
«Ертўлага тушсанг, иккита эшикни кўрасан. Бириси – оқ, иккинчиси – қизил. Оқ эшикдан кирсанг, оқ сандиқ бор. Ўшани олгин, фақат уйингга борганда оч.» («Зумрад ва Қиммат» эртагидан) Шу эртакни илк бор эшитган ёки ўқиганингизда сандиқда нима борлигига Қимматдан ҳам кўпроқ қизиққанмисиз? Мен ҳам. Агар эртак қаҳрамонларининг бирига айланиб қолганимда уйга боргунча сабрим чидамай, ярим йўлда сандиқни очиб кўрган бўлардим. Ахир кутиш, иккиланиш, шубҳаланиш, қўрқув – барчаси салбий туйғулар. Ушбу мақолада асарлардаги сирли сандиқларнинг маънолари ҳақида фикр юритамиз.
Адабиётда кенг фойдаланиладиган сирли ёки сеҳрли қути, сандиқ ёки хумларнинг очилиши билан боғлиқ мотивлар бир қарашда арзимас деталдек туйилсада, аслида унинг зиммасига катта миссиялар юкланган бўлади. «Чеховнинг милтиғи» каби ҳар бир деталь «отилиши керак». Келинг, унда ушбу воситаларнинг асрорини очамиз.
Ижобий ўринларда қўлланиш
Янгилик ва кутилган натижалар: Сирли «қути» очилиши, одатда, янги имкониятларни ва кутилмаган ҳолат бошланишидан далолатдир. Унинг очилиши орқали воқеалар ривожланиши мумкин. Масалан, «Очил дастурхон» эртагидаги очил дастурхонни воқеалар ривожининг бошланғич нуқтаси, дейиш мумкин.
Ўзгариш ва ривожланиш: Сирли «қути» одатда қаҳрамоннинг ўзгариши ёки ривожланишининг катализатори сифатида хизмат қилади. «Зумрад ва Қиммат» эртаги бунинг классик намунаси бўлиб, ундаги ҳар бир сандиқнинг очилиши қаҳрамонларнинг ҳаётининг ўзгартириш нуқтасидир. Сир ва саргузашт: Сирли «қути»ни очиш – саргузаштлар бошланганини ифодаловчи мотив ҳам. Масалан, «Ёрилтош» эртагини олайлик, унда тош ёрилиши билан Гулнор ва Оймомонинг саргузаштлари бошланади.
Салбий ўринларда қўлланиши
Хавф ва ноаниқлик: Сирли «қути» ёки сандиқнинг очилиши баъзан салбий натижаларга ҳам олиб келиши мумкин. Мисол учун, «Пандора қутиси» ҳақидаги асотирда қути очилганда ундаги барча иллатлар дунёга тарқалади. Бу тасвир инсоният учун салбий оқибатларни англатади. Янглиш қарорлар: Сирли «қути»ни очиш баъзан шахснинг хатоси ёки оқибати ўйланмаган қарорларга олиб келади. Бунга араб халқининг «Алоуддин ва шамчироқ» эртагида Алоуддиннинг дастлабки истаклари ножўя оқибатларга олиб келганини мисол қилиш мумкин.
Сирнинг фош бўлиши: Баъзи ҳолларда, сирли «қути»да сақланаётган нарсалар ошкор бўлса, уларнинг қиймати ва аҳамияти йўқолади. Мақсуд Шайхзоданинг «Искандар Зулқарнайн» ҳақидаги эртак достонини бир эсланг, унда Искандарнинг шохи борлиги ҳақидаги сир най орқали бутун дунёга ошкор бўлади. Бундан ташқари, «ёпилиш ва очилиш» ёки «яшириш ва ошкор қилиниш» мотивлари асосида чуқур фалсафий ва психологик ҳолатларга ҳам ишора қилинади:
Психологик асослар
Қўрқув.
Ноаниқлик ва ўзгариш қўрқуви: Сирли «қути» одатда ноаниқликни англатади. Одамлар мавҳум ва ноаниқ натижани кутишдан қўрқишади. Бу ноаниқлик психологик жиҳатдан кучли ҳаяжон, қўрқув, кутиш, ва шубҳа каби ҳиссиётларни қўзғатади. Пандора ҳақидаги асотирга яна қайтадиган бўлсак, ундаги психологик ҳолатларни таҳлил қилишимиз учун сюжетни энг бошидан ўрганишимизга тўғри келади: Промотей Зевсдан ўғирлаган оловини одамларга келтириб, уларга ҳунар ва санъатни ўргатгач, ерда бахтли ҳаёт ҳукм сура бошлайди. Олимпдаги худолар эса бундан ташвишга тушиб қолишади. Чунки бахтли одамзоднинг худога ҳеч қандай эҳтиёжи қолмагани учун уларга қурбонлик келтирмай қўйишганди. Зевс одамзодни аввалгидек қурбонлик келтириши учун ёвузлик, касаллик ва оғриқни яратдида, барини бир хумга (ХВИ асрда Эрасмус Роттердам талқинидан сўнг «қути»га айланган) жойлаб, уни Промотейнинг нодон укаси Эпиметейга совға қилади. Лекин Промотей укасига Завсдан олган совғаларни олмаслик ва очмасликни қаттиқ тайинлаган эди. Аммо Эпиметей совғани олиб, эски омборга кўмиб қўяди. Зевс эса таслим бўлмай яна бир хийла қўллайди – Ҳефестга тупроқ ва сувдан аёл шаклини ясашни буюради ва барча маъбудлар унга ўз хислатидан инъом этиши кераклигини айтади. Афина ва Хариталар ипак либос ва гўзалликни, Ҳермес айёрлик ва тилёғламаликни инъом қилади ва унга Пандора (совғалар соҳибаси) номини беради. Зевс эса аёлга совға тариқасида ер юзига иллатлар тарқатиш қисматини беради. Пандора Эпиметейга турмушга чиққанидан кейин хумни очади ва барча иллатлар ер юзига тарқайди. Алалоқибат, одамзод яна Олимп худоларига қурбонлик келтира бошлайди. Афсонада Эпиметей талқинида янгилик ёки ўзгаришдан қўрқувчи мутаассиб образ тимсоли ёритилади. Пандора эса аксинча, қизувчанлик, мавҳумликдан қўрқувчи образ тимсолини гавдалантирган.
