Ватанида ватани йўқ эдик бизлар – Муҳаммад Юсуф шеърларида қатағон мавзуси


Сақлаш
12:55 / 24.03.2025 32 0

Муҳаммад Юсуф ижодида Ватан тарихида юз берган турли ҳодисалар, шонли ҳамда зулматли паллаларини, буюк аждодларимиз сиймосини тасвирлаш алоҳида ўрин тутади. Хусусан, бир қанча асарларида чор мустамлакачилиги ҳамда мустабид тузум даврининг фожиали воқеалари, сиёсий қатағонлар, миллат ойдинлари, ҳалол, меҳнаткаш, аммо қадр-қимматини ҳимоя эта олмаган ўзбек халқи бошидан кечирган жабр-зулмлар тасвирланади. 

 

Тарихдан маълумки, XIX асрнинг ўрталарига келиб Россия империяси мустамлакачилигини ўрнатиш мақсадида Қўқон хонлиги, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигига қарши ҳарбий юришлар бошлайди. Халқнинг кўрсатган кескин қаршиликларига қарамай, Қўқон хонлиги ҳудудида Туркистон генерал-губернаторлиги тузилиб, мустамлака бошқаруви жорий этилади. 1898 йилдаги Андижон қўзғолони ўзбек халқининг мустамлакачилик ва миллий зулмга қарши йирик озодлик ҳаракатларидан бири бўлди. Дукчи Эшон қўзғолони номи билан ҳам машҳур ушбу исёнга Андижон уездининг Мингтепа қишлоғида туғилган Муҳаммадали халфа Собир ўғли раҳбарлик қилган. 2 минг кишилик қўзғолончилар ўша йили 17 майга ўтар кечаси тунда Андижон шаҳрида жойлашган ҳарбий гарнизонга ҳужум қилдилар. Бундан хабар топган Чор Россияси ҳукмдори Николай II қўзғолончилардан шафқатсиз ўч олишни буюради.

 

 

Қўзғолон қисқа фурсатда бостирилди ва унинг раҳбарлари ҳамда иштирокчилари, жами 388 киши шафқатсиз жазоланади. Қўзғолон маркази бўлган Мингтепа, Қашқар, Тожик қишлоқлари уч кун тўплардан ўққа тутилиб, култепага айлантирилди. “Марҳамат, агар бундай қўзғолон яна такрорланса, ҳолингиз шундай бўлади”, деган маънода Мингтепа қишлоғининг номи Марҳамат деб аталадиган бўлди. Муҳаммад Юсуф 1994 йил ёзган “Мингтепа қўшиғи” шеърида айнан мана шу тарихий жараёнга муносабат билдиради:

 

...Унутми ё бу гўшада оққан қонлар,

Бешигида чирқиллаган болажонлар,

Қўзғолонлар нега бўлди, қўзғолонлар?..

Мингтепани атайлик ўз номи билан.

 

Ҳар ким ўзи қўйсин от ўз неъматига,

Мард ястанмас номардларнинг наматига,

Ҳеч бўлмаса Дукчи эшон ҳурматига

Мингтепани атайлик ўз номи билан.

 

1917 йилда Туркистон ҳудудида большевиклар ҳокимият тепасига келганидан сўнг маҳаллий халққа нисбатан зулм ва зўравонлик кучайиб кетди. Мол-мулки таланган, инсоний ҳуқуқлари топталган Туркистон халқлари зулмга бош эгмай, 1918–1936 йиллар давомида большевиклар ҳукмронлиги ва Қизил армияга қарши қуролли кураш олиб борди. Бу ҳаракатда обрўли одамлар, йирик уламолар, Туркистон Мухториятининг тирик қолган ҳукумат аъзолари ва бошқалар қатнашди. Миллий озодлик йўлидаги бу ҳаракат Совет ҳокимияти даврида “босмачилик” сифатида нотўғри баҳоланди. Мустабид тузум томонидан “Босмачи” деб “бандит”, “қароқчи” қилиб кўрсатилганлар аслида миллий озодлик учун курашган халқ қаҳрамонлари эди. Улар миллий давлатни тузиш ва Туркистон халқларининг мустақиллигини таъминлаш учун курашдилар ва жонларини фидо этдилар. Бу курашга Шермуҳаммадбек, Катта Эргаш, Кичик Эргаш, Мадаминбек, Иброҳимбек, Жунаидхон, Омон Полвон сингари миллат қаҳрамонлари бошчилик қилдилар.

