
ХХ асрнинг энг даҳшатли воқеаларидан бири, шубҳасиз, Иккинчи жаҳон урушидир. Бу уруш миллионлаб инсонларнинг ўлимига ва катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Уруш ўзбек халқини ҳам ўз гирдобига тортди. Бир неча миллион ўзбек йигитлари фронтнинг энг олдинги чизиқларида кураш олиб борди. Уларнинг аксарияти ҳарбий тайёргарликсиз ва етарли даражада қуролланмасдан энг олдинги чизиққа ташланиши натижасида душманга асир тушади. Кейинчалик ушбу туркистонлик ҳарбий асирлардан Туркистон легиони тузилади.
Туркистон легионининг ташкил этилишига бу пайтда Европада яшаётган туркистонлик зиёлилар: Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхон раҳбарлик қилади. Улар Германия жамлоқларида сақланаётган миллионлаб туркистонлик асирларнинг ҳаётини қутқариб қолиш йўлида ҳаракат бошлайди. Шу мақсадда туркистонлик ҳарбий асирларнинг жамлоқларига ташриф буюради.
1941 йил августнинг охирида Германия ҳукумати уларга кавказликлар билан биргаликда жамлоқларга боришга рухсат беради. Мустафо Чўқай кавказликлар билан Ҳанновердаги лагерга, Вали Қаюмхон эса немис зобити билан Сувалки жамлоғига бориб, туркистонликлар билан учрашади. Бироқ, Мустафо Чўқай борган легарда биронта ҳам туркистонлик асир бўлмайди.
Вали Қаюмхон эса Мустафо Чўқайга Сувалкида 30-40 минг атрофидаги 15-60 ёшли туркистонликларнинг очликдан қийналиб, битлаб кетганлиги тўғрисида маълумот беради. Бу асирларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қатъий чоралар кўриш кераклигини билдирарди. Мустафо Чўқай, Вали Қаюмхон ва бошқа муҳожир зиёлилар Германия ҳукуматига протест шаклида махсус нота йўллайди.
Маълум муддатдан сўнг Германия ҳукумати томонидан совет ҳарбий асирларининг аҳволини ўрганиш бўйича махсус комиссия тузилади. Бу комиссия тузилишида турколог олим Герҳард вон Менде катта роль ўйнайди.
Комиссия таркиби қуйидагилардан иборат бўлган: Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхон – Туркистон вакили, Алихон Кантемир – Шимолий Кавказ вакили, Талъат ва Ҳожи ўғли – Озарбойжон вакили, ака-ука Ҳарутунжонлар – Арманистон вакиллари, Абдураҳмон Шафий, Темур, Ғани Усмон – Итил-Урал ўлкаси вакиллари. Миллати немис бўлган Гейбел комиссия бошлиғи бўлади. Комиссия аъзолари Сувалки концлагерига бориб, совет ҳарбий асирлари, жумладан, туркистонликларнинг даҳшатли ҳолатда сақланаётганига гувоҳ бўлади. Туркистонлик асирларнинг оғир аҳволи ва уларнинг ҳеч қандай инсоний ҳуқуқларга эга эмаслиги Мустафо Чўқайга қаттиқ таъсир қилади.
Туркистонликларнинг оғир шароитларда қийналаётгани Мустафо Чўқайни чуқур қайғуга солади. У юртдошларини ўлимдан қутқариб қола олмаётганлигида ўзини айбдор сифатида кўради. Қиш фасли яқинлашаётгани ва туркистонликларнинг ярим-яланғоч, иссиқ кийимларсиз қолиши Мустафо Чўқай ҳамда Вали Қаюмхонни тезлик билан бирор чора кўришга ундайди.
1941 йилда Мустафо Чўқай Париждаги рафиқаси Мария Чўқайга йўллаган мактубида қуйидагиларни ёзади: «Бу бахтсиз одамларга ёрдам бера олмаслигим менга қаттиқ алам қилади. Улар мендан ёрдам сўраяпти, улар мендан умидвор. Мен уларга ёрдам беришга ваъда бердим, лекин буларнинг бари уларни тинчлантириш учунгина эди. Ёрдам беришга ожизлигимни билганим учун уларни алдашга тўғри келди. Бу ҳолатга ортиқ чидай олмайман. Кеча 35 кишини ўлимдан қутқариб қолишга муваффақ бўлинди. Лекин бу қанча давом этади? Ҳозир ноябрь, улар эса ёзги кийимларда, исиниш учун қўллари билан чуқур қазияпти. Уларга худди итга ташлагандек нон ташлашади, сув ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас.
Қаюмхон билан биргаман. Баҳор фаслида Ножанага борган одам эсингдами? У орқали немислардан туркистонлик асирларнинг ҳолатини бироз бўлса ҳам яхшилашни сўрадим. У буни кимгадир етказди. Фойдаси бўладими ёки йўқ, номаълум. Кунига ўн километрлаб юриб, лагерларни пиёда айланиб чиқмоқдаман. Кучим тугаб бормоқда. Менинг руҳан чарчаганлигим сенга ҳам маълум».
