Гўзаллик ва ҳашам образи бўлган темурий маликалар


Сақлаш
14:35 / 11.03.2025 39 0

 

Ҳозирга қадар Клеопатра шахси, ҳашами ва этикаси ҳақида турли афсоналар мавжуд. Клеопатрани «Шарқнинг энг буюк косметолог»ларидан бир дея ҳисоблашади. Бугунги кунда «бу ишни Клеопатра ҳам қилиб кўрган» дейиш орқали ҳатто турли воситаларни реклама қилиш ҳам урфга кирган. Бироқ, Ўзбекистон тарихини, жумладан, темурий маликалар кийинишининг ўзгача прототипи ва гўзаллик сирларини ўрганиб, ҳақиқий ҳашам ўзбек давлатчилигида ҳам азалдан мавжуд эканини билиш мумкин.

 

Шу билан бирга, Турон аёллари гўзалликдан ташқари, ўзларининг ақлу заковати, сиёсий майдонда ўз сўзига ва ҳаракат стратегиясига эга бўлгани билан ажралиб туради. Сўзимиз тасдиғини испаниялик сайёҳ Клавихонинг «Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги» асаридан топишимиз мумкин.

 

Унда шундай дейилган: «Ҳамма ўз жойини эгаллагач, чодирларнинг биридан Соҳибқироннинг катта завжаси Бибихоним чиқиб келди. У қизил матодан, тилла иплар билан жуда кенг қилиб тикилган узун кўйлак кийиб чиқди. Кўйлак жуда узун эдики, орқасидан ўн бешга яқин канизаклар кузатиб юришарди. Хонимнинг юзи шунчалик оқ нарса билан бўялган эдики, худди узоқдан оқ қоғоз бўлиб кўринарди. Бу оқ упа ёғи қуёшдан сақланиш учун суртиларди. Бибихонимнинг юзи юпқа, нозик оқ мато билан беркитилган, бошида қизил матодан бош кийими бор, бош кийимдан елкасигача юпқа мато тушиб турарди. Узун бош кийим қимматбаҳо дур-гавҳарлар билан безатилганди.

 

Маликанинг сочлари жуда қора, елкасига тушиб турарди. Бу ер хотинлари сочлари қора рангда бўлишини ёқтиришар ва баъзида қора рангга бўяшарди. Бибихонимнинг ёнида бир одам қўлида соябон кўтариб, уни қуёшдан тўсиб келарди. Соябон оқ ипак матодан, худди чодирга ўхшаш думалоқ шаклда тикилганди. Бибихоним соҳибқирон ўтирган майдончага, давранинг тўрига чиқиб, унинг ёнида ўтирди. Ҳамма кузатиб келган хотинлар майдонча ташқарисида қолди. Бибихоним ўз жойига ўтиргач, соҳибқироннинг бошқа бир завжаси, у ҳам биринчисига ўхшаб қизил либосда, узун бош кийимда, дабдаба билан кўпгина қизлар қуршовида чиқиб келди ва давранинг тўридан жой олиб, соҳибқироннинг катта завжаси ўтирган жойдан бир оз пастроққа ўтирди. Темурнинг бу завжасининг исми Кичакано («кичкина хоним») эди.

 

Кейин чодирдан Соҳибқироннинг яна бир завжаси даврага яқинлашиб, иккинчи завжаси ўтирган жойдан пастроқдаги жойга келиб ўтирди ва шу тарзда cоҳибқироннинг тўққизта завжаси чиқиб, бирин-кетин ўз жойларини эгаллади. Уларнинг ҳаммаси бир хил кийинган ва ясанганди. Улардан саккизтаси Темурбекнинг хотини, биттаси эса набирасининг завжаси эди.

 

Темурбек рафиқаларининг исмлари шундай эди. Биринчиси, Бибихоним – «Энг катта хоним» ёки «Буюк малика» деган маънони билдиради. Бибихоним Самарқанд, Форс ва ҳаттоки Дамашқ ҳукмдори Ахинха (Қозонхон)нинг қизи, яъни элита қатлам вакиласи эди. Бу ҳукмдорнинг онаси жуда машҳур, отаси эса унча танилмаганди.

 

Иккинчи завжасининг исми Кичик хоним бўлиб, у ҳам Андерап мамлакатининг ҳукмдори Туман оғонинг қизи эди. Кейингисининг исми Улус оғо, кейингисининг исми Чўлпонмалак, ундан сўнг Дилкушод, яна бири Туркон оғо, бошқаси Шоҳмулк хотун ва охиргиси Жаҳоноробегим эди. Шу куни соҳибқирон қиз набираларидан бирини турмушга бераётган эди».

