“Баннер чиқариб қўйиш билан иш битмайди”. Бугунги маънавият тарғиботчиси қандай бўлиши керак?


Сақлаш
12:46 / 06.02.2026 25 0

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо билан суҳбат

 

– Маънавият тушунчасига изоҳ берсангиз...

 

– Тушунчага изоҳ беришдан олдин сўзнинг келиб чиқишига эътибор қаратