
Абдаллар (эфталитлар) империяси – V аср ўрталаридан VI аср ўрталарига қадар Турон ҳудудида ҳукмронлик қилган туркий давлатлардан биридир. Бу давлат ўз қудратининг чўққисига эришган вақтда мамлакат чегаралари Хўтандан (Шарқий Туркистон) Эрон чегараларигача ва ҳозирги Қозоғистон даштларидан Шимолий-ғарбий Ҳиндистонгача чўзилган. Яъни Марказий Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистоннинг бир қисми ва Хитойнинг (Шарқий Туркистоннинг бир қатор воҳалари) катта қисмини эфталитлар тасарруфига кирган.
Уларнинг ашаддий душмани бўлмиш Сосонийлар империясига эса милодий 224 йилда асос солинган бўлиб, бу давлат Форс ва Месопотамиянинг муайян ҳудудларини қамраб олган. 651 йилда Яздигард III даврида (632–651 йиллар) Сосонийлар давлати Араб халифалиги томонидан тугатилган.
Хуросон минтақаси Турон ва Эрон ўртасидаги доимий низо объекти сифатида, ушбу икки империя тўқнашувларига сабаб бўлган. В асрда яшаган арман тарихчиси Элишанинг ёзишича, сосоний ҳукмдор Яздигард II (438-457 йиллар) даврида Сосонийлар империясининг шимолий-шарқий чегаралари Турон таҳдиди остида бўлган, 442 йилдан бошлаб сосонийлар ўз чегара хавфсизлиги учун абдаллар билан жанг қилишга мажбур бўлган, ҳатто Яздигард II ўз қароргоҳини шимолий чегарага кўчиришга мажбур бўлган.
457 йилда отаси Яздигард II вафот этгач, ўғиллари Фируз ва Ҳормизд ўртасида тожу-тахт учун аёвсиз кураш бошланади. Форс зодагонларининг ёрдами билан Ҳормизд тахтни эгаллайди. Бундай вазиятда Фируз ҳокимиятни Ҳормиздан тортиб олиш учун абдаллардан маълум бир ҳудудларни уларга бериш эвазига ҳарбий ёрдам сўрайди. Абдалларнинг ёрдами билан Фируз тахтни эгаллаб олишга муваффақ бўлади.
Бироқ, Фируз ҳукмронлигининг бошланиши нохуш кечади, чунки 459 йилда Эронда қурғоқчилик бошланади ва у қарийб 7 йил давом этади. Бундан ташқари, 463 йилда насронийлар қўзғолон кўтаради. Шунингдек, Кидарийларга отаси ва акаси давридан тўлаб келинаётган одатдаги ўлпонни тўлай олмаган Фируз 462 йилдан уларга қарши курашишга мажбур бўлади. Абдалларнинг ҳарбий ёрдами эвазига 468 йили Фируз кидарийларни мағлубиятга учратади.
Абдаллар Тохаристонни эгаллаб олгач, сосоний Фируз 474 йилда тахминан 70 минг кишилик қўшин билан ўзининг собиқ ҳомийси бўлмиш абдалларга қарши юриш бошлайди.
Византиялик тарихчи Прокопий Кесарийский ўз асарида урушни шундай тасвирлайди: «..энди абдаллар душманига ўзларини қочиб кетгандек кўрсатишди... улар ҳар томондан тик тоғлар билан ўралган ва кенг тарқалган дарахтларнинг зич ўрмони билан мўлжалланган жойга бордилар. Тоғлар орасида узоқ масофага силжиб борганда, водийда кенг йўл пайдо бўлди,... лекин охирида умуман чиқиш йўли йўқ эди, балки йўл тоғларнинг ўртасида тугаган эди. Шундай қилиб, Фируз, ҳеч қандай хиёнат ҳақида ўйламасдан ва душман мамлакатида юраётганини унутиб, эҳтиёткорликнинг энг кичигини ҳам қилмасдан таъқибни давом эттирди. Унинг олдида бир озгина хунлар (абдаллар) қочиб кетишарди, уларнинг кучларининг катта қисми эса яшириниб, душман армиясининг орқасига ўтиб олди... форслар буни англай бошлаганда... гарчи улар Фируздан қўрқиб, вазият ҳақида ўзлари гапиришдан тийилган бўлсалар ҳам, Евсевийдан Фирузга, ўз аҳволидан бехабар бўлган шоҳга, вақтсиз жасорат кўрсатишдан кўра, маслаҳат беришларини илтимос қилишини сўрашди... шунда у Фирузнинг олдига борди... Фируз буни эшитгач... У бундан кейин олдинга силжимади. Бу пайтга келиб, абдаллар ҳеч қандай яширинмасдан уларнинг орқасидан эргашиб келишарди... Шунда, ниҳоят, форслар ўзларининг қандай қийин аҳволда эканликларини аниқ кўришди...
