
Дилда дардинг бўлмаса, дарди саримни кавлама...
Бобораҳим Машраб
Шеъри ҳикматга, ҳикмати ҳақиқатга, ҳақиқати ҳаётий тамойилига уйғун бўлган безавол қалам аҳли орасида, шубҳасиз, Жаҳонотин Увайсий алоҳида мавқе тутади. Мазкур мақолада биз шоира шеъриятидаги “дард аҳли” талқини хусусида тўхталамиз. Мумтоз шеърият, энг аввал, дард шеърияти, қолаверса, сир, ишқ, шавқ ва ҳайрат шеъриятидир. Бу шеъриятнинг иродаси ҳам, иқрори ҳам, изҳори ҳам ДАРД. Шу маънода, улуғ мутафаккир ва шоир Алишер Навоий
Ҳар тараф азм этмагинг кўп дардлар дармонидур,
Келки асру дарди дил изҳор этарлар аҳли дард,
– дея бежиз ёзмаган эди.
Увайсий ҳам “дард аҳли”нинг диловари, бедор қалб соҳибаси. Шоира шеъриятида “дард”, “алам”, “меҳнат” сўзлари жуда кўп учрайди ва лирик қаҳрамон характерини очиб беришда ўзига хос “очқич” вазифасини бажаради. Жумладан:
Айласам фосид хаёли бўлғали саҳронишин,
Дард ила меҳнат, алам, ғам байтулаҳзонимдадур [1, 64]
Дард, аслида, ғам, алам, изтироб демак. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да дард “1. Касаллик, озор; жисмоний азоб. 2. Кўчма. Руҳий азоб, ғам-ғусса, алам-ҳасрат. 3. Кўчма. Кишининг борлиғини, бутун фикр-ёдини банд этган нарса, иш, ташвиш, хаёл...” [2, 767] деб ҳам изоҳланган. Хўш, унда мумтоз шеъриятдаги дардкашлик истагию дардмандлик умидининг боиси нимада? Гап шундаки, ирфоний адабиётда дард Ҳақдан йироқлик ғуссаси; илоҳий ишқни тамсил қилади. Қолаверса, “Махдуми Аъзамга кўра, дарддан мурод ул фиғону аламдурким, ёр висолидан ажралишдан пайдо бўлади... агар бирор шахс жами илму амалларининг натижаси бўлган ибодат туфайли дард, яъни алам ва меҳнат чекмаса, уни илму амал соҳиби деб бўлмайди” [3, 309]. Мана шунга кўра, “аҳли дард” – борлиғию борлиги Ҳақ ёди билан уйғун, бу фоний дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларидан буткул узилиб, қалб ҳурриятига эришган, руҳонияти оламида маърифат чечаклари унган, маънавий камолоти юксак зотлар. “Дард аҳли” мумтоз адабиётда бир қатор, жумладан, “аҳли дил”, “аҳли ишқ”, “аҳли маърифат”, “аҳли маъни”, “аҳли ирфон”, “аҳли ҳақиқат”, “аҳли фазл”, “аҳли ботин” каби сифатлашлар билан ҳам улуғланган. Ирфоний шеъриятда “аҳли дард”нинг кўнгил дафтарини ўқимоқ, англамоқ учун муайян бир маънавий мақом ёки даражага юксалиш – ҳол илми сирларидан воқиф бўлиш ҳам, албатта, талаб этилган. Йўқса, сўфий шоир Бобораҳим Машраб “Дилда дардинг бўлмаса, дарди саримни кавлама” деб лутф этмас эди.
Алишер Навоий бир қитъасида маънавий завқдан, асл кечинмалар маъносини илғаш қобилиятидан йироқ, табиатида фақат зоҳирбинлик бўй кўрсатган, ҳақиқий ишқ лаззатидан мосуво кимсаларни – “аҳли суврат”, иродасини ишққа таслим этган Ҳақ ошиқлари, сийрати гўзал, фикрати теран маърифат эгаларини – “аҳли маъни” дея бежизга тавсифламаган:
Аҳли маъни гуруҳида зинҳор
Ҳеч ор айлама гадолиғдин
Ким, буларга гадолиғ ортуғдур
Аҳли сувратқа подшолиғдин.
