Йўлдош Эшбек: Адабиётни севмаган одамнинг тиззаси букилиб кетади


Сақлаш
11:54 / 04.04.2025 61 0

 

Йўлдош Эшбек билан турли йилларда турли нашрларда чиққан суҳбатларни ўқиб, ишончим мустаҳкамланди: инсонни дард улғайтиради. Шоир фақат шеърларида эмас, кундалик суҳбатларда ҳам Тил, Адабиёт, Ватан, Миллат, Инсон деб қайғуради. Уни ўзининг рўзғори бутлигидан кўра халқининг қалби тўқлиги кўпроқ ўйлантиради. Иқтибосларга кўз ташлаб, хулосани ўзингиз чиқаринг.

 

Жон Ватан деймиз, жон ва тан. Қиёсларимизда Ватанни – ибтидоси ва интиҳоси кўринмас бепоёнликни жон билан чегаралагандай, торайтгандай сезамиз. Кенгайиб борамиз: жонга жон Ватан – Жонажон Ватан. Ва ниҳоят, мангулик, абадийлик тимсоли она Ватанни кашф қилгандай бўламиз: Она Ватан!

 

***

Ҳурриятнинг, озодликнинг, юртнинг ҳам икки қаноти – иқтисод ва маънавият бўлса; маънавиятнинг икки қаноти: бири – барча инсоншунослик, иккинчиси адабиётдир!

 

***

Мустақилликни қанча шарафласак оз. Бироқ Мустақиллик, айримлар ўйлагандай, бизнинг маддоҳлигимизга муҳтож эмас, балки унга бизнинг фидолигимиз, поклигимиз ва хизматларимиз зарурдир.

 

***

Бандаи ожизлигини билган, Яратгандан қўрққан киши жуда ҳам кучлидир. Инсон Тақдир Йўлидан чиқиб, ўзганинг Тақдир Йўлига ўтиб кетолмайди. Ҳамма ўз Тақдир Йўлидан кетади, барча мағлубият ва муваффақиятлар шу йўл ичида кечилади. Инсон тақдирни эмас, тақдир ичида баъзан мағлубият, баъзан муваффақият яратади.

 

***

Агар одамда виждон бўлса, бўлганда ҳам улуғ бўлса, оғримасдан, ўртанмасдан ҳеч иложи йўқ. Ва ўзга чораси ҳам йўқдир. Ана шу улкан оғриқлар буюк ўртанишлар элни эл, юрт­ни юрт, ватанни обод айлайди. Ана шу оғриқлар ва ўртанишлар икки дунё саодатидир. Булар эса, аввало, виждонда бўлади. Шунинг учун бўлса керакки, валий зотларни, улуғ шоирларни халқнинг, миллатнинг виждони деймиз. Улардан ибрат оламиз.

Ҳазрати Фаридуддин Аттор “Тазкират ул-авлиё” асарида ёзади: “Ҳасани Басрий болаликда билмай бир қабиҳ иш қилиб қўйган ва бундан доимо надомат чекар, шу қабоҳатни ёқасига ёзиб қўйган эди. Ёзувга ҳар гал кўзи тушганда шу қадар йиғлар эдики, ёзув ҳўл бўлиб кетарди”. Виждон ҳақида бундан ўтказиб ё бунга баробар айтиш биз учун мушкул. Бундай зоти шарифларнинг муборак маноқибларидан келиб чиққан ҳолда деймизки, виждон – валий, шоир, қаҳрамоннинг титилган кўнгли ёки кўнглининг илма тешикларидир.

 

***

Миллийлик нима? Қисқа жавоб берадиган бўлсак, миллатга хос хусусият. Бу – кийинишда ҳам, қўшиқ айтишда ҳам, адабиётда ҳам акс этади. Адабиётимизнинг ахлоққа, ҳаёга “итоат” этиши унинг энг буюк миллий хислатидир. Адабиётда ҳам, меъморчиликда ҳам, умуман, санъатда миллийлик – жавҳари ибо, ахлоқ бўлган бадиий маҳоратдир. Албатта, ташқари таъсирини (ёмон таъсирини) қонун йўли билан тўсиш қандай натижаларга олиб келиши ҳақда дангалроқ бир нарса дейишим қийин. Мен буни адабиёт соҳасидагина эмас, умуман айтаяпман. Бу борада мен онг ва тафаккур бўшлиғи бўлмаслиги тарафдориман. Бу нима дегани? Бу, аввало, эътиқодий барқарорлик дегани. Бу фақат ёшлар учунгина эмас, барча учун, юртимиздаги барча соҳа вакиллари учун энг биринчи асосдир. Бу ҳам билим ва истеъдод билан амалга оширилади. Миллийлик либосдир – у миллат вакилининг ички дунёсини, ахлоқини акс эттиради. (Муҳтарам муҳаррир, шу жойни қисқартирмасангиз, илтимос).

 

Шўро даврида ҳам кавказ халқлари ўз исмлари, оталари исм (фамилия)ларини ўзларига хос қўшимчалари билан сақлаб қололдилар. Бу ҳам миллийликка киради. Бу борада ўша даврларда нисбатан катта халқ бўлганимиз учун қаршиликлар ҳам каттароқ бўлган. Шукрки, энди қонунларимиз эркинлигимизни, миллийлигимиз ривожини таъмин этади. Ва талаб ҳам этади. Миллийлик ҳам тўла, комил намоён этиладиган гўзал хислатлардир…

Жаҳон билан ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ. Лекин эътиқодни мустаҳкамлашнинг иложи бор. Бу соҳа истеъдодларга боғлиқ. Ва эътиқод хусусида матбуотда, айниқса, ойнаи жаҳонда кўп суҳбатлар ўтказиш мақсадга мувофиқ. Чунки элни эл, юртни юрт айлайдиган бу фуқаронинг эътиқодидир. Миллийлик ҳам, умуминсонийлик ҳам эътиқод устида ўсади.

