Шайбоний Убайдуллахоннинг Хуросонга юришлари. Икки салтанат ва маданият тўқнашуви


Сақлаш
17:28 / 18.03.2025 123 0

 

Турон ва Эрон тарихи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Баъзи даврларда туронликлар, баъзида эса эронликлар сиёсий жиҳатдан устунликка эришган. Иккала томон рақобатининг асосий сабаби Хуросон ўлкаси ҳисобланган. Айниқса, Шайбонийлар сулоласи даврида Хуросон учун кураш шиддатли кўриниш олган.

 

Шайбонийлар ҳам, Сафавийлар ҳам мусулмон сулолалар бўлсада, шайбонийлар ислом динининг сунний, Сафавийлар эса шиа оқимига эътиқод қилган. Бу эса улар ўртасида нафақат ҳудудий, балки диний зиддиятлар ҳам вужудга келишига сабаб бўлган.

 

Муҳаммадхон Шайбонийхон 1500-1505 йиллар давомида Туркистонда ўз ҳокимиятини ўрнатгач, бор эътиборини Хуросонга қаратади. Унинг жияни Убайдуллахон Хуросон юришларида иштирок этади. Убайдуллахон шайбонийларнинг энг номдор саркардаларидан бири бўлиб, Хуросонни эгаллаш давомида қўшиннинг асосий қисмларидан бирига қўмондон этиб тайинланади.

 

Муҳаммадхон Шайбонийхон Бадиуззамон мирзо ва Музаффар Ҳусайн мирзоларни мағлубиятга учратиб, Ҳирот шаҳрини эгаллагач, ўғли Темур султон ва Убайдуллахонни Машҳадни забт этишга юборади. Машҳад яқинида бўлган жангда Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари Абулҳасан мирзо ва Кепак мирзо (Муҳаммад Муҳсин мирзо) енгилиб, асир олинади ва Убайдуллахон тарафидан қатл этилади.

 

Шундан сўнг ўзбек қўшини Сабзавор томон юради. Бу пайтда Сабзаворда Ҳусайн Бойқаронинг бошқа ўғли Ибн Ҳусайн мирзо ҳокимлик қилаётганди. Темурий шаҳзода ўзбекларни Сабзаворнинг Якдар мавзейида кутиб олади. Икки тараф ўртасида қаттиқ жанг бошланади. Ибн Ҳусайн мирзо шайбонийлар қўшининг ўнг ва сўл қанотларига қаттиқ зарба бериб, уларни чекинишга мажбур қилади.

 

Убайдуллахон чекинаётган ўзбек қўшини йўлини тўсиб, «Эй мардлар, қочманглар! Номусингиз ва шарафингиз этагини шармандалик чангига беламанг. Муҳаммадхон Шайбоний сизни ҳусну рағбат ва илтифотлар билан сийласин», дейди.

 

Убайдуллахон овозини эшитган ўзбек жангчилари ортга қочишдан тўхтаб Ибн Ҳусайн мирзо қўшинининг марказига шиддатли ҳужум қилади. Бу ҳужум натижасида Ибн Ҳусайн мирзонинг қўшини саросимага тушиб, чекина бошлайди. Ушбу жангда Убайдуллахон 16 марта жароҳат олади. Ибн Ҳусайн мирзо мағлубиятга учраб, жон сақлаш мақсадида Шоҳ Исмоил саройига қочади.

 

1507-1508 йилнинг қиш фаслида Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Муҳаммад Қосим мирзо қўшин тўплаб, Машҳад сари юради. Машҳад ҳокими Саййид Ҳодихожа Марвга қочиб келади. Бу хабар Муҳаммадхон Шайбонийхон қулоғига етгач, хон фармони билан Убайдуллахон Бухородан чиқиб, Муҳаммад Қосим мирзони даф қилиш мақсадида Машҳадга отланади.

 

Убайдуллахон Марвга етгач, Марв ҳокими Қанбарбий ва Ҳодихожалар ҳам Убайдуллахон қўшинига қўшилиб, биргаликда Муҳаммад Қосим мирзога қарши уруш учун Машҳад томон йўналди. Машҳадда бўлган жангда Убайдуллахон ғалаба қозониб, Муҳаммад Қосим мирзо асир олинади ва қатл этилади.