Шунда абдаллар шоҳи ўз тарафдорларидан бир неча кишини Фируз томонига юборди... Агар Фируз унинг олдида, уларнинг хўжайини эканлигини исботлаб, ерга эгилса ва қасам ичиб... абдаллар миллатига қарши бошқа ҳеч қачон жанг қилмасликка ваъда берса, хунлар (абдаллар) уларни қутқаришарди. Фируз буни эшитгач, моғлар билан маслаҳатлашди... Моғлар жавоб беришдики, қасам борасида у бу масалани ўз хоҳишига кўра ҳал қилиши керак, қолгани борасида эса, у душманини ҳийла билан алдаши керак. Улар унга форслар ҳар куни қуёш чиқиши олдидан ерга эгилиши одати борлигини эслатишди, шунинг учун у вақтни диққат билан кузатиб, абдалларнинг раҳбари билан тонг саҳар учрашиши ва кейин қуёш чиқишига қараб, таъзим қилиши керак.
Шу тарзда, унга (Фирузга) келажакда бу ишнинг шармандалигидан қутулиши мумкин, деб тушунтиришди. Фируз шунга кўра, тинчлик борасида ваъдалар берди ва душмани олдида моғлар маслаҳат берганидек айнан ерга эгилди ва шундай қилиб, бутун форс армияси соғ-саломат ҳолда уйига хурсанд ҳолда қайтди...».
Бундан англаб олиш мумкинки, Фируз ўз жони ва қўшинини қутқариш учун абдаллар шоҳига бошқа ҳеч қачон бостириб кирмасликка ваъда беради. Аммо, бу қасамёднинг самимийлиги шубҳа остида, чунки шоҳнинг маслаҳатчилари унга бу қасамёдни қандай қилиб бузиш йўлларини ўргатишади. Бу ҳолат қасамнинг сиёсий мақсадларда манипуляция воситаси сифатида қўлланилганини кўрсатади. Яъни, қасамёд душманни алдаш учун ишлатилганди.
479 йилда сосонийлар ва абдаллар ўртасида бўлиб ўтган иккинчи урушнинг сабабини келтирадиган ягона манба Балъамийдир. Унга кўра, Абдаллар шоҳи Ахшунворнинг кўплаб фуқаролари унинг золим ҳукмронлигидан норози бўлган ва чегаранинг Форс томонига қочиб кетган ҳамда у ерда Фируз уларга бошпана берган. Фируз абдаллар шоҳи Ахшунворга иккита элчи юбориб, абдал қочқинлари унинг ёрдамига муҳтож эканликларини ва энди Ахшунвор ўзининг чегара ҳудудларини назоратга олиши, акс ҳолда Форс армиясининг босқинига дуч келишини айтган.
Орадан тўрт йил ўтгач, Форс саройида абдаллар қироллигидан келган қочқинлар сони кўпаяди. Фируз ниҳоят қўшин тўплаб, абдалларга қарши уруш эълон қилади. Шубҳасиз, Форс ҳудудидаги бу норози абдал қочқинлари Фирузни таваккал қилишга ундаган. У Абдаллар давлати ички низолар билан бўлиниб кетган ва забт этишга тайёр деб ўйлаган, аммо адашганини кейинчалик сезган. Абдаллар шоҳида форсларга қарши туриш учун ҳали ҳам етарлича содиқ фуқаролар ҳамда кучли қўшин мавжуд эди.