Дарҳақиқат, маъни аҳли кашф ҳоли ила тафтиш этган ҳақиқатларни аҳли суврат мулоҳаза қилишга ожиздир. “Насойим ул-муҳаббат”да ёзилишича, Абу Абдуллоҳ Динаварий (қ.с.) бу борада шундай деган экан: “уларнинг зоҳирий либослари сени таажжубга солмасин. Чунки ботинни хароб қилганларидан сўнг зоҳирни зийнатлайдилар” [4, 314].
Адабиётда образ умумлаштирувчи характерга эга. Шунингдек, образнинг бош тамойили бу – ҳаётийлик, яъни образ ташқи муҳит таъсири натижасида ижодкор бадиий синтези орқали юзага келадиган кечинмалар йиғиндисидир. Образ ижодкорнинг борлиққа муносабатини у ёки бу даражада яққол акс эттириб туради. Давр, замон ва ижтимоий муҳитга хос ахлоқий, маънавий тамойилларнинг муайян чизгилари адабий матн мазмунига уйғунликда образ табиатини белгилаб беради. Образлараро зиддият ижодкор руҳий оламидаги қарама-қаршиликлар билан ҳам бир қадар боғлиқ, албатта. Инсон (бадиий адабиётда образ – М.А.)ларнинг фитрати фитратига, фикрати фикратига, дунёқараши дунёқарашига мос келмас экан, зўрма-зўраки тоқат билан ясама муносабат қилиб, жонни қийнашдан, ўзни минг бир қиёфага солишдан не наф? Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам, “аҳли маъни” ва “аҳли суврат”нинг, “дардманд” ва “бедард”нинг муросасизлигига бир сабаб, аслида, мана шу! Увайсий яшаган замонда ҳам табиати чиркин, қилмиши нораво, найрангбозлигу фирибгарликда устаси фаранг – буқаламунсифат кимсалар бўлган. Ҳасан баққол каби дунёпараст, нафси домига асир тушган “ножинс”лар – “бедард”лардан шоиранинг кўнгли озор топгани таржимайи ҳолига оид тарихий маълумотлар ва ҳасби ҳол мазмунидаги айрим шеърларидан маълум.
Шуниси ҳам борки, кўнгил кўзгусида ҳақиқат офтоби жилоланган руҳият эгаларида ҳақсизликка қарши исён кайфияти ҳамиша устунлик қилган, улар рост сўзни айтишдан, тўғри гапни гапиришдан сира ортга чекинишмаган. Увайсий ҳам ҳақнафас шоира: ижодий қиёфасида бирор кемтиклик, табиатида заррача нуқсон, эътиқодида ҳеч бир тийралик сезилмайди. Оқни оқ, қорани қора дейишга журъати ҳам, жасорати ҳам етади унинг. Шу ўринда, Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асаридан ўрин олган тўти ва қарға ҳақидаги ҳикоят хотиримизга келади. Бир куни тўти ва қарғани бир қафасга солишибди. Тўти қарғанинг кўриниши – хунук қиёфасидан озорланиб, “бу қандай ёмон хулқли, жирканч башарали, назари совуқ” дея ёзғирар, унинг хатти-ҳаракатларидан дарғазаб бўлиб, узоқроқ туришга уринар эди. Қарға ҳам бу аянчли қисматига сира рози эмас: тўти билан ёнма-ён тургунча, боғ деворида бир қарға билан сакраб-сакраб ўйнаш ҳақида хаёл сурарди [5, 193]. Алқисса, яхшини ёмон, донони нодон билан бир сафга қўйиш унисига ҳам, бунисига жазо беришдан хориж бир иш эмасдир. Тўти билан қарғанинг саргузашти Увайсий шеъриятидаги дард аҳлию бедардлар ҳолини янада теранроқ тушунишимизга ёрдам беради.
