Шайх Зайниддин бобо мақбарасини Амир Темур қурдирмаганми?


Сақлаш
15:42 / 04.04.2025 114 0

Шайх Зайниддин Куйи Орифоний мақбараси Тошкент ҳудудидаги йирик меъморий обидалардан бири ҳисобланади. Архитектура тарихчиларининг фикрича, дастлаб кичикроқ чортоқ барпо қилинган, мақбара эса кейинги асрларда бунёд этилган. Ўтмишда бундай йирик иншоотларнинг қад кўтариши учун албатта ҳукмдор ёки катта таъсирга эга шахснинг ташаббуси ҳамда кейин бекам-кўст фаолият юритиши учун ҳомийлиги зарур бўлган. 

 

Минтақада ҳукмронлик қилган Исмоил Сомоний, Амир Темур, шайбоний Абдуллоҳхонлар тарафидан аксар иншоотларнинг бунёд этилгани, вақф мулклари ажратилгани ҳамда солиқ ва мажбуриятлардан озод этилгани ҳақидаги ҳикояларни кўп эшитганмиз. Бундай маълумотларнинг баъзилари ҳақиқат бўлса, аксариятини асословчи тарихий ва мантиқий далиллар етишмайди. Нашрлар ва халқ орасида ҳақиқатга зид маълумотлар тарқалиши табиий. Бундай ҳолат Шайх Зайниддин Куйи Орифоний ёки халқ тилида айтилганидек Шайх Зайниддин бобо мақбараси тарихи билан ҳам боғлиқ.

 

Яқин тарихда оммавий ахборот воситалари ва интернет саҳифаларида Шайх Зайниддин бобо мақбараси Амир Темур тарафидан бунёд этилгани ҳақидаги маълумот оммалашган. Натижада бу маълумот халқ орасида тарқалган ҳикоя экани эслатилмай, илмий нашрларда ҳам тарихий факт сифатида мустаҳкам ўрнашиб қолди. Аслида ҳам шундайми? Бу маълумот тарихий воқеликка қанчалик яқин?

 

Афсуски, Шайх Зайниддин бобо мозорининг XIII асрдаги ҳолати ҳақида сўз юритган муаллифни кўрсатиш қийин. Ҳозирча бизга “Мулҳақот ас-суроҳ” муаллифи Жамол Қаршийнинг 1272 ва 1290 йилларда икки бор Тошкентга келгани маълум. У ўз асарида Тошкентдаги айрим уламоларни, айниқса ўзи зиёрат қилган Қаффол Шоший мақбарасини тавсифлаб ўтган. Лекин Шайх Зайниддин бобо шахси ёки унинг мозори ҳақида ҳеч бир сўз демайди (Джамāл Каршӣ. Ал-Мулх̣ак̣āт би-с̣-с̣урāх̣ / Отв. ред.: А.К. Муминов. Введение, перевод с арабско-персидского, комментарии, текст, факсимиле Ш.Х. Вахидов, Б.Б. Аминов. Алматы: Дайк-Пресс, 2005. С.153-154.). Албатта, Жамол Қарший китобида Тошкентнинг ўша вақтдаги барча зиёратгоҳлари тавсифини келтиришни мақсад қилмаган бўлиши мумкин.

 

Айни пайтда ёзма манбаларда Шайх Зайниддин бобо мозори XIII аср иккинчи ярмидаёқ табаррук масканлардан бўлгани ҳақидаги ҳикоялар бор. Масалан, тахминан XVI аср бошида Мавлоно Шайх тарафидан ёзилган “Мақомоти Хожа Аҳрор” ёки 1623 йилда Олимшайх азизон битган “Ламаҳот мин нафаҳат ул-қудси” асарида тилга олинган Шайх Умар Боғистонийнинг (ваф. 1291) икки марта Шайх Зайниддин бобо мозори зиёратига келиши воқеаси жуда машҳур (Mawlānā Shaykh. Maqāmāt-i Khwāja Aḥrār. Ed. by Masatomo Kawamoto. Tokio, 2004. Р.110, 111; Shaykh Muḥammad ‘Ālim Ṣiddīqī-‘Alawī. Lamaḥāt min Nafaḥāt al-quds. Islamabad-Lohur, 1986. Р.341). Фахриддин Али Сафийнинг (ваф. 1532) “Рашаҳот айн ал-ҳаёт” асарида келтирилган Хожа Аҳрор хотираларида эса Қаффол Шоший, Хожа Иброҳим Кимёгар, Шайх Хованд Таҳур ва Шайх Зайниддин Куйи Орифоний мозорлари у зот тез-тез зиёрат қилиб турадиган масканлар бўлгани айтилади. Ҳикояларнинг бирида Темурийлар даврининг таниқли мутасаввифи Низомиддин Хомушнинг ҳам Шайх Зайниддин бобо мозори зиёратида бўлгани эсланади (Фахриддин Али Сафий. Рашаҳот. Тошканд: Ғуломия, 1329/1911. Б.237, 238, 77.). Лекин ушбу ҳикояларда авлиёнинг йирик мақбараси эмас, балки мозори ҳақида сўз боради.

