
Дарҳақиқат, тарих улуғ мураббийдир. Бу улуғ мураббийнинг дарсларини яхши ўзлаштирган миллат юксалади, ўзлаштирмаганлар бунинг бадалини асрлар мобайнида авлодлари билан бирга тўлайдилар. Тарихдан тегишли хулоса чиқармаганларнинг оқибати доимо шундай бўлади. Қуйида келтириладиган Туркистон халқининг улуғ фарзанди Мустафо Чўқайнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ҳам сизу бизга “Буюк ўқитувчи” бўлмиш тарихнинг катта сабоқларидан бир парчадир.
1917 йилнинг февраль ойида большевиклар, меншевиклар ва сўл эсерлер куч билан пойтахт Петербургда ҳокимиятни эгаллаб олгач, 1917 йил 2 ноябрда Ленин ва Сталиннинг “Россия халқлари ҳуқуқлари декларацияси” ва “Миллатларнинг ўз тақдирини ўзлари ҳал этиш имконияти”га доир баёнотлар эълон қилинди. Юқорида тилга олинган баёнотлар билан Ленин ва Сталин империя чегараларида яшовчи халқлар учун миллий давлат қуришга ваъда қилган ҳолда, ҳатто янги барпо этиладиган миллий давлатлар инқилобий органлар томонидан тўлиқ ҳимоя қилинади, деб ваъдалар беришди.
Бундан руҳланган ҳолда 1917 йилнинг 27 ноябрь куни Қўқон шаҳрида Туркистон мусулмонларининг конгресси чақирилиб, якунда 54 кишилик Кенгашга бўйсунувчи саккиз аъзолик “Туркистон Мухториятининг муваққат ҳукумати”ни сайлади ва Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган воқелик – Туркистон Мухториятига асос солиниб, маҳаллий халқ бўлмиш туркистонликлар яна бир бор давлатчилик меросига эга эканликларини исботлашди.
Таъкидлаш керакки, ўлка тараққийпарварлари тўла мустақилликни эмас, балки автономия шаклига эга бўлган ҳокимият бошқарувини талаб қилишган эди. Бу борада Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Федерация, яъни Мухторият, биз Туркистон мусулмонлари истаймизким, Русия мамлакатиға ёпишиб туруб, хорижий ва ишларға анинг ила бир бўлиб туруб, дохил (ички – М.Алижонов) ишлар ва тирикчиликларимизни ўзимиз идора этсак, мунинг кайфияти шундай бўлур”, дейди.
Айтиш мумкинки, бу вақтинчалик чора бўлиб, Мухторият сифатида Туркистон куч тўплаб олгач, кейинчалик тўла мустақиллик учун ҳам албатта сиёсий ҳаракатлар тараққийпарварлар томонидан амалга оширилган бўлар эди. Қолаверса, Беҳбудий ўз мақоласини “Ҳақ олинур, берилмас” деб номлагани ҳам бежиз эмас.
Мустафо Чўқай ҳам Туркистон Мухториятини мустаҳкамлаш, уни ташқаридан бўладиган хавф-хатардан асраш учун замонавий қурол-яроғга эга бўлган армия барпо этиш йўлида тиним билмай хизмат қилди. У Мухториятда дастлаб ташқи ишлар вазири, сўнгра Бош вазир лавозимларида фаолият кўрсатди. Аммо…
Туркистон Мухториятининг барпо этилиши, шубҳасиз, большевикларнинг манфаатларига мутлақо зид ҳодиса эди. Шу боисдан ҳам улар ушбу Мухториятни йўқ қилиш борасида аста-секинлик билан иш олиб бордилар. Алоҳида таъкидлаш лозимки, Мухторият гарчи Қўқонда ташкил этилган бўлса ҳам, у томон биринчи ўқ Тошкентда отилди.
Шарафсиз ва ҳамиятсиз большевиклар Тошкентда 1917 йил 13 декабрда Мухториятни қўллаб-қувватлаб митингга чиққан юзлаб одамларни пулемётда ўққа тутдилар. Қизиғи шундаки, бу митингда рус большевик намоёндалари ҳам иштирок этишиб, Туркистон халқининг миллий давлатчиликка оид ҳақ-ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашларини таъкидлаб, Мухторият тузулгани билан халқни табриклаган эдилар. Бу омил большевиклардаги иккиюзламачилик ва мунофиқлик сифатларининг ҳадди-аълосида бўлганини кўрсатади.