 

1510 йил Марв жангида Муҳаммадхон Шайбонийхонинг фожиали мағлубияти ортидан бутун Хуросон Сафавийлар қўлига ўтади. Шундан сўнг Исмоил Сафавий Ҳирот шаҳрида қишлаб, баҳорда Туркистонга юришга қарор қилади. Аммо 1511 йил баҳорида шайбонийлар ва сафавийлар ўртасида сулҳ тузилиб, Амударё бу икки давлатнинг чегараси этиб белгиланади ва шоҳ Исмоил Табризга қайтиб кетади.

 

Шайбонийларнинг заифлашиб қолганидан фойдаланган Бобур Мирзо Ҳисор, Бадахшон, Қундуз ва Бағлонга ҳужум қилади. Бу ҳудудларнинг ҳокими бўлган Ҳамза султон ва Маҳди султон Бобурнинг келишидан хабардор бўлиб, ўз қўшинларини тўплаб, Бобурга қарши чиқади. Икки ўртада бўлиб ўтган жангда ўзбеклар енгилиб, Ҳамза султон ва Маҳди султонлар ўлдирилади.

 

Бобур Бадахшонни эгаллагач, Исмоил Сафавий ҳузурига элчилар юборади. У агар Самарқанд ва Бухоро вилоятларини эгалласа, Мовароуннаҳрда шоҳ Исмоил номига танга зарб қилишини ва хутбада унинг номи ҳам ўқилишини элчилар орқали билдиради.

 

Исмоил Сафавий Аҳмадбек Сўфиўғли ва Шоҳрухбек Афшарий бошчилигида Бобурга қизилбошлардан иборат қўшин жўнатади. Убайдулла султон ва Темур султон Бобурнинг катта қўшин билан келаётганини эшитиб, Туркистон тарафга қочади. Бобур Самарқанд тахтини эгаллагач, Исмоил Сафавий номини хутбада ўқитиб, унинг номидан тангалар зарб қилдирди.

 

Аммо Бобур Самарқандга келган, Нажми Сонийнинг эшикоғаси бўлган Муҳаммаджон оғага етарлича эҳтиром кўрсатмайди. Муҳаммаджон оға Қум шаҳридаги шоҳ қароргоҳига бориб, Бобур мирзо итоатсизликка мойиллиги тўғрисида арз қилади. Нажми Соний Бобур мирзони жазолаш мақсадида ўзини Самарқандга жўнатишни шоҳ Исмоилга таклиф қилди. Исмоил Сафавий бир қанча номдор ҳарбий амалдорларни Нажми Соний билан бирга Самарқандга жўнатади.

 

1512 йил Убайдулла султон, Темур султон ва Жонибек султон катта қўшин билан Бухоро сари юради. Бобур ўзбек қўшинларини бартараф қилиш мақсадида Бухорога келади. Бухорога етиб борганида Бобур мирзо шайбоний султонлар орқага чекинганини эшитади. Бундан жасоратланган темурийзода ўзбекларни тақиб қилишни бошлайди. 1512 йил Бухорога яқин бўлган Чўли Маликда йирик жанг бошланади. Убайдулла султон ҳарбий ҳийла ишлатиши натижасида ўзбеклар Бобур қўшини устидан ғалаба қозонди. Бобур бу мағлубиятдан сўнг Самарқандни ташлаб, Ҳисори-Шодмонга кетишга мажбур бўлади.

 

Нажми Соний 12 минг отлиқ аскар билан Хуросон ҳудудига келган вақтида Бобур мирзо шайбонийлардан енгилиб, чекинганини эшитади. Қизилбош аскарлар ўлими учун қасос олиш ва Туркистонни Сафавийлар давлати таркибига қўшиб олиш мақсадида Нажми Соний Амударёни кечиб, Бухорога юриш бошлайди.

 

1512 йил 12 ноябрда Ғиждувон яқинида сафавийлар ҳамда Убайдуллахон, Жонибек, Темур ва Абу Саид султонларнинг бирлашган қўшинлари ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтади. Жангдан олдин баъзи қизилбош саркардалари Нажми Соний билан келишолмай, низолашиб уни тарк этади. Бу жангда ўзбеклар ғалаба қозониб, Нажми Соний асирга тушади ва Убайдулла султон буйруғи билан қатл этилади.