Увайсийнинг лирик қаҳрамони – ишқ кишиси, табиатида жунуни бор ошиқ: мақсадидан сира чекинмайди, иродаси мустаҳкам, қатъияти кучли, журъати ўктам. Ошиқ учун ишқ – ҳаёт, ишқ – нажот, ишқ – қудрат. Тириклик завқи ҳам, етуклик асоси ҳам, одамлик саодати ҳам ишқдадир. Жунун эса “ишқдан ҳолга, ҳолдан қалб ва руҳга, руҳдан Ҳаққа йўналтирувчи ҳуррият йўли” [6, 52]. Ошиқ бу йўлнинг синоатларини кўп кўрган, заҳматларига дош берган. Уни фоний дунёнинг ғам-андуҳи, аламу ҳасрати асло енга олмайди. Ҳатто “фалак” “зулми” чумоли тўдасидек топтаб ташласа ҳам, тубсиз зулматдан нур, сўнгсиз ғурбатдан фароғат топа билади – “дард аҳлига сардор”ликка интилади:
Эй фалак, помол қилса мўрдек зулминг мени,
Дард аҳлиға гар ўлсам, ушбу кун сардор, кош [1, 79].
Бу ДАРД ўзни чин инсонлик рутбаси учун фидойилик уммони тўлқинларига отган безовта руҳ кечинмалари, толеъини ҳақиқий ишқда, васл умидидаги ранжу машаққатларда топган аҳдига содиқ ошиқнинг нола-ю фиғонлари ифодасидир. Увайсий шеъриятида “саломат аҳли”, “саломатлар”, “табиб” каби ишқда камолот касб эта олмаган, зоҳирпараст, дард нелигини англашдан мосуво – “бедард”лар образи ҳам учрайди. Масалан:
Саломат аҳли, мендин истама расми русумунгни,
Қачон чиққайки обод аҳлиға вайронадин беҳбуд [1, 62].
Увайсий Шарқ адабиёти адабий анъаналарини жуда яхши билган. У Саъдий, Навоий, Фузулий каби етук сўз санъаткорларининг муносиб издошидир. Шоира шеъриятида ирфоний адабиётда тез-тез кўзга ташланадиган тимсол, рамз ва тушунчаларнинг мавжудлиги, шеърларининг улуғ салафлари ижоди билан маъно ва ифодадаги ўзаро яқинлиги ҳам бу мулоҳазаларимизни қувватлайди. Бироқ Увайсий ижоди бошқа шоирларга кўр-кўрона тақлид, образ ва фикрда айнан такроридангина иборат эмас, албатта. Шоира сўзни қалб тафти билан жонлантиради, унга янгича руҳ, янги завқ бағишлайди: образлар янада ҳаётийлик, ҳаққонийлик ва аниқлик касб этади, ўқувчининг муайян тимсол хусусида тасаввури ёрқинлашади, шеърга бўлган қизиқиши ортади. Жумладан, “саломат аҳли” бадиий вазифаси жиҳатидан мумтоз адабиётдаги зоҳид, қол аҳли, муҳтасиб сингари образларга ўхшаса-да, маъно ва поэтик тасвирига кўра улардан фарқланади. Юқоридаги байт мазмунида қатъий ҳукм йўқ, яъни унда “саломат аҳли” ва “обод аҳли”ни кескин инкор айлаш ёки ошкор танқид қилиш кайфияти сезилмайди. Бу тоифа билан лирик қаҳрамоннинг маслагидаги тафовут, дунёқарашидаги айричалик шоиранинг мақсад-муддаосини тўғри тушунишимизга, маънавий дунёсини яққолроқ кашф этишимизга кўмак беради. Байтдаги “саломат аҳли” – “беҳбуд”, “обод аҳли” – “вайрона” тазодлари ҳам фикрнинг ёрқин ифодаси учун хизмат қилган.
Ирфоний адабиётда вайрона ёки харобот – “инсон жисмининг хароб бўлиши – қаноат, фақр йўлига кириб, ҳайвоний нафслар, кераксиз, ёмон хулқ-одатлардан қутилиб, ўзни хокисорлик, камтаринлик рутбасига солишдир” [7, 153]. Чинакам камолот йўлида маънавий ҳурлик лаззатини тотган солик учун “вайрона” ҳар қандай “обод” манзилдан устун. Чунки мумтоз шеъриятда вайронадан кўзланган асосий ният “ёмон ахлоқдан ажралиш, тубан ишлардан воз кечиш, қалбни жилолантириб, руҳни ҳузур ва фароғатга етиштириш” [8, 24] саналади. Беҳбудлик – соғломлик эса ишқ шавқидан, ошиқлик завқидан бегона, сохтакорлик ва юзакилик тимсоли.
Увайсий ижодида ана шундай мазмун ташиган образлардан яна бири “табиб”дир: ошиқ учун ишқ дардидан бошқа даво йўқлигига фаҳму идроки ожизлик қилади унинг:
Табибо, сен шифо этмакни таклифин хаёл этма,
Тани беморим ишқи дардини жонона тутмишлар [1, 67].
Тасаввуфга оид луғатларда қурбдан мукошафа ҳолигача етти мақом борлиги айтилади [9, 7]. Бу мақомларни Ҳаққа бўлган чексиз муҳаббат бир-бири билан узвий боғлаб туради. Увайсийнинг лирик қаҳрамони эса муҳаббат ҳолининг сир-асрорини билган, ўзлигини ишқда таниган беғубор ошиқдир. Масалан:
Кел, эй, дард аҳли бўлсанг, ишқ сирриға қулоғинг тут,
Лабим бирла забоним ушбу дам афсона тутмишлар. [1, 67]
“Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги ишқ тавсифига оид мана бу парчага эътибор қаратсак, лирик қаҳрамон – ошиқ сўзлаётган “афсона”нинг маъноси кўпроқ равшанлашади: “Шуълаедур сўзанда (ёндирувчи – М.А), хошоки кўп жону кўнгул бўлғон ва барқедур фурўзанда (шуълаланувчи – М.А), кўп жону кўнгул ашиъасида кул қилғон. Аждаҳоедур хунхор, оламни дами била тортмоқ анга ком, пошшоҳедур қаҳҳор, коми ҳардам олам аҳлиға қатли ом. Ва ҳар нечаким зулм қилғон сайи анга усонмоқ йўқ. Ва ҳар неча қон ютган сайи анга қонмоқ йўқ. Соиқаедур (яшин, чақмоқ – М.А), ақлу дин хирманин куйдургучи ва сарсаредур (бўрон, довул – М.А) аларнинг кулин кўкка совургучи… Ошиқ кўнглига маъшуқ ҳавосин солғувчи ҳам ул ва бир жилваси била нақди ҳаётин олғувчи ҳам ул…” [10, 496]
Дарҳақиқат, Ҳақ йўлига кирган соликлар турли манзилларда турфа ҳолу кайфиятни ҳис қиладилар. Шайх Абдулла Ансорий бу манзилларни “абвоб”, яъни эшиклар деганди. Ирфоний адабиётда ҳар бир ҳолнинг ўз эшиги бўлиб, ундан ичкарига кирган солик муайян феъл-атворини намоён этади. Бу ҳолларнинг сони ўнта: 1. Ибтидо. 2. Боб. 3. Муомала 4. Ҳамида ахлоқ 5. Усул 6. Авдия (водийлар) 7. Аҳвол 8. Валоят (валилик) 9. Ҳақойиқ (ҳақиқатлар) 10. Интиҳо ёки васл. “Дард аҳли” ибтидодан ўтиб, боб – ишқ эшиги остонасини манзил тутган ошиқлардир. Уларнинг ахлоқий қиёфаси Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссалом сифати келтирилган қуйидаги оят мазмуни билан уйғун: “Иброҳим ҳалим, серқайғу ва сертавбадир” (Анбиё:71). Дард аҳли, энг аввало, тавба аҳли. Тавба – дил софлиги билан Ҳаққа қайтиш демак. “Тавбат ул-авбоб”ни эса эшиклар эшиги ҳам дейдилар. Чунки тариқатга қадам қўйган соликнинг нияти ва моҳияти аввало шу тавбасида аёнлашади [7, 27]. Увайсийнинг қуйидаги мисраларида мана шу хусусида баҳс юритилган:
Дард аҳли мени тожи сар этса ажаб эрмас,
Жисмим неча кун эрдики, то хоки дар ўлғон [1, 106].
