Юртимизда ҳукмронлик қилган хону амирларнинг ҳаммаси ҳам киндик қони тўкилган тупроққа дафн этилмаган. Хусусан, Бухоро амирларининг кўпчилигига сўнгги манзил Бухоро тупроғи бўлмаган.
Бухоронинг сўнгги амири Сайид Олимхон амирлик қулатилгач Афғонистонга кетишга мажбур бўлади. 23 йил муҳожирликда яшаган Амир Олимхон ҳаётининг сўнгги йилларида оғир хасталикка чалиниб, Ватанни қўмсаб, йиғлайверганидан кўзи ожиз бўлиб қолади. У 1944 йилнинг 28 апрель (айрим манбаларда 29, 30 апрель кунлари), 63 ёшида фарзандлари қуршовида Афғонистонда вафот этади ва Кобулдаги Шаҳидони ислом (ислом шаҳидлари) қабристонида[1] дафн этилади. Вафоти олдидан Олимхон “Эй Бухоро, сенинг учун туғилдим, Сенинг учун яшайман ва Сенинг ёдинг билан жон бераман. Салом сенга Бухоро” сўзларини айтиб, омонатини топширган.
Сайид Олимхон “Тарихи ҳузн ал-милали Бухоро” (“Бухоро халқи (миллати) қайғуси тарихи”) номли асар ёзган. Мазкур китоб генерал Ҳожи Юсуф Муқимбой саъй-ҳаракати ва ғамхўрлиги билан Парижда Мозон Навдар нашриётида форс тилида чоп этилган. Китобнинг учинчи бўлимида Амир Абдулаҳадхон ва Олимхоннинг таржимаи ҳоллари қисқача баён этилган.
“Тарихи ҳузн ал-милали Бухоро” хотираларига якун ясаган мисралардан унинг Ватани олдида қарздорлиги ва ажнабий, ғайридинларга юртини бой бергани учун ўзини доим гуноҳкор ҳис этганини сезиш мумкин:
Ҳар ки хонад дуо тама дорам,
Зи онки ман бандаий гуноҳкорам.
Таржимаси:
Ўқигандан дуо таъмадорман,
Чунки мен бандаи гуноҳкорман.
Амир ҳаётининг сўнгги кунларини Қобулдан 11 км узоқликда жойлашган Қалъаи Фату боғида[2] кечирди. Фату (Фатуx) қалъасига қадар Кобулдаги биринчи қароргоҳи Ҳусайн Кафт боғида яшаган, кўп ўтмай Ҳошимхон боғига, сўнгра Муродбек қалъасига кўчирилган[3]. Амир муҳожирликда ҳам бир неча бор уйланиб, унинг хорижда 37 фарзанди, жумладан, 16 нафар ўғли ва 21 нафар қизи бўлган.
Амир Олимхоннинг ҳаёти қандай якун топмасин, таъзия маросимлари ҳукмдорларни дафн этиш тартиб-тамойиллари асосида ўтказилган.
Амирнинг дафн маросими ҳақида унинг Туркиянинг Ғозиантеп шаҳрида яшаётган ўғилларидан бири Абдулкабир Азимий қуйидагиларни айтган: “Қиблагоҳим 1944 йилда Кобулда оламдан ўтдилар. Ўшанда мен 13-14 ёшларда эдим. Менга: “Болаларга қара, жаноза пайтида ташқарига чиқиб, бақир-чақир қилишмасин”, деб топшириқ бердилар. Ҳарамдан ташқарида катта ҳовли бўлар эди. Ўша ерда қорилар йиғилиб, Қуръон тиловат қилишарди. Отамни ювиб, ўраб, бир хонага ётқизиб қўйишганди. Аёллари чиқиб кетгач, биз фарзандлари саф тортиб, бирма-бир кириб, отамнинг қўллари ва оёқларини ўпиб чиқдик. Отамнинг бош вазири Ҳошимхон ва яна бир қанча амалдорлар у ерда саф тортиб туришарди. Падаримизни олиб чиқишаётганда мени бир нарса ҳайратга солди. Йиғламаган одамнинг ўзи қолмаганди. Жанозага ҳаттоки Бухоро яҳудийлари ҳам келишганди. Улар шунчалар кўз ёш қилишар эдики, мен кўриб кўзимга ишонмасдим. Одамлардан бири улардан: “Сиз нимага йиғлайсиз?” – деб сўраганида, улар: “Ахир у бизнинг подшоҳимиз эди”, деб жавоб қайтаришганди. Ўша куни Афғонистонда байроқлар ярим туширилди, ҳатто баъзи элчихоналар байроқлари ярим туширилганди”[4]. Айтишларича, ҳатто Русия байроғи ярим туширилиб, элчихонада қизил чироқлар ёқилган экан.