Кутув.
Позитив кутилиш: Бошқа томондан, сирли «қути»да яхши нарса яширинган бўлиши мумкин. Қаҳрамон уни очишдан бахт, муваффақият ёки мукофот кутади. Худди «Тилла тарвуз» эртагидаги бойга ўхшаб, лайлакни уриб туширадида, уни даволаб, қилган «меҳрибончилиги» эвазига мукофот талаб қилади.
Англаш.
Инсоннинг ўзини англаши: Сирли «қути»нинг очилиши қаҳрамон шахсиятининг яширин қирралари кашф қилишидан далолат. Назар Эшонқулнинг «Шамолни тутиб бўлмайди» асарида Байнал момо вафотидан сўнг очилган сандиқда қаҳрамонимизнинг асл шахсияти рамзланган ашёлар бор эди.
Философик асослар
Сир ва билим (Эпистемология)
Билишга интилиш: Одамлар сирли қутини ҳақиқатни излаш йўлида очишади. Шу маънода баъзан асарлардаги сирли қути инсоннинг билиш, ҳақиқат ва илмга бўлган чуқур интилишларини англатади. Масалан, япон халқ эртакларида Урашима Тарō исмли меҳрибон балиқчи бор. У бир куни болалар қийнаётган тошбақани қутқаради. Бироқ бу оддий тошбақа эмас эди – у сеҳрли мавжудот бўлиб, Тарōни денгиз остидаги сеҳрли саройга – «Рйūгū-жō»га олиб боради. У ерда гўзал малика Отоҳиме уларни меҳмондўстлик билан кутиб олади. Тарō саройда бир неча кун фаровон ҳаёт кечиради. Аммо орадан вақт ўтгач, юрти ва оиласини соғиниб, ер юзига қайтишга қарор қилади. Кетаётганида, малика унга «таматебако» деб номланган сирли сандиқни бир шарт билан совға қилади: уни ҳеч қачон очмаслик. Тарō ерга қайтгач, ҳаммаёқ ўзгарганини, оиласи, дўстлари йўқлигини кўради. Чунки орадан 300 йил ўтиб кетганди. Ғамга чўккан Тарō сандиқни очишга қарор қилади. Сандиқ ичидан фақатгина оқ тутун чиқади ва бечора Тарō бир зумда кексайиб, ҳалок бўлади. Бу ерда сандиқ вақт ва жазога айланган ҳақиқат яшириб келган тимсол эканини кўрамиз.
Ўз-ўзини англаш (Онтология)
Инсоннинг мавжудлиги ва ўзликни кашф қилиш: Онтология (мавжудлик фалсафаси) нуқтаи назаридан, сирли «қути» ёки сандиқни очишни одамнинг ўзлигини англаш жараёни сифатида талқин қилиниши мумкин. Бу ёндашувда қути ўзлигини тушуниш ва ривожланиш йўлида янги имкониятларни англатади. Бунга мисол тариқасида Ҳанс Кристиан Андерсеннинг «Учар сандиқ» эртагини келтиришимиз мумкин. Унда Свен исмли қаҳрамонимиз, гарчи отаси бой бўлсада, зиқна ва баджаҳл бўлгани туфайли, вояга етгунга қадар ялангоёқ ва юпун ўсди. Отаси ўлгач, ягона меросхўр бўлгани учун йигитга бир сандиқ тилла қолади. У тиллаларни енгил-елпи орзулари йўлида беҳудага сарфлаб юборди. Охир-оқибат бир чақасиз қолиб, қарзларини уйини сотиш эвазига тўлайди. Уйсиз Свен тунлари олтинлардан бўшаган сандиқда тунаб кун кечира бошлади. Кунлардан бир кун сандиқдан калит топиб олади ва ўзига-ўзи «Бу калит бўм-бўш сандиғимдаги ҳавони ўғирлаб кетмасликлари учун бўлса керак», дейдида, калитни тешикка солиб бураб кўради. Сандиқ ҳаракатга келиб, уча бошлайди. Шундан сўнг қаҳрамоннинг ўзлигига қайтиш йўлидаги синовли саргузаштлари бошланади.
Этика ва Моралсизлик
Сирни очиш ва этик қарорлар: Сирли «қути»ни очиш, баъзан этик муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, сирни очишнинг оқибатлари яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. Мисол учун, Али бобо изидан тушиб, қароқчилар қароргоҳини очувчи сирли сўзни билиб қолган Қосим у ердаги хазинани ўғирламоқчи бўлганида қўлга тушиб, тилка-пора бўлади. Хулоса қилганда, сирли қути ёки сандиқ адабиёт, фольклор ва мифологияда кучли рамзий маъноларни очишга хизмат қилади. Улар кўпинча сир, билим, имконият ёки хавфли оқибатларнинг тимсоли сифатида гавдаланади. Ушбу образлар асарларда кутилмаган ҳодиса ёки воқеалар ривожининг бошланғич нуқтасидир, бу эса ўқувчи ёки тингловчининг асарга қизиқишини орттиради.
Зиёда ТУРДИБОЕВА
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