Психоанализ ва кино – Машҳур фильмларда яширинган Фрейд ғоялари


Сақлаш
11:19 / 12.03.2025 293 0

Қоронғи кинотеатрда ўтириб, экранда кечаётган воқеалар қалбингизни титратганда, онгингиз остидаги қандайдир кучлар ҳаракатга келишини ҳеч сезганмисиз? Бу тасодиф эмас. «Инсон руҳияти айсберг каби – унинг кўринадиган қисми жуда кичик, асосий катта қисми эса бизга кўринмайди», - деган эди Зигмунд Фрейд. Кинематография айнан шу кўринмас денгизни кашф этишнинг энг қудратли усулларидан биридир.

 

Фрейд исми билан боғлиқ бўлган ғоялар – онг ости, тушлар, репрессия ва Эдип комплекслари бугунги кунда таниқли режиссёрлар асарларида яширинган. Ушбу мақолада машҳур фильмлардаги яширин психоаналитик ғояларни очиб беришга ҳаракат қилинади.

 

 

Фрейд психоанализининг асосий тушунчалари

 

Фрейд назариясида инсон психикаси уч қисмдан иборат:

У (ID) – бу бизнинг энг чуқур, ҳайвоний, инстинктив истак ва эҳтиёжларимиз. Озиқ-овқат, жинсий эҳтиёж ва хавфсизликка интилиш айнан шу қисмда жойлашган.

Мен (Эго) – бу онгимиз, оқилона ва мантиқли фикрлаш, қарор қабул қилишимиз учун масъул қисм.

Юқори Мен (Супер-эго) – бу бизнинг ички ахлоқ қўриқчимиз, ота-оналаримиз ва жамиятдан ўрганган қадриятларимиз.

 

Шу уч қисм доимо курашда: ID қондирилишни хоҳлайди, Супер-эго тартиб-қоидаларга бўйсунишни, Эго эса иккаласи ўртасида мувозанат сақлашга ҳаракат қилади. Бу кураш кўп фильмларда қаҳрамонларнинг ички зиддиятлари орқали акс эттирилади.

 

 

Фрейднинг яна бир муҳим кашфиёти – онг ости. У инсон хатти-ҳаракатларининг катта қисми онгли назоратимиздан ташқарида бўлган туйғулар, хотиралар ва импульслар билан бошқарилишини таъкидлаган.

 

Туш кўриш таҳлили психоанализнинг яна бир муҳим қисми. Фрейд тушларни «онг остига олиб борувчи кўча» деб атаган. Тушларимизда кўрган рамзий образлар аслида яширин истак ва қўрқувларимизнинг ифодаси. Кино ҳам кўпинча туш кўриш мантиқидан фойдаланади – келажак ва ўтмишга сакрайдиган сюжетлар, ғалати образлар, метафоралар айнан шу туш мантиғига асосланган.

 

Репрессия – бу оғриқли, қўрқинчли бўлган фикрлар ва хотираларни онгимиздан сиқиб чиқаришдир. Ушбу механизм кўплаб фильмларнинг асосини ташкил этади – қаҳрамонлар кўпинча ўзларининг бостирилган хотиралари ёки истаклари билан тўқнашади.

 

Эдип комплекси – фарзанднинг ўзига ўхшаш жинсдаги ота-онаси билан рақобатлашуви ва қарама-қарши жинсли ота-онасига нисбатан эрта ёшдаги меҳр-муҳаббати. Бу ғоя кўплаб фильмлардаги оила муносабатларини тушунишга ёрдам беради. Фрейд фильмларни кўришда нималарга эътибор қилишимизни сўрайди? Ҳар бир фильмни кўраётганда, айни саволлар ҳақида ўйлаб кўринг: қаҳрамонларнинг ҳаракати қандай мотивларга асосланган? Улар онгли равишда қарор қиляптими ёки онг ости импульслар таъсиридами? Фильм сюжети мантиқий ривожланяптими ёки туш мантиғига ўхшаяптими? Бу саволлар сизга ҳар қандай фильмни янада чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.

