Жамиятдаги бугунги ўйин қоидаларини 90-йиллар авлоди ўрнатган. Кейинги авлод янги қоидалар билан майдонга келади – мутахассис


Сақлаш
21:12 / 16.12.2021 963 0

90-йиллар авлоди (ўша йилларда мактабда ўқиган, иш бошлаган) бугун ким ва ундан кейингилар ҳақида баъзи хулосалар.

 

90-йиллар танлови

 

Мактаб даврида (1989–2000 йиллар) ўқитувчилар биздан “Ким бўлмоқчисан”, “Қайси касбни эгалламоқчисан” деб тез-тез сўрар, ҳатто иншолар ҳам ёздирарди. Аксарият жавоблар одатда бир хил бўларди, яъни ўғил болалардан бирортаси “ҳайдовчи бўламан” деса, яна 4-5 нафари шу жавобни айтарди. Бошқа жўрабоши “тракторчи бўламан” деса, унинг жўралари ҳам албатта “тракторчи бўламан” дерди. Қизлар эса “тикувчи”, “ҳамшира”, “бошланғич ўқитувчиси (юқори синфмас, фақат бошланғич синф) ёки тарбиячи” бўлишини айтарди.

 

Мана орадан 20 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Ҳайдовчи ва тракторчилар Россияда, Қозоқистонда, Туркияда, ...да, ...да. Тиббиёт, ва айниқса таълим соҳасида фаолият олиб бораётган аёллар мутлақ кўпчиликни ташкил этмоқда. (Ҳа айтмоқчи: мактабларда аёлларнинг кўпайиши кўпроқ 90-йиллардаги ўқитувчиларнинг оғир аҳволи билан боғлиқ. Бу алоҳида мавзу, кейинроқ тўхталарман.)

 

2005 йилдан кейинги ўқувчилар танлови

 

2003 йилдан бошлаб мактабда ўқитувчилик қилганман. Мен ҳам ҳар йили ўқувчиларимдан юқоридаги саволларга жавоб сўрардим ва бизнинг тенгқурлардан фарқли танловлар эътиборимни тортган:

 

Биринчидан, ўқувчиларимнинг аксарияти синфдаги биттаси танлаган касбни бошқаси айтмасликка ҳаракат қиларди;

 

Иккинчидан, касб танлашда жинсий фарқлар (масалан, олдин фақат ўғил болалар касби сифатида қаралган “ҳисобчи”, “прокурор”, “адвокат”, “директор” каби касбларга қизлар ҳам даъвогарлик қила бошлади) камайган;

 

Учинчидан, ва энг муҳими, болаларда танловидан хижолат бўлмаслик, аксинча, фахрланиш ҳисси кучайганди.

 

Ўқувчилар танловида футболчи, боксчи, дизайнер, дастурчи, ҳарбий, прокурор, молиячи-банкир, тадқиқотчи-профессор, ҳоким, вазир, президент каби янги танловлар тез-тез айтиларди. Ўша болалар ҳозир катта бўляпти. Ҳозирги болалар менинг тенгқурларим, яъни 90-йиллар ўқувчиларидан кўра оптимистроқ. Ва албатта, бу оптимизм уларни бизнинг авлод вакилларидан кўпроқ ишлар қилишга, каттароқ марраларни забт этишга ундайди.

 

Бугун

 

Бугун жамиятда таниш-билиш, пул, амалга қараладиган ҳолатлар учраб туради. Аммо бу вақтинчалик. Бу жамиятнинг бугунги тамойиллари, ўйин қоидалари 90-йиллар авлоди ўрнатган ёки рози бўлган тамойиллар. 2005 йилдан кейинги авлод бу ўйин қоидаларига сиғмайди. Уларга торлик қилади. Улар аста-секин ўз тамойиллари ва янги ўйин қоидалари билан майдонга кириб келади, назаримда.

 

Аббос ЮНУСОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10343
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//