
Мустақилликнинг илк йилларидаёқ коммунистик тузумдан воз кечилиб, аста-секин бозор иқтисодиёти ва хусусий мулкчиликка ўтиш бошланди. Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш ва хусусий секторнинг улушини ошириш мақсадида жамоавий мулклар давлат тасарруфидан чиқарилди. Давлат эгалигидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш жараёни бир қанча босқичларда амалга оширилди. Дастлабки, тайёргарлик босқичида, яъни 1990–1991 йиллар давомида республика шароити учун мос бўлган хусусийлаштиришнинг турли хилдаги ёндашувлари, шакллари ҳамда усуллари ўрганилди. «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Хусусийлаштиришнинг ижобий томонлари 1992 йилнинг ўзидаёқ кўриниш берди. Ўзбекистоннинг шу йилги буджетининг асосий параметрларида хусусийлаштиришдан, шунингдек, қуриб битказилмаган қурилиш иншоотларини сотишдан тушган фойда 3 млрд сўмни ташкил этган. Бу бозор иқтисодиёти томон ҳаракатланаётган ёш республика учун яхши натижа эди.
Хусусийлаштириш дастурига давлат уй-жой фонди ҳам киритилди. 1992 йилгача 200 мингдан ортиқ хонадон фуқароларнинг маълум тоифаларига (шифокор, ўқитувчи) текинга берилди. Аксарият ҳолларда хонадонлар уларда яшаб турган фуқароларга сотилди.
Хусусийлаштириш жараёнида давлат мулкидан тезда қутулиш эмас, балки хусусий мулк эгалари сонини кўпайтириш ва иқтисодиётда давлат улушини камайтириш асосий мақсад қилиб қўйилганди.
Шу боис «Ўзбекистон хусусийлаштириш борасида социалистик лагердаги собиқ тенгдошлари – Чехия ва Словакия республикалари, Венгрия, Полша, Эстония ва бошқалардан ортда қолмоқда», деб ёзганди халқаро мутахассислар Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнига таъриф берар экан.
Аммо, ушбу соҳада ҳам бир қанча кўзбўямачиликлар қилинган. Масалан, «Сирдарёсавдо» концернига тегишли бўлган савдо шохобчалари ва объектлари хусусийлаштирилгандан сўнг, ушбу объектларда савдо қилиш учун озиқ-овқат маҳсулотлари қолмаган.
Ҳаттоки, масъуллар томонидан «битта эски газли сув сотадиган аппаратни ҳам хусусийлаштирдик» деб акт тузилган ҳолатлар бўлган.
Гарчи, кўпгина корхоналар расман очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига айлантирилган бўлсада, бироқ амалда улар давлат тасарруфидан чиқарилмаган. Бундай корхоналарнинг директорлари «Акционерлик компанияси» ёки «Концерн» деб номланувчи давлат тасарруфидаги бошқарув органлари томонидан тайинланган.
Иккиюзламачиликнинг яққол ифодаси ўлароқ, статистик ҳисоботларда ҳам ушбу корхоналар нодавлат корхоналари деб кўрсатилган. Статистик манбаларга кўра, 1995 йилда Андижон вилоятида ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 87,5 фоизи нодавлат корхоналари ҳиссасига тўғри келган. Ваҳоланки, ҳақиқий вазият ушбу маълумотларда кўрсатилганидан кескин фарқ қилган.
Маълумки, қимматли қоғозлар бозоридаги акциялар баҳоси акциядорлик жамияти қийматини белгиловчи муҳим индикатор ҳисобланади. Бироқ «сохта» акциядорлик жамиятлари ўз акцияларини бозорга чиқармаган, бинобарин, уларни сотадиган ва сотиб оладиган иккиламчи қимматли қоғозлар бозорининг ўзи йўқ эди. Масалан, Бухоро вилоятида 1994–1995 йилларда 1100 та акциядорлик ва 1300 та хусусий корхона ташкил этилган ҳолда, Бухоро, Шофиркон, Қоракўл пахта заводлари ҳамда Бухоро вилояти механика цехи, Бухоро пахта сақлаш базаларини очиқ акциядорлик жамиятига айлантириш ишлари ўз натижасини кўрсатмаган.
Бундан ташқари, акциядорлик жамиятлари етарлича даромад кўрмагани сабабли акциядорларга дивиденд тўлай олмаган. Устав фондида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган акциядорлик жамиятларининг аксарият қисми кейинчалик «зарар кўриб ишлайдиган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланадиган» корхоналарга айланди. Бундай корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат томонидан турли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, бироқ уларнинг ҳеч бири самарали натижа келтирмаган. Мулкни хусусийлаштириш жараёнида сиёсий ирода етишмагани, бозор тамойиллари мамлакат иқтисодий ривожланишининг бош мақсади этиб белгиланмагани, бу соҳадаги иккиюзламачилик сиёсати бунинг асосий сабаблари бўлди.