 

Психоаналитик назария призмасидан фильмлар таҳлили

 

«Қора оққуш» (Black swan) – икки қутбли шахс драмаси

«Қора оққуш» фильмида раққоса Нина образи репрессияланган истак ва иккиланиш мавзуларини намойиш этади. Нина ҳаёти Супер-эго томонидан қаттиқ назорат қилинади – у фақат мукаммалликка интилади. Лекин унинг ичида қора оққуш – унинг бостирилган ижодий ва жинсий эҳтиёжи яширинган. Фильм давомида унинг репрессияланган томони юзага чиқиб, психологик парчаланишга олиб келади. Драманинг кульминациясида Нина шахсининг икки томони – оқ оққуш ва қора, эҳтирос тўла оққуш ўртасидаги кураш кўрсатилади. Бу айнан Фрейд айтган бостирилган импульсларнинг натижаси – улар қанчалик кўп бостирилса, шунчалик кучли портлаш билан юзага чиқади.

 

 

«Жанг клуби» (Fight club) – Эго ва ID кураши

 

«Жанг клуби» фильмидаги бош қаҳрамон ва Тайлер Дурден орасидаги муносабат Эго ва ID ўртасидаги курашнинг ёрқин мисоли. Бош қаҳрамон – Супер-эго бошқарувидаги, истеъмолчи жамиятининг қули. Тайлер Дурден эса – унинг озод бўлган, инстинктив ва бузғунчи томони (ID).

 

Диққат, спойлер!(ушбу хатбошини фильмни кўрганингиздан сўнг ўқиш тавсия этилади)

Фильм давомида бу икки образ ўртасидаги чегара йўқолади ва улар аслида шахснинг икки қисми экани ошкор бўлади. Бу Фрейднинг инсон психикаси тузилиши ҳақидаги назариясининг классик намунаси – ҳар бир инсон ичида тартибли Эго ва бузғунчи ID яшайди.

 

 

«Телба» (Psyho) – Эдип комплексининг классик намунаси

 

Xичкокнинг «Телба» фильми Эдип комплексини кўрсатувчи энг ёрқин мисол. Норман Бейтс онаси билан шундай мураккаб муносабатга эгаки, аёлнинг ўлимидан кейин ҳам у билан «суҳбатлашишда» давом этади. Унинг онасига бўлган меҳр-муҳаббати шу қадар кучлилигидан баъзан ўзини онаси деб ҳис қилади ва унинг либосларини кийиб, унинг овози билан гапиради. Xичкок психоаналитик назариядан фойдаланиб, онага бўлган мураккаб муҳаббат қандай қилиб психозга айланишини кўрсатади. Бу фильм психоанализ тарихи ва кино санъатининг кесишган нуқтасидир.

 

 

«Қўзичоқлар сукунати» ( The Silence of the Lambs)  – психоанализ ва жиноятчи психологияси

 

«Қўзичоқлар сукунати» фильмида психоанализ жиноятчи психологияси билан кесишади. Ганнибал Лектор образи – психоаналитикнинг қора, хавфли версияси. У Клариснинг онг остини ёриб ўтиб, унинг қўзичоқлар ҳақидаги болаликдаги травмасини фош этади. Фильмда психоаналитик сўров усуллари жиноятчиларни тушуниш ва уларни тутиш учун қўлланилади. Фрейд психоанализидан фойдаланиб, биз нафақат оддий одамларни, балки энг хавфли психопатларни ҳам тушуна оламиз.

 

 

«Муқаддима» (Inception) – туш кўришнинг визуал метафораси

 

«Муқаддима» фильми туш кўриш ва онг ости структураларининг визуал талқинини тақдим этади. Фильм тушдаги турли даражалар орқали психиканинг чуқур қатламларини ўрганади. Фильм ғояси – онг остига ғояларни сингдириш бу – Фрейднинг онгли фикрларимиз ва қарорларимиз кўпинча онгсиз кучлар томонидан бошқарилиши ҳақидаги назариясига тўғридан-тўғри ишора. Фильмда тушлар ичидаги тушлар орқали биз онг остининг турли қатламлари қандай ишлашини кўришимиз мумкин.