Данте “Илоҳий комедия”да космологик тушунчаларни Фарғоний асарига таяниб ёзган – Ғарбда астрономия ривожи


Сақлаш
11:58 / 07.03.2025 110 0

Мен замонамиз Илон Маски эмасман, мен замонамиз Фарғонийсиман.

Салжуқ Байрактар

 

Аҳмад ал-Фарғоний Ғарбда Алфраганус номи билан машҳур бўлган ва ал-Маъмун сулоласи (813–833) даврида фаолият юритган машҳур астрономлардан бири эди. Унинг астрономияга оид энг машҳур асари “Астрономия асослари” бўлиб, бу китоб тахминан 833 йилда ёзилган, осмон жисмларининг ҳаракатларига бағишланган ва юлдузлар илми бўйича тўлиқ тадқиқотни ўз ичига олган. Китоб ўттиз бобдан иборат. “Астрономия асослари” Птоломейнинг “Алмагест”ининг қисқача баёни бўлиб, бутунлай тасвирий ва математик формулаларсиз ёзилган, баъзи бўлимлари фарқлидир. Масалан, 5-бобда Фарғоний экватор ва эклиптиканинг энг катта оғиш бурчагини 23°35' деб келтиради. Птолемей эса бу қийматни 23°51' деб берган. Ал-Фарғонийнинг 23°35' қиймати Птолемейникидан аниқроқ бўлиб, ҳозирги ҳисоб-китобларга анча яқиндир. Фарғоний экваторда ҳар бир даражага тўғри келадиган масофани ҳисоблаб чиқади ва асарнинг 8-бобида Ер диаметрини 6,500 мил деб аниқлайди.

 

Бироқ Ернинг шар шаклида экани ҳақидаги тушунча янгилик эмас эди. Юнон олимлари Ер шарини 360 даражага бўлишган, лекин турли манбаларда 1 даражанинг узунлиги турлича келтирилган эди. Ҳозирги замонавий ўлчов бўйича 1 даража экваторда тахминан 111 км.ни ташкил этади. Милоддан аввалги III асрда Искандариядаги кутубхона раҳбари бўлган Эратостҳенес уни 110 км (59,5 денгиз мили) деб ҳисоблаб чиқади. Милоддан аввалги II асрда яшаган машҳур искандариялик географ Птолемей эса уни 93 км (50,3 денгиз мили) деб ҳисоблаган. Фарғоний эса 111 км (56 2/3 денгиз мили) ҳисоблаб, Птолемейдан аниқроқ натижага эришган эди. Бу натижалар шуни кўрсатадики, ал-Фарғоний астрономия ва геодезияда анча аниқ ҳисоб-китоблар қилган ва ўз замонаси учун илғор илмий маълумотларни тақдим этган.

 

“Астрономия асослари” ўрта асрларда Шарқ ва Ғарбда энг машҳур астрономия китобларидан бири бўлган, ҳаттоки ХV асргача дарслик сифатида кенг фойдаланилган. Фарғоний эҳтимолки, астрономия бўйича асар ёзган биринчи мусулмон астроном бўлган, дейишимиз мумкин. Фарғонийнинг ислом астрономиясига таъсири кучли бўлиб, Икҳвон ас-Сафо ва ал-Баттаний (Албатегниус) унинг асаридан кенг фойдаланган ҳамда Абду ал-Азиз ал-Қабисий (вафоти 967) ҳам бу китобга ўз даврида шарҳ ёзган эди. Ушбу китоб Шарқ ва Ғарб олимларига катта таъсир кўрсатган, астрономик билимларни янада ривожлантиришда асосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилган.

 

Ислом астрономиясида сайёраларнинг Ерга бўлган масофалари муҳим саволлардан бири эди. Кўплаб ислом астрономлари бу масалага жавоб беришга ҳаракат қилган бўлса-да, энг машҳур ва эътироф этилган ҳисоб-китоблар Фарғоний томонидан берилган. Унинг “Астрономия асослари” асарида сайёраларнинг Ерга нисбатан масофалари аниқ белгилаб берилган бўлиб, кейинги асрлар давомида бу маълумотлар ислом ва Европа астрономиясида асосий манбалардан бири сифатида қабул қилинган.

 

“Астрономия асослари” Ғарб астрономиясига катта таъсир кўрсатган. Биринчи лотинча таржима 1137 йилда Жон оф Севилле томонидан “Differentia Scientie Astrorum” номи билан амалга оширилган бўлиб, бир неча бор таржима қилинган. Унинг ишлари Европа Уйғониш даври астрономиясига ҳам таъсир ўтказган ва Коперник-да ўз асарларида ал-Фарғоний маълумотларига таяниб иш олиб борган. Данте Алигери “Астрономия асослари”ни лотин таржимаси орқали чуқур ўрганган ва Фарғонийнинг астрономик билимларидан ўз асарларида кенг фойдаланган. “Илоҳий комедия”даги космологик тушунчалар асосан ал-Фарғонийнинг “Астрономия асослари” асарига таяниб ёзилган эди. Данте ўз асарларида икки бор бевосита тилга олган бўлса-да, унинг космологик модели бутунлай ал-Фарғоний илмларига асосланган эди. Кейинги даврларда Христофор Колумб Ернинг катталигини ҳисоблашда Фарғонийнинг қийматларидан фойдаланган.

 

Фарғоний 1 экваториал даража = 56 2/3 мил эканлигини ҳисоблаб чиқади. Колумб эса бу қийматга асосланиб, Канар оролларидан Осиёгача бор-йўғи 2,500 мил сузиш керак, деб ўйлаган. “Imago Mundi” (Дунёнинг тасвири) китобида Колумб IХ аср астрономи ал-Фарғоний ҳисоб-китобларига асосланганини ёзган. Колумб шундай деган эди: “Лиссабондан Гвинеяга кўп сузганимда, курсни аниқ ўлчаб чиқдим ва ал-Фарғонийнинг ҳисоблари билан мутаносиб равишда 1 даража 56 2/3 милга тенглигини аниқладим. Биз бу ўлчовга таянишимиз мумкин”.

 

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, биз ўз аждодларимизнинг илм-фанга қўшган буюк хизматларини янада чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб, миллат юкини кенгроқ ҳис қилишимиз керак.

 

Ойдаги Ал-Фарғоний кратери.

 

Ал Фарғонийнинг Астрономия асослари асарининг лотинча таржимаси.

 

Шоҳруз ШАРИПОВ,

ЎзФА Тарих институти кичик илмий ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16543
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//