Тошкентдаги хунрезликлари билан большевиклар Туркистон Мухториятини тугатишга ҳукм ўқиган бўлдилар. Большевиклар амалий ҳаракатга киришган ҳолда 1918 йилнинг 19–26 январь кунлари Тошкентда Туркистон ўлкаси ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари шўросининг IV фавқулодда қурултойини ўтказдилар. Қурултой қарорига биноан Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг барча аъзолари қонундан ташқари деб эълон қилинди ва ҳатто, вазирларни (хусусан Мустафо Чўқайни ҳам) қамоққа олиш ҳақида ордер берилди.
Ваъдага вафо қилмаган большевиклар
Большевиклар Қўқонга ҳужум қилаётган пайтда Мустафо Чўқай Қўқон шаҳри ичидаги қаршилик ҳаракати раҳбарларидан бири сифатида курашни бошқариб турар эди. 1917 йил 31 январь куни соат 12:00 да большевиклар Мухторият ҳукуматига ултиматум топшириб сўзсиз таслим бўлишни талаб этдилар ва бунинг учун 3 соат вақт бердилар.
Большевиклар томонидан қўйилган ултиматумда, Абдулваҳоб Ўқтойнинг ёзишича, қуйидаги 4 та талабни бажариш сўралган эди:
1) Мухтор ҳукуматининг совет ҳукуматини тан олишини;
2) Туркистон халқини совет ҳукуматига бўйин эгишига даъват қилувчи бир баённомани нашр қилишини;
3) Аҳолининг қўлидаги мавжуд бўлган қуролларни тўплаб, йиғиб олиб, уларнинг большевикларга топширилишини;
4) Миллий ҳукумат миллиция ташкилотининг тарқатилиб юборилишини ва бошқа шу каби хусусларни талаб қилдилар.
Бироқ улар яна бир бор ваъдаларида турмасдан ўзларининг нечоғлик тубан тоифа вакиллари эканини намоён этдилар. Яъни, улар ултиматумни муҳокама қилиш учун ўзлари томонидан берилган 3 соат вақт тугамасдан қайта ҳужумга ўтдилар.
Ўша кунги воқелар Мустафо Чўқайнинг “Бирлик туи” [“Бирлик байроғи”] номли қозоқ газетасига ёзган мактубида батафсил акс этган. Унинг бу мактуби газетанинг 1918 йил 4 февраль сонида чоп этилган. Газета таҳририяти мактубдан аввал қуйидаги изоҳни бериб ўтган: “Бошқармадан: Тубандаги Мустафонинг хати кутилмаган бир йўл билан бизга етиб келди. (Бул хатни бизга бир йўловчи олиб келиб топшириб кетди. Хат қалам билан ёзилгани сабабли бироз кирланган эди. Бироқ Мустафонинг қўлини таниб, хат уники эканлигига ишонч ҳосил қилганимиздан сўнг уни чоп этмоқдамиз). Ушбу хатни олганимиздан сўнг биз унинг омонлигини билиб қувониб кетдик. Бунгача у ҳақида қанча турли нохуш хабарларни эшитиб қалбимиз маҳзун эди. Мустафо бул хатни бизга юборганда, уни газетга босиб чиқаришимизни ўтинган экан. Шунинг учун биз унинг ҳеч бир жойини ўзгартирмасдан босмоқдамиз”.
Газета таҳририяти томонидан берилган ушбу изоҳдан ҳам яққол кўриниб турибдики, қозоқ қардошларимиз ҳам Қўқон шаҳрида большевиклар томонидан амалга оширилган қатлиомдан яхши хабардор бўлган. Яна изоҳдаги “Ушбу хатни олганимиздан сўнг биз унинг омонлигини билиб қувониб кетдик. Бунгача у ҳақида қанча турли нохуш хабарларни эшитиб, қалбимиз маҳзун эди” сўзларидан ҳам ўша вақтда Мустафо Чўқайнинг большевиклар томонидан ўлдирилгани тўғрисида хабар тарқалгани англашилади. Мустафо Чўқай ўша кунги ҳодисаларни қуйидагича ёзади: “1917 йил 31 январь кундузги соат 12:00 да Ҳўқанд большевикларининг бизга топширган ултиматумини муҳокама қилиб ўтирганимизда тасир-тусир отилган милтиқнинг товуши чиқди. Қарасак, милтиқ отиб, уруш бошлаган большевикларнинг солдатлари экан. Большевикларнинг бул иши ўзларининг ултиматумида қўйган шартларига терс эди: улар ултиматумда талабларини бажаришлик учун бизга уч соат вақт берган эди. Ва улар берган вақт 14:20 дақиқа ўтгандагина тугар эди. Шундай қилиб, большевиклар ўз шартларини ўзлари бузиб, сўзларининг устидан чиқмадилар…
“Шўройи исломия” идорасида тўпланиб ўтирган ҳукумат одамлари борми, бошқалар борми – уларнинг барчалари “Большевик солдатлари яқинлашиб келаётир”, деган хабарни эшитиб ҳар ёққа тарқалиб кетди. Шундан сўнг ҳукумат одамлари учун энди ортга қайтиб бошни бирлаштиришга имкон қолмади. Чунки большевикларнинг отишма овозини эшитган мусулмонлар қуролларини олиб, кўчага чиққан эдилар. Ҳукумат томонидан: “Большевикларга қарши қурол-яроғ олиб чиқманглар. Биз ҳали бу масала бўйича бир хулосага келамиз”, деган сўзи ҳам ерда қолди. Халқ большевикларнинг берган ваъдаларига хилоф равишда ўқ узганидан сўнг, улар фақат ҳукуматга эмас, балки бутун мусулмонларга душман бўлдик, деб ўз билганларича ҳаракат қила бошладилар. Шундан сўнг ҳукуматнинг бу ерда қиладиган иши қолмади.
