Ризоуддин ибн Фахриддиннинг асарлари ХХ аср бошларидаёқ Туркистон минтақасида анча машҳур эди. Хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Заҳириддин Аълам, Абдулла Алавий каби тараққийпарварлар ўзларнинг бир нечта мақолаларини унинг асарларидан таъсирланган ҳолда ёзгани, Туркистон жадидларининг лидерларидан яна бири Абдувоҳидқори Абдурауфқориев эса 1926 йили Макка шаҳрида бўлиб ўтган Бутундунё мусулмонлар конгрессига Ризоуддин бошчилигидаги делегация сафида иштирок этгани маълум.
Ризоуддин ибн Фахриддин 1858 йили Татаристоннинг Бўгелме вилояти Кичучат овулида дунёга келган. Бўлажак олим болалигиданоқ кўп китоб ўқир, ота-онаси уни илм олишига шароит яратишга ҳаракат қилишар, ортиқча уй юмушлари билан банд қилишмасди. Унинг дунёқарашининг шаклланишида Исмоил Гаспиралининг таъсири сезиларли бўлган. Гаспирали томонидан илгари сурилган таълимни ислоҳ қилиш, санъат мактабларининг очилиши, она тилининг ҳимоя қилиниши, хайрия ва вақф жамиятларининг таъсис этилиши, мактаб ва мадрасаларда «усули жадид» услубида дарс берилиши, ижтимоий ҳаётда хотин-қизларнинг ўз ўрнига эга бўлишига доир матбуотда чиққан мақола ва даъватларнинг ҳаммаси Ризоуддин ибн Фахриддинда катта таассурот қолдирган эди. Ризоуддин ёзган асарларини баъзан Исмоил Гаспиралига жўнатиб, унинг фикрини олган ва шундан кейингина Петербургдаги цензура комиссиясига топширган. Шундай асарлардан бири «Салима ёки Иффат» ҳикояси эди. Исмоилбек ҳикояни севиб ўқиганини, цензура комиссияси томонидан танқид этилиши мумкин бўлган жойларини чизиб, белгилаб қўйганини, шуларни тўғрилаб, кейин комиссияга топшириши кераклигини ёзади. У агар ҳикоя босилса, одамларнинг онгини бироз бўлсада очишига хизмат қилиши мумкин, дея таъкидлайди.
Ризоуддин ибн Фахриддин
Ризоуддин ибн Фахриддин илмий фаолияти давомида араб ва турк тилларида ижод қилган, Алишер Навоий, Бобур, Фузулий, Маҳмуд Абдубоқий, Абулғози Баҳодирхон, Котиб Чалабий, Авлиё Чалабий, Наима, Шайх Ғолиб, Жавдат пошшо, Аҳмад Мидҳат, Шамсиддин Сомий, Журжий Зайдон каби олимларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлган. Ризоуддин бутун фаолияти давомида «Китаб ат-тасриф», «Тарбияли бола», «Мутолаа», «Тарбияли она», «Салима ёки Иффат», «Шогирдлик одоби», «Оила», «Машҳур эрлар», «Насиҳат», «Россия мусулмонларининг эҳтиёжлари ва улар ҳақидаги қарорлар», «Ибн Батутанинг Дашти қипчоқга саёҳати», «Шарқ кутубхонаси» каби 70 га яқин асарлар ёзди. Шунингдек, Ризоуддин ибн Фахриддин ўзи муҳаррирлик қилган «Шўро» журналида Туркистон ҳаётига оид, хусусан, Туркистон заминидан етишиб чиққан алломалар ҳақида мақолалар ҳам эълон қилиб борган.
«Шўро» журналининг илк сони, 1908 йил 10 январь. Журналнинг «Маслак ва мақсад» номли кириш мақоласи Ризоуддин ибн Фахриддин томонидан ёзилган.