 

Ўн еттинчи октябрь куни Бибихоним катта базм уюштирди ва у ҳам ҳашаматли чодирга ўз яқинларини, меҳмонларни, ҳурматли ва таниқли аёлларни ҳамда турли мамлакатлардан келган элчиларни таклиф этди. Унинг чодири шундай қурилган эдики, бир қараганда кўзни қамаштирар, яъни чодир атрофи ва тепа қисмлари оқ ва камалак рангдаги чиройли матолар билан тикилган, ўтовнинг тепа қисми қип-қизил гилам билан ёпилган, атрофи ҳам чиройли эди.

 

Элчилар ўтов эшиги олдида бошқа бир чиройли, турли бўёқ ва тилла суви юргизилган эшикни кўриб, уни насора ерлардаги ягона санъат асарига тенглаштирди. Бир эшикка илоҳий Пётр тасвирланган бўлса, иккинчи эшикда илоҳий Павел қўлида китоблар билан атрофлари тилла билан қопланган ҳолда тасвирланганди. Бу эшикларни, айтишларича, Темурбек Бурса шаҳридан, Туркия ғазнасидан олиб келган экан. Эшикларнинг олдида, бир жавон турар, унда кумуш ва олтин идишлар сақланарди. У тоза тилладан, жуда чиройли безатилганди. Жавоннинг кичкина эшикчаси бўлиб, ичида олтита думалоқ шаклдаги тилла пиёлалар, устида эса тилладан ясалиб, қимматбаҳо тошлар билан безатилган хумчалар турарди.

 

Жавоннинг олдида, хонтахта ёнида эса эман дарахтига ўхшаш, тоза тилладан ясалган дарахт турарди. Дарахтнинг қалинлиги одамнинг оёғича, шохлари ҳар томонга осилган ва шохларида жуда кўп барглари бор. Дарахтнинг баландлиги одам бўйича келар, мевалари зумрад, олмос ва ҳар хил қимматбаҳо тошлардан ясалганди. Ундан ташқари, ҳар хил рангдаги тилладан ясалган қушчалар бўлиб, айримлари қанотини ёйганча турарди. Дарахтнинг қаршисида, чодир девори ёнида, тахтадан ясалган, кумуш ва тилладан ишлов берилган стол турарди».

 

«Оламнинг турли тарафларидан йиғилган, тиллари ва кийимлари бир-биридан фарқли хушнағма созандалар, санъат аҳллари ва ҳунармандлар зеб-зийнат буюмлари, тақинчоқлари ва кийим-кечакларини кийиб ўзларига оро бердилар, шоҳлик палоси ва шаҳаншоҳлик кўрпачаларини ёзиб чиқдилар. Хотинлар, келинлар ва ўғиллар ҳазратдан сўнг жойлашдилар, базм ёвни куйдириш сифатидин қиздириш сифатига ўтди, куч-қудрат либосини гўзаллик либоси эгаллади», дея ёзади Низомиддин Шомий ўзининг «Зафарнома»сида.

 

Амир Темур саройида аёлларнинг яна бир имтиёзи бор эди: Темур ҳар сафар бирор сарой қурар экан, қадимий удумга кўра, уни бирон аёлга бағишларди. Шу одатга биноан, «Боғи Шамол»ни набира маликасига, «Боғи Дилкушо»ни эса кенжа синглисига, яна бир боғини Мўғулистоннинг янги ҳокими Ҳизрхўжанинг қизига бағишлаган.

 

«…Бир куни элчилар Амир Темур ва унинг сарой аъёнлари билан «Темур дарвоза» яқинида бунёд этилган муҳташам бинолар мажмуасида меҳмон бўлди. Уларга амирнинг «Кано» (аслида бу «хоним, малика»дегани) деб атаган суюкли рафиқасининг волидаси учун қурилган чиройли сағана, айниқса, ёқиб қолди. Унинг деворлари зангори, яшил, оқ-қора рангларда эди ва тилларанг сопол кошинлар ва риштлар билан безатилганди», дея таъкидлайди Люсен Керен ўз асарида.

 

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, нафақат Амир Темур ва Темурийлар даври, балки бутун ўзбек давлатчилиги тарихида яшаган аёллар кийиниш маданияти, зебу зийнати ва муомала этикаси билан барча халқлар ичида ўзига хос уникалликка эга бўлган.

 

 

Шодмонова Гулизор 

ЎзФА Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16559
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//