Ҳўқанда бўлғон бу кўнгилсиз воқеанинг сиёсий сабабларини бошдан оёқ батафсил ёзишга ҳозир замон кўтармайди. Шунинг учун мен бу ерда бу воқеа бўлиб ўтгандан кейин ўз бошимдан кечирган ҳолларни кўпчиликнинг эътиборига ҳавола қилишга қарор қилдим. Агар диққат билан ўқиб чиқсангиз, бу ёзувларда қандайдир сиёсий оҳангларни ҳам илғайсиз.
Большевикларнинг ўқларидан қочиб, Ҳўқанд яқинидаги қишлоқларда 5–10 кун ўзбек ака-укалари орасида бўлдим. Қисқа кунлар ичида кўрганим жабр-зулмни Худо ҳатто, душманларимизга ҳам кўрсатмасин.
…Эргаш қароқчининг қочиб кетиб, шаҳарнинг большевиклар қўлида қолганлиги тўғрисида хабар тарқалди.
…Оқчаға от ё арава тополмай, йўл бошларга йўлдош бўлмай, жуда ҳам қийналдим.
…Икки кун яёв йўл юргач, Доғистон номли қишлоқға келдим. Унда 900 сўмга от сотиб олиб, 290 сўмга йўл кўрсатувчи ёллаб, “Қозоқ-қирғиз қайдасан”, деб қорли тоғлар оша йўл олдим. Ва шу ерда сартларға “Хўш!” айтдим. Кўрганларим кўп бўлса-да, ҳаммасини ёзишга бир тарафдан азоб, иккинчи тарафдан вақтим имкон бермади”.
“Кичик” аёлнинг катта жасорати
Туркистон Мухторияти қонга ботирилгач Мустафо Чўқай большевикларнинг ашаддий душмани сифатида қидирувга берилди. Ана шундай оғир шароитда унинг жонига турмуш ўртоғи Мариа Яковлевна ора кирди.
Биринчи жаҳон уруши йилларида Мария Тошкентда ҳамшира бўлиб ишлаб, большевикларнинг юқори даражали амалдорлари билан касби юзасидан алоқалар ўрнатган эди. Бу жасур аёл қидирувдаги Мустафо Чўқайни қандай қилиб шаҳардан тирик олиб чиқиб кетиш ҳақида ўйлай бошлади. Д.Хидиралиев ўз китобида бу борада қуйидагиларни ёзади: “Мария Яковлевна Мустафони шаҳардан соғ-саломат олиб чиқиб кетиш учун бир режа тузади. Бироқ у бу режасини амалга оширмагунча, у ҳақида ҳеч кимга, ҳатто эрига ҳам айтмайди. Темирйўл бошқармасида ишлайдиган эски танишлари орқали Мустафога рухсатнома ва чипта олган Мария шаҳардан чиқиб кетиш учун энг қулай вақт сифатида христианларнинг пасха байрами нишонланадиган кунни танлайди. Чунки бу кунлари барча расмий идоралар байрам билан овора бўлиб, кўзга ташланмасдан шаҳарни тарк этиш мумкин эди.
Мустафо Чўқайнинг турмуш ўртоғи Мария Яковлевна.