Маълумки, ҳол “ўзига хос қисқа муддатли кайфият. Қалбнинг порлаши, чақмоқ чақилгандай ярқираган чароғон нурни туйиш лаззати. Ҳол – илоҳий марҳамат ва баракотнинг нузул бўлиши, қуйилиб келиши” [7, 33]ни тамсил қилади. Ҳол, биринчи навбатда, вақт билан боғлиқ, яъни ҳол соҳиби Ибн ул-Вақтдир. Байтдаги “неча кун” калимаси орқали ана шунга ишорани илғаш қийин эмас. Тасаввуфда Боб манзили ҳузн (ҳазинлик), хавф, шафқат, хушуъ (таслим), ихбот (сирлилик), зуҳд, вараъ (парҳезкорлик), табаттал (гўшанишинлик), умид ва рағбат [7,34] ҳолатларига соҳибликни билдиради.
“Дард аҳли” муҳаббат ва шавқ мақомида қойим турган дил эгаларидир: ишққа ташна, ҳамиша васл ёди билан машғул. Уларнинг маслаги – фақр, мақсади – Ҳақ ризолиги. Улуғ авлиё Аҳмад Яссавий “Бошим туфроқ, юзум туфроқ, жисмим туфроқ, Ҳақ васлига етарман деб руҳим муштоқ” деганида “аҳли дард”нинг аҳволу руҳиясини ифода этади. Юқоридаги байтда “хоки дар” – эшик, яъни остона тупроғи бўлган фақиру ғурабони “дард аҳли” “тожи сар” – бошига тож қилиб кўтаришида ҳам мана шундай теран маънолар ёритилган.
Хуллас, Увайсий шеъриятида “аҳли дард” тимсолини тадқиқ этиш мумтоз адабиётдаги бир қатор: адабий таъсир, анъана ва ўзига хослик масалаларига холис баҳо бериш билан бирга, шоира ижодининг маънавий, маърифий аҳамияти хусусида ҳам атрофлича фикр юритишга кенг имкон очади. Шеърхонни шеърият, шахсият, ирфон, идрок борасида мушоҳадакорликка чорлаб, замон, давр ва маконга хос тамойилларнинг бадиий матн мазмуни билан боғлиқлик жиҳатларига диққат қаратишга ўргатади.
Мақсуд АСАДОВ,
филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбек тили ва адабиёти" журнали, 2024-йил, 6-сон.
“Увайсий шеъриятида дард аҳли талқини” мақоласи
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1. Туркий адабиёт дурдоналари. 100 жилдлик. 10-жилд. Увайсий. Нодира. – Тошкент: Ўзбекистон, 2022. – 714 б.
2. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 6 жилдли. 1-жилд. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2023. – 842 б.
3. Alisher Navoiy ensiklopediyasi. 4 jildli. 1-jild. – Toshkent: Oʻzbekiston, 2024. – 516 b.
4. Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. Насойим ул-муҳаббат. 10 жилдли. 10-жилд. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2011. – 786 б.
5. Саъдий Шерозий. Гулистон (Мулло Муродхўжа таржимаси). – Тошкент: Мунир, 2023. – 466 б.
6. Ҳаққул И. Навоийга қайтиш. – Тошкент: Фан, 2007. – 228 б.
7. Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент: Мовароуннаҳр – Ўзбекистон, 2009. – 402 б.
8. Ҳаққул И. Ҳаёт, адабиёт ва абадият. – Тошкент: Тафаккур, 2019. 314 б.
9. Uludağ S. Таsavvuf terımlerı sözlüğü. − Istanbul, 1995. – 500 б.
10. Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. Маҳбуб ул-қулуб. 10 жилдли. 9-жилд. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2011. – 842 б.
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