Шоира Ника Турбинанинг ҳаёти ҳам шеърияти каби қисқа ва драматизмга бой кечди. У 1974 йил 17 декабрда туғилиб, атиги 27 ёшида вафот этди, бироқ кўплаб ижодкорлар 90 ёшда ҳам улгурмаган ижодий мерос қолдирди, шон-шуҳратга эришди.
У адабиётда чинакам феномен эди. Илк шеърларини жуда эрта, 4 ёшидан бошлаб тўқий бошлаган, уларни онаси ва бувиси ёзиб борган. Булар шунчаки болаларча битилган яшил ўтлоқ ва мовий осмон ҳақидаги мисралар эмас, том маъносида етук лирика эди.
Тунги фонусларга алданманг –
Мудроқ жойлаб кўзларингизга,
Қалбдан қувар бедорликни ҳам.
Вақт келар,
Сиз бедор турган дам,
Ўзи томон чорлар юлдузлар.
Тунги фонусларга алданманг–
Мудроқ жойлар кўзларингизга.*
Шоира тили ва услубини қолипга солиш, таҳлил қилиш мураккаб эди. У Ахматовадан сўнг иккинчи совет шоираси деган номга эришган, Венециянинг “Олтин шер” мукофотини бежиз қўлга киритмаганди. Анна 60 ёшда эришган бу мукофот билан Ника 12 ёшда тақдирланди.
Турбина туғилганидан бошлаб бронхиал астмадан азоб чекар, шу сабаб деярли ухламасди. Тунлари кроватчасида ўтириб, оғир нафас оларкан, нималардир деб пичирларди. Бироз эсини танигач, у онасидан сўзларини ёзиб олишини сўрайди – у “Яратган менга сўзларни айтиб турибди”, дерди. Қўрқиб кетган она ва буви қизчани шифокорга олиб боради. Ниятлари бир нарса эди: қиз шеър тўқишни бас қилиб, тинчгина ухлашини исташар эди. Шифокорлар аниқ жавоб бера олишмади, улар астмани даволаш кераклиги, лекин шеър ёзишни тўхтатиш қўлларидан келмаслигини айтишди.
Қўғирчоқ
Мен бир синиқ қўғирчоқ каби…
Кўксида бўш қолган бир юракка жой
Ва кераксиз бир матоҳдек
Ним қоронғу бурчакка ташлаб қўйилган.
Мен бир синиқ қўғирчоқ каби…
Бир сафар, тонг чоғи уйқу оҳиста
Қулоғимга шивирлаб айтди:
«Ухла, миттигинам, кўзларингни юм.
Йиллар учиб ўтар-уйғонганингда
Ниҳоят одамлар истаб қолишар
Сени қўлга олишни,
Аллалаб, шунчаки, ўйин қилишни.
Шунда ура бошлар сенинг юрагинг.»
Фақат, қўрқинчлидир кутиш онлари…**
Кейинроқ Ника ўзини тун одами деб атай бошлади. Интервьюларда “Фақат тундагина ўзимни бу оламдан ҳимоялагандек сезаман, бу шовқин, бу талатўп, бу муаммолардан ҳоли бўламан. Ўзим билан танҳо қоламан” дер эди. Қизчанинг ҳеч қачон рисоладагидек болалаги бўлмаган: астма ҳуружлари, уйқусизлик ва энг оғири – ижод дарди қийнарди.
Турбина етти ёшга тўлгач, унинг ватани Ялтага ёзувчи Юлиан Семёнов ташриф буюради. У қўним топган меҳмонхонада Никанинг бувиси ишларди. Шунда у ёзувчидан набирасининг шеърларини ўқиб кўришини сўрайди. Аввалига рад этган Семёнов икки мисрани мажбуран ўқиркан, “Юксак!” деб баҳо беради. Шу тариқа ёш шоиранинг тақдирида бурилиш юз беради. Ой ўтиб Никанинг шеърлари газета юзини кўради, 9 ёшида эса илк тўплами – “Қоралама” босилиб чиқади. Китоб 12 тилга таржима қилинади.
Қоралама
Қораламадир менинг ҳаётим –
Ҳамма ҳарфлар айланиб буржга
Мен ҳали кечиб улгурмаган
маҳзун умрдан қилар башорат.
Қораламадир менинг ҳаётим –
Гўё ҳайқириқ
Ўз аксидан парчалангандек
Бўлакланган бахту иқболлар
Ёзиғлиқ.*
Уйқусизликдан қийналадиган қиз учун машҳурлик яна бир оғир синов бўлди.
Унинг биринчи китоби чиқишида бош-қош бўлган таниқли шоир Евгений Евтушенко “Саккиз яшар қиз қайсидир маънода етук инсоннинг қораламасидир” деб ёзади. Лекин бу “қоралама”нинг мухлислари ёшу қари аралаш эди, унинг мисралари кўп ўтмай бутун мамлакат бўйлаб довруғ қозонди. Вундеркинд қиз турли шаҳарларда гастролларда бўлар, давраларда шеър ўқир, мактаб учун вақти қолмасди.
ЕВГЕНИЙ ЕВТУШЕНКОГА
Сиз халоскор йўлдош, мен кўздан қолган чол.