Пасха байрами 1-май кунига тўғри келди. Мариянинг аниқлашича худди шу куни Оренбург орқали Москвага кетадиган поезд ҳам йўлга чиқар экан. Кетиш олдидан Мария Мустафонинг номидан [танишлари орқали] сохта ҳужжат тайёрлаб, уни ҳеч ким танимайдиган қилиб кийинтириб, бошини мато билан ўраб ташлайди”. Д.Хидиралиевнинг ёзишича, ўша пайтда Тошкент жуда ҳам иссиқ бўлиб, гўёки бемор қиёфасида матога ўраб ташланган Мустафонинг нафаси қиса бошлаган. Гарчи чегара текшируви узоқ давом этган бўлса-да, ҳамшира формасидаги Мария ва “бемор” Мустафо Чўқайлар Тошкентдан эсон-омон чиқиб кетишади.
Бундан ташқари, Мустафо ва Мария поездда икки кишилик купега жойлашадилар. Буларнинг барчасини тақдирнинг туҳфаси деб билган ва Худога шукр қилган Мария энди поезднинг тезроқ ҳаракатланишини кутди. Ниҳоят, улар кутган дам келди. Кечки соат бешларда поезд ҳаракатга келди. Ўшандагина улар эркин нафас олишиб, омон қолганларига ишониш ёки ишонмасликларини билмай, хурсанд бўлиб, келажак кунларга умид билан боқардилар.
Муҳожирликдаги ҳаёт
Мустафо Чўқай бир қанча муддат қозоқ ва бошқирд сиёсий арбоблари билан биргаликда турли хил лавозимларда фаолият кўрсатган бўлса-да, бироқ тез орада кучга тўлиб ўзини ўнглаб олган большевиклар ҳокимияти уни сиқиб чиқара бошлади. Натижада Мустафо Чўқай Кавказга йўл олади. Чунки у 1918 йилнинг апрель ойида тузилган Закавказия Демократик Федератив Республикасида хизмат қилишни истаган эди. Бироқ бу федератив Республика узоқ яшамади, шу йилнинг ёзидаёқ у учга, яъни Озарбойжон, Гурузия ва Арманистон Республикаларига бўлиниб кетди.
Шундан сўнг Мустафо Чўқай Каспий денгизи орқали дастлаб Бокуга, ундан кейин эса Тифлисга эсон-омон етиб олди. Мустафо Чўқай турмуш ўртоғи Мария Яковлевна билан бирга бу ерда 1919 йилнинг баҳоридан то 1921 йилнинг февраль ойигача яшайди. Ҳатто у шу ерда ҳам ижтимоий-сиёсий фаолиятдан бир он бўлса-да тўхтаб қолмади. Туркистон Мухториятининг дастлаб ташқи ишлар вазири, сўнгра бош вазири, Алаш Ўрда Мухторияти ҳукуматининг фаол аъзоси сифатида катта ҳаётий тажриба орттирган Мустафо Чўқай ўзининг сиёсий мазмунга эга бўлган фикр-мулоҳазаларини “Вольный горец”, “Борьба” газеталари ва “На рубеже” журналида билдириб борди. Маълум бўлишича, Мустафо Чўқай ушбу газета-журналларда “М.Жанай” ва “Жалил” тахаллуслари остида мақолалар эълон қилган.
Мустафо Чўқай 1921–1929 йилларда Истанбулда, кейин эса Париж ва Берлин шаҳарларида яшаб Туркистон ҳуррияти учун кураш олиб борди. Бу йилларда у “Прометей”, “Янги Туркистон”, “Ёш Туркистон” журналларини таъсис этишда иштирок этди, узлуксиз тарзда мақолалари билан қатнашиб борди.
Алвидо, ҳаёт
Иккинчи жаҳон урушида Германия томонидан Франция босиб олингач кўплаб инсонлар каби пойтахтда яшаётган Мустафо Чўқай ҳам қамоққа олинади. О.Шарафиддиновнинг фикрича, Совет Иттифоқидан асир олинган юз минглаб туркистонлик аскар йигитлар ҳам немислар томонидан асир олинган эди. Шу ҳолда зудлик билан Мустафо Чўқай Париждан Берлинга олиб келинган ва ундан асирликка тушган туркистонлик аскар йигитларга бош бўлиб Совет Иттифоқига қарши курашишни талаб этганлар. Бироқ Мустафо Чўқай буни қатъиян рад қилади.