 

Туроннинг марказий ҳудудлари Бобур ва қизилбошлардан қайтариб олингач, Убайдуллахон мамлакатнинг жанубий ҳудудларини ҳам қайта эгаллаш учун кураш бошлайди. Хусусан, шу йилнинг ўзида Ҳисори-Шодмон ва Чағониён эгалланади.

 

1513 йил Убайдуллахон ва Жонибек султон Амударёдан кечиб ўтиб, Ҳирот шаҳрини қамал қилади. Ҳирот қамалида шайбонийлар илк бор тўфанглардан фойдаланади. Қамал муддати 60 кун бўлгач, Убайдуллахон ва Жонибек султонлар ўртасида қарама-қаршилик пайдо бўлиб, ҳар иккиси қўшинлари билан Ҳирот қамалини тўхтатиб, ўз вилоятлари сари йўлга тушади.

 

Аммо, ўша пайтда Муҳаммад Темур султон Самарқанддан йўлга чиқиб, Амударёдан кечиб ўтади ва Мурғоб дарёси ёнида Ҳиротдан келаётган Убайдуллахонга қўшилади. Убайдуллахон ва Темур султон биргаликда Тус ва Машҳад сари қўшин тортади. Ўзбекларнинг келаётгани хабарини олган Марв ва Машҳад ҳокими Дудабек Ироқ томонга қочади. Натижада, шайбонийзодалар бу шаҳарларни жангсиз эгаллайди.

 

Бундан хабар топган ҳиротликлар шаҳарни мудофаасиз қолдириб, Ироқ ва Озарбайжон томон қочади. Шундан сўнг Убайдуллахон Машҳад ва унинг атрофларида, Темур Султон эса Ҳиротда бошқарувни қўлга олади.

 

Катта қўшинни сақлаб туриш катта харажатларни талаб қилгани учун шайбонийлар қўшинни тарқатиб юборади. Аммо, шу аснода шоҳ Исмоил катта қўшин билан Хуросонга келгани хабари тарқалади. Шайбонийзодалар қўшинларини тарқатиб юборгани учун Ҳирот ва Машҳадни ташлаб, Убайдуллахон Бухорога, Темур султон эса Самарқандга қайтади.

 

1521 йил эрта баҳорида Убайдуллахон 30 минг отлиқ ва пиёда қўшин билан яна Хуросон юришига отланади. Убайдуллахон катта қўшин билан келаётганини эшитган Ҳирот ҳокими Амирхон, қалъа мудофаасига киришади. Қизилбошлар тўфанглардан фойдаланиши уларнинг мудофа жангларида устунликларини таминлайди. Убайдуллахон Ҳиротни 12 кун қамал қилгач, қамални тўхтатиб, ортга қайтади.

 

1524 йилда Исмоил Сафавийнинг вафот этгани, унинг ўрнига тахтга чиққан шоҳ Таҳмаспнинг ёшлиги, қизилбош туркман қабилаларининг ўзаро урушларидан фойдаланиб қолиш мақсадида Убайдуллахон Хуросон юришини бошлайди. У Хуросонни қўлга олиш ниятида 6 марта юриш уюштиради.

 

1525 йилда Хуросон бекларбегиси Дурмушхоннинг ўлими ва қизилбош туркман қабилалари ўртасидаги ўзаро урушлар натижасида Хуросонда шайбонийларга қарши кураша оладиган моҳир қизилбош саркардаси йўқлиги хабари Убайдуллахонга етгач, у Марвга келади. Марвдан эса Тус сари юради. Қизилбошлар Тус шаҳри дарвозаларини беркитиб, Ҳиротдан ёрдам истайди. Аммо Ҳиротдан ёрдам келмагач, Убайдуллахон Тусда қизилбошларни енгиб, у ерга ўзининг амирларидан бирини тайинлаб, Астрабодга юради. Астрабод ҳокими Зайналхон бу хабарни эшитгач, Убайдуллахонга қарши қизилбошлардан иборат бир қисм қўшинни юборади. Аммо қизилбошлар енгилиб, Зайналхон Райга қочади.

