
Ўз вақтида хавфсиз ҳаракатланиш, қайта ишланадиган ёқилғидан фойдаланиш, шаҳарнинг турли ҳудудларини қамраб олиш ва аҳолининг барча қатлами, шунингдек имконияти чекланганлар учун ҳам шароитга эга бўлиш. Энг қулай жамоат транспортлари яна қандай сифатларга эга бўлиши керак? Қайси шаҳарлардаги жамоат транспорт тизимини энг яхши дея эътироф этиш мумкин?
Берлин, Германия
Германиянинг Берлин шаҳри автобус, метрополитен (U-Bahn), ерости поездлари (S-Bahn), оммавий велосипед ҳамда паромларни ўз ичига олган самарали жамоат транспорт тизими билан машҳур. Тизим шу қадар мукаммал ўйланганки, барча транспортлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ – улар шаҳарнинг катта туманлари билан кичик аҳоли пунктларини бирлаштириб, йўловчиларнинг исталган манзилга, ҳатто шаҳар атрофидаги ҳудудларга ҳам тирбандликсиз етиб боришини таъминлайди. Ва бунда инфратузилма муҳим аҳамият касб этади.
Берлин жамоат транспортлари кун-у тун хизмат кўрсатади. Уларининг шахсий транспортлардан устунлиги Берлин мобиллик қонуни билан мустаҳкамланган.
Берлин транспортлари йўловчиларга турли тарифларни тақдим этади. Чипта нархлари амал қилиш муддати, йўловчилар сони ва транспортга велосипед билан бирга чиқиш имкониятига кўра фарқланади. Билетларни автобус салонларида, шунингдек, исталган станциядаги автоматлардан сотиб олиш мумкин.
Прага, Чехия
Прага – Европанинг энг машҳур жамоат транспорти тизимига эга шаҳарларидан бири. Метро, трамвай ва автобусларнинг идеал комбинациясига эга бу шаҳар қулай транспорт тармоғини ташкил этган. Айниқса, трамвай – Прагадаги жамоат транспортлари белгисига айланиб, у нафақат ҳаракатланиш воситаси, балки ноёб маданий тажриба ҳам саналади. Метро ва трамвай станциялари имконияти чекланган йўловчилар учун қулай шаклда ишлаб чиқилган.
Саёҳат нархлари ҳудудларга қараб белгиланади. Чипталар олдиндан сотиб олиниб, транспортга чиқишда тасдиқланиши зарур. Прага шаҳри ичида ҳаракатланиш учун йўл масофасидан қатъий назар 1 хил сумма тўланади. Шаҳардан ташқарида эса саёҳат вақти ва ҳудудлар сонига қараб нарх белгиланади. Бироқ болалар аравачаси ёки ҳайвонлар билан транспортдан фойдаланиш нархлари бироз фарқ қилади. Велосипед ва чанғилар учун қўшимча пул тўланмайди, фақат улар метро поездининг биринчи ё охирги вагонидан жой олиши зарур. 6 ёшгача бўлган болалар транспортлардан бепул фойдаланиши мумкин.
Йўл чипталари жамоат транспортларининг барча йўналишларига амал қилади. Жамоат транспортлари учун 30, 90 дақиқа, 24 ёки 72 соат учун мўлжалланган чипталардан ташқари, ойлик ва йиллик йўл карталари ҳам бор. Метроларда турникетлар йўқ, чипталар назорати станция ичида ва поездларда назоратчилар томонидан текширилади.
Токио, Япония
Токио жамоат транспортларининг аниқлик ва самарадорлик белгиси. Шаҳарда мураккаб, бироқ жуда яхши ишлайдиган метро тизими мавжуд. Улар сонияларгача аниқ вақтларда ҳаракатланади. Транспортларнинг манзилларга қатнаш жадвали айниқса, хориждан келган туристлар учун қулайлик яратади.
Кунига миллионлаб йўловчиларни қабул қиладиган Токио жамоат транспортлари ўз вақтида қатнайди, салондаги қулайликлар ҳам юқори даражада. Автобусларда бепул Wi-Fi мунтазам хизмат кўрсатади. Асосийси, туристлар адашиб қолишдан чўчимаса ҳам бўлади: барча бекат номлари инглиз тилида ёзиб, аудио шаклда қўйиб эшиттирилади. Автобус бекатларидаги йўналишлар бўйича маълумотлар маълум дақиқаларда янгиланиб туради.