Олимхоннинг вафоти Афғонистондаги босма оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини жалб қилиб, ҳайрат ва қайғуга сабаб бўлган эди. Ўша давр газеталарида собиқ Бухоро амирининг вафоти ҳақидаги хабарлар эълон қилинган. “Анис” ва “Ислоҳ” газеталарининг асосий сарлавҳалари ва рукнлари мазкур воқеага бағишланган. Хабар қуйидаги мазмунда оммага эълон қилинганди: “Собиқ Бухоро шоҳи Ҳазрат Олимхон Афғонистонда 23 йил яшади ва 63 ёшида қон босими кўтарилиб, мияга қон қуйилиши оқибатида вафот этди. Ушбу фожиали воқеа муносабати билан марҳумнинг ортида қолганларига ҳамдардлик билдирамиз. Афғон давлати ҳам ўз мактубида қайғуда эканлигини билдиради. Дафн маросими расмий маросим ўлароқ ўтказилади. Унинг жанозаси Ийдгоҳ масжидида ўқилади ва Шуҳадойи солиҳин қабристонида дафн этилади”[5].
Дафн маросимида кўплаб давлат амалдорлари қатнашган бўлса-да, эртаси куни афғон амири Зоҳиршох Қалъаи Фатуга келиб амирнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради. Афғон раҳбари таъзия учун ҳамда марҳум оиласига нима керак бўлса, барчасини етказади.
Собиқ амирнинг фарзандлари ҳукмдор отасининг мотам маросимини катта дабдаба билан ўтказади. Унинг жасадини кўмиш маросимида Афғон ҳукуматининг деярли барча аъзолари иштирок этади. Жанозага Англия, Эрон, Туркия, Фарангистон (Франция) давлатларининг министрлари ташриф буюради. Афғонистон шоҳи қирқ кун давомида қабрига Қуръон тиловат қилдириб, худойи берди. Олимхон Амирларга хос иззат-икром билан дафн этилади. Марҳумнинг Афғонистонда туғилган тўрт ўғли Кобулда нашр этиладиган “Ислом” рўзномаси орқали Афғон ҳукуматига падари бузрукворларининг хотирасини эъзозлаганликлари учун миннатдорчилик изҳор этади.
Сайид Олимхон вафотидан олдин тутқинликдан чиқиш, эркинлик узра парвоз қилиш, ҳаёт гўзалликларидан эркин баҳра олишни хоҳлаган. Умрининг сўнгги йиллари оғир касал ҳолатидаги собиқ ҳукмдор Афғонистонда туғилган ўғилларидан уни автомобилга ўтқазиб, Кобул бўйлаб сайрга чиқаришни талаб қилган. Олимхон ўз қароргоҳидан чиқарилмай, диққинафас бўлиб қолган эди. Унинг фарзандлари Афғонистон бош вазири Садр Аъзамга ариза билан мурожаат қилиб, бундан саёҳатларга рухсат сўраган. Шўро ҳукуматига амирни уй қамоғида ушлаб туришга ваъда берган афғон ҳукумати, афсуски, бу талабни қондирмайди. Шунингдек, амир Олимхон муҳожирликда Ватанини қаттиқ қўмсайди, соғинади. Йиллар ўтгач у бир неча маротаба Совет ҳукумати раҳбарларига Она Ватани Бухорони яна бир бор кўриш ва ҳажга бориш учун афғон ҳукуматидан рухсат сўраб, расмий мурожаатнома ёзади. Аммо бу борада ҳам ижобий жавоб олмайди. Ҳатто Олимхон ва унинг оила аъзоларига афғон фуқаролари каби кимлик ҳужжати берилмаган. Бунинг сабаби бошқа мамлакатларга чиқишларига йўл қўймаслик эди. Амир Олимхонга мавжуд шароит ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан таъсир кўрсатган.