Ризоуддин ибн Фахриддиннинг фикрича, туркий халқлар яна такроран куч-қудратга эга бўлиши учун «хотин-қизларни ўқитишликдан ўзга йўл йўқ», эди. Шу мақсадда у ўзининг «Машҳур хотунлар» номли асарини ёзиб, тарихда яшаб ўтган мусулмон аёллар (хусусан, туркий маликалар) тўғрисида маълумотлар бериб, ХХ аср бошларида яшаётган турк хотин-қизларини улардан ибрат олишга чақирди. «Машҳур хотунлар» 1904 йили Оренбургда чоп этилган. Асарнинг муқовасида қуйидаги жумла ёзилган: «Ислом асрларида ва аҳли ислом орасида машҳур бўлган, ўшандоқ илм ёки мол ила миллатимизга озми-кўпми хизмат кўрсатган хотунларнинг таржимаи ҳоллари баён этилган бир китобдир».
Асарда 550 нафар аёл ҳақида маълумот берилган бўлиб, муаллиф уни қизи Зайнабга бағишлаган. Китобнинг муқаддима қисмида «Ушбу китобни ёзаётганимизда қуйидаги китоблардан истеъфода этдик», деб 28 та, «Хотунлар ҳақида таълиф этилган асарлардан баъзиларининг исмлари ва муаллифлари кимлар экани тўғрисида баён» деб 43 та китобнинг рўйхатини келтириб ўтган. Кўриниб турибдики, Ризоуддин ибн Фахриддин «Машҳур хотунлар» асарини ёзишда жуда катта нодир китоблар жамланмасига суянган. Китоб пайғамбарларнинг оналари, ислом оламида шуҳрат қозонган уламоларнинг турмуш ўртоқ ва қизлари, Эрон ва Турон маликаларининг ҳаётига доир қизиқарли маълумотларни ўзида жамлаган.
«Машҳур хотунлар» асарининг муқоваси, 1904 йил, Оренбург.
Муаллиф асар киришида миллатни хор-зор қиладиган нарса кучсизлик ва фақирлик эмаслигини, балки, миллатни инқирозга учратадиган омил «Келажак авлод аждодлар даражасига ета олмайди» деган эътиқод эканини урғулаб «Худо сақласин, агар бир халқ ўз фарзандлари онгига шундай эътиқодни сингдирса, у халқ даъвосиз дардга мубтало бўлган бемор кабидир. Агар «Келажак авлод аждодлар даражасига ета олмайди» деган қараш тўғри бўлса, биздан кейинги авлод бизлардан ҳам паст даражада бўлади, дейишлик билан баробар бўлади. Лекин, биз йигирма беш, ўттиз йилларда қийинчилик билан етган масофага ҳозирги авлод беш-олти йилда етади деган ишончда бўлсак, энг яхши ниятни қилган ва армонларимиз ушаладиган эътиқодда турган бўламиз. Шу умидда биз ушбу «Машҳур хотунлар» китобини ёздик», дейди. Шунингдек, у сўзбошида турк хотин-қизлари «Тоҳир-Зуҳра», «Туш таъбири», «Малика» каби китобларни ўқиб, умрларни зое қилаётганини, тарихдаги машҳур олим ва малика аёллар бундай китоблардан йироқ турган ҳолда, инсон учун чинакам манфаати тегадиган китобларга ошно бўлганини таъкидлайди.
Асар бобурий малика Оромбону Бегимнинг таржимаи ҳоли билан бошланган: «Ҳиндистонда Темуршоҳ наслидан бўлган подшоҳлардан бўлмиш ҳижрий 1014 йилда (милодий 1606 йил – М.Алижонов) вафот этган Акбаршоҳ Абул-Фазл Жалолиддин Муҳаммад ибн Ҳумоюншоҳнинг қизидир. 40 ёшлигида биродари Мирзо Салим Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир салтанати замонида вафот этган. Агранинг Сикандара номли жойида – отаси Акбаршоҳнинг мақбараси ёнига дафн этилган». Онаси Биби Давлатшоҳ ва синглиси Шукруннисо Бегим эди. Ҳусн ва фаросати ила машҳур бўлган Обдорбегим номли хотун унинг ўгай онаси эди.