 

 

Шоирнинг “Босмачилар” шеърини (1992 йил) ўқир экансиз, онгу шуурингизда ана шу фидоий, миллатпарвар, юртпарвар, жасоратли инсонларнинг сиймоси гавдаланади: 

 

Босмачимиш ... Бундай демиш қай бемаъни,

Тутмайдими бир кун уни беклар қони ...

Ҳамма сиздек ўз юртини суйса қани!

Беҳуда қон тўкмадингиз, “босмачилар!”

 

***

Эркли элда сизни эслаш нақадар хуш,

Сизга ҳайкал қўйса арзир майдонлар бўш,

Оқ яктакда, арғумоқлар миниб оқтўш

Мундоқ кўкрак кермадингиз, “босмачилар!”

 

Шеър “Унутмаган сизни ҳеч ким Туркистонда, Хонларга тенг ҳурматингиз, “босмачилар!..”, “Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз, От ўйнатиб юрмадингиз, “босмачилар” мисралари билан якунланади.

 

1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин” Ўзбекистон тарихининг энг фожиали саҳифасидир. Ушбу қатағон сиёсати минглаб фуқароларнинг қириб ташланиши, турли азоб-уқубатларга гирифтор этилиши, мамлакатда қўрқув, таъқиб ва тазйиқ муҳитининг қарор топишига сабаб бўлган давлат миқёсидаги жиноят эди. Мазкур жараёнда, минг афсуски, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Зиё Саидов, Худойберган Девонов, Саттор Жаббор, Султон Матқул, Баҳовуддин Амин, Турғунпўлот Қирғизов, Миркомил Миршарапов каби фан, адабиёт, санъат дарғалари, ҳукумат ва жамоат арбоблари бўлган минглаб қаҳрамонларимиз маҳв этилади. Муҳаммад Юсуфнинг “Қора қуёш” достони (1988 йил) айни қатағоннинг ўта даҳшатли оқибатларини ифодалаган:

 

Ўттиз еттинчи йил кашфи сизга мана –

Эркакларга алоҳида қамоқхона,

Аёлларга алоҳида қамоқхона,

Болаларга алоҳида қамоқхона ...

 

Ўттиз еттинчи йил кашфи булар бари –

Кўринмасму даҳшат солиб шарпалари,

Келса – яқин келмай, кетса – кетмай нари,

Изғиб юрар Лаврентий[1]нинг лайчалари.

 

Бу ўлкада энди норғул йигитлар йўқ,

Бойқушлар бор, калхатлар бор – бургутлар йўқ,

Не-не Сулаймонлар, Абдулҳамидлар йўқ,

Қайтармикин? Қайтмоғига умидлар йўқ...

 

“Андижон” шеъридан ҳам шу фожеа эсга олинади:

 

Қайинзор қаъридан узилди бир ўқ,

Юракда доғ қолди, юракда бир чўғ,

Чўлпонинг бор эди, Чўлпон энди йўқ.

Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?..

 

 

Эндиликда ҳеч ким сир эмаски, мустабид тузумда фақатгина “нобоп” шахслар эмас, балки, миллий, диний қадриятларимиз, моддий ва номоддий маданий меросимиз, жаҳон тамаддуни тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшган буюк аждодларимиз ҳам қатағонга учради. “Андижон” шеъридаги, “Қирқ йил чорла, гўрдан чиқмайди Бобур, Чиқса ҳам бағрингга сиғмайди Бобур.”, мисраларида айнан шу воқеликка ишора қилади, шоир. Оммавий сиёсий қатағоннинг қаттол домидан омон қолиш учун виждонини сотганлар ҳам бўлганини шоир баён этишга жазм қилади. 1988 йили, Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришишидан аввал ёзилган “Лаганбардорлар” шеърини ўқиймиз:

 

Каззоб Сталиндан зорланманг хадеб,

У ҳам фарзандидир битта инсоннинг.

Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб,

Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни...

 

***

Отабек Кумушни кўзларин ёпиб,

Ўзи ҳам ортидан қилгач сафарлар,

Қодирий бобонинг қўлларин ўпиб,

Чоҳга итарган ҳам – лаганбардорлар.

 

Аввал Усмонларни (Усмон Носир назарда тутилган) сотиб, кейин фарёд кўтарган, Абдулла Қаҳҳорни қандкасал, Ойбекни соқов, яъни инсульт бўлиб оёқ-қўли ва тили ишламай қолишига сабабчи бўлганлар ҳам лаганбардорлар бўлганини куйинчаклик билан ёзади у. 1989 йили битилган бошқа бир шеърида яна шу мавзуга қайтади:

 

Бағрим ўртар бир ўй баҳор айёмлар,

Ой борган ёқларга термулиб шомлар.

Айбин билмай кетган Акмал Икромлар,

Файзуллодек марди майдонларинг бор...