Сайид Олимхоннинг Афғонистонда туғилган 8-ўғли Саид Абдул Кабир Азимий Олимий сўнгги кунларини шундай хотирлайди: “Ҳаётларининг сўнгги дамларида отамнинг кўзлари ожизлашиб қолган эди. Газета хабарларини у кишига акаларим ўқиб беришар эди. Охирига бориб, фикрлари ҳам муҳталлашади, фарзандларидан уни Бухорога олиб боришларини сўраган эканлар. Шунда икки навкари уларни кўтариб, катта ҳовлининг бир бурчагига олиб боришади-да, мана, Бухородасиз, дейишади. Ўшанда отам: “Товуслар ҳалиям бормикан?”, деб сўраган эканлар.
Аҳволлари оғирлашгач, шундай дегандилар: “Ўлим – ҳақ. Лекин сизга бир нарсани эслатиб қўяй. Вақти келиб, Ватан озод бўлади. Бухоро озод бўлади”. Отам ўзини Шуҳадои Солиҳин мозорига омонат кўмишларини ва Бухоро озод бўлгач, тупроқларини яна ватанларига қайтаришларини сўраган эдилар. Уларнинг асосий васиятлари шу эди. Отам, шунингдек, уларнинг ортидан эргашган бухороликларнинг қадрига етишимизни васият қилган эдилар”.
Амир дафн этилган зиёратхонага кирадиган чиройли кошинкор дарвоза тепасига сангтарош Мулло Абдурайим Ғазғоний томонидан тошга ёзилган марсия ҳозиргача яхши сақланиб турибди (марсияни Амир Абдулаҳадхоннинг сарой шоири Мирзо Хайит Сабҳо ёзган бўлиши мумкин).
Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими Шоҳниёз Мусо ўғли бир неча йил Афғонистон диёрида бўлиб, ватанга қайтган. Сафар чоғида 1973 йилнинг июнь охирида Амир Олимхоннинг қабрини зиёрат қилган. Кобул шаҳри теварагидаги “Шаҳидони ислом” (“Ислом шаҳидлари”) қабристонидаги Амир мақбараси қабртошидан ушбу сўзларни ўқиган:
“Бу қабр соҳиби алам-ситамга тўла амир бўлмиш ва салтанат сурмиш зоти олийнинг бир кафт тупроғидан хотира бўлиб, бу киши Бухоройи шарифдаги манғитлар сулоласининг охирги саодатпаноҳ подшоҳларидан эдилар. Яъни бу жаноб Аллоҳнинг мағфиратига сазовор бўлган Амир Саид Олимхон ибн мархум Амир Саййид Абдулаҳадхон ибн Амир Музаффархон ибн Амир Саййид Насруллахон ибн Амир Ҳайдархон ибн Амир Шоҳмурод – бу киши маъсум Ғозий лақаби билан ҳам машҳур ибн Амир Дониёлхондурлар. Бул марҳумнинг Бухоройи шарифда амирлик салтанатининг ўнинчи йилида рус кофирлари томонидан Бухоройи шариф босқинчилик билан истило килингач, фисабилиллоҳ муҳожир сифатида кўшни юрт бўлган Афғонистонда паноҳ топган эдилар. Орадан йигирма уч йил ўтгач, 64 йил умр кўриб, бу ислом мамлакати ерида 1323 шамсий йили савр (апрель ойи – Ш.Б.)нинг бешинчи шанбаси куни ва ҳижрий қамарийга мувофик 1363 йили жумодил аввал ойининг бешинчисида (1944 йил 28 апрель куни) бу фоний дунёдан кўз юмдилар[6].
Амир Олимхoннинг Кобул (Афғонистон) шаҳридаги Шуҳадо (шаҳидлар) қабристонидаги мақбараси oлдидаги oқ мармар қабртoшидаги ёзувда яна қуйидаги матнни ўқиш мумкин:
“Аллoҳуммағфирли. Орoмгoҳи марҳум Имoмқулбeк ибн Ҳаққулбeк ибн Усмoнбeк. Дар сoли 1276 шамсий дар гузари Оқ масжид шаҳри Бухoрoйи Шариф чашм ба дунё кушoд. Дар сoли 1299 ба маъияти пoдшoҳи Бухoрo Амир Олимхoн аз ватани худ ҳижрат кардаанд. Баъд аз зуҳри чoршанбe 19-жавзo 1350-шамсий ба умри 74 сoлаги жаҳoнрo видў ва шаҳди ажалрo чашид. Ва баъд аз зуҳри панжшанбe дар дили хoк ба Шуҳадoйи Сoлиҳин супурда шуд. Қoлу инна лиллаҳи ва инна илайҳи рoжиун.
