
Академик Евгений Бертельс “Дунёда бешта – француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари бор эди. Энди олтинчисини, яъни ўзбек романчилиги мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди” дея юксак эътироф этди. Машҳур қозоқ адиби Мухор Авезов “Қодирий романлари гўё текис саҳрода тўсатдан Помир тоғлари вужудга келгандай пайдо бўлди” дейди. Атоқли туркман адиби Хидир Деряев Абдулла Қодирийни ўзининг буюк устози деб санади. Абдулҳамид Чўлпон “Ўзбек онаси яқин ўртада иккинчи Абдулла Қодирийни туғмаса керак...” деди. Бу таърифлар денгиздан бир томчи, холос.
Тан олиш керакки, орадан юз йил ўтяптики, “Ўткан кунлар” ёзилганида қандай шуҳрат қозонган бўлса, ҳамон қўлдан қўйилгани йўқ. Зеро, ёзувчининг ўзи таъкидлаганидек, “Ёзганинг агар ўзингни йиғлатмаса-кулдирмаса, ўзгани ҳеч йиғлатмас-кулдирмас...” Роман яратилганидан буён ўзбек адабиётида неча авлод шаклланган бўлса, барчасининг танглайи Абдулла Қодирий асарлари билан кўтарилган. Қодирийшунос Умарали Норматовнинг ёзишича, тожикистонлик бир киши “Ўткан кунлар” романини сўзма-сўз ёд олган экан. У ҳақида “Гулистон” журналида мақола ҳам эълон қилинган. Ёзувчи Ўткир Ҳошимов ҳам “Ўткан кунлар”дан бутун бир саҳифаларни ёддан айтиб берадиган бир спортчи йигитни билишини ёзиб қолдирган...
Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида кўплаб тадқиқотлар яратилган ва юзлаб китоблар нашр этилган, минглаб илмий-оммабоп мақолалар эълон қилинган, турли ракурслардан ўрганилган. Аммо бугун биз эътибор қаратаётган шахс адибнинг ўғли – Ҳабибулла Қодирийдир.
Ҳабибулла Қодирий
Абдулла Қодирий (1894–1938) билан Раҳбарбону Расулмуҳаммад қизи (1895–1943) беш нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Улар: Назифа (1916–1987), Ҳабибулла (1918–1988), Адиба (1924–2011), Масъуд (1926–1967) ва Аниса (1928–2012). Фарзандлар орасида Ҳабибулла нафақат ташқи қиёфа, ички олами, ижоди, ҳатто тақдири билан ҳам отасига муносиб издош ҳисобланади. У 1936 йилда ўрта мактабни битиргач, Тошкент давлат медицина институти қошидаги медицина ишчилар факультетига ўқишга киради. Аммо орадан бир йил ўтиб, соғлиги ёмонлашгани туфайли таътилга чиқади ва 1943 йилда яна ўқишга қайтади. Отаси сабабли 1945–1955 йилларда тутқунликни бошдан кечиради. Айбсизлиги исботлангач, 1956 йилдан ўқишини қайта тиклайди ва 1962 йилда ўқишни тугатиб, шифокорлик дипломини олади. Дастлаб, уч йил Глиэр номидаги мусиқа мактабида шифокор, 1965–1985 йилларда эса 10-шаҳар касалхонасида меҳнат қилади. 1958 йилдан унинг ижодий фаолияти бошланган.
Биз Ҳабибулла Қодирийни асосан “Отам ҳақида” номли хотира китоби орқали биламиз. 1974 йилда ёзилган мазкур китоб Абдулла Қодирийнинг аждодлари, хусусан, отаси Қодирмуҳаммад (саркор) ҳаёти, унинг фаолияти, Абдулла Қодирийнинг таваллудидан то 1926 йилда “Йиғинди гаплар” мақоласи сабаб илк бор қамоққа олиниши, оқланиши, “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” ромонлари, “Обид кетмон” қиссаси яратилиши тарихи, образларнинг пайдо бўлиши, умуман адиб олами, ҳатто орзу қилган, материллар тўплаган ва ёзилмай қолган “Амир Умархоннинг канизи” романи, умуман ёзувчининг ижодий лабораторияси ҳақида мухтасар маълумот беради. “Отам ҳақида” 1983 йилда тўлдирилган ҳолда қайта нашр этилади ва ўша йили Тошкент шаҳрининг 2000 йиллиги муносабати билан “Тошкент оқшоми” газетасининг бош мукофоти билан тақдирланади.
