Умумий овқатланиш соҳасида давлат тилига оид талаблар қандай? Таҳлил


Сақлаш
18:33 / 06.04.2025 118 0

Фото: “Тундаги кафе террасаси” картинаси, Винсент Ван Гог, 1888 й. Манба: Wordpress

 

Мижозларнинг аксарияти ўзбек тилида сўзлашишига қарамай, айрим хизмат кўрсатиш тармоқлари, жумладан, умумий овқатланишда давлат тили талабларига тўла риоя этилмаяпти. Хусусан, Рақобат қўмитаси томонидан 75 фоиз ҳолатда таомнома (меню) давлат тилида эмаслиги аниқланган. Айрим ҳолларда официант ва кассирлар давлат тилини етарлича билмайди.

 

Хўш, умумий овқатланиш соҳасида давлат тилига оид талаблар қандай? Oyina.uz колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига тўхталади.

 

Кафе ва ресторанлар қайси тилда хизмат кўрсатишни мустақил белгилай оладими?

 

Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаб келмоқда. Конституцияга асосан, давлат ўз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тиллари ҳурмат қилинишини таъминлайди ва уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

 

“Давлат тили ҳақида”ги қонунга кўра, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши бошқа миллат ва элатлар ўз она тилида гапиришига тўсқинлик қилмайди.

 

Шу жиҳатдан, қонунчилик официант, кассир ва кафе-ресторанларнинг бошқа ходимларини фақат давлат тилида гапиришга мажбурламайди: ўз тилида гапириш – уларнинг Конституциявий ҳуқуқи.

 

Шу билан бирга, Конституцияга асосан, кишилар ўз ҳуқуқларидан фойдаланишда бошқа кишилар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги керак.

 

Хўш, официант мижоз билан у тушунмайдиган тилда сўзлашиши қандай ҳуқуқларга таъсир қилиши мумкин? Албатта, истеъмолчи ҳуқуқларига.

 

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан товар (хизмат), хизмат кўрсатувчи ва хизмат кўрсатиш қоидалари ҳақида мижозга давлат тилида маълумот берилиши керак. Бунга қўшимча бошқа тилда ҳам ахборот берилиши мумкин.

 

Айтайлик, кафе ходимлари давлат тилини билмайди, мижоз эса –уларнинг тилини. Мижоз таом таркиби, тайёрланиш усули ёки бошқа масалада маълумот олмоқчи. Шу ҳолатда мижозга керакли маълумот берилмаслиги (тил тўсиқлари туфайли бера олинмаслиги) истеъмолчи ҳуқуқларини бузмай қолмайди.

 

Худди шунингдек, кафе-ресторанлар бошқа тилларда сўзлашувчи мижозлар ҳуқуқларини ҳам инобатга олиши керак. Хусусан, 2003 йил 13 февралдаги 75-сон Ҳукумат қарорига кўра, хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналарида камида битта хорижий тилни биладиган метрдотел, официантлар бўлиши керак.

 

Қонунчиликда, истеъмолчи ҳуқуқларидан ташқари, иш юритиш тилига оид қоидалар ҳам бор. Масалан, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга кўра, ташкилотларда иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда “қоғозлар” давлат тили билан бир қаторда бошқа тилда ҳам юритилиши мумкин.

 

Таомнома қайси тилда бўлиши лозим?

 

Таомнома исталган тилда – “қадимги валериян” тилидан (Девид Ж. Петерсон яратган тўқима тил) тортиб, мандарин тилида ҳам ёзилиши мумкин. Фақатгина битта шарт билан – аввало, давлат тилида бўлиши керак.

 

Таомнома, яъни меню исталган тилга таржима қилиниши мумкин, аммо улар дунёнинг нечта тилига таржима қилинишидан қатъи назар давлат тилида бўлиши шарт:

 

биринчидан, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга асосан лавҳа, эълон, нархнома ҳамда бошқа кўргазмали ва оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин;

иккинчидан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан товар (хизмат) ҳақидаги маълумот давлат тилида берилади, заруратга қараб бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин;

учинчидан, 2003 йил 13 февралдаги 75-сон Ҳукумат қарорига кўра, умумий овқатланиш корхоналарида давлат тилида ёзилган таомнома бўлиши керак.

 

Аммо кўпгина кафе-ресторанларда ҳанузгача давлат тилидаги таомнома йўқ. Хусусан, Рақобат қўмитасига кўра, танланма асосда ўрганилган 700 га яқин умумий овқатланиш корхонасининг 524 таси ёки 75 фоизида таомнома давлат тилида эмаслиги аниқланган. 449 та ёки 65 фоиз ҳолатда нархномалар йўқ.

 

Бунинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан, бирор тилни устувор кўриш, қонун талабларини билмаслик ва бошқалар. Шу билан бирга, айрим объектив сабаблар ҳам мавжуд – кўплаб овқат, салат ва ширинлик номларининг ўзбек тилидаги таржималар йўқ, борларига ҳам қулоқ ўрганмаган (масалан, “Мужской каприз” – “Эркак инжиқлиги/нози”).

 

Шу боисдан, таомномаларнинг давлат тилида бўлиши талаб этилар экан, овқат, салат ва ширинлик номларини таржима қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

 

Рекламалар қайси тилда бўлиши керак?

 

Интернетда, жумладан, ижтимоий тармоқларда хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳалари сингари умумий овқатланиш корхоналарининг рекламалари ҳам тез-тез кўзга тушади. Уларнинг баъзилари давлат тилида бўлса, аксарияти бошқа тилларда. Хўш, бу борадаги қонунчилик қандай?

 

“Реклама тўғрисида”ги қонунга асосан республикада реклама давлат тилида тарқатилади. Реклама таржимаси қуйидаги талабларга биноан бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:

 

таржима унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузмаслиги;

ташқи реклама таржимаси давлат тилидаги реклама матнининг пастида горизонтал жойлаштирилиши ва майдоннинг 40 фоизидан ошмаслиги;

таржима матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши;

теле- ва радиоканаллар, босма нашрлардаги реклама таржимаси кунлик умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги.

 

Хулоса қиламиз, умумий овқатланиш корхоналарида иш ҳужжатлари давлат тилида юритилса-да, унинг ходимлари ўзаро ва мижозлар билан улар ўзлари танлаган тилда мулоқот қилиши мумкин, агарда истеъмолчи ҳуқуқлари бузилмаса. Жумладан, товар (хизмат) ҳақидаги маълумот давлат тилида берилиши шарт.

 

Таомнома (меню), хизмат кўрсатиш қоидалари, бошқа кўргазмали материаллар ҳамда реклама материаллари давлат тилида бўлиши лозим. Уларнинг бошқа тилларга таржима қилиш ҳам мумкин. Мижоз умумий овқатланиш корхонаси ходимлари гаплашаётган тилни билмаса-да, хизматлардан тўла ҳажмда фойдаланиш ҳуқуқига эга ва умумий овқатланиш корхонаси унинг ушбу ҳуқуқини таъминлаши шарт.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

17:04 / 07.04.2025 0 409
Тўрт Қодирий эътирофи





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17493
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//