугун ўзбек деб аталмиш миллат хонадонининг фахрига айланди. Ҳақиқатан ҳам, бугун миллий маданиятимиз, маънавиятимиз ва адабиётимиз майдонини бу номсиз тасаввур қилиш мумкин эмас.

Аммо Каттақўрғонда атак-чечак қилиб, мактаб кўрган бу болакай эртакдагидек бир айланиб мутафаккир Сувон Мелига айланиб қолган эмас. Бугунга қадар узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Ўтган асрнинг 70-йилларида ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида ўқиди. Аммо талабалик даврининг асосий қисми ўзбек филологияси факультети аудиторияларида ўтди. У филолог устозлар маърузаларини тинглаш, улар билан суҳбатлашишни яхши кўрарди. Ўзини келажакда журналистдан кўра, кўпроқ филолог сифатида тассавур этарди. Шу табиий истак уни ижтимоий касб журналистликка эмас, ботин илми – инсоншуносликка олиб келди. Устоз танлашда ҳам Сувон Мели планкани анча баланд қўйди. Ўзбек филологияси факультетида адабий тўгарак очиб, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларни тарбиялаган Матёқуб Қўшжонов этагини тутди. Чунки Матёқуб Қўшжонов ўз даврининг асл адабиётга яқин, илмий демократия ва академизмга мойил йирик олими эди. Сувон Мелининг 70 йиллик шукрона куни Навоий университетининг ўзбек филологияси факультетида ўтказилиши, айни жиҳатдан, илоҳий битикка монанд. Қонуний асос ва рамзий маънога эга.

Сувон Мели 1975 йилда ЎзРФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида лаборант лавозимида иш бошлаган. 46 йилдан бери шу институтда ишлаб келмоқда. Бу, менимча, кўпчилигимизга ибрат бўладиган фазилат. Зотан, донишманд ўзбекда бир ҳикмат бор: “Дарахт бир жойда кўкаради”. Тўғри, олим муайян йиллар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат аграр университетларида адабиёт илмидан дарс ҳам берган. Бироқ шунда ҳам асосий иш жойи Адабиёт илмий-текшириш институти бўлган.

Олимнинг катта-кичик барча тадқиқотлари шу институт муҳитида туғилган. Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Ҳомил Ёқубов, Абдуқодир Ҳайитметов, Салоҳиддин Мамажонов, Наим Каримов, Ёқубжон Исҳоқов, Паризод Мирзааҳмедова, Баҳодир Саримсоқов, Нинель Владимирова каби етук олимлар билан ҳамкорлик, илмий суҳбатлар олим илмий-назарий қарашларининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган. Немис мутафаккири Иоганн Вольфганг Гёте айтган эди: “Ўзига хос ижодкор бўлиш учун икки нарса лозим: буюк мерос ва буюк ақл”. Сувон Мели учун буюк мерос вазифасини миллий адабиётимиз тарихи, Юсуф хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Навоий, Машраб, Бобурлар ижоди, шунингдек, Платон, Аристотель, Платин, Гёте, Гегель сингари Ғарб мутафаккирлари асарлари бажарди. Буюк ақл эса, унга ота-боболаридан, Самарқанднинг хокисор ва серҳосил тупроғидан мерос бўлиб ўтди.

Сувон Мели, гарчи 40-50 йилдан бери илм тупроғини ялаб келаётган бўлса ҳам, бугунга қадар бор-йўғи учта китоб нашр эттирди. 2000 йили устози академик Матёқуб Қўшжонов билан ҳаммуаллифликда чоп қилинган “Абдулла Орипов” номли китоб олимнинг тўплам ҳолидаги биринчи асари эди. 2020 йилда, яъни орадан 20 йил ўтиб, Сувон Мелининг бирйўла икки китоби босилиб чиқди: “Сўзу сўз”, “Глобал талқин поэтикаси”.

Юзаки қарашда, илм йўлларида ярим асрни қаритган Сувон Мели, ҳажман жуда кам ёзгандек туюлади. Илло, гап ҳажмдамикан? Руслардан чиққан буюк мутафаккир Михаил Михайлович Бахтин билан замондош совет олимлари ўз даврида жилд-жилд китоблар чоп эттиришган. Улар машҳурлик чўққисига чиққан замонларда Бахтинни ҳатто кўпчилик танимаган. Бугун Бахтин асарлари, илмий-назарий қарашлари Шарқу Ғарбга бирдек ёйилган. Кўпжилдликлар муаллифларини эса, биров билмайди, эсламайди ҳам.

Сувон Мели ўзбекнинг Бахтини бўлишга даъво қилмайди. Унинг ижтимоиёт, фалсафа, психология, эстетика ва адабиётшуносликни синтезлаган, айни пайтда миллий маърифатдан жон олган ўзига хос йўли бор. Ҳа, Сувон Мели оз ёзади. Оз ёзади-ю, маъноли, янги гапларни ёзади. Шу боис у ёзган кичик бир справканинг ҳам ўз ўқувчиси бор. Зотан, ўқилган асар яшайди, ўқилмаган асар эса, у неччи жилд бўлишидан қатъи назар, ўликдир.