Ҳабибулла Қодирий 1987 йилда отасининг 1913–1926 йиллардаги матбуотчилик фаолиятига бағишлаб, “Фельетон қироли ёки ўз элининг махсус мухбири” номли мақола ёзади. Мақола “Ёшлик” журналининг 1987 йил 11-сонининг 42–54-саҳифаларида эълон қилинган.
Ҳабибулла Қодирий моҳир ҳикоянавис ҳам эди. Унинг 1964 йилда “Нилуфар”, 1978 йилда “Қора араб” номли ҳикоялар тўплами чоп этилган. Ушбу асарлар бугун қайта нашрини ва тадқиқотчиларини кутиб турибди...
Бундан ташқари, 1967 йилда Ҳабибулла Қодирийнинг “Африкага саёҳат” ва “Яман-Миср лавҳалари” каби саёҳатнома характеридаги китоблари ҳам нашр қилинган. У 1969 йилда адабиётшунос Шерали Турдиев билан биргаликда Абдулла Қодирийнинг “Кичик асарлар тўплами”ни босмадан чиқарган. Ҳабибулла Қодирийнинг 1985 йилда хотира-ҳикоялар ва ривоятлардан иборат “Турмуш сабоқлари” номли китоби чоп этилган. Ёзувчи ўша йили “Муштум” журналининг биринчи даражали мукофоти билан тақдирланган. Муаллиф 1986 йилда “Абдулла Қодирий замондошлари хотирасида” китобини ҳам нашрга тайёрлаган.
Ҳабибулла Қодирийнинг вафотидан кейин чоп этилган асари – “Қодирийнинг сўнгги кунлари” деб номланган хотира-қиссаси бўлиб, унда Абдулла Қодирий бошдан кечирган мушкул кунлар, мусибатлар қаламга олинган. Қисса илк бор 1989 йилда “Ёшлик” журналининг 4–7-сонларида эълон қилинади ва журнал муаллифлари ўртасида ташкил этилган йиллик танловда бош совринга, 1991 йилда эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг мукофотига сазовор бўлади.
Дарвоқе, Шеркон Қодирийнинг ёзишича, отаси “Тошканд ҳақида бир нарса ёзиш ниятим бор. Битса, ёзганларимнинг энг зўри бўлса керак”, дер экан. Ҳабибулла Қодирий 1964 йилда “Эски Тошкандда” номли кичик тарихий қисса ҳам яратган. Аммо орада “Отам ҳақида” китобини ёзишга берилиб кетиб, қисса чала қолади. Шеркон Қодирий ўзининг “37-хонадон”ига материал излаш жараёнида ушбу асарни топиб олади ва 2019 йилда нашр этилган “Дийдор қиёматга қолса нетайин (Қодирийнинг сўнгги кунлари)” китобига киритади.
Умуман олганда, Ҳабибулла Қодирийдан отаси билан боғлиқ ўчмас хотиралар, ноёб манбалар ва гўзал ҳикоялар қолган. Унинг ўғиллари Хондамир ва Шеркон Қодирийлар бугун оталари изидан бориб, Қодирийлар чироғини ёқиб, олтин авлод силсиласини давом эттирмоқда.
Хондамир Қодирий
Хондамир Қодирий бугунги кунда бобоси номидаги уй-музей директори бўлиб, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон”ларни асл ҳолида тиклаб, нашр этилишига бош-қош бўлди.
Шунингдек, “Кичик асарлари” (ўша пайтда матбуотда чоп этилган мақолалар)ни мукаммал ҳолда тўплаб, 2007 йилда “Диёри бакр” номи билан нашр эттирди. Энг муҳими, унинг кўп йиллик ҳаракати ва меҳнатлари билан Абдулла Қодирийнинг беш жилдлик мукаммал тўплами (2017) чоп этилди. У “Адабиёт, бадиият, абадият” (2004), “Сўнмаган чироқ” (2014), “Туркистонда очарчилик, қаҳатчилик” (2021) каби кўплаб хотира китобларни нашрга тайёрлаган.
