
Глобаллашув, интернетдаги контентлар хилма-хиллиги ёш авлоднинг ахборот майдонини тўлдиришга ёрдам бериш билан бирга, уларнинг дунёни идрок этиш услубини ҳам тубдан ўзгартиряпти. Масалан, ёрқин тасвирий маълумотларга тўйиниш болаларни қўғирчоқ театрига бўлган қизиқишини пасайишига сабаб бўлаётгани маълум ҳақиқат. Бу жараёнлар театр ижодкорларидан ҳар доимгидан ҳам масъулиятлироқ бўлишни талаб этади. Чунки, жамиятни эргаштира оладиган куч бу – ғоя экан, ёш авлодни саҳна санъатига жалб қилиш учун, аввало, ғоявий теран саҳна асарларининг кўламини кенгайтириш, болалар драматургиясини жонлантириш зарур.
Айтайлик, бир йилда қўғирчоқ театрларида элликка яқин спектакль яратилади, афсуски, уларнинг аксариятида олға сурилаётган ғоя давр талабига жавоб бераётгани йўқ. Қолаверса, қўғирчоқ театрлари репертуарини асосий қисмини жаҳон адабиёти намуналари ва насрий асарларнинг инсценировкалари эгаллаб келмоқда. Хусусан, 2024 йилда Республика қўғирчоқ театрларида саҳналаштирилган 43 та спектаклнинг 23 таси жаҳон адабиёти асосидаги спектакллар. Миллий драматургия асосида тарихий, афсонавий мавзуда 7 та, давлат буюртмаси асосида 2 та, халқ эртаклари ва замонавий эртаклар асосида 11 та спектакль саҳналаштирилди. Ачинарлиси шундаки, бир неча йиллардан буён қўғирчоқ театри саҳналаридан тушмай келаётган “Қувноқ айиқчалар” (Г.Поливанова). “Сеҳрли олма” (Ж.Лада), “Нонни босган қиз” (Г.Х.Андерсен), “Ғаройиб мусобақа” (Й.Сперанский), “Ғозча” (Н.Гарнет) “Этик кийган мушук” (Ш.Перро), “Зумрад ва Қиммат”, “Ур тўқмоқ” , “Фотиманинг саргузаштлари” (Н.Ҳабибуллаев), “Лазги” (Х.Стойчев) каби афсона, халқ эртакларига қайта-қайта мурожаат этилиши аслида замонавий саҳна асарларига бўлаётган эҳтиёжнинг тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда қўғирчоқ театри драматургиясида классик адиблар ижоди асосида инсценировка бирмунча яхши йўлга қўйилди. Алишер Навоийнинг “Хамса” достони асосида бир қанча саҳна асарлари яратилди. Ушбу спектаклларда режиссура, актёрлик ижроси, рассом иши ва бошқа компонентларда ўзига хос ёндашувлар кўзга ташланди. Саҳна ечимларида рамзийлик, образлилик, шартлиликка бўлган эътиборнинг тобора ортаётгани намоён бўлди. 2024 йилда Хоразм вилоят қўғирчоқ театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шомурод Юсупов “Лайли ва Мажнун” достони асосида спектакль саҳналаштирди. Саҳна асари ўсмир ёшдаги болалар ва катта ёшдаги томошабинлар учун мўлжалланганлиги боис, инсценировка муаллифи Ҳайимат Расул достоннинг асл қийматини, сўз бойлиги, мавзу ва ғоясини сақлаб қолиб, қўғирчоқ театри спецификасига мослаштиришга ҳаракат қилди. Режиссёр саҳна ечимларида муҳаббат, ёшлик, гўзаллик каби кўплаб ғоявий тушунчаларни рамзий тарзда ифода этади. Жумладан, ранг-баранг гуллар билан қопланган арқонлар турли маъноларда қўлланилиб, икки ёш қаршисига чодир тортади. Бу чодир “ҳусн осмонининг моҳи” Лайли ва “ишқ элининг шоҳи” Мажнуннинг севги тарихи қўғирчоқ саҳнасида, қўғирчоқлар воситасида куйланишига ишора эди. Саҳна маконининг (рассом М.