Айни қиш, инсон ўзига қайтгиси келган, мутолаани соғинган палла. Байрам кунларини режалаштириш арафасида эса рўйхатга энг яхши китоблардан бирини ўқишни қўшишингиз мумкин. “Беш китоб тавсияси” – оyina.uz’нинг янги лойиҳаси, мутолаа учун сара асарларни излаётган бўлсангиз, энди сиз бизнинг рўйхатимиздан фойдалана оласиз. Қуйида 2021 йилнинг энг машҳур асари “Қўрқма” романининг муаллифи, ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг тавсиялари, таассуротлари, севимли китоблари билан танишасиз.
Лев Толстой “Тирилиш” – мен бу романни икки марта ўқиб чиқдим ва яна ўқишим учун тор хонамнинг энг кўзга кўринадиган жойига қўйиб қўйганман, токи кўзим тушиб турсин – уйғоқ урсин юрак, виждон тозалансин, кўзим ойдинлашсин. Мен китобни мароқ билан ўқийман. Мавзу оғир ёки енгил бўлишига қарамай, асарнинг оҳангини топиб, ҳар бир жумланинг туғилиш тарихига қизиқиб, яхши ўринларига ҳавасланиб, келишмаган жойларига ўз талқинимни ўйлаб мутолаа қиламан, китобларда яшаш менга ёқади. “Тирилиш” – бу санъат, “Тирилиш” – бу ҳаёт, “Тирилиш” – ўзликни қидиришдир. Тармоқларда тез-тез романдан иқтибослар қўйиб бораман, яхшиликни бўлишиш керак-ку, куни кеча шу постим остига менинг севимли шоираларимдан бири, олима Нодира Афоқова “Тирилиш” романини “Толстойнинг “Лисон ут-тайри” деб ёзиб қўйибди. Чиндан шундай, Нехлюдовнинг Масловага (ярим чўри, ярим асранди қиз) қилган иши Толстойнинг ёшликдаги қилмишларига боғлиқлиги айтилади, Нехлюдов бу Толстойнинг ўзи, ҳа, мен бунга шубҳа қилмайман. Бу китобни ўқиган одам тозаланади, бу сув билан ювингандаги озодаликдан кўра юксак покизаликдир.
Чўлпоннинг “Кеча ва Кундуз” романи менинг болалигим ва бугуним, аниқ биламанки эртам ҳам. Мен Зебини кўп туш кўрардим. У атлас кўйлакда, қўлида ўқув дутори, сочлари ўрилган ҳолда (балки момомнинг ўтган асрнинг 50 йилларида тушган сурати тимсолида менга кўринар) уйимиз ва мактабимиз атрофида айланиб юрарди. У қари Мингбошига (эри) дутор чалиб берган он (чолга “қизиқа” бошлаганидан) ундан нафратланганман, чунки Зебини бошқага муносиб кўрганман (балки ўзимгадир билмайман), ахир Чўлпон Зебини қандай гўзал тасвирлайди (балки Чўлпоннинг чин муҳаббати Зебидир), санъатга қизиқиши эса минглаб чиройли, аммо қалбсиз қизлардан уни юксак кўтариб қўяди. Нима бўлганда ҳам Зеби ўз ихтиёри билан қари амалдорнинг қўйнига кирмайди, деб ўйлардим. Бу болалик қанотсиз парвоз қиладиган ҳислар эди. Кейин роман Зеби ва муҳаббат доирасидан кўтарилди ва яна-да улуғланди, мен асарни азиз билиб ёнимда олиб қолдим. Мен унда миллат нафасини туйдим. Бу нафас шунчалар тиниқ эдики, худдики Зебининг минг ҳадик ила шафқатсиз ва истиқболсиз оламга боқаётган лобар кўзларида бутун бошли Ватан манзарасини кўрса бўларди. Мен Зебининг кўзларидаги ўша манзарани кўргим келаверади. Агар кимдир асарни фильм қилмоқчи бўлса, жон деб инценировка қилиб берган бўлардим.
Ўн олти ёшли ўсмир йигит ўй-хаёллари акс этган Жером Сэлинжернинг машҳур “Жавдарзордаги халоскор” романи ҳақида кўп эшитгандим ва яқинда ўқиб тугатдим. Роман шу пайтгача ўқиган асарларимдан фарқ қилади. Унда адабий жанр ва бизнинг адабиётшуносларимиз ёпишиб оладиган қолиблар ва сохта ифодалар йўқ, излаб ҳам юрманг. Ҳаммаси ўсмир тилидан ҳикоя қилинади, унинг нигоҳида дунёга боқади ва шундай тугайди. Унинг қалбини томоша қилар экансиз, у билан мактабга ва турли барларга бораркансиз, ўқувчи – ўзингизни хотирлайсиз, сохталиклар ила тўлиб бўлган дунёдан жирканасиз, аммо роман сизни бунга сира мажбур этмайди. Асарда шундай жумлалар бор: “Селманинг менга ёққан жиҳати – у отасининг қандай буюк одам экани ҳақида ахлат гапларни айтиб ўтирмасди. Кўринишидан у ҳам отасининг қандайин муттаҳамлигини биларди”. Роман жамиятда ҳукмрон бўлган мунофиқлик ўсмирлар (келажак) қалбини қандай вайрон қилиб, ўз асоратидан қора дунё тиклаётганини кўрсатади. Лекин бизда ҳамон кўр-кўрона иш қилиш давом этмоқда : “Холам анча қўли очиқ аёл, Қизил Хоч ва бир нималарга жуда кўп хайрия қилиб туради, лекин жуда башанг кийинади. Агар у қора уст-бош кийиб, лабини бўямасликка тўғри келса, холамнинг бирорта хайрия ишига бош қўшишига кўзим етмайди”.