«Машҳур хотунлар» китобининг Оромбону Бегимга бағишланган боби
Ризоуддин ибн Фахриддин Оромбону Бегимнинг таржимаи ҳолини баён этар экан, «бегим» сўзи тўғрисида ҳам қизиқарли маълумотларни келтириб ўтган. Жумладан, муаллиф бу хусусида қуйидагиларни ёзади: «Бегим – туркийча сўз бўлиб, туркий подшоҳлар ила Ҳиндистонга бориб ҳатто бугунги кунга қадар истеъмол этилмакдадир. «Бегим» «Бек» сўзининг муаннаси бўлиб (муаннас – аёл жинсига далолат қиладиган лафз – М.Алижонов), бизнинг орамизда кўпинча «бека» сувратида ишлатилинса, Ҳиндистонда «бекам» шаклида ишлатилинадир. Асли улуғ ва мартаба соҳиби маъносини берадиган «буюк» калимаси ёки сақловчи маъносида бўлган «бек» сўзидан келиб чиққан. Шунинг учун эркакларга нисбатан баъзи вақт «бей» ва баъзи вақт «бой» сувратида истеъмол этиладир. Бизларда «бой» сўзи моли кўп кишиларга нисбатан қўлланилгани ҳолда, Тунис диёрида бу сўз ҳукмдорларга нисбатан ишлатилинади. Истанбул туркларида илм-маърифат ва мартабали кишиларга нисбатан қўлланилгани ҳолда, бизларда хотунлар тарафидан эрининг яқин қариндошларига айтилади: «бей ота», «бей она», «бей оға» каби».
Шу билан бирга китобда салжуқий беклардан бўлган Довуд ибн Микоил ибн Салжуқнинг қизи – Хадича (лақаби Арслон Хотун), Ҳиндистонда Амир Темур сулоласидан бўлган Шоҳжаҳон Шаҳобиддин Муҳаммад соҳибқирони-сонийнинг хотини ва вазир Осафхон ибн Мирзо Рафиуззамон ибн Оқо муллонинг қизи – Аржуманбону Бегим, Эронда ҳукмронлик қилган Салжуқийларнинг учинчиси –Маликшоҳ Абул-Фатҳ Жалолиддин («Тарихий Жалолий» китоби шу султонга бағишланган) ибн Алпарслон ибн Чағрибекнинг хотини Туркон хотун, Ҳиндистонда Темуршоҳ наслидан бўлган подшоҳлардан ҳижрий 963 йилда (милодий 1556 – М.Алижонов) вафот этган Ҳумоюншоҳнинг хотини ва Акбаршоҳнинг онаси Ҳамидабону Бегим, Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган, ҳижрий 1118 йилда вафот этган Абул-Зафар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгирнинг қизи Зебинисо Бегим, Усмонли империяси даврининг энг машҳур шоираларидан бири бўлган ва ҳижрий 1230 йилда (милодий 1815 йил – М.Алижонов) Диёрбакрда туғилган Сиррий Хоним, Ўзбекхоннинг суюкли хотини ва машҳур сайёҳ Ибн Баттута асарида «…ақлли, одобли, тадбирли, гўзал хулқли, солиҳа, покиза ва саховатли эди», дея мадҳ этиб ўтган Тойтуғли хоним ва бошқа кўплаб туркий маликалар, олима ва шоиралар тўғрисида қимматли маълумотлар келтирилган.
Жумладан, Ҳиндистонда Темуршоҳ наслидан бўлган подшоҳлардан бўлмиш Ҳумоюншоҳнинг хотини ва Акбаршоҳнинг онаси Ҳамидабону Бегим тўғрисида муаллиф қуйидагича ёзади: «Ҳамидабону ҳаждан қайтаётганида ҳарамайн (Макка ва Мадина шаҳарлари назарда тутилмоқда – М.Алижонов) аҳолисидан 300 кишини Деҳлига келтириб, «Арабсарой» номли бир иморат бино эттириб, тарбиятлар қилди ва жумласига нафақалар тайинлади».