Транспортга чиқиш олди эшикдан, тушиш бўлса ўрта эшикдан амалга оширилади. Йўл ҳақи транспортга чиқиш билан махсус майда ва йирик купюралар киритиш ёки пластик карта билан тўлаш мумкин бўлган автоматлар орқали амалга оширилади.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистондаги автобусларда ҳам шундай тартиб сўралмоқда.
Транспортга чиқишдан аввал сотиб олинган чипталар бўлса шунчаки ҳайдовчига кўрсатиб ўтилади. Транспортдан тушиш учун тутқичлардаги махсус кнопкаларни босиш зарур.
Токиода шунингдек, дунёдаги энг тезюрар Синкансэн поездлари ҳам бўлиб, улар комфорт ва тезликни таъминлаган холда қўшни туманларни боғлайди. Аввалига йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бу поезд кейинчалик фақат йўловчиларга хизмат кўрсата бошлаган.
Копенгаген, Дания
Копенгаген экологик тоза ва барқарор ҳаракатланиш воситаларини яхши кўрувчилар учун мукаммал шаҳар. Шаҳарда йўловчилар бирор манзилга велосипедда йўл олиши ёки ўша ерга метро, автобус, поезд ёки дарё трамвайида боришни танлаши мумкин. Копенгаген метроси замонавийлиги ва тўлиқ автоматлаштирилгани билан бошқалардан фарқ қилади – метро поездлари машинистсиз шаҳар бўйлаб ҳаракатланади. Шаҳар транспортлари шунингдек, қайта ишланадиган ёқилғилардан фойдаланган ҳолда атроф муҳит муҳофазасига ўз ҳиссасини қўшади.
Автобусларнинг ҳар бир бекатида ва темир йўл вокзалларида “You are here” ишораси билан жорий регион харитаси бўлади. Транспорт нархлари сиз қанча ҳудудни босиб ўтишингизга қараб ҳисобланади. Йўл чипталарининг 24, 48 ва 72 соатга амал қиладиган турлари мавжуд. Уларни сотиб олгач, ҳеч қандай рўйхатдан ўтиш ёки иловалар талаб этилмайди. Улар метро ва поездларда контроллерларга тақдим этилиши ёки автобусга чиқишда ҳайдовчига кўрсатилиши етарли. Чипта назоратчилари исталган вақт исталган йўловчига юзланиши мумкин. Агар йўловчи нотўғри билет олгани ёки тасдиқланмагани аниқланса, у 750 крон, тахминан 100 евро миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.
Чипталарни шунингдек, мобил иловалар орқали ҳам сотиб олиш мумкин.
Сингапур
Сингапур ҳам дунёнинг жамоат транспортлари энг ривожланган шаҳарлари қаторига киради. Шаҳарда кенг қамровли метрополитен ва автобуслар тармоғи мавжуд бўлиб, юқори технологиялар билан жиҳозланган. Йўловчилар шаҳар бўйлаб саёҳатини мобил дастур орқали осон режалаштириши, шу тариқа йўлдаги вақтини анча тежаб қолиши мумкин. Шаҳарнинг исталган қисмида такси, автобус ва метро хизмат кўрсатади. Шаҳарда шунингдек, велорикша ва фуникулерлар хизмати ҳам бор. Транспортлар ҳаракати шу қадар тартибли ташкиллаштирилганки, шаҳарда тирбандликлар деярли кузатилмайди.
Сингапурдаги транспортлар учун йўл ҳақи Ez-Link электрон картаси ёки оддий чипта билан қабул қилинади. Электрон карта билан метро, енгил метро ва автобус учун тўлов қилиш мумкин. Карта орқали тўловлар учун 15-30% чегирма мавжуд. Агар турист сифатида шеригингиз билан карта бир нечта карта сотиб олсангиз, сафар якунида уни қайтариб бериш ва ишлатилмаган пулларни қайтариб олиш имкони ҳам бор.
Оддий чипталар картон шаклда бўлиб, улардан 6 мартагача ҳисобини тўлдириб метро ва енгил метро учун фойдаланиш мумкин. Чипталарни сотиб олиш ёки ҳисобини тўлдириш фақат махсус автоматларда керакли станцияни белгилаш орқали амалга оширилади. Автоматлар ҳар бир метро станциясида мавжуд.
Санъат
Тарих
Тарих
Ватандош
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