Хусусийлаштириш ва хусусийлаштиришдан кейинги иқтисодий ривожланиш МДҲда, шу жумладан Ўзбекистонда қуйидаги сабабларга кўра, Шарқий Европа мамлакатлари билан солиштирганда қулай иқтисодий шароит ярата олмади:
– МДҲда капитализм тарихи анча заиф эди, у ҳам вақт ўтиши билан йўқ қилинган
– СССРда иқтисодиёт чуқур ҳарбийлаштирилганди. Маиший ва енгил саноат, озиқ-овқат саноати корхоналари Ўзбекистонда кам қурилганди. Борлари ҳам мустақилликнинг илк йилларидаги иқтисодий танглик даврида талаб даражасида маҳсулот етишиб бера олмади
– СССР тарқалиши билан унда мавжуд бўлган ягона бозорнинг парчаланиши корхоналарнинг деярли барча горизонталь ва вертикал иқтисодий алоқалари бузилишига олиб келди
– 1989–1991 йиллардаги жаҳон иқтисодий инқирози СССРъдаги сиёсий инқилобларга тўғри келди
– Ўзбекистон жозибадор Ғарб бозорларидан географик узоқ эди. СССР даврида нефть, газ, металлар ва бошқа фойдали қазилмалар экспортига таяниш янги мустақил давлатларда мувозанатсиз иқтисодиётларнинг вужудга келишига сабаб бўлди.
Юқоридаги омиллар Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёнини қийин вазиятга солиб қўйди. Мамлакатда саноат ишлаб чиқариш ҳажми мутлақ ва аҳоли жон бошига нисбатан жуда пастлиги ҳолатни янада оғирлаштирди. Ўзбекистон ҳукумати ишсизлик ва банкротликдан қўрқиб, кенг кўламли хусусийлаштиришни давом эттиришга сиёсий тайёр эмаслиги учун тез-тез танқид қилинди.
Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий соҳага йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва мамлакатнинг демографик тузилмасини ҳисобга олган ҳолда кучли ижтимоий сиёсат юритилишини эълон қилар экан, йирик корхоналарга эгалик қилишдан воз кечишни истамади. Уларни номига сотиш орқали хусусийлаштиришдан тушадиган даромадларни оширишга қарор қилди.
Бундай ҳолатлар кўпинча акциядорлик компаниясига айлантирилган давлат корхоналарида кўзга ташланади. 1996 йилда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ акциядор бор эди. Аммо улар ҳақиқий маънода ҳиссадор эмасди. Чунки, улар корхона фаолиятида, умуман унинг бошқарувида иштирок этмасди. Акциядорлигини фақат йилнинг охирида тушадиган 13-ойликдан билиши мумкин эди. Ушбу ҳиссадорлар корхонанинг ишлаб чиқараётган маҳсулоти бозорда ўз ўрнини топиши учун қилинадиган ишларга умуман жалб қилинмаган, чунки корхоналар аслида давлат мулки бўлиб қолаверган.
Ўзбекистон ҳукумати корхоналар устидан назоратни сақлаб қолиш орқали ишсизлик кўпайишининг олдини олиш мумкин деб ҳисоблаган. Компанияларга акциядорларни жалб қилиш ишлари жуда суст олиб борилган. Масалан, 1998 йилги маълумотларга кўра, акциядорлик жамиятлари эълон қилган 39 млрдлик акциялар сотилмаган. Барчага маълумки, акцияларни сотиш нафақат акциядорларни жалб қилиш учун, балки корхонанинг кейинги фаолияти учун ҳам зарур бўлган маблағни жалб қилишга ёрдам беради. Корхоналар ушбу фойдадан қуруқ қолган.
1997 йилда хусусийлаштириш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 480 нафар шахс жавобгарликка тортилган, 44 та иш бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бундан ташқари, ҳукумат томонидан бу борадаги жиноятларни кескин камайтириш ниятида, маъмурий жавобгарлик ва жиноят кодексларига тегишлича ўзгартиришлар киритилган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасида «мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилганлик» учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Жиноят кодексининг 167-моддасида ҳам ушбу жиноят содир этилган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб қўйилган.
Баъзи ҳудудларда хусусийлаштирилаётган объектлар қиймати сунъий равишда арзонлаштирилган. Масалан, Навоий вилоятида 1992–1994 йилларда аукцион орқали 150 дан ортиқ савдо, ижтимоий хизмат кўрсатиш объектлари сотилган. Вилоятда 1994–1995 йилларда хусусийлаштирилган корхоналарнинг сони 398 тани, 1996–1998 йилларда 126 тани ташкил этган. Кооперативлар, акциядорлик жамиятлари, кичик, хусусий ва бошқа нодавлат корхоналарининг Навоий вилояти корхоналари умумий сонидаги улуши атиги 1 фоизни ташкил этган бўлса, Тошкент шаҳрида 32 фоиз, Самарқанд вилоятида 18 фоиз, Бухоро вилоятида эса 12 фоизни ташкил қилган. Тадбиркорлик тузилмаларининг ривожланишига Навоий вилоятда фаолият кўрсатадиган, 10 мингдан 50 минггача ишчилар меҳнат қилувчи йирик ва ўрта саноат корхоналарининг мавжудлиги таъсир кўрсатади. Ушбу вилоятда, айниқса, енгил ва қурилиш саноатида хусусийлаштириш жараёнлари жуда қийин кечади
Тил
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