Араб ва форс манбалардаги Фирузнинг иккинчи юриши ҳақидаги маълумотлар Полиенинг «Широқ ривояти» ни эслатади: ...у (Фируз) Хуросонга ўз армияси билан йўлга чиқди ва унинг мақсади абдаллар шоҳи Ахшунворга қарши уруш қилиш эди. Бу хабар Ахшунворга етгач, уни қўрқув босди. Шундай ривоят қилинадики, Ахшунворнинг хизматкорларидан бири у учун ўз ҳаётини қурбон қилишни таклиф қилган ва унга шундай деган: «Менинг қўлларим ва оёқларимни кесиб, Фируз йўлига ташлаб юбор, лекин менинг болаларим ва оиламга қара»...
Фируз унинг ёнидан ўтиб кетаётганда, бу одамнинг аҳволидан қайғуга тушди ва ундан нима бўлганини сўради. Бу одам Ахшунворга Форс қўшинларига қарши тура олмаслигини айтгани учун ҳам шундай ҳолга тушганини билдирди... Бу одам Фирузга... унинг ва унинг тарафдорларига қисқа йўл кўрсатишини айтди... Фируз бу ҳийлага учди ва унинг қўшинлари майиб одам айтган йўл бўйлаб юрди. Улар бир чўлдан иккинчи чўлга ботиб бораверди ва ҳар гал чанқоқликдан шикоят қилганда, бу одам уларга сув яқин эканлигини ва чўлни деярли кесиб ўтганликларини айтарди. Ниҳоят, бу одам уларни на олдинга, на орқага кета олмайдиган жойга олиб келгач, нима қилганини очиқлади.
Фирузга хизматкорлари: «Биз сизга бу одам ҳақида огоҳлантирган эдик, эй шоҳ, лекин сиз огоҳлантиришга қулоқ солмадингиз. Энди биз фақат душманга дуч келгунимизга қадар олдинга боришимиз мумкин, қандай шароит бўлишидан қатъий назар», дейишди. Шундай қилиб, улар доимо олдинга боравердилар, чанқоқлик уларнинг катта қисмини ўлдирди ва Фируз тирик қолганлар билан душманга қарши борди. Улар ўзларининг қандай аҳволга тушиб қолганликларини кўриб, Ахшунвордан тинчлик шартномаси тузишни илтимос қилди».
Манбадаги маълумотлардан кўринадики, биринчи юришидаги қасамини бузган Фируз, Абдаллар ҳукмдоридан тинчлик шартномасини имзолашни яна илтимос қилади. У ўзининг заифлигини англаб етади ва тинчлик шартномасини имзолашга мажбур бўлади.
Форс манбаларига кўра, абдаллар ҳукмдори Фируз ва унинг одамларидан эфталитлар ерларига бошқа ҳеч қачон бостириб кирмаслик ваъдасини олган. Шундан сўнг эронликлар қўйиб юборилган. Фируз ва Ахшунвор ўртасида расмий шартнома тузилган. У муҳрланган ва гувоҳлар ҳузурида тасдиқланган.
Византия манбалари асосида шуни аниқ кўриш мумкинки, Форс манбалари келишувнинг энг шармандали тафсилотларини қасддан яширади. Ёшуага кўра, Фируз абдалларга қарши иккинчи марта жанг қилганда, унинг армияси тор-мор этилган (бу нотўғри) ва у асир олинган. Бу сафар Фируз озодлик эвазига 30 туяга юкланган дирҳам (кумуш тангалар) беришни ваъда қилган. Бироқ, давлат хазинаси урушлар туфайли бўш эди, натижада у фақат 20 га яқин юкни йиға олади. Қолган ўн туя юк учун ўғли Кубодни гаров сифатида беради. Шундан кейин Фируз озод қилинади. Шоҳ ўз юртига қайтгач, жон солиғи киритади ва керакли ўн туяга юк кумушни йиғиб, ўғлини қайтариб олади.
Балъамийнинг сўзларига кўра, олдинги урушдан уч-тўрт йил ўтгач ва вазият етарли даражада барқарорлашгач, Фируз шармандаликка чидай олмаган ва олий коҳиндан яна урушни бошлашда маслаҳат сўраган. Коҳин шартномани бузиш ва ёлғончи бўлиш нотўғри бўлишини айтади. Фируз ҳийла орқали ёлғончи бўлмаслик йўлини топади. Бироқ коҳин ҳийла билан ёлғончиликдан қутулиб бўлмаслигини таъкидлайди. Балъамийнинг сўзларига кўра, саркардалар ҳам олий коҳин каби жавоб берган.
