Сўнгги йилларда миллий мерос, миллий қадриятлар ва буюк аждодларимизга алоҳида эътибор берилмоқда. Бундай эътибор Хоразм тарихига ҳам кўрсатилаётганлиги "Лазги" рақсининг ЮНЕСКО умуминсоний ёдгорликлар рўйхатига киритилиши ва Жалолиддин Мангуберди шахсининг улуғланишида кўриш мумкин.
Ўзбекистон тарихида буюк шахслар, саркардалар, олимлар, сиёсий ва адабиёт арбоблари кўп ўтган. Улар орасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахси улуғланади ва давлат ҳамда "Бобур фонди" каби фондлар орқали қўллаб-қувватланади. Бобур шахсига нафақат Андижонда, балки Республиканинг барча ҳудудларида алоҳида ҳурмат бажо келтирилади, таваллуд кунлари кенг нишонлади.
Хоразмда тарихимизда тутган ўрни ва хизматлари Бобурникига қиёсланадиган буюк бир шахс ўтган. Бу давлат раҳбари, Хива хони, тарихчи, шоир, таржимон Урганч шаҳрининг асосчиси, Хоразмдаги бир неча каналларни қаздирган ва биноларни бунёд эттирган инсон Абулғози Баҳодирхон бўлади. У ҳақда Озод Шарофиддинов "Абулғози Баҳодирхон бинни Арабмуҳаммад ўзбек хонлари ичида Бобурдан кейинги муҳим шахсдир. Унинг маданият тарихида қилган ишлари улуғ", деб бежиз айтмаган.
Мен Парижда жойлашган энг нуфузли кутубхоналардан бирида ишлаганман ва унинг фондидаги буюк аждодларимизга оид китобларни ўрганганман. Абулғози Баҳодирхоннинг шахси ва унинг китоблари ўтган асрларда ғарб тилларига таржима қилинган камдан-кам шахслардан бири ҳисобланади. Ҳатто XIX асрда француз шарқшунослари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Абулғози Баҳодирхон асарларини ўқиб-ўрганиш учун луғатлар яратганлар.
Абулғози Баҳодирхон шахси тарих китобларимизга киритилган, унга Урганч шаҳрининг чекка маҳаллаларидан бирида ҳайкал қўйилган. Аммо унинг шахси бутун ўзбек давлатчилиги, тарихи, адабиёти, миллий ўзлиги борасида ҳозирги ва келгуси авлодларга ўрнак бўлишга арзийди. Абулғози Баҳодирхон шахси дунё илм-фанида машҳурлиги, унинг асарлари дунё бўйлаб ўрганиладиган асарлар эканлиги юртимизни дунёга танитишга ҳам улкан ҳисса қўшади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, Абулғози Баҳодирхоннинг шахсини улуғлаш, соядан ёруғликка олиб чиқиш ва унинг асарларини ёшларга ўргатиш, у ҳақда кино ва сериаллар олиш, таваллуд кунларини Республика бўйлаб кенг нишонлаш, барча вилоятлар кўчаларига ва ҳиёбонларига унинг номини бериш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.
Бу иш аввало, Баҳодирхоннинг ўзи асос солган Урганч шаҳридан бошланса яхши бўларди. Урганч марказидаги Жалолиддин Мангуберди ҳиёбонидан Мангубердининг эски ҳайкали олиб ташланиб, бошқа жойда унинг янги, муносиб ҳайкали ўрнатилди. Ҳозирда ҳиёбон бўшаб қолган. Хоразм аҳли ҳиёбондаги дарахтлар, катта гужумлар кесиб ташланиб, ўрни тадбиркорларга сотиб юборилишидан ҳавотирда.
Менимча, Абулғози Баҳодирхоннинг чекка маҳҳалада, машиналар ўтар йўли устида қолган ҳайкалини Жалолиддин Мангубердининг эски ҳайкали ўрнига қўйиш ва ҳиёбонни унинг номига ўзгартириш керак. Агар ҳайкал кўчирилиб, ҳиёбон қайта номланадиган бўлса, биринчидан, янги ҳиёбон яратиш шарт бўлмайди, иккинчидан, янги ҳайкал қуриш керак бўлмайди. Ва ниҳоят, тарихий ҳақиқат ўрнатилиб, хоразмликлар ва вилоятимиз меҳмонлари Абулғози Баҳодирхон ҳайкалининг пойига бора оладиган бўладилар.
Дониёр Рўзметов
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