Йўлбошчи – сиз. Чиптасиз ҳам элтяпсиз мени.
Лекин бир саволга ҳеч тополмам жавоб:
Топталмаяптими дўстлар туроби.
Жимлик…
Сиз қалбдаги нидо. Мен – унутилган шеър.*
Қиз отасиз ўсарди, шу сабаб устози Евтушенкога боғланиб қолганди. Лекин бир куни кутилмаганда, шоир ундан кечди – ҳеч қандай сабаб ва изоҳларсиз. Шоира бу ҳақида интервьюларда шундай деганди: “Балки у мени кўтар-кўтар қилишдан тийилиш лозим, йўқса у ёзолмай қолади, деб ўйлагандир”. Бу орада эса Никанинг онаси турмушга чиқиб, иккинчи фарзандини дунёга келтирди.
Ухла, менинг укажоним,
Аллалар айтай.
Оқ тўшагинг бўлсин сенинг
Кенг қорли дала.
Ёстиғинг остидаги
Дарёлар тошқини–
Нурли йўлинг бўлсин
Ва мен ғамларинг олай.
Ухла сен,
Мен эса гуллар экайин, укажон,
Болалик тушларингни
Фақат уларга ишон.**
Она янги оиласида бахт яратишга уринса-да, 13 ёшли қиз уйдан кетиб, мустақил яшашга қарор қилди. Узоқ йиллик омад ва машҳурликдан сўнг у тамоман ёлғиз қолди – онаси, бувиси ва устозисиз. Ҳатто мухлислар ва журналистлар ҳам қизни унутишди, сабаби фавқулотда истеъдод энди улғайганди ва ҳайратга солмай қўйганди. “Шляпамни қўлимга олган кўйи турибман. Оломон тўпланган. Бир вақтлар шеърлар ёзган қизалоқ Ника мана шуми, – хе-хелаб кулади кимдир. Кимдир чекиб бўлган сигарета қолдиғини чеккага ирғитади”, деб ёзади у кундалигида. Ника бунга бардош бера олмай, уйқу дори ичиб ўзини деразадан ташлади. Лекин омон қолди.
1990 йилда Ника турмушга чиқиб, барчани ҳайратда қолдирди. Унинг эри италиялик бадавлат руҳшунос Жованни эди. Улар бир йилгина яшашди: ўшанда қиз 16, турмуш ўртоғи эса 76 ёшда эди. Турбина Россияга қайтди ва яна ёлғиз қолди. Оқибатда ичкиликка берилди.
Дўстларимни излайман,
Ғойиб бўлишди бирдан.
Мен сўзларни излайман–
Кетди дўстлари билан.
Кунларни излайман, лек
Қочиб қолишди нари.
Улар ортимда, мендан
Йироқлар борган сари!**
Ника институтни ҳам битира олмади. Шеърлар ёзиб турар, лекин уларни узоқ йиллар ҳеч кимга кўрсатмади. Катта бўлгани сари муаммолари ҳам улғая бошлади. У ҳаётини тартибга сололмас, болаликдан ўрганган эътибор эса энди унинг шеъриятига эмас, юриш-туришига қаратилган эди. Ёнида қариндошлари йўқ, фақат кучуги ва мушуги ҳамроҳ эди. У яна ўз жонига қасд қилишга уриниб, 5-қаватдан ўзини ташлади – аммо гиламга илашиб қолиб тирик қолди. Умуртқаси, тос суяклари синди, 12 та операцияни бошдан ўтказди.
Ёмғир. Тун. Синиқ дераза.
Шамолга терс келган баргдек
Ҳаво узра учди шиша парчалари
Қолдириб жарангдор овоз.
Одатда
Шундай узилар инсон жони ҳам.*
Шу тариқа, унинг ҳаёти барбод бўлди. Орадан беш йил ўтиб, у яна шу машъум хатони такрорлади: тағин май ойида, тағин бешинчи қаватдан. Бу гал у мақсадига етди. Уни сўнгги йўлга дугонаси Алена Галич кузатди.
Ника онаси ва бувисига “Мен 27 ёшимда вафот этаман, унгача эса ўн марта ўлиб-тириламан” деб айтганди. Интервьюларида ҳам болалари бўлмаслигини таъкидларди. Эрта келган шуҳрат шоирани ҳаётдан эрта олиб кетди. Кўпчилик унинг изтиробли ҳаёти ва ўлимига онасини айблашади. Никага ҳамма учун лозим бўлган бир нарса – оила меҳри етишмади.
Ўз манзилин топмоқ қасдида
Кеза-кеза чиқиб қолар кас
Ҳаёт-ўлим туташган жойдан.
Қани энди топа олсайдим
Ажал қувиб етолмас маскан.
Бироқ тонг отгандай ботар шом…
Шунинг-чун мен чиқдим отланиб
Қуёш ботмас томонни кўзлаб.*
Шеърларни Умид Али* ва Рафиқ Сайдулло** таржима қилган.
Нодира ИБРОҲИМОВА
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Нодира
12:01 / 01.01.1970
Жуда таъсирли ва ачинарли хикоя экан, рахмат. Бир нафасда ўқидим.