 

 

Бугунги кунда зиёлилар ва айниқса халқ орасида Шайх Зайниддин бобо мақбараси ҳам Аҳмад Яссавий мақбараси каби Амир Темур томонидан барпо қилинган деган маълумот кенг тарқалган. Лекин бу маълумотни қўллаб-қувватловчи аниқ фактлар етишмайди. Масалан, Амир Темур томонидан Туркистонда Аҳмад Яссавийга мақбара қурилиши Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” (ёз. й. 1419, 1428) асарида баён қилинган. Лекин асарда Шайх Зайниддин бобо мақбараси қурилиши тилга олинмайди. Мазкур асар Амир Темур фаолияти, ҳарбий юришлари, олиб борган бунёдкорлик ишлари сарой котиблари томонидан қайд қилиб борилган ўта ишончли битиклар асосида ёзилган. Материаллар ҳамда асарнинг ўзи махсус котиблар томонидан қаттиқ текширувдан ўтказилгани ҳақида муаллиф ҳатто махсус фасл ажратиб, изоҳлаб берган (Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Мовароуннаҳр воқеалари. 1360-1370 йй. Тошкент: Камалак, 1994. Б. 39–45.). Шундай экан, Туркистондаги каби Тошкентда амалга оширилган катта бир мақбара қурилиши воқеаси қандай қилиб ўша давр “экспертлари” эътиборидан четда қолган бўлиши мумкин?

 

Яна бир масала, мақбарани Амир Темур қурдирганида Тошкентда, обрўли хонадонда ўсиб-улғайган Хожа Аҳрор ўз ҳикояларида бу ҳақда эслаб ўтмасмиди? Аксинча, Хожа Аҳрор хотираларида Шайх Зайниддин бобо мозори шаҳарнинг бир чеккаси ва одам ёлғиз юрса қўрқадиган жойлари, деб тавсифланган (Фахриддин Али Сафий. Рашаҳот. Б.238.).

 

Шайх Зайниддин бобо мақбараси Амир Темур томонидан бунёд этилгани эслатилган илк китоб форсийдан ўзбек тилига “Жангномаи Амир Темур кўрагон” номи билан таржима қилинган достон бўлса керак. Мазкур достон 1910 йилда Тошкентдаги “Ильин” босмахонасида чоп этилган, таржимони Салоҳиддин Тошкандийдир. Асар сўнгида Соҳибқироннинг Аҳмад Яссавий мақбараси иншоотидан сўнг Тошкентга келиб Кайкобус ариғидан сув чиқаргани, Шайх Зайниддин бобо мозори обод қилиниб, ишлаш учун қул-чўрилар ажратилгани ва бир гумбаз қурдиргани баён этилган (Салоҳиддин Тошкандий. Жангномаи Амир Темур кўрагон. Тошкент: Ильин, 1328/1910. Б.366). Бизда эътироз пайдо қилаётган маълумот айни шу асарга таяниб тарқалган бўлиши мумкин. Чунки XVI–XIX асрларда тошкентликлар орасида бу мазмундаги ривоят ёки ҳикоятлар мавжуд бўлганига шубҳа бор. Сабаби ўз аждоди Шайх Зайниддин бобонинг Тошкентга келиши ҳақидаги оғзаки ривоятларни қоғозга туширган Олимшайх азизон ҳам, XIX асрда яшаб ўтган Тошкент тарихи билимдони, “Тарихи жадидайи Тошканд” асари муаллифи Муҳаммад Солиҳхўжа ҳам ёки колониал давр тарихий ҳужжатларида ҳам бу ҳақда биронта қайд учрамайди. Салоҳиддин Тошкандийга келсак, у ҳам достонга бошқа муаллифлар каби ўзидан айрим тўқималар киритгани табиий. Қолаверса, Салоҳиддин Тошкандий Шайх Зайниддин бобонинг авлоди бўлган. Шу сабабли достонга аждоди мақбарасининг Амир Темур ташаббуси билан қурилгани ҳақидаги эпизодни қўшишни хоҳлаган бўлиши мумкин.

