Винни-Пух синдроми: мультфильм қаҳрамонлардаги руҳий касалликлар


Сақлаш
15:08 / 14.03.2025 15 0

Алан Александр Милннинг «Винни-Пух» китоби ва у асосида суратга олинган мультфильмни эслайсизми? Беғубор кулги, ширин саргузаштлар, дўстлик... Лекин кутилмаган савол туғилади: нима учун улар катталарни ҳам ўзига ром этади? Нима учун Юз акрли ўрмон аҳолиси шунчалик таниш туюлади? Бу тасодифми?

 

Канада Тиббиёт Ассоциацияси журналида эълон қилинган «Юз акрли ўрмондаги патология» номли тадқиқот бу саволларнинг кутилмаган жавобини тақдим этди. Мақола адабиёт ва психиатрия оламида катта шов-шувга сабаб бўлди. Чунки у бизнинг севимли қаҳрамонларимизни мутлақо бошқача нуқтаи назардан кўрсатиб берди. Психиатрларнинг таъкидлашича, китобнинг ҳар бир қаҳрамони замонавий руҳий касалликларнинг рамзий ифодасидир ва бу тасодиф эмас. Муаллиф ўз асарида замонавий жамиятнинг руҳий портретини яратмоқчи бўлган.

 

Асалсевар момиқвой: диққат етишмовчилиги

Винни-Пух ёки биз Момиқвой дея аташга ўрганган айиқча, шубҳасиз, кўпчилик болаларнинг севимли қаҳрамони. Унинг соддалиги, самимияти ва ширинликка бўлган муҳаббати кўплаб мухлисларни ўзига жалб қила олган. Бироқ, психиатрлар унинг хатти-ҳаракатларида жиддий руҳий бузилишлар аломатларини кўришган. Биринчидан, унда диққат етишмовчилиги ва гиперактивлик синдроми кузатилади (АДҲД) – Винни бир фикрда тўхтай олмайди, тез чалғийди, ҳатто энг муҳим вазиятларда ҳам эътиборини жамлай олмайди. У тез-тез ўйланиб қолади ва нима деётганини ҳам унутиб қўяди. Бу эса, классик АДҲД белгиси.

 

 

Бундан ташқари, айиқчада обсессив-компулсив бузилиш белгилари ҳам учрайди. Унинг асалга бўлган муносабати шунчаки очликдан эмас. Бу – фикрлаш ва реалликдан қочишнинг яққол намунаси. Винни асал ҳақида шунчалик кўп ўйлайдики, натижада ҳатто энг яқин дўстларининг муаммоларини ҳам унутиб қўяди.

 

Пучуқвой: қўрқув ва хавотир қурбони

Пучуқвой – мультфильмдаги энг тез-тез безовта бўладиган қаҳрамон. Унинг доимий ваҳима ҳолати психиатрлар эътиборини тортди. Улар Пучуқвойга умумлашган хавотир бузилиши (ГАД) ташхисини қўйишди.

Бу ҳолатнинг асосий белгилари:

-       ҳар қандай вазиятда ҳам хавф-хатар қидириш;

-       ўтмишдаги хатолардан ҳаддан ташқари азият чекиш;

-       мустақил қарор қабул қила олмаслик;

-       доимий ички таранглик;

-       пассив-агрессив хулқ-атвор.

Пучуқвойнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзи замирида чуқур психологик травма ётибди. У ҳатто энг хавфсиз вазиятларда ҳам фожиа кутади.

 

 

Тушкунлик ботқоғидаги Хўтиквой

Хўтиквой – асарнинг энг ғамгин қаҳрамони. Унинг доимий тушкунлиги кўпчиликка таниш. Психиатрлар унинг ҳолатини клиник депрессиянинг классик намунаси сифатида баҳолашмоқда. Клиник депрессиянинг асосий белгилари Хўтиквойда яққол намоён бўлади:

-       доимий тушкун кайфият;

-       ҳаётдан завқ ололмаслик;

-       ўз-ўзини паст баҳолаш;

-       ижтимоий фаолликдан бош тортиш;

-       умидсизлик ҳисси;

-       доимий чарчоқ ва ҳолсизлик.