 

***

Тафаккур юксак мақомдир. Барча ўқувчи мутафаккир даражасига етмаса-да, ҳар қалай фикрлайди, ёшлар фикрлашга ўрганади, ўйлари миқёс касб этади. Умуман, ўқувчи халқни адабиёт бошқаради. Адабиётда шундай яхши маънодаги магик хусусият, яъни сеҳрли таъсир кучи мужассам. Шунинг учун тарихда баъзи, ҳатто шўро замонида ҳам бадиий адабиётни ҳукмдорлар ёқтиришмаган ва жосус, айғоқчи, жаллодларини адиб (шоир, ёзувчи)нинг жуда яқинидан танлашган. Мамлакат эрксизлик зиндонига айлантирилганда, ота-бола, ака-ука бир-бирига сотқинга айлантирилганда, эзгуликка ўрин қолмади деб ўйланганда... ҳатто шундай ўйлаб қолиши ҳам мантиққа зид эмас, лекин умидга тескари. Барча дарчалар қаттиқ, маҳкам ёпилса-да, бир туйнук милтиллаб қолади. Бу – адабиёт! Умидни шундай оғир дамда, зиндонда уни тарбиялаб, бепоён-буюк эркка элтади. Инсонни, миллатни зиндон бахтиёрига айлантиради. Мен Қодирийни, ўша пайтдаги ўқувчиларни шундай бахтиёрлар дегим келади.

 

 

***

Ҳазрат Навоий ва Қодирий асарларини мутолаа этар эканмиз, нафақат Ўзбекистонимиз, жонажон Туркистонимиз, Бутун Буюк Турк оламидаги лаҳжаларимиз нақадар яқин, кўпинча бир бўлганини кўриб, таърифи мушкул фахр туйғуси чулғаб олади кишини. Оладир дердим, бу “р” Қодирий ва Чўлпонни кўп ўқиганимда содир бўлар, беихтиёр шеър машқларимга ҳам ўтиб қоларди.

Болалигимда бир адабиётчи ҳазрати Навоий “фил”ни “пил” шаклида ишлатганини айтиб, байт ўқиди. “Э, Навоий ҳам ўзимиздан экан-ку”, деб юбордим. Гур кулги кўтарилди. Шевамиз шундай.

Бу кулгу мени бугунлар ҳам қувонч, ҳам қайғуга солади. Бу қайғу тил(лар)имиз (Буюк Турк Тили) ўзимиз каби бир-биридан узоқлашгандай бўлса, бу қувонч – буюк шоир ва ёзувчиларимиз ижодида шева ва лаҳжаларимизнинг сақланиб қолганидир.

 

***

…кўпкарида баковуллар (раислар, оқсоқоллар) ҳайъати кўпроқ ғирромлардан иборат бўлса, чавандозлар орасидаги ғирромларнинг ҳам ошиғи олчидир. Жамиятда ҳам шундай.

… жамият соғайсагина, кучайсагина, шахс ва жамоат ҳаёти обод-озод, эмин-эркин ва фаровон бўлади.

 

***

Ғирромлардан, баднафслардан “Нафс тузоғидан қутулиб қолдим”, деб ўйловчилар бўлса, эртароқ қувонмасинлар, ҳеч ким билмади, деб ўйламасинлар. Гуноҳларини тунларда, тонгларда тавба суви билан ювишлари керак бўлади. Йўқса, қутулдим деб гумон қилган пайтда нафс тузоғининг ўртасида бўладилар.

 

***

Адабиёт осмондан буюк инсоният (кўнгли)ни бошқаради. Қўрқитиб бошқарувчи тизимлар бўлган, бироқ муваққат. Чунки халқ ва адабиёт буюкдир.

 

***

Ким билмайди, дейсиз, капалак саккиз соат, қарға минг йил яшайди. Хўп, қарға минг йил яшасин, бироқ  ундан одамларга не наф бор? Капалак саккиз соат яшаса ҳам, одамларнинг кўзини қувонтиради. Минг йил яшаб гўнг титгандан кўра ярим кун яшаб одамларга завқ улашиш, ҳайратлантириш, гўзаллика ошуфта қилиш афзал эмасми?!

 

***

Тил – муҳим аҳлоқий мезон. Ўз тилини билмаганлар эса кўрксиз кишилардир. Тилни бундай балолардан жонли тилга яқин бадиий асарлар қутқаради. Юксак бадиий асарлар нафақат тил гўзаллигини ярақлатиб очиб юборади, балки ҳамма соҳаларга, ҳамма жараёнларга ижобий таъсир ўтказади. Одамлар ўзи учун қийин бўлган ҳолатларда қўшиқ куйлайдилар, шеър айтадилар, бадиий қаҳрамонларга тақлид қиладилар.

 

***

Адабиётни севиш керак. Адабиётни севмаган одамнинг тиззаси букилиб кетади. Адабиёт инсонга куч беради, руҳ беради. Адабиётни севиш ғалабани таъминлайдиган энг катта омил. Адабиёт дегани Ватаннинг, миллатнинг бошқа бир гўзал исми, тўғриси, онасидир. Адабиёт миллатни туғади. Адабиёт билан туйинмаган қавм миллат даражасига кўтарила олмайди. Биласиз, адабиёти буюк халқларнинг давлати ҳам буюк.

 

 

Фаррух ЖАББОРОВ саралади.

“XXI asr” газетаси, 2025 йил, 13-сон

“Халқни адабиёт бошқаради” материали

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

17:04 / 07.04.2025 0 409
Тўрт Қодирий эътирофи





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17493
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//