 

Эҳтимол, мақбаранинг бунёд бўлиши тарихини Шайбонийлар давридан қидиришимиз керакдир. Ҳар ҳолда ўша даврда Тошкентда юз берган воқеалар бу тахминни ҳам ўйлаб кўришга ундайди.

 

Тошкентнинг Шайбонийлар қўлига ўтиши ортидан бу ерда Суюнчхўжахон ибн Абулхайрхон (ҳ.й. 1503–1509, 1512–1525) хонадонининг амалда етмиш йиллик мустақил ҳукмронлиги ўрнатилди. Унинг ўғиллари Келди Муҳаммад султон (ҳ.й. 1525–1533) ва Наврўз Аҳмадхон – Бароқхон (ҳ.й. 1533–1551, Тошкент; 1551–1556, Шайбонийлар давлати), Бароқхоннинг ўғиллари Дарвишхон (ҳ.й. 1551–1579) ва Бобо султон (ҳ.й. 1579–1582) ўз ака-укалари билан Тошкент воҳасидан ташқари Фарғона водийси ва Сирдарёбўйи ҳудудларига ҳам эгалик қилган. Хонадон вакиллари айни пайтда Тошкентда кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишларини олиб борди. Суюнчхўжахоннинг Кайкобус боғи (1525 й.), Бароқхон мадрасаси (XVI асрнинг 20–50-йиллари), Келди Муҳаммад Султоннинг отаси Суюнчхўжахон учун қурдирган мақбараси (Гумбази Бароқхон, 1531–1532 йй.), Дарвишхоннинг Кўкалдош мадрасаси (1569 й.), Қаффол Шоший (1541–1542 йй.) ва Ҳазрат Уккоша мақбарасининг (XVI асрнинг 50–60-йиллари) ободонлаштирилиши, Тошкентнинг катта ийдгоҳи таъмири (XVI асрнинг 50–60-йиллари) биз билганларимиз холос. Айни шу даврда Шайх Зайниддин бобо мозори ҳам эътибордан четда қолмаган бўлиши керак. Бизга маълум, мақбара вақф мулкларини солиқлардан озод қилиши ҳақидаги илк ёрлиқнинг 1557 йилда Дарвишхон томонидан берилгани ҳам бежизмас. Чунки бундай йирик мақбаранинг кейинги фаолияти аввало вақф мулклари ҳисобидан амалга оширилган. Тошкентда авлиё авлодларининг фаоллашуви, ўз насабномаларини тиклашининг айни шу XVI аср ўрталарида юз бергани ҳам тасодиф бўлмаса керак.

 

 

Шайх Зайниддин бобо шубҳасиз Тошкентнинг сўнгги беш юз йиллик тарихидаги энг машҳур шахсиятларидан. Шаҳарнинг маданий-маънавий ҳаётида ҳам чуқур из қолдирган. Афсуски, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берувчи манбалар анча кейинги даврларга оид. Борлари ҳам жуда тарқоқ ва у зотнинг насаби, ҳаёти ҳамда фаолиятига оид воқеалар ҳақидаги турли ривоятлар, нақлларга аралашиб кетган. Лекин авлиёнинг Тошкентда яшаб ўтган мутасаввифлардан бўлгани, ўзидан кейин кўплаб сўфийларни етиштиргани ҳақиқат. Бугунги кунда Шайх Зайниддин бобо шахсияти билан боғлиқ айрим маълумотлар эскирган, баъзилари ривоятлар замирида ҳақиқатдан узоқлашган. Жумладан, у зот яшаган давр 1164–1259 йиллар деб берилиши тўғри эмаслигини, тошкентлик машҳур сўфий Этемас эшон унинг замондош-шогирди эмас, балки XIX асрда яшаб ўтган авлоди Эшон Бобо охунд Шодмонхўжа ўғли эканини, Кўкчадаги бугунги мақбара ҳам Амир Темур томонидан эмас, XVI асрдан шакллана бошлаганини билишимиз лозим. Зеро бу ҳақиқатларни эътироф этиш билан Шайх Зайниддин бобонинг тарихдаги баҳоси, Тошкент тарихида тутган ўрни қадрсизланиб қолмайди. Аксинча, бизни бу зот сиймосининг янги қирраларини очиб берадиган, номаълум бўлган сирлар тадқиқотига ундайди.

 

Ўктамбек СУЛТОНОВ,

тарих фанлари доктори, Tashkent International University

Ижтимоий фанлар ва таълим кафедраси профессори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

17:04 / 07.04.2025 0 770
Тўрт Қодирий эътирофи





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17519
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//