Сувон Мелининг илк мақолалариёқ, олифтанамо айтганда, сенсация бўлган. Олим ижодига хос бундай сенсацион жараён ҳамон тўхтагани йўқ. Бу хулосамиз “Ҳазиллашманг даҳо билан: ким ҳақ, Фитрат ёки Навоий?”, “Ўғригина боланинг иззати ёҳуд меҳр сеҳри”, “Комик катарсис”, “Асл адабиёт эзгуликка хизмат”, “Шекспирнинг руҳдоши ёҳуд кўнгил сўнгги бекат”, “Лирик фожелик”, “Найнинг ноласи – кимнинг ноласи?”, “Кауфман нега кулди?”, “Мангу мунг. Қадим туркийларнинг қабристон шеърияти” каби ўнлаб мақолаларга тегишли. Қолаверса, саналган ишлар олимнинг адабий жараёнга оид ишларидан бир шингил, холос.

Сувон Мелининг асл қиёфаси унинг назарий тадқиқотларида кўринади. Бадиий адабиётга хос лириклик, эпиклик, трагиклик тушунчалари шунчаки назарий истилоҳ ёки илмий формаллик эмас. Бу масала ҳақида сўз юритиш учун инителлектуал салоҳият билан бирга, интуитив билим ҳам керак. Чунки мазкур тушунчалар бадиий асар ботинида яшайди. Ҳатто дунё адабиётшунослигида ҳам айни ҳодисани бадиий контекстда муносиб кашф этган олим бармоқ билан санарли. Сувон Мели тадқиқотларида наинки трагизм, балки трагизмнинг драматиклик, комиклик, эпиклик, лириклик билан бирикиб, ўта нозик бадиий воқеликни ташкил этиши кашф қилинади. Мунг ичидаги кулги, кулги таркибидаги фожиа ва лириклик моҳир ғаввос каби сўз сатҳига олиб чиқилади. Бундай назарий ўзига хослик фақат мақолаларида эмас, олимнинг “Шеърий контекстда сўзнинг бадиий вазифаси” деб номланган номзодлик диссертациясида ҳам етакчи илмий концепция бўлиб келган.

Мустақиллик даврига келиб, ўзбек навоийшунослиги табиий равишда икки йўналишга ажралди: анъанавий навоийшунослик, янги навоийшунослик. Сувон Мели ўзбек янги навоийшунослигида ҳам ўз илмий имкониятларини намоён этяпти. Бу жиҳат унинг “Навоий ва Платон”, “Данте ва Навоий”, “Фарҳод ва Фауст” сингари қиёсий адабиётшунослик, “Конгениаллик” сингари таржимашунослик, “Хамса” супержанр сифатида”, “Хамса”да муаллиф образи категорияси”, “Бир байтнинг қиёсий таҳлили” каби назарий ишларида яққол кўринади. Энг муҳими, Сувон Мелининг Навоийга доир тадқиқотлари янги, салмоқли, ўзига хос хулосаларга бойлиги билан навоийшунослик сарҳадларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Сувон Мелининг “Глобал талқин поэтикаси” (Тошкент: Фан, 2020) номли монографияси наинки миллий адабиётшунослик, ҳатто жаҳон адабиётшунослиги учун ҳам янгилик бўлди. Зотан, адабиётшуносликда талқиннинг ўнлаб шакллари бор. Аммо глобал бадиий талқин муаммоси ҳали ҳеч бир адабиётшунос томонидан қўйилмаган. Биз глобаллашув, глобал маданият, глобал иқтисод, глобал сиёсат, глобал экологик муҳит каби масалаларни озмунча биламиз. Илло, глобал бадиият ёки глобал илмий-бадиий талқин ва унинг поэтикаси ҳақида тасаввурга эгамизми? Бу моногарфия онгу тафаккуримиздаги мана шу кемтикни тўлдириши жиҳатидан муҳим. Китоб муаллифининг тушунтиришига кўра, буюк мутафаккир томонидан ижод қилинган асар глобал – умумсайёравий муаммолар доирасида ишлайди. Бундай асрларни тушуниш, тушунтириш, илмий тадқиқ этиш учун эса глобал даражадаги илмий талқин зарур.

Сувон Мели 70 ёшида ҳам фаол, уйғоқ. Миллий адабиётимиз софлиги, келажаги учун жон куйдириб яшамоқда. Ўзлигимизга, маънавиятимизга номуносиб асарлар пайдо бўлса, биринчи бўлиб танқид тиғидан ўтказадики, бунга мисоллар кўп.

У миллий адабиётимиз ривожи ёш авлодга боғлиқлиги ҳақида кўп гапирарди. Ёш танқидчилар авлодини шакллантиришни орзу қиларди. Ниҳоят, бу йил, униқверситетимиз ректори Шуҳрат Самариддиновичнинг қўллови билан “Жаҳон адабиёти ва универсал адабиётшунослик” кафедраси таркибида “Ёш мунаққид клуби” иш бошлади. 200 дан ортиқ аъзоси бўлган клуб фаол ишламоқда. Сувон Мели  университетимиз талабалари орасидан иқтидорлиларини ажратиб олиб, келажак мунаққидларини тайёрламоқда. Бу клубнинг шиори: “Учинчи Ренессанснинг адабий-эстетик пойдеворини қурамиз” деган самимий сўзлардан иборат.

Хуллас, Сувон Мели каби асл зиёлилар Яратганнинг халқимиз ва давлатимизга берган юксак неъмати. Бундай неъматни қадрлаш эса барчамиз учун фарздир.

Сувон ака, таваллуд кунингиз қутлуғ бўлсин! Камида яна 70 йил ўзбекнинг маънавий олами, адабиёт майдонида жавлон уриб юриш насиб этсин!

 

Узоқ Жўрақулов

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//