 

Шоир ижодига мансуб “Элим” шеърида ижодкор қайғуси, дардининг улканлиги, мустабидликка қарши исёни ўқувчини ларзага солади, халқининг тутқун, эзилган ва бечора ҳолидан ғамдийда ва кўнгли нотинч экани ифодаланади:

 

Кўзинг очган кундан кетмонни таниб,

Умринг уватларда ўтди куйманиб,

Ер тинса тиндики тегранг айланиб,

Сенинг савил жонинг тинмади, элим…

 

…Хирмонинг осмонга етди юксалиб,

Пахтангга юлдузлар олди юз чайиб,

Ўзинг зўрға турсанг белинг букчайиб,

Елкангга не зотлар минмади, элим.

 

ХХ асрнинг 80-йилларда собиқ оммавий қатағонларнинг янги босқичи бошланди. “Пахта иши” сиёсий кампанияси давомида ўзбек халқига туҳмат қилиниб, минг-минглаб бегуноҳ инсонлар жазога тортилди. Республика бўйича 25 минг киши устидан жиноий иш қўзғатилгани, фақат собиқ Марказнинг кўрсатмаси билан иш олиб борадиган судлар томонидан 4,5 минг киши жиноий жавобгарликка тортилгани, 3,600 нафар юртдошимизга нисбатан эса турли жазо чоралари қўллангани фикримизни тасдиқлайди.

Пахта яккаҳокимлигининг халқимиз қадр-қимматини қанчалар поймол этгани Муҳаммад Юсуфнинг “Гдлян” (1991 йил) шеърида акс этади:

 

Алпомиш Чамбилда,

Гўрўғли гўрда,

Хақиқат бешикда ухларди қотиб.

Бир жом олтин сўраб,

Қилич ўйнатиб,

Кириб келди қашшоқ ўзбек ерига –

Тельман Хореонович ... Берия!..

 

Оқибатини шундай ифодалайди:

Уйинг куйди ўзбек,

Шўринг қуриди.

Пойгагинг қуриди,

Тўринг қуриди.

Деҳқонинг,

Чўпонинг –

Пахта чопонинг,

Ортингдаги ҳамма зўринг қуриди.

Элим деб ким куйса –

Бари қамалди.

Кимки ерин суйса –

Бари қамалди.

Жаллоднинг ғазнаси тўлгунча зарга,

Сенинг бўз кўйлагинг минг бор ямалди.

Алпомиш эртакда,

Гўрўғли гўрда,

Тўмарис бешикда ухларди қотиб.

Бир қоп олтинг сўраб қилич ўйнатиб

Кириб келди мўмин ўзбек ерига –

Тельман Хореонович ... Берия.

 

 

Юқоридаги “Андижон” (1989 йил) шеърида пахта яккаҳокимлиги фожиалари шундай ифодаланади:

 

Наҳорингда пахта, шомингда пахта,

Айвонингда пахта, томингда пахта.

Оқар оғу бўлиб қонингда пахта,

Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?

 

Ушбу шеърдаги Андижон аҳлига қилинган хитоб, аслида бутун ўзбек халқига қилинган, десак зинҳор муболаға бўлмайди. 1991 йилда битилган “Турғунлик” шеърида ҳам пахта яккаҳокимлигининг яна бир аянчли оқибати ёзилади:

 

Совуқ дейсизми?

Ҳа, қаҳратон!

Қўлчалар қўйнида қотган нон,

Аммо нима қилсин, пахта – шон,

Биринчи синф болалари.

 

Муҳаммад Юсуф ўзбек шеъриятига 80-йилларда кириб келди. 70-йиллар авлоди ижодида бир қадар бўй кўрсатган эркка ташналик, мустабид тузумга бўлган норозилик ифодаси кейинги ўн йилликда шеъриятга қадам қўйган ижодкорлар асарларида ўзининг янада очиқроқ ифодасини топдики, бундан шоир шеърияти ҳам мустасно эмас. Серқирра ижод соҳибининг ушбу йўналишдаги шеърларини воқелик тасвирида хронологик изчилликни ташкил этишига кўра ҳатто бир туркум деб олса ҳам бўлади. Яна айтиш керакки, шоир бутун шеъриятида бу мавзуни шунчаки ёзмади, аксинча, халқнинг ўзилигини унутмаслик, душманни яхши таниб олиш ва тарих хатоларини такрорламаслик учун ўчмас чўғ – сўз қолдириб кетди. 

 

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат

музейи директорининг илмий ишлар

бўйича ўринбосари


[1] Лаврентий Павлович Берия – СССР НКВД Давлат хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбари.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17258
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//