
Хоразм шевалари луғатчилиги анча тараққий этган. Ўтган асрда Ф.Абдуллаевнинг “Хоразм шевалари луғати” ва О.Мадраҳимовнинг “Ўзбек тили ўғуз лаҳжасининг қисқача қиёсий луғати” кабилар эълон қилинган. Кейинги йилларда ҳам Хоразм шевалари бўйича луғатлар нашр этиш қизғин тус олди. Масалан, Ш.Норбоева, Н.Саъдуллаева, М.Атабаевалар ҳаммуаллифлигидаги “Хоразм шеваларидаги мақол ва ибораларнинг қисқача изоҳли луғати” ва “Хоразм шевалари луғати” нашр этилди. Шунингдек, луғат яратишда соҳа мутахассислари – филолог-диалектологлар бўлмаса-да, қизиқувчилар томонидан ҳам бир қанча ташаббуслар қилинди. Хусусан, К.Авазнинг “Хоразм сўзларининг қисқача изоҳли луғати”, Ш.Жуманиёзовнинг “Хоразм шеваси кичик луғати”, М.Сапарниязова, М.Сабироваларнинг “Онасўз” ва Н.Атажанов, Т.Атажановларнинг “Хоразм шеваси луғати” кабилар шу типдаги луғатлардандир. Тўғри, мазкур луғатлар диалектал луғатлар андозасига у қадар мос эмас. Лекин уларда адабий тил ва бошқа шевалардан фарқли айнан Хоразм шеваларига хос кўплаб сўзларни учратиш мумкин. Масалан: Адан – 1. Хонанинг, уйнинг ошоғи, пасти. 2. Кўрк: Аданли одам. Арганак (Арянак) – панжара, темирдан ёки тахтадан қилинган тўсиқ.
Хоразм шевалари луғатларини кенг тусда тайёрлашга қизиқиш унинг электрон иловалар кўринишда ҳам яратилишига замин бўлмоқда. Дастурчи С.Эрназаров томонидан яратилган Xorazmcha (Хоразм шеваси луғати) иловаси шундай иловаларнинг дебочасидир. Айтиш жоизки, шевалар луғати иловасини тайёрлаш ўзбек тилшунослиги, хусусан, ўзбек диалектологияси (шевашунослиги) учун муҳим ҳодиса бўлса-да, ҳали бу жараён амалга оширилмаган эди. Хоразм шеваси луғати иловасининг яратилиши эса, бу борадаги дастлабки иш, биринчи қадам ҳисобланади. Шу жиҳатдан, мазкур луғат иловасининг яратилиши таҳсинга сазовордир. Унинг бир қанча афзалликлари бор. Биринчидан, иловадан исталган жойда, исталган ҳолатда фойдаланиш мумкин. Иккинчидан, иловада берилган сўзлар ва маънолари ўзбек тилининг амалдаги икки ёзув тизимида (кирилл ва лотин) берилиши ҳамда нусҳа олиш функциясининг мавжудлиги уни ўқиш, шунингдек, бошқа ишларда фойдаланиш имкониятини осонлаштиради (албатта, иловадан олинганлиги қайд этилган ҳолда). Учинчидан, иловада қидирув функцияси ҳам бўлиб, бу шевага хос сўз ва жумлаларни осон топиш имконини беради. Тўртинчидан, иловага янги сўзлар ва уларнинг маъноларини қўшиш имконияти ҳам бўлиб, иловада сўз ва жумлаларни кенгайтириб бориш мумкин. Бешинчидан, иловада Хоразм воҳаси шеваларининг лексик хусусиятлари яхши очиб берилган, шунга кўра, унга қизиқувчилар, тадқиқот олиб борувчилар учун дастуруламал, кейинги авлод вакиллари учун эса ўзига хос “ёдгорлик” сифатида хизмат қилади.
Шунингдек, луғат иловада бир қанча камчиликлар ҳам бор. Хусусан, иловада берилган сўзлар мавжуд ўзбек адабий тили ёзув тизимида берилган. Аммо мазкур ёзув тизимлари жонли тилнинг, шеваларнинг фонетик хусусиятларини тўлақонли очиб бера олмайди. Шу жиҳатдан, ўзбек диалектологиясида жорий этилган транскрипцион белгилардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Хоразм шевалари луғатчилиги анча салмоқли бўлиб, бу борада, Ф.Абдуллаев (Хоразм шевалари луғати), О.Мадраҳимов (Ўзбек тили ўғуз лаҳжасининг қисқача қиёсий луғати), А.Ишаев (Қорақалпоғистондаги ўзбек шевалари), Р.Йўлдошев (Тошҳовуз вилоятидаги ўзбек шеваларининг лексик хусусиятлари) ва бошқа тадқиқотчиларнинг ишларидан фойдаланиш мумкин. Юқорида саналган олимларнинг ишлари, асосан, ўзбек кирилл транскрипциясида ёзилган бўлиб, лотин транскрипцияси эса бироз мулоҳазаталабдир. Кейинги пайтда ўзбек диалектологиясида профессор С.Аширбоев тадбиқ қилган халқаро туркология транскрипциясидан фаол фойдаланилмоқда. Аксар диалектологик тадқиқотлар ушбу халқаро туркология транскрипцияси асосида ёзилмоқда. Биз ҳам илованинг лотин ёзувидаги лексик бирликларини мазкур транскрипцион белгилар тизимидан фойдаланишни тавсия қиламиз.