Фируз 484 йилда юз минг киши ва 500 та филдан иборат армия билан Абдаллар юртига юриш бошлайди. У қизи Фируздухтни ҳам ўзи билан олиб кетади. Ҳарбий раҳбарият ва олий коҳин бунга қарши чиқиб, ўғиллар уйда қолдирилганда аёлни урушга олиб бориш нотўғри бўлишини айтган, аммо фойдаси бўлмаган.
Форслар Гўргондан шимоли-шарққа қараб юриб, чегарани белгиловчи устунга етгач, Фируз устунни 300 киши бошчилигидаги 50 та фил ёрдамида ўз армияси олдида судраб кетган. Шу тарзда Фируз чегарани кесиб ўтмаслик ҳақидаги қасамини бажарган деб даъво қилиши мумкин эди, аммо Балъамийнинг сўзларига кўра, саркоҳин ҳали ҳам бу ёлғончилик эканлигини таъкидлаган.
Учинчи юриш ҳақидаги хабар Абдаллар шоҳига етиб боргач, у ўз вакилини Фирузга қуйидаги хабар билан юборади: «Сиз мен билан ёзма равишда, муҳр остида тинчлик шартномасини туздингиз ва менга қарши уруш қилмасликка ваъда бердингиз. Биз ҳеч бир томон душманлик нияти билан кесиб ўтмаслиги керак бўлган умумий чегараларни белгилаб қўйдик».
Табарийнинг маълумотларида, Сосонийлар ва Абдаллар ўртасидаги чегарада Баҳром В ( 420–438 йиллар) минора қурдиргани, бу минора абдаллар ва форслар чегара эди. Баҳром минорасини 50 та фил ва 300 кишига судраб боришни буюрган Фируз орқада юрарди ва шу тариқа Ахшунвор билан тузган шартномасини бузмаётганини яъни, минорадан ўтмаслик ваъдасини бажараётганини айтарди.
Бундан хабар топган Ахшунвор чуқур қазишни, уларни юпқа тахта билан ёпишни ва устига тупроқ ташлашни буюради. Абдаллар қўшини сосонийлар қўшини орқасидан айланиб ўтиб, ён ва орқа томондан зарб беради. Бундан ташқари, йўлда ўрнатилган тузоқлар ҳал қилувчи роль ўйнайди, улар душманнинг жанговар сафини бузади ва кўплаб аскарларни қопқонга туширади.
Фируз ўлдирилади ва унинг кўплаб яқинлари, жумладан қизи Абдаллар томонидан асирга олинади.
«Рават ҳукмдори» архивидаги маълумотларга қараганда, Эрон сосонийлари 484 йилдан ВИ аср ўрталарига қадар Абдалларга ўлпон тўлашга мажбур бўлади. Сосоний тангаларининг бир қисми Абдаллар белгиси билан қайта ишланади ва бу тангалар ўлпон тўлаш учун ишлатилади. Бу ҳолат Хусрав И (531-579) ҳукмронлигининг дастлабки йилларига қадар давом этади.
Абдаллар ва Сосонийлар ўртасидаги муносабатлар тарихида учта йирик тўқнашув алоҳида ажралиб туради. Ушбу уч тўқнашув шунчаки ҳарбий тўқнашувлар бўлмай, балки қасамлар берилиб, хиёнатлар қилинган, сиёсий манфаатлар шахсий шараф ва давлат обрўсидан устун қўйилган даврнинг ёрқин мисоли эди. Бу тарихий воқеалар, нафақат ўша давр сиёсий манзарасини, балки инсоний табиатнинг мураккаб жиҳатларини ҳам очиб беради. Қасамнинг қадри ва хиёнатнинг оқибатлари, куч ва ҳийла ўртасидаги абадий кураш – буларнинг барчаси Абдаллар ва Сосонийлар муносабатлари тарихида ўз аксини топган.
Мардонбек Ражапов
ФА Тарих институти кичик илмий ходими
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