Рўзиметова) нурсиз қора ранглар силуэтида бўғиқ давр ва нобакор кимсаларнинг қилмишлари акс этса, қоронғиликдаги шам шуъласи икки қалб муҳаббати, уммон мисол разолатнинг бағрида мисли куртак очган бир гул эканлигини тасвирлайди. Спектакль хотимасида Лайли ва Мажнунинг ишқ ғунчаси жаннат боғларида чирой сочиб турганига ишора бор. Бу икки қалб муҳаббатининг абадий эканидан далолат. Спектакль ёшларимизни мумтоз адабиётимизга яқинлаштириб, муҳаббат, вафо каби азалий мавзулар орқали тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Қўғирчоқ театри ижодкорлари тарихий шахслар ва уларнинг фаолияти ҳақида ҳам асарлар яратишмоқда. Мисол учун, 2024 йилда тарихий шахслар тўғрисида яратилган “Буюк Беруний” (Навоий вилояти), “Алишербек ва Хусайн” (Наманган вилояти), “Темурбекнинг болалиги” (Қашқадарё вилояти), “Али Қушчи” (Самарқанд вилояти) каби спектаклларда аждодларимизнинг илм ва маърифат, давлат ва жамият тараққиётидаги беназир жасоратлари тасвирланади. Мазкур тажрибаларда тарихнинг шу вақтга қадар қўғирчоқ театри драматургиясида ёритилмаган даврларни аниқлаш ва уларга ижодкорлар диққатини тортиш ҳолатлари кўзга ташланади. Хусусан, тарихга ижодий ёндашувнинг ажойиб намунаси бўлган “Али қушчи” тарихий драмаси илк бор Мирзо Улуғбекнинг севимли шогирди, илмий фаолиятининг давомчиси бўлган Аловуддин Али Ибн Муҳаммад Қушчи Самарқандий (Али Қушчи)нинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Тарихий драма томоша ичида томоша усулида ёзилган бўлиб, асар воқеалари Али Қушчининг набираси билан суҳбати асосида жонланади. Режиссёр (Ф.Мирзаев) ва рассом (Р.Тошбоев) вақт, макон ва замонни декоратив воситалар асосида тасвирлаб, кўплаб рамзий ғояларни ифодалаб беришга интилади. Маърифат ва разолат, икки оқим, икки хил қараш ўртасидаги курашга толиби илмлар ва саводсиз аскарларнинг расадхонадаги бўлган суҳбати “хамиртуруш” вазифасини ўтайди. А.Қушчи (Д.Пирматов) ва унинг дўсти (Ў.Зайниев) расадхонага бесўроқ кирганликда айбланиб, зиндонбанд қилинади. Буни эшитган М.Улуғбек (Б.Санақулов) саркарда Аббосбек (А.Абдуллаев) ва унинг аскарларини огоҳликка чақириб, уларни озод этади. Расадхона, мадраса, китобларини А.Қушчига мерос қилиб, сақлаш ва кўпайтириш, келажак авлодга етказиши лозимлигини васият қилар экан, “сен менинг фарзандимсан, фарзандим-аржумандимсан, буни ҳеч қачон унутма….” дея таъкидлайди. Али Қуши бу васиятга содиқ қолиб, М.Улуғбек ёққан маърифат шамини ўчирмасликка интилади. У саводсиз, халқ манфаатидан ўзининг хою-ҳавасини устун қўювчи беклар ва саркарда Аббосбекка қарши чиқиб, барча илмий адабиётлар ва мадрасалар учун жонини қалқон қилади. Аббосбек ва А.Қушчи ўртасидаги жанг саҳнаси спектаклнинг кулминацияси ҳисобланиб, бу саҳнада маърифат разолат устидан ғалаба қозонади. А.Қушчининг Аббосбекка қарата айтган “сиз илм аҳлига бўлган ғазабингиз ва жоҳилликка тўла қалбингизга мағлуб бўлдингиз” – деган сўзларида саҳна асарининг асосий мақсади намоён бўлади.
Замонавий қўғирчоқ театри ўзининг миллий қиёфасини топишда урф-одат, қадриятлар ифодасига ҳам кенг аҳамият қаратмоқда. Бухоро вилояти қўғирчоқ театрининг давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилган “Қари билганни пари билмас” спектакли шарқона одоб-ахлоқ, инсоний қадриятлар ифодасига асослангани билан ажралиб туради. Драматург Ш.Турсунованинг халқ ривояти асосида яратилган саҳна асари тарихий-афсонавий мавзуда ёритилса-да бугунги кунда учраб турган ота-она ва фарзанд, меҳр-оқибатнинг кўтарилиши, оила ва жамият тараққиётида ёши улуғларнинг ўзига хос ўрни каби масалаларга асосланади. Асар воқеаларига кўра, мамлакатнинг моддий томондан танглиги, очарчиликнинг рахна солаётгани Султон ва унинг аъёнларини ўйлантириб қўяди. Калтабин вазирнинг маслаҳати билан мамлакатдаги нуронийлар жамиятнинг кераксиз вакиллари сифатида сургун қилинади. Бу каби нодонлик, уқувсизлик сабаб юрт жабр-зулмга гирифтор этилаётган бир паллада, юртда қолган биргина донишманд халқни азоб уқубатдан сақлаб қолади. Спектаклда мардлик, жасорат, ростгўйлик каби туйғулар ғалабаси акс эттирилади.