Михаил Афанасьевич Булгаков “Уста ва Маргаритта” – бу китобни қишлоқда, керосин чироқнинг хира ёруғида ўқиганман – аччиқ, аммо қадрдон манзара. Китобни ўқиркансиз атрофда сизни кимлардир қуршаб олаётганини ҳис қиласиз, сиз ёруғда, атрофни ёрита олмайди мойчироқ, демак зулмат. Чироқ тутайди, шишалари қораяди, аммо бағринг кенгайиб боради, юрагинг тўлади, қўрқув ва ҳайрат қоплайди. Мен Толстой, Чехов, Достоевскийлардан кейин шундай новаторлик билан ижод қилган одамгина ғолиб бўлиши мумкин эди, деб биламан ва бу шубҳасиз Булгаков насридир. У кўп муҳокама этилган, мақталган, аёвсиз танқид қилинган, аммо фақат юксалиб бормоқда. У Китобни қишнинг бошида бошлайди, аммо умрининг охиригача ҳам тугата олмайди, балки романни тугатиб бўлмасди. Биринчи вариантини ёзувчининг ўзи йўқ қилган, эслашимча, “Қора сеҳргар” деб номлаган, кейин яна ўзгартирган. Роман 1966 йилга келибгина чоп этилади (қисқартирилиб, “Москва” журналида). Шундан сўнг 1967 йилда Парижда китоб бўлиб чиқади. Илк қирқилмаган варианти эса Москвада 1973 йилда чиққан. Битта романдан ҳам шунчалик қўрқиш мумкинмиди, битта ёзувчи ва бутун бошли ҳукуматни ҳовлиқтирган роман – “Уста ва Маргарита”да нима бор ўзи, нималар бор?
Кобо Абэнинг “Қумдаги хотин” романи япон матонати, ғарб таъсирида анъаналари парчаланаётган халқ ва оддий аёл образининг ўзига хос тасвири билан ёдимда қолган. Қумлар тасвири шу қадар кўпки, роман қаҳрамонлари каби сизнинг ҳам томоғингизга-да тиқилади, атрофдагилар қум сочади, сиз уни ёмғир томчилари каби симирасиз, у танангизга сингиб боради, қум барҳанларидан омон чиқмоқчи бўласиз, аммо чиқа билмайсиз, сиз шу сиёсатнинг измидасиз ва албатта, чўкасиз. Бош қаҳрамон саҳро ўртасидаги қишлоқда бир кеча тунаб қолади, у тушган улкан қум ҳандакларидаги уйдан эса чиқиш нарвон ва арқонсиз бўлмайди. Шунда англашиладики у илк бор асл ҳаётнинг тубига тушди, тепада одамлар аҳволдан айро яшаётганди, бу шубҳасиз унга ёқмайди. Энг, даҳшатлиси уни ўз шаҳрида ҳеч ким қидирмайди ҳам. Бетакрор рамзий аллегорик, экзистенциал роман, ёзувчининг шоҳ асари. Мен бу ёзувчининг “Яшик одам” романини ҳам ўқияпман. Йўқ, мен ҳам ҳозир шу яшик ичида яшаяпман. Китоб ўқиш – шу асар ичра яшашдир. Гоҳида ижара пулини тўлаб, гоҳида кўчиб ўтиб. Мен танлаган романлар мен кўчиб ўтган “уй”ларимнинг бештаси, холос.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
Манзурахон Балтабаева
12:01 / 01.01.1970
Ассалому алайкум. Ўзимдаги барча яхшиликлар учун китобдан миннатдорман деган ҳикматли сўз ёдимга тушди. Китоб - бу улкан неъмат, агар - маънавиятимизни уммон десак, китоб - ўша уммонни хосил қилувчи бебаҳо заррадир. Китобнинг кучини, унинг инсон учун қиладигон беминнат хизматини ўлчайдигон ҳеч бир мезон (тарозу) мавжуд эмас. Зероки, уни ўлчаб, баҳо бериш камдеб кўринаверади. Ёшларимизни нафақат китоб ўқишини, балки уни севиб, меҳр билан мутолаа қилишни ўрганишларини жуда ҳам ҳохлайман, чунки айрим ёшларимиз биз ўқиган китобларимиздан олган таассуротни, завқни хис қилиш имкониятини ўзига бермайдилар. Агар китоб мутолаа қилмайдигон айрим ёшлар улар китоб ўқигандаги биз туйган хиссиётни хис қилганларида эди, нимадан ўзларини махрум қилаётганликларини тушунардилар. Юқоридаги тавсия этилаётган адабиётларни мен ўқимаган эканман, уларни қоғоз вариантда сотиб олиб ўқишга ҳаракат қиламан. Чунки жаҳон адабиётида шундай дурдона асарлар борлигини Пушкиннинг "Қишлоқи ойимқиз" асарини, немис ёзувчиси Цвайгни "Номаьлум аёл мактуби" асарини ўқиганимдан ҳис қилганман. Ўзим ўқитувчиман, тарихчи бўсамда адабиётни жуда яхши кўраман. Тасодифан бу лойихани кўриб. фикр колдирдим.
Akmal
12:01 / 01.01.1970
Assalomu alaykum hurmatli loyiha tashkilotchilari bu lohiya juda manfaatli boʻlibdi bunday loyihalarni yanada koʻpaytirish yoshlar nigohida boʻlgan insonlarni tavsiyalarini ommaga yetkazish juda foydali boʻladi. Ayni vaqtda kitob oʻqishni xohlaydigan ammo qanday kitob oʻqish kerakligiga oʻylanayotgan yoshlar juda koʻp,oʻylaymanki bu barcha yoshlar uchun manfaatli boʻladi.