Шу билан бирга, иловада диакретик белгилардан ҳам фойдаланилмаган, натижада сўзларнинг талаффузи ноаниқ бўлиб қолган. Хоразм ўғуз шеваларида бошқа шевалардан фарқли чўзиқ унлилар мавжуд. Мазкур чўзиқлик кўп ҳолларда сўзларнинг маъносини фарқлашга хизмат қилади. Масалан: tu:t “тут дарахти”, tut “тутмоқ (феъл)”; a:č “оч (сифат)”, ač “очмоқ (феъл)”; ö:t “ўт (инсон тана аъзоси)”, öt “ўтмоқ (феъл)”; gö:r “қабр”, gör “кўрмоқ (феъл)”; a:t “исм”, at “отмоқ (феъл)”; a:šïq “ошиқ”, ašïq (ўйналадиган суяк). Аксар сўзларда маъно фарқланмаса ҳам, унлилар чўзиқлиги учрайди: a:ǯï (аччиқ), qu:ǯaq (қучоқ), o:ǯaq (ўчоқ) каби. Шу боис, ушбу ҳолатларни ҳам, албатта, иловага қайд этиш керак.
Луғатда берилган сўз қайси ҳудудда, ҳеч бўлмаганда, қайси шевада фойдаланилиши ҳам иловада бўлиши тўғри бўлади, назаримда. Сабаби, ўғуз шеваларидаги сўзларнинг аксари умумий бўлиб, ҳар бир ҳудудни битталаб келтириш шарт эмас. Ёки қипчоқ шеваларида ҳам худди шундай. Шунингдек, сўзнинг фонетик вариантлари ҳам, албатта, ҳудуди билан келтирилиши зарур. Бу борада, Ф.Абдуллаевнинг луғатчилик андозасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Иловада шевага хос сўз ва унинг маъносини бериш билан чекланилган. Луғатчилик андозасига кўра, албатта, луғатда берилган сўз гап ичида мисоллар билан келтирилади. Шунга кўра, иловага киритилган ҳар бир сўз мисоллар билан далилланиши лозим.
Иловада кичикроқ ҳажмда кириш қисмини киритиш керак. Унда Хоразм шевалари таснифи, луғатнинг тузилиши, фойдаланилган транскрипцион белгилар, сўзларнинг берилиши ҳақида умумий маълумотлар қайд этилиши керак. Шунингдек, унинг талаффузи ҳам берилса, нур устига нур. Иловадаги сўзларнинг ўзбекча маъноси билан бирга русча, инглизча (ёки иккисидан бири) маъноси ҳам берилса, халқаро даражадаги илова сифатида фойдаланишга асос бўлади.
Айтилган камчиликлар, киритилиши керак дейилган таклифлар диалектолог (шевашунос) мутахассислар билан бирга ишлашни талаб қилади. Бу борада, Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш керак. Шунингдек, молиявий жиҳатдан Хоразм вилояти ҳокимияти қўллаб-қувватласа, мақсадга мувофиқ бўларди.
Элёр АЛИМАРДАНОВ,
ТошДЎТАУ Фольклоршунослик ва
диалектология кафедраси ўқитувчиси
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Абдуллаев Ф. Хоразм шевалари. – Тошкент: Фан, 1961. – 348 б.
2. Аваз К. Хоразм сўзларининг қисқача изоҳли луғати. – Урганч: Урганч давлат университети бомахонаси, 2006. – 80 б.
3. Атажанов Н., Атажанов Т. Хоразм шеваси луғати. – Урганч: Ижодкор, 2024. – 92 б.
4. Жуманиёзов Ш. Хоразм шеваси кичик луғати. – Урганч: Қуванчбек-Машхура, 2019. – 72 б.
5. Мадраҳимов О. Ўзбек тили ўғуз лаҳжасининг қисқача қиёсий луғати. – Урганч: Хоразм, 1999. – 194 б.
6. Norboyeva Sh., Saʼdullayeva N., Atabayeva M. Xorazm shevalaridagi maqol va iboralarning qisqacha izohli lugʻati. – Urganch: Xorazm, 2022. – 104 b.
7. Norboyeva Sh., Saʼdullayeva N., Atabayeva M. Xorazm shevalari lugʻati. – Urganch: Xorazm, 2024. – 160 b.
8. Saparniyazova M., Sabirova M. Onasoʻz. – Toshkent, 2023. – 78 b.
9. https://play.google.com/store/apps/details?id=com.raqamli.xorazmshevasi
Тарих
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