 

 

Йўлбарсвой: Биполяр бузилиш

Йўлбарсвойнинг тиниб-тинчимас характери кўпчиликни қувонтиради. Аммо психиатрлар унинг хатти-ҳаракатларида биполяр бузилишнинг аломатларини аниқлашди.

Биполяр бузилишнинг асосий белгилари:

-       ҳаддан ташқари фаоллик даврлари;

-       тўсатдан тушкунликка тушиш;

-       энергия даражасининг кескин ўзгариши;

-       импульсив хатти-ҳаракатлар;

-       ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмаслик.

 

 

Мукаммаллик қурбони: Қуёнвой

Қуёнвой – ўрмондаги энг тартибли жонзот, уйида ҳар бир нарса ўз ўрнида туриши керак. Бу шунчаки тартибсеварлик эмас, психиатрлар буни обсессив-компулсив шахсият бузилиши деб баҳолашмоқда.

Бу ҳолатнинг белгилари:

-       ҳаддан ташқари мукаммалликка интилиш;

-       қатъий тартиб-қоидаларга боғланиб қолиш;

-       мослашувчанликнинг йўқлиги;

-       бошқаларни назорат қилишга интилиш;

-       ўзгаришларни қабул қила олмаслик.

 

Билимдон уккининг сир-синоатлари

Уккивой ўзини ўрмоннинг энг ақлли жонзоти деб билади. Аммо унинг хатти-ҳаракатларида когнитив бузилишлар, хусусан, дислекция белгилари яққол кўринади:

-       ўқиш ва ёзишда қийналиш;

-       мантиқий фикрлашдаги муаммолар;

-       нотўғри хулосалар чиқариш;

-       ўз хатоларини тан олмаслик;

-       реалликни нотўғри идрок этиш.

 

 

Она меҳри ёки руҳий касаллик?

Кенга – ғамхўр она. Аммо унинг ғамхўрлиги нормал чегарадан ўтиб кетган. Психиатрлар буни ижтимоий хавотир бузилиши деб баҳолашмоқда:

-       фарзандини ҳаддан ташқари ҳимоя қилиш;

-       ижтимоий муносабатлардан қочиш;

-       доимий хавотир;

-       мустақил қарор қабул қила олмаслик.

 

 

Кристофер Робин: энг оғир диагноз

Асарнинг энг муҳим қаҳрамони – Кристофер Робин. Унинг ҳолати психиатрларни энг кўп ўйлантирган экан, чунки улар боланинг хатти-ҳаракатларида шизофрения аломатларини кўришмоқда:

-       реал дунёдан кўра хаёлий оламда яшаш;

-       жонсиз нарсалар билан мулоқот қилиш;

-       ҳис-туйғуларни ҳайвонлар образи орқали ифодалаш;

-       ижтимоий муносабатлардан четлашиш.

 

 

Болалар адабиётининг қоронғи томони

Бу тадқиқот бизни жиддий ўйлашга мажбур қилади. Биз севиб томоша қилган мультфильм замирида шундай чуқур психологик муаммолар яширинган экан. Психиатрларнинг фикрича, муаллиф ўз асарида замонавий жамиятнинг руҳий ҳолатини акс эттиришга ҳаракат қилгани учун ҳар бир қаҳрамон – маълум бир руҳий касалликнинг бадиий ифодаси, дейиш мумкин.

Ушбу таҳлил бизга иккита муҳим сабоқ беради:

-       болалар адабиётида ҳам чуқур психологик маънолар яширин бўлиши мумкин;

-       бизни ўраб турган дунё кўринганидан ҳам мураккаб.

Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам бу асар шунча йиллар давомида ўз долзарблигини йўқотмай келмоқда. Чунки у инсон руҳиятининг энг нозик жиҳатларини очиб бера олган ноёб асарлардан бири. Албатта, ушбу тадқиқот балки бирёқлама қараш деб билишингиз ҳам мумкин. Аммо, буни билганимдан сўнг бир савол очиқ қолади менда, ушбу асарларни болага ўқитиш, кўрсатиш керакми, йўқми?..

 

Самандар ЭРКИНЖОНОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16669
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//