Шеркон Қодирий
Шеркон Қодирий 1958 йилда таваллуд топган. Унинг ташқи қиёфаси, дангал, чўрткесар характери ва дўлворлиги Абдулла Қодирийга ўхшайди. Унинг бобосига меҳри шу қадар юксакки, буюк адиб чеккан оғриқ ва изтиробларни ўз оғриғи, қалб изтироби деб билади. Абдулла Қодирий 1937 йилнинг 31 декабрь куни тунда, ўз уйидан ҳибсга олинган. Тақдирнинг бир тасодифини қарангки, орадан кўп ўтмай ёзувчи яшаган 19-тартиб рақамли уйга 37-рақами берилади. 1988 йилнинг 31 декабрь тунида Ҳабибулла Қодирий оламдан ўтади. Эртасига аср намозида қабрга қўядилар. Бу воқеани Шеркон Қодирий шундай хотирлайди. “Бизда бир одат бор: эркаклар мозордан қайтгач, аёллар билан сўрашадилар. Ўшанда онам мени бағриларига босиб, “Отангнинг юзларини бироз ерга қаратиб қўйиш керакмиди... Кўпгина гапларини айтолмай ичларида олиб кетдилар. Зардоблари бу дунёда қоларди...” деб йиғлагандилар”. Вақти-соати етиб, Шеркон Қодирий ана шу “зардоб”ларнинг баъзиларини азиз ўқувчиларга ҳавола қилишга жазм этади ва “37-хонадон” асари дунёга келади. Китоб бир неча бор нашр этилган ва Қодирий муҳибларининг севимли асарига айланган.
У 1994 йилда Абдулла Қодирий таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Қодирийни қўмсаб...” номли хотиралар китобини тайёрлади. 2019 йилда “Отам ҳақида”, “Қодирийнинг сўнгги кунлари”, “37-хонадон”, “Абдулла Қодирий замондошлари хотирасида” китоблари жамланган “Дийдор қиёматга қолса нетайин” номли улкан мажмуани, 2019 йилда “Ўткан кунлар” ва унинг тақдири” тўпламини, 2024 йилда Ҳабибулла Қодирийнинг “Тирик хотиралар” китобини нашр эттирди.
Шеркон Қодирий ўтмиш ва янги давр воқеалари акс этган бир неча ҳикоялар муаллифи. “Дўлвор йигит” китоби унинг адабий миқёси, бадиий тафаккуридан далолат беради. У адабиёт муҳиби сифатида бобосининг асарларини чуқур таҳлил этиб, қиёсий ўрганиб, 2023 йилда “Абдулла Қодирий қолдирган хазина” номли рисола яратди. Унда Қодирийнинг бадиий сўз жилвасини гўзал, жонли мисоллар билан кўрсатиб, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романи, “Обид кетмон” қиссасидаги бадиий ифода, образлар тасвири, уларнинг яратилиши, прототиплари асарда қўлланилган ҳикматлар ва ибратли ибораларни ўрганиб, китобхонлар учун ижодий бир гулдаста тақдим этди.
Шеркон Қодирий буюк сулола давомчиси сифатида замондош ёзувчи-шоирлар, илм аҳли билан дилдош инсон. Шу боисдан бўлса керак, хотира китобларини яратишни, устозларнинг ижод сирлари, ҳаётий сабоқларини китобхонларга етказишни хуш кўради. Унинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик (1946–2019)ка меҳри ўзгача эди. Устознинг пурмаъно ўгитларини олган, ижодий лабораториясидан хабардор, ёзувчига сирдош сифатидаги буюк бир эҳтиром билан “Кунларнинг бирида Тоҳир Малик” (2020), “Тоҳир Малик замондошлари хотирасида” (2022) китобларини ёздики, ҳар икки тўплам ўқувчилар қалбидан жой эгаллади.
Кўриниб турибдики, Шеркон Қодирий серқирра ижодкор. Ҳали у кишининг ўйлаган кўплаб ижодий режалари, орзу-ниятлари бор. Қувонарлиси, Шеркон Қодирийнинг бир ўғли бугун қалам чархлаб, тетапоя қилиб келмоқда... Умид қиламизки, олтин авлод давом этади ва “Ҳар бир асарим – бир фарзандим, чироқчимдир” дея таъкидлаган буюк Қодирий руҳи нафақат асарлари, балки авлодлари орқали ҳам умрбоқийлик касб этади.
Дарвоқе, Қодирийларни руҳан бирлаштириб, ижодида маёқ вазифасини ўтаган бир жиҳат – асосий қон томир борки, у алоҳида бир мавзу...
Холиёр САФАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