Ин хoки тийра зи банди бандам жудo кунад,
Ҳар кас бар хoкам нишинад бар ман дуo кунад”.
Бухоро амирларининг вафоти муносабати билан марсиялар, марҳумга бағишловлар, аза байтлари кўплаб ёзилган. Аза ва мотам маросими кунларида амирларнинг фарзандлари оталарини марҳум ва мағфур падарим [7] деб эслаб, қайғу чекишган. Марсиялар ҳатто гўяндалар (таъзияда одамларни йиғлатувчилар) томонидан маромига етказилиб ижро этилган. Фиғони фалакка чиқариб айтилган марҳум ҳақидаги мисралар барчанинг юрагини дардга тўлдирган.
Бухоро хону амирларининг қисмати, якуний тақдири турлича кечган. Тақдирнинг ҳукмига ҳеч ким қаршилик кўрсата олмаганидек, ҳукмдорлар Ватанда, айримлари юртдан олисда вафот этишган. Амир Олимхон мусофирликда айтган қуйидаги сўзлари Ватандан бўлак муқаддас жой йўқлигига ишорадир:
“Амири бе Ватан зору хакир аст.
Гадо гар дар Ватан мирад – амир аст!”
Маъноси:
“Беватан амир хору фақирдир,
Гадо гар ўз Ватанида бўлса – Амирдир…”
1783 йилдан 1920 йилгача ҳукм сурган Бухоро манғит амирлари салтанатига Амир Олимхон ҳукмронлик даврида нуқта қўйилди. Давлат мустамлакачиларга бой берилди. Олимхон нафақат мамлакат, тожу тахтдан айрилди, балки ҳатто муқаддас Бухоро бағрида ётиш ҳам насиб этмади. Шу армон билан боқий дунёга кетди. Она Ватанини кўрмоқ фақатгина унинг фарзандларига насиб этди.
Ҳукмдорларни дафн этиш билан боғлиқ анъаналар нафақат сиёсий жараёнлар тарихи, балки давр ижтимоий ҳаёти, маънавий муҳитини ўрганишга ёрдам беради. Сарой ва халқ ўртасидаги муносабатлар, ижтимоий тоифалар ва сиёсий гуруҳларнинг ўзаро курашлар масаласини атрофлича очиш имконини яратади.
Умуман олганда, ҳукмдорларни дафн қилиш анъанаси маълум қоида ва тартибларга эга бўлган. Хон ва амирларнинг дафн этилиши билан боғлиқ анъаналар тарихий даврнинг диний, маърифий, ҳатто ҳарбий жараёнларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Шавкат БОБОЖОНОВ,
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос
илмий-тадқиқот институти бўлим мудири,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
[1] Кобулдаги ушбу қабристон “Шуҳадо”, “Шуадойи Солиҳин” номлари билан ҳам юритилади.
[2] Амирнинг Афғонистонда яшаган манзили, унинг учун ажратилан боғ ва қалъа Фатух, Фотух, Футут, Футух номлари билан тилга олинади.
[3] Ҳайитов Ш., Раҳмонов К., Аҳмадов О. Бухоро ва Бухорийларнинг жаҳоний шуҳрати. – Тошкент: Наврўз, 2020. – Б.72.
[4] Амир Саид Олимхон шахсияти //bukhari.uz.2024 йил, 15 апрель.
[5] Nurettin Hatunhog`lu. Buhâra emirliği’nin son hükümdari Âlim han’in Afganistan’da ölümü ve sonrasinda yaşanan gelişmeler // 3. Uluslararası Sosyal Bilimler Kongresi. Asya Araştırmaları Dergisi | Sayı: 2 / Cilt: 2. – Buhara, 2018. – S.134.
[6] Саййид Олимхон. Бухоро халқининг ҳасрати тарихи. – Тошкент: Фан, 1991. – Б.31.
[7] Ўша жойда.
Мафкура
Ватандош
Тарих
Ватандош
Маънавият
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