Император Николай II нинг қизларини ўқитган ўзбек – Саид Камолхон Қаҳҳоров


Сақлаш
14:31 / 05.03.2025 61 0

Саид Камолхон Қаҳҳоров 1876 йилда Тошкентда туғилган. Дастлаб эски мактабда, сўнгра мадрасада таҳсил олган ҳолда ўз замонасининг етук билимдон шахсиятларидан бўлиб вояга етган.

 

Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий ўзининг “Отам ҳақида” номли ёдномасида Саид Камолхон Қаҳҳоровни қуйидагича таърифлаган: “Камолхон домла бизнинг шаҳар ҳовлимизга ҳаммаҳалла, дадамдан ўн беш ёшлар катта, баланд қоматли, чўзиқ оқ юзли, хийла ўқимишли, закийтаъб, тадбиркор, салобат-шижоатли, нуфузли, рус тилини яхши билгувчи киши эди”[1].

 

Саид Камолхон Қаҳҳоров мадраса таълимини тамомлагач ХIХ аср охири ХХ аср бошларида фаолият олиб борган Туркистон тараққийпарварлари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидрасул Азизий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов каби жадидлардек доимо ватан тараққиёти йўлида хизмат қилишга қарор қилди, бу йўлда у дастлаб Россия империяси бўйлаб саёҳат қилиб мустамлакачи давлатнинг марказий шаҳарларидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётининг қандай йўлга қўйилганини чуқур ўрганди. Унинг саёҳати хусусида 1990 йилда У.Долимов ва Б.Қосимовлар томонидан нашр этилган “Маърифат дарғалари китобида қуйидагилар қайд этилган: “1876 йилда маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров, 1887 йилда атоқли археолог, этнограф Мирзо Бухорий, 1894 йилда Фурқатнинг яқин дўсти Ҳожи Муҳаммад Зуҳур, 1910 йилда атоқли педагог, шоир Саидрасул Азизий, 1913 йилда педагог Камолиддин Қаҳҳоров кабилар Марказий Россияга – Петербург ва Москва шаҳарларига саёҳат қилдилар.[2]

 

Уларнинг ўз саёҳатлари тўғрисидаги мулоҳазалари ўша даврларда чоп этиладиган “Туркистон вилоятининг газети” саҳифалари кетма-кет босилиб борилди. “Туркистон вилоятининг газети”да ёзилишича Саид Камолхон Қаҳҳоровнинг Россияда эътиборини тортган илк нарса – у ердаги таълим-тарбия муассасалари бўлган. Саид Камолхон Қаҳҳоровнинг газетада чоп этилган таассуротлари билан танишар эканмиз, ушбу ўзбек маърифатпарварининг Туркистондаги эски усулдаги мактабларга нисбатан кескин қарашлари айнан шу саёҳат асносида туғилганига амин бўламиз.

 

Саид Камолхон Қаҳҳоров ўз мақоласида “усули қадим”, яъни қуруқ ёдлаш методига асосланган мактабларни ислоҳ қилиш, мактаб дастурига рус тилини ўқитишни киритиш таклифи билан чиқди. Бу орқали у, Туркистонни босиб олган миллатнинг тилини ўрганиш орқали, унинг илм фанини ўзлаштириш, саноат асосида юксалган қудратини Туркистонга ҳам жорий этишни кўзлаган эди. Шунинг учун ҳам Саид Камолхон Қаҳҳоров ўз пайтида: “…ўрусия хати ва тилини билганимиздан сўнг, ул халқнинг хар хил илми, дунёвий илмлар баён қилинган китобларини ўқиб, ўзимизнинг тирикчилигимизга тааллуқли нарсаларни ҳосил қилар эдик”, деб бежиз ёзмаган эди.

 

Саид Камолхон Қаҳҳоров саёҳатдан қайтгач 18961912 йилларда рус тузем мактабида ўқитувчи, ундан сўнг 4-болалар уйининг мудири, ўзбек эрлар билим юртида муаллим ва халқ судяси бўлиб ишлаган.