Туркистон легиони тузилишига биринчи қадам 1941 йил октябрида қўйилади. Туркистонликлардан кичик ҳарбий гуруҳлар ташкил этилади. 1941 йил 15 ноябрда санасида эса Вермахтнинг 444-хавфсизлик дивизияси таркибида туркистонликлардан иборат 1-Туркистон полки тузилади. Даставвал Туркистон полкидан жанг майдонида эмас, балки фронт ортидаги махсус ҳудуд ёки биноларни қўриқлашда фойдаланилади.
Туркистон легионининг расмий ҳарбий бирлик сифатида тузилишини кўриш Мустафо Чўқайга насиб этмайди. У 1941 йил 27 декабрда оғир касаллик сабаб вафот этади. Чўқай 1942 йил 2 январда устига Туркистон байроғи ёпилган ҳолда Берлин шаҳридаги турк-мусулмон қабристонига дафн этилади. Унинг вафоти хорижда яшаётган барча туркистонликларни қаттиқ ларзага солади. Лекин, унинг ишлари Вали Қаюмхон раҳбарлигидаги Туркистон легиони ва Миллий Туркистон Бирлик Қўмитаси томонидан давом эттирилади.
1942 йилнинг бошларидан совет ҳарбий асирларини янги тузилаётган ҳарбий бирликлар таркибига киритиш мақсадида Германия ҳукумати лагерларга назорат гуруҳларини юборади. Бу гуруҳларнинг вазифаси ҳарбий хизматга яроқли ва хоҳиши бор бўлган асирларни алоҳида қароргоҳга ўтказиш эди. Қароргоҳда уларга икки ой давомида Германия армиясида мавжуд бўлган бошланғич ҳарбий билимлар (сафда юриш, қадам ташлаш ва бошқалар) ўргатилган.
1942 йил 19 февраль санасида 7 та батальондан иборат Туркистон легиони расмий равишда тузилади. Унинг раҳбари этиб капитан Эрнеке тайинланади. СМEРШ Бош бошқармасининг 1943 йил маълумотномасида ҳам Туркистон легиони 1942 йилда тузилганлиги айтилган. Туркистон легионининг ҳарбий бошқарувига немислар тайинланиши, Германия ҳукумати ҳарбий асирларга тўлиқ ишонч билдирилмаганини англатади.
Туркистон легионининг биринчи гуруҳи 1942 йилнинг 2 май санасида Брянск ўрмонларида жангга киради. Бу Туркистон легионининг биринчи жанги эди. Янги ташкил этилган Туркистон батальонларининг катта қисми генерал-полковник Фридрих Паулюс раҳбарлигидаги 6-армиянинг бўлинмаларига бириктирилади. 1942-1943 йилларда Германия армиясининг Кавказ ҳудудида амалга оширган ҳужумида олтита Туркистон легиони батальони қатнашади.
Хусусан, Майкоп ва Ростов шаҳарлари учун олиб борилган жангларда Туркистон легионининг 3-батальони Германия қўшини таркибида жанг қилади. Машҳур Сталинград шаҳри учун бўлган жангда ҳам Туркистон легиони аскарлари Германия тарафида туриб иштирок этади. Чунончи, легионнинг учта батальони Сталинград жангида қизил армияга қарши курашади.
Вали Қаюмхоннинг таъкидлашича, Сталинград ва Кавказ ҳудудларида жанг қилган легион аскарларининг катта қисми қизиллар томонидан йўқ қилинган. Совет ҳукуматининг буйруғи билан легион аскарлари кўп ҳолларда асир олинмасдан жанг майдонининг ўзида отиб ташланган. Улар «қора фашист»лар номи билан аталиб, фашистларнинг яқин ҳамкори сифатида кўрилган.
Туркистон легиони таркибидаги 162-Туркистон пиёда дивизияси Германия ҳукуматининг ишончига сазовор бўлган дивизиялардан бири бўлади. Бунга дивизиянинг совет давлати ва партизанларга қарши курашда кўплаб муваффақиятлари сабаб бўлганди. Дивизияга генерал майор фон Нидермаер раҳбарлик қилган. Бу дивизия 1943 йилнинг сентябрь ойида Словения ҳудудига жўнатилади ва у ерда бир қатор ҳарбий ҳаракатлар олиб боради.
1944 йил 21 мартда ушбу дивизия Италиянинг Верона-Падуя туманига юборилиб, бу ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва партизанларга қарши кураш вазифасини бажаради. Шунингдек, ушбу дивизия урушнинг охирги даврларида Нормандия ҳудудида Буюк Британия ва АҚШ қўшинларига қарши жангларда ҳам қатнашади. Дивизиянинг таркибидаги кўплаб аскарлар уруш якунида совет давлатига қайтарилади ва ГУЛАГ лагерларига ташланади.
Хулоса қилиб айтганда, туркистонлик ҳарбий асирлар Германия жамлоқларида энг оғир шароитларда сақланган. Очлик, касаллик ва бошқа бир қатор омиллар туфайли минглаб туркистонликлар ҳалок бўлган. Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхон саъй-ҳаракатлари билан кўплаб туркистонлик тутқунларнинг ҳаёти сақлаб қолинади ҳамда улардан Туркистон легиони ва Миллий Туркистон Бирлик Қўмитаси тузилади. Туркистон легиони Германия томонида совет давлатига қарши жанглар олиб боради.
Зоҳиджон ХОЛДОРОВ
Тарих институти таянч докторанти
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