Ҳамидабону Беҳим
Салжуқий маликаларидан бўлган Туркон Хотун ҳақида эса қуйидагича ёзилган: «У ақлли ва тадбирли аёл бўлиб, сиёсат ишларида тўғри фикрлайдиган, сўзи нуфузли аёл бўлган. Ҳатто Маликшоҳ давлатинда бўлган тартиб-интизом ва тўкин-сочинлик вазир Низомулмулк ва Туркон Хотуннинг тадбири соясинда вужудга келгани сўйланадир. Тадбир самараси ўлароқ, ҳеч бир жория ва хотин олмаслик ҳамда ўринда тунамаслик шарти билан қизини Аббосий халифа Муқтадий Биллоҳга турмушга беради. Муқтадийнинг Абул-Фазл Жаъфар исмли ўғли унинг қизидан дунёга келди. Чунки халифа Маликшоҳдан ушбу қизини [хотинликка] сўраганида бу борадаги бутун амрни Туркон Хотунга ҳавола айламиш эди. Туркон Хотун ҳар кимга маҳбуб бўлишлик билан бирга ўзига қарши чиққанлар устидан ҳар бобда ғолиб чиқар эди. У иззат ва ҳурмат соясида яшаб, ҳижрий 487 йилда (милодий 1094 йилда – М.Алижонов) рамазон ойида вафот этди. [Туркон Хотун] масжид, мадраса, шифо ва хастахона каби кўплаб иморатлар қуриб, ўзидан хайрли ишлар қолдирди».
Ризоуддин ибн Фахриддин ушбу асарида келтирган таржимаи ҳоллар ичида Зебинисо Бегимга бағишланган мақола ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Зебинисо Бегим Аврангзеб Оламгирнинг қизи бўлиб у ҳижрий 1048 йилда (милодий 1639 йил – М.Алижонов) туғилиб, оила қурмай, 65 ёшида, ҳижрий 1113 йилда (милодий 1702 йил – М.Алижонов) вафот этган. Муаллифнинг ёзишича, Зебинисо моҳир хаттот бўлиб, умри мобайнида Қуръони каримни бир неча маротаба кўчириб ёзган. Шунингдек, у Қуръони карим тафсирига бағишланган «Зебут-Тафосир» номли асарнинг муаллифи ҳам ҳисобланади. «Зебинисо Ҳиндистон мусулмонлари ичида бир қанча вақт ҳуқуқий манба бўлган «Фатавойи Оламгирий» асарини форсчага таржима қилдирган. У араб, форс адабиёти, шунингдек, диний илмлар бўйича беназир эди. Зебинисонинг шеъриятга ҳам иқтидори бўлган. Унинг форс тилидаги шеърлари жамланган бир девони ҳам мавжуд. У ўз шеърларини «Махфий» тахаллуси остида ёзган. Қабри Деҳлидадир», деб ёзган муаллиф у ҳақда асарида.
Хулоса ўрнида айтганда, Ризоуддин ибн Фахриддиннинг «Машҳур хотунлар» асари шунчаки тарихда яшаб ўтган ҳамда шуҳрати бутун дунёга ёйилган аёлларнинг таржимаи ҳолидангина иборат бўлмай, ХХ аср бошларидаги Туркистон хотин-қизларини ҳам илм-фанга рағбатини уйғотишга қаратилган муҳташам асар эди. Мақоламизни олимнинг «Машҳур хотунлар» асарида келтирилган қуйидаги сўзлари билан тугатишни лозим топдик: «Миллатнинг тараққиётини истасангиз қизларингизни ўқитинг! Уларни мактабларга беринг! Миллат оналарини етиштиринг. Буюк оналар бўлгач, буюк фарзандлар ҳам вояга етадилар!»
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD
Ватандош
Жараён
Тарих
Фалсафа
Ватандош
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