 

Саид Камолхон Қаҳҳоров ўта нуктадон шахсият ҳисобланиб, араб, форс ва рус тилларини мукаммал билгувчи, шунингдек ўзбекнинг бой тарихини теран тушунтириб бергувчи инсон бўлган. Масалан, у Шарафиддин Алининг “Зафарнома”, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” ва Бедилнинг асарларини севиб ўқиган ҳамда ўзининг педагоглик фаолиятида улардан унумли фойдаланган.

 

Саид Камолхон Қаҳҳоровнинг юксак иқтидоридан хабар топган Чор Империяси подшоси Николай II уни қизларига устозлик қилиш учун саройга ишга таклиф этади ва у бир муддат императорнинг қизларига Шарқ халқларининг урф-одатлари, маданияти, тарихи, иқлим шароитларидан сабоқ бериш билан шуғулланади.

 

Саид Камолхон Қаҳҳоров юқоридагилардан ташқари ўша вақтдаги нафақат Россия империясида, балки бутун Европада машҳур бўлган Петербург университетида турк, араб ва форс тилларидан талабаларга дарс беришга ҳам муваффақ бўлган.

 

Саид Камолхон Қаҳҳоров биргина Россия империяси маркази билан чекланиб қолмасдан, Туркистонда ҳам ўзининг қизғин фаолияти билан миллатга хизмат қилди. Масалан, у 1918 йил 12 майда Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигида асос солинган дорулфунуннинг очилишида ҳам ўзининг катта ҳиссасини қўшди. 1925 йилдан бошлаб эса Ўзбекистондаги энг нуфузли олий илм даргоҳи САГУ (Ўрта Осиё давлат универистети)нинг Шарқ факультетида дарс беришни бошлаган.

 

Саид Камолхон Қаҳҳоров набираси бўлмиш Азмиддин Садриддиновнинг қуйидаги хотиралари бу улуғ шахснинг халқ ичидаги обрўси нечоғлик баланд бўлганига яққол далилдир: “Мен Бешёғоч кўчасидаги Чақар маҳалла ҳудудида жойлашган 45-мактабда ўқиганман. Агар хотирам янглишмаса, тахминан 5-синфда ўқийман. Мактабдан чиқиб Чақарга етганимда, Қўчқор қассоб деган басавлат одам менга қуюқ салом бериб “Тақсирим, тақсирим” деб улуғладилар. Мен ўз ёшимга нисбатан ортиқча кўрсатилаётган иззатдан хижолат чекдим. Шунда қаршимдаги одам икки букилиб: “Сиз Саид Камолхон домланинг набираларисиз-а? Сизни “Тақсирим” дейишим керак. Бобонгиз кўп ҳурматли, валийсифат, улуғ одам эдилар. Кўп одамга яхшилик қилганлар”, деди. Ҳар кўрганларида бундай такаллуфни такрорлаб, мени хижолат қилар эдилар. Атрофдаги одамларнинг ҳурмати ҳам Эшонгузардан кўчиб кетгунимизгача давом этган. Бундай муносабат менга ёшлигимдан ўзимга масъулият билан қарашга, хатти-ҳаракатларимни жиловлаб туришга ўргатган”[3].

 

Саид Камолхон Қаҳҳоров ўзининг бутун ҳаётини ўқитувчиликдек улуғ ишга сарфлади, унинг қўл остидан Ўзбекистоннинг келгусидаги юксалиши учун фидоийларча меҳнат қиладиган минглаб шогирдлар етишиб чиқди.

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори



[1] Қодирий Ҳ.Отам ҳақида. – Т.: 1971. – Б. 179.

[2] Қосимов Б., Долимов У. Маърифат дарғалари. – Т.: “Ўқитувчинашриёти. 1990. – Б. 143.

[3] Садриддинов А.Шажарам – фахрим. – Т.: 2013. – Б. 19.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16315
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//