Драматург К.Дилмоновнинг “Меҳр ила сеҳрланган жой” эртак пьесаси олийжаноб инсоний муносабатларни мажозий образлар орқали кўрсатиб беради. Саҳна асари Фарғона вилояти қўғирчоқ театрида давлат буюртмаси асосида режиссёр Ғ.Ҳамроев томонидан “Меҳр қайдасан” номи билан саҳналаштирилди. Муаллиф кичкинтойларни поябзалларнинг ўзига хос оламига етаклайди. Содда, камтарин Муккижоннинг саёҳати давомидаги саргузаштлари талқинида ўзаро инсоний муносабатларнинг афзаллиги борасида сўз боради. Муккижоннинг саргузаштлари болалар онгида меҳнатсеварлик, камтарлик, меҳр-оқибат туйғуларини сингдиришда муҳим ўрин тутади. “Ҳар нарса ўз ўрнида қадрланса, аҳамиятлидир”. Ушбу халқона ғоя асарининг асосий мавзуси талқинида гавдаланади.
Сўнгги йилларда қўғирчоқ театри драматургиясида ижод қилаётган драматургларнинг сафи бир мунча ортди. М.Ашурова, Т.Мирзо, И.Мирзо, Н.Аббосхон, Н.Тўлахўжаев, К.Дилмонов, Г.Қўлдошова ҳамда ёш ижодкорлардан У.Ўсаров, М.Рўзиев, А.Ҳуррамов, Д.Раҳматуллаев каби драматурглар ижодида замонавий давр масалалари ва муаммолари кўтарилаётгани аҳамиятга молик. “Мен учувчи бўламан” (У.Ўсаров), “Жаноб металл” (Н.Аббосхон), “Вегитариан бўри” (А.Ҳуррамов) каби эртак пьесалар замонавий давр болалар психологиясига хос ғоя ва мавзуга асослангани билан ажралиб туради. Жумладан, Наманган вилояти қўғирчоқ театрида саҳналаштирилган “Она табиат ва Жаноб металл” (Н.Аббосхон) замонавий фантастик эртак спектаклида экология муаммолари қўтарилган. Режиссёр Р.Утаганов томонидан саҳналаштирилган спектаклда техника-технологиянинг ижобий томонлари қаторида салбий оқибатларга олиб келаётгани, болаларнинг уяли алоқаларга муккасидан кетиб, она табиат инъомларига беписанд бўлиб бораётгани каби масалалар тўғрисида сўз боради. Она табиат ер шарида инсонларнинг бахтли яшаши учун курашса, Жаноб металл техникани тобора ривожланиши натижасида ўзга сайёрага учиб кетиб ердаги ҳаётни тугатиш учун курашади.
Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театрининг “Антиқа бўри” (А.Ҳуррамов) номли спектакли қизиқарли ва ғайриоддий воқеалари билан кичик томошабинлар кўнглига йўл топа олади. Саҳна асари оилада ота ва онанинг ўрни, фарзанд тарбиясидаги роли, дўстлик, биродарликни ҳар нарсадан устунлиги ҳақида сўзлайди. Драматург биргина Бўривой мисолида кўплаб масалаларга моҳироналик билан ойдинлик киритишга интилади. Муаллифнинг яна бир ютуғи, қўғирчоқ театри спецификасини инобатга олиб, асосий эътиборни сўзга эмас, балки хатти-ҳаракатга қарата олган.
Сўнгги йилларда саҳна асарларида маънавий ахлоқий масалаларнинг турли ракурсларда талқин этилаётгани, бугунги давр муаммоларига эътибор ортаётгани, тарих ва замонавийликни уйғунлаштиришга қаратилган тажрибаларнинг сафи кенгайиб бораётгани эътиборга молик. Аммо, замонавий мавзудаги саҳна асарларнинг тақчиллиги замон билан ҳамнафас ёш драматургларни тарбиялаш заруратини кўрсатмоқда. Келгусида ўзбек қўғирчоқ театри санъати истиқболини белгилаш, жамият ҳаётидаги иштирокини ошириш бўйича қуйидаги таклиф-мулоҳазаларни билдиришни лозим топдик:
Малоҳат ТУРОБОВА
Ўз РФА Санъатшунослик
институти докторанти
Тарих
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