 

Убайдуллахон Астрабодга ўғли Абдулазизни ҳоким этиб тайинлаб, ўзи Балхга қараб кетади. Ўзбекларнинг Хуросонга ҳарбий юришлари хабари Сафавийлар саройига етиб келгач, Такали Ахи Султон, Шомли Темир Султон ва Устажли Шоҳ Али Султон қизилбош қўшини билан Зайналхонга ёрдам учун юборилади ва улар Райда Зайналхон билан бирлашиб, Астрабод сари юради. Абдулазизхон қизилбошларга қарши курашишга кўзи етмай Астрабодни ташлаб, отасининг олдига кетади. Убайдуллахон қизилбошларни кутиб олиш учун Бистомга қайтади. Бистомда ўзбеклар ва қизилбошлар лашкари тўқнашди. Жангда ўзбеклар ғалаба қозониб, қизилбош сардорлари ўлдирилади.

 

Шундан сўнг Зайналхон Астарбод шаҳрини мудофаа қилишга кўзи етмай яна қочиб кетади. Убайдуллахон бу сафар шаҳар ҳокимлигига ўзбекларнинг номдор амирларидан бўлган Раниш Баҳодирни тайинлаб, ўзи Ҳирот сари юради. Аммо қиш фасли бошлангани сабабли хон Ҳирот қамалига киришмай, шаҳарга яқин бўлган Гурёнда қишлайди.

 

Келаси йил баҳорда Убайдуллахон Ҳирот қамалини бошлайди. Укаси Дурмушхон ўлимидан сўнг Ҳирот ҳокими бўлган Шомли Ҳусайнхон шаҳар мудофаасини ташкил қилади. Қамал 7 ой давом этади. Шаҳарда очлик бошлангач, Ҳусайнхон шаҳар халқини шаҳардан ҳайдаб, уларнинг озиқ-овқатини қизилбош аскарларига беради. Убайдуллахон қамални давом эттираётган бир пайтда пойтахтдан ёрдамга келган қизилбош қўшини Раниш Баҳодирни енгиб, уни ўлдирди деган хабар келади. Натижада Убайдуллахон қамални тўхтатиб, Бухорога қайтади.

 

1528 йил Убайдуллахон Туроннинг барча ҳудудларидан катта қўшин тўплаб, яна қайтадан Хуросон юришига отланади. «Луббу-т-Таворих» асари муаллифи Мир Яҳёйи Сайфий шайбонийлар қўшини сони 120 минг деб, Искандербек Мунший эса 80 минг аскар эди, деб ёзади. Қизилбошларни эса 24 минг деб қайд этади. Бобур «Бобурнома» асарида шайбонийларнинг қўшини сони 105 минг, сафавийларнинг қўшинини эса 40 минг деб ёзган.

 

Ҳижрий 935 йил 9-муҳаррамда, яъни 1528 йил 23 сентябрда Хуросоннинг Жом шаҳрида шайбонийлар ва қизилбошлар ўртасидаги энг йирик жанглардан бири содир бўлади. Қизилбош қўшинининг марказидан Вакил Чуха Султон Такали, Такали Уламо Султон, Шомли Ҳусайнхон, Шероз ҳокими Ҳамисли Ҳамза Султон, Зулқодир ўғли Муҳаммадхон, Устажли Аҳмадхон, Қожар Ёқуб Султон, Шарафиддин ўғли Такали Муҳаммадхон, Румли Ҳасан Султон, Афшар Аҳмад Султон каби амирлари билан шоҳ Тахмасп жой олади.

 

Эронликлар қўшин олдини мустаҳкамлаш учун араваларга ўрнатилган француз тўпларидан иборат Устоз Тўпчибоши Шайхбекнинг қўшинини олдинга жойлаштиради. Убайдуллахон Кўчкинчихон билан қўшиннинг марказига жойлашади. Чап қанотга Бароқхон, Пўлат султон, Абдулазиз султон ва Абулатиф султонлар, ўнг қанотга эса Жонибек султон, Келди Муҳаммад султон ва Абусаид султонларни тайинланади.

 

Ҳар икки тарафдан муҳораба бошланганини билдирувчи бору ва довуллар овози янграйди.

 

Ўзбеклар қизилбошларнинг ўнг қанотига қаттиқ зарба бериб, уни тартибсиз ҳолатга келтиради. Қизилбошларнинг чап қаноти ҳам қаттиқ ҳужумга учраб тарқалиб кетади. Ўзбек аскарлари тартибсиз ҳолатда чекинаётган қизилбошларни тақиб қилади.