Мустафо Чўқайнинг вафоти хусусида Боймирза Ҳайит ўз мақоласида жуда муҳим маълумотларни кунлар кесимида батафсил келтириб ўтган. Қуйида Боймирза Ҳайитнинг ушбу мақоласидан бироз каттароқ иқтибос келтираман:
“Мустафо Чўқайни Туркистон ёшлари сўнгги маротаба 13.12.1941 да Полониянинг Чинстахов шаҳридаги туркистонлик ва кафказлик тутқунлар орасида эканлигида кўрганлар. Чўқай ва Вали Қаюмхон Кафкас комиссиясининг ёнида туркистонликларни рўйхатга олмоқда эдилар. Бул ҳар иккиси уч кун бит босган, оч қолган, кийимсиз қолган ва хасталиклар ичида ўлаётган 32 мингдан ошиқ туркистонликлар орасида қолдилар.
16.12.1941 да лагерда умумий тифус (ўткир инфексион касаллик) хасталиги бошлангач Кафказ комиссияси, Чўқай ва Қаюмчилар шу 32 мингдан ошиқ туркистонликлар билан бирга карантинда ётдилар. Мустафо Чўқай ва яна Кафказ комиссиясидан икки киши тифус хасталигига учрадилар.
18.12.1941 да Чўқайни Берлин касалхонасига келтирдилар. Хасталик чоғларида ҳам ул ҳар вақт Туркистонни ўйлар эди. Аҳволи кундан кун оғирлашувига қарамай, Вали Қаюмжон билан бирга тўхтовсиз равишда Туркистон келажаги учун планлар тузар эди.
Мустафо Чўқай касалхонада ётар экан, уни бориб кўрувчи Вали Қаюмжондан бошқа ҳеч кимсаси йўқ эди. У Қаюмжонга “Мен кўрган Туркистон йигитларини миллий руҳда тарбияласангиз, албатта Туркистон озод бўлур”, деб айтган эди.
26.12.1941 да докторлар унинг аҳволи оғирлашишидан ташвишда эдилар. Тез-тез ҳамширалар ундан хабар олиб турардилар. Бироқ Чўқайбий ҳали ўзини тетик тутмоқда эди. У Қаюмжонга сўнгги васиятини айтмоққа бошлади ва деди-ки: “Туркистон миллий озодлиги учун кураш байроғини сизга қолдирдим. Бул байроқни қаттиқ тутинггиз! Туркистон бирлигини сақлангиз! Мен Туркистоннинг озод бўлишига ишонаман”.
Сўнгги кеча тонг отди. 1941 йилнинг 2 декабрь куни соат 10:00 га яқин севимлигимиз Мустафо Чўқай биз билан абадий хайрлашди. Марҳумнинг жасади Берлиндаги Турк-мусулмон қабристонига қўйилди. Сукутлар бердик. Тангридан раҳм сўрадик. Ул тутган байроқни йиқитмасликка онт ичдик”.
Мустафо Чўқайнинг сўнгги суратларидан бири
Мустафо Чўқай қабри, Берлин.
Қадимги Рим шоири Гораций шеърларининг бирида шундай деб ёзган эди: “Ҳаёт – оғир меҳнат ва ташвишларсиз сизга ҳеч нарса ҳадя этмайди”. Ҳақиқатдан ҳам ҳаёт ўзининг қанчадан қанча машаққатлари билан инсонларнинг олдига турфа хил синовларни кўндаланг қўяди, бу орқали у бизни чиниқтирмоқчи, кучли қилмоқчи бўлади. Бу ҳаётнинг долғали синовларига чидаган инсон маънан кучли, руҳан тетик, қалбан бой шахсиятга айланади. Айнан шундай улкан шахсиятлар ўз ортидан минглаб инсонларни эргаштира олади, энг оғир дамларда ватанига таянч, миллатига суянч бўлади. Мустафо Чўқайнинг ҳаёт йўли бунга ёрқин мисолдир.
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1) Беҳбудий М. Ҳақ олинур, берилмас // “Ҳуррият” газетаси. 1917 йил 13 июль.
2) Доктор А.Ўқтой. Туркистон миллий ҳаракати ва Мустафо Чўқай [Назарбек Раҳим таржимаси]. – Т.: “Наврўз” нашриёти. 2019. – Б. 76.
3) Мустафонинг хати // “Бирлик туи” [Бирлик байроғи] газетаси. 1918 йил 7 март. 24-сон.
4) Қыдырәлі Дархан. Мұстафа. – Астана: “Деловой Мир Астана. 2012. – Б. 88.
5) Шарафиддинов О. Истиқлол фидоийлари. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа консерни. 1993. – Б. 29.
6) Др. Б.Ҳайит. Мустафо Чўқай // “Миллий Туркистон” журнали. 1950 йил 15 январь.
Тарих
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