
Сурия, Туркия ва Эрон ҳудудида бир хил номдаги 3 та қадимий шаҳар мавжуд бўлиб, улар «Апама» ёки «Апамея» деб номланади. Тадқиқотчи олимлар бу номни салавкийлар сулоласи асосчиси Салавкнинг туронлик бўлган турмуш ўртоғи – Апама номи билан боғлайди.
Милоддан аввалги 324 йилда Суза шаҳрида Македониялик Александр томонидан оммавий тўй маросими ташкил этилади. Бу тўйда юнон-македон зобитлари ва собиқ Аҳамонийлар империяси ҳудудидан бўлган аёллар ўртасида ёппасига никоҳлар тузилган. Маросим беш кун давом этган. Бундан кўзланган мақсадлардан бири, империя асосларини мустаҳкамлаш, маҳаллий аҳоли билан алоқа ўрнатиш эди.
Мазкур маросим доирасида Спитаменнинг қизи Апама ва македониялик саркарда Салавк ўртасида ҳам никоҳ тўйи бўлиб ўтади. Салавкнинг Апама билан никоҳи фақатгина сиёсий манфаатни кўзлаган ҳолда амалга оширилган деган қарашлар мавжуд. Таъкидлаш жоизки, Салавк дастлаб Бақтрия билан алоқаларнинг фақатгина сиёсий томонларини кўрган бўлиши мумкин, аммо вақт ўтиши билан унга бу алоқаларнинг империяси учун ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ҳам қанчалик муҳим эканлиги тобора очиқ-ойдин бўлиб бораверган.
Шу билан бирга, Салавк ва Апама ўртасида ўзаро самимий муҳаббат ришталари мавжуд бўлгани эҳтимолини ҳам рад этиб бўлмайди. Зеро, сиёсий манфаатлар ва шахсий туйғулар бир-бирини истисно қилмайдиган ҳолатлар тарихда кўп учрайди. Салавкнинг Бақтрия ҳудудида ўз ҳукмронлигини ўрнатиш жараёнида рафиқасининг бақтриялик эканлиги муҳим восита вазифасини бажарган. Бу омил Салавкнинг минтақадаги сиёсий ҳокимиятини мустаҳкамлашга хизмат қилган.
Македониялик Александр вафотидан кейин деярли барча диадоҳлар (ноиблар) Суза шаҳридаги тўй маросимида ўз никоҳига олган шарқлик аёллар билан ажрашади. Фақатгина Салавк ва бир неча саркарда ушбу никоҳлар сақлаб қолади. Кейинчалик, Салавк ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб, Салавкийлар сулоласига асос солгач, Апама билан никоҳидан туғилган фарзанди Антиохни тахт вориси деб эълон қилади. Бу қарор ҳам Апаманинг Салавк тақдирида нақадар муҳим роль ўйнаганини кўрсатади.
Салавкнинг сиёсий фаолиятида Апама муҳим роль ўйнаган бўлиб, бу унинг эллин дунёсида «басилисса» унвонига сазовор бўлган иккинчи малика эканлигида намоён бўлади. Ушбу унвон маликанинг юқори мақомини ва сиёсий таъсирини белгилаб берган. Бундан ташқари, Салавк аёли билан муносабатларини ва садоқатини намойиш этиш учун, учта шаҳарни Апама шарафига номлаган. Шаҳарларга Апама номини бериш, шунингдек, маҳаллий аҳолининг маликага бўлган ҳурматини қозониш ва Салавкийлар сулоласининг қонунийлигини оширишга қаратилган сиёсий ечим бўлган.
Апама Салавкнинг сафарларида доимий равишда унга ҳамроҳлик қилган ва омма олдида унинг ёнида кўриниш берган. Бу ҳолат, унинг нафақат шахсий ҳаётда, балки жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этганини кўрсатади. Апама Салавкнинг диний сиёсатини қўллаб-қувватлаб, Дидима ва Делосдаги ибодатхоналарга мунтазам равишда хайриялар қилган. Бу хайриялар, эҳтимол, Салавкнинг ҳукмронлигини тасдиқлаш ва малика сифатида жамоатчилик олдида ижобий қиёфани шакллантириш мақсадида амалга оширилган.
Милетликларнинг Апама шарафига Дидимада ҳайкал ўрнатиши, унинг Салавк армиясидаги милетликларга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик рамзи сифатида қаралади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Туронлик зодагон оиласидан бўлган Апама, Салавкийларнинг Шарқий ҳудудларда, хусусан Турон заминида ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашида кўприк вазифасини ўтаган. Никоҳ орқали ўрнатилган бу алоқалар нафақат ҳарбий ва иқтисодий, балки маданий жиҳатдан ҳам империянинг ривожланишига туртки берган.
Салавк томонидан учта шаҳарга Апама номининг берилиши, ҳукмдорнинг рафиқасига бўлган ҳурмати ва миннатдорчилигининг ёрқин намунасидир. Бу сиёсий қадам, шунингдек, маҳаллий аҳолининг маликага бўлган эҳтиромини оширишга ва Салавкийлар сулоласининг Шарқдаги бошқарувини таъминлашга хизмат қилган. Апаманинг «басилисса» (қиролича, малика) унвонига сазовор бўлиши, унинг юнон-македон дунёсидаги юксак мақомини ва сиёсий таъсирини ифода этади.
Улуғбек ОЛИМОВ
Тарих институти кичик илмий ходими
Таълим-тарбия
Санъат
Тарих
Санъат
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