 

Шайбонийлар қизилбошлар чекинганини кўриб, ғалаба қозондик дея бепарво ҳолга келади. Хабарчилар Убайдуллахонга ўзбеклар ғалабаси ҳақидаги хабарни етказади. Ўзбеклар қўшинининг бепарволигидан фойдаланган шоҳ Тахмаспнинг хос аскарларидан иборат қизилбош қўшини Убайдуллахон ва Кўчкинчихон бошчилигидаги марказга ҳужум қилади. Ҳатто бир қизилбош аскари Убайдуллахонга жароҳат етказади.

 

Қизилбошларнинг кутилмаган ҳужуми натижасида шайбонийлар қўшини пароканда бўлиб, чекина бошлайди. Натижада, Жом жангида шайбонийлар мағлубиятга учраб, ўзбеклардан 20 мингдан ортиқ жангчи ўлдирилади.

 

Аммо Убайдуллахон 1529 йил бошида яна Хуросонга юриш қилади. Дастлаб Машҳад эгалланиб, у ерга ўзбеклардан ҳоким тайин этилади. Сўнгра Ҳирот юриши бошланади. Ҳирот ҳокими Ҳусайнхон бир неча ой шаҳарни мудофаа қилгач, Убайдуллахонга сулҳ тузиш учун элчилар юборади.

 

Сулҳга кўра, Убайдуллахон Ҳиротдан бир неча масофа ортга чекиниши ва Ҳусайнхон бошлиқ эронликлар бу вақтда шаҳарни ташлаб чиқиши керак эди. Сулҳ Убайдуллахонга мақул келгач, ўзбек қўшинлари ортга чекинади ва Ҳусайнхон бошчилигидаги қизилбошлар ва шиа бўлган аҳоли шаҳарни тарк этиб, Сеистон томонга кетади. Шаҳар эса Убайдуллахон қўлига ўтади.

 

1529 йил куз фаслида шоҳ Тахмасп 70 минг кишилик қўшин тўплаб, Убайдуллахонга қарши Хуросон сафарини бошлайди. Убайдуллахон Марв қалъасига чекиниб, Турондан ёрдам келишини кутади. Аммо Кўчкинчихон вафот этиб, ўрнига хон бўлган ўғли Абусаидхон Хуросонга юриш қилишдан бош тортади. Бошқа шайбонийзодалар ҳам Убайдуллахонни қўллаб-қувватламагач, Убайдуллахон Бухорога қайтишга мажбур бўлади.

 

1532 йилда Убайдуллахон яна Хуросон юришини бошлайди. Убайдуллахон Ҳирот шаҳри атрофига ўрдугоҳ тикиб, ўғли Абдулазиз Султонни Машҳадга, Қамаш Ўғлонни Астрабодга, Хонкелди Баҳодирни Сабзаворга ва бошқа шайбоний амирларини Бистомга жўнатади.

 

Убайдуллахон Ҳиротни бир ярим йил қамал қилади. Шаҳарда очлик бошланиб, қизилбошлар шаҳар аҳолисини шаҳардан ташқарига ҳайдаб, уларнинг бор-будларини тортиб олади. Бора-бора мушук ва итларни топиш ҳам муаммо бўлиб қолди.

 

Қизилбошлар Убайдуллахонга агар Убайдуллахон Ҳиротдан бироз ортга чекинса ва қизилбошлар шаҳарни тарк этгунча уларга ҳужум қилмаса, Ҳиротни Убайдуллахонга топширишни таклиф қилади. Аммо Убайдуллахон бунга рози бўлмай, қизилбошлар чодирининг иплари остидан эгилиб ўтиб кетишини истайди. Лекин қизилбошлар ҳам бунга рози бўлмай шаҳар мудофаасини давом эттиради.

 

1533 йил шоҳ Тахмасп Убайдуллахоннинг Хуросонга юришларини бартараф қилиш мақсадида катта қўшин билан Хуросон сафарига чиқади. Ҳирот қамалининг узоқ давом этгани қўшин таъминотида муаммолар туғдиради. Шу сабабли Убайдуллахон шоҳ Тахмаспнинг катта қўшин билан келгани хабарини эшитгач, Ҳирот қамалини тўхтатиб, Бухорога қайтади.

 

Шоҳ Тахмасп шайбонийларнинг Хуросонга юришларига бутунлай чек қўйиш учун Туронга юриш қилмоқчи бўлади. Аммо Усмонли султони Сулаймоннинг сафавийларга қарши ҳарбий юриш бошлагани ҳақидаги хабар келгач, Турон юришидан воз кечиб, ортга қайтади.

 

Усмонлилар Тахмаспнинг Хуросонда шайбонийлар билан банд бўлганидан фойдаланиб, Сафавийлар мамлакатининг шимоли-ғарбий ва марказий ҳудудларига бостириб киради.

 

Усмонийлар ва сафавийлар урушларидан фойдаланган Убайдуллахон 1536 йилда Машҳадга юриш қилади. Машҳад қамали бошлангач, Ҳирот ҳокими Сўфён Халифа Убайдуллахонга қарши курашиш ва ўзбекларнинг Хуросонга юришларини тўхтатиш учун 3 минг қизилбош аскари билан Машҳаддга келади. Машҳад яқинида бўлган жангда Убайдуллахон ғалаба қозонади ва Сўфиён Халифа асир олиниб, қатл этилади. Сўфиён Халифанинг мағлубиятга учраб ўлдирилгани хабари Ҳиротга етиб келгач, шаҳар ноиби Хизир Чалабий шаҳар мудофаасига киришади. Аммо Сўфиён Халифа ва унинг одамлари томонидан халққа кўрсатилган жабр-зулм сабаб халқ Убайдуллахонга хайрихоҳлик билдириб, уни Ҳиротни эгаллашга даъват этади. Бир неча ой давом этган қамалдан сўнг Ҳирот эгалланиб, Хизир Чалабий ва бошқа қизилбошлар ўлдирилади.

 

Убайдуллахон ўзбек аскарларига халқни талаш ва ўлдиришни тақиқлаб, Ҳиротни ободонлаштириш ишларига киришади. Убайдуллахон 14 ой Ҳиротни назорат қилади.

 

1538 йил бошларида шоҳ Тахмасп Ҳирот қайтариб олиш мақсадида Хуросон томон юради. Бу хабар Убайдуллахонга етгач, Убайдуллахон барча шайбоний султонларни тўплаб машварат ўтказади. Убайдуллахон Тахмасп қўшини қиш мавсумида узоқ йўлдан келаётгани учун қаттиқ чарчаганини таъкидлаб, шоҳ билан жанг қилишни маслаҳат қилади. Лекин бошқа шайбоний султонлар қизилбош қўшинларининг сони кўплигини иддао қилиб, Ҳиротни ташлаб Туронга қайтишни тўғри деб билади. Убайдуллахон шайбоний султонларни қизилбошлар билан уришишга кўндиролмагач, ноиложликдан Бухорога қайтишга мажбур бўлади.

 

1540 йил 17 мартда Убайдуллахон 53 ёшида вафот этади. Убайдуллахон вафотидан кейин шайбоний султонлар орасида бошланган тахт учун курашлар натижасида шайбонийларнинг Хуросонга бўлган курашлари маълум муддат тўхтаб қолади. Бироқ орадан бироз ўтиб, ўзбекларнинг қудратли ҳукмдори Абдуллахон ИИ Хуросон учун курашда яққол устунликка эришади.

 

Хулоса қилиб айтганда, Убайдуллахон ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим ўрин эгаллаган шахслардан биридир. У Муҳаммадхон Шайбонийхон ўлимидан сўнг шайбонийлар орасида бирликни сақлашда катта роль ўйнаган. Убайдуллахон бутун фаолияти давомида амакиси Муҳаммадхон Шайбонийхон даврида шайбонийлар томонидан эгалланган ҳудудларни қайта тиклаш учун шиддатли курашлар олиб борди. Айниқса, Убайдуллахоннинг Хуросонга бўлган даъвоси унинг вафотига қадар давом этди. Убайдуллахон даврида Балх ва унинг атрофлари доимий, Тус, Машҳад, Бистом, Ҳирот каби Хуросоннинг йирик вилоятлари эса маълум муддат шайбонийлар назоратида бўлди.

 

 Абдуллажон Усмонов

Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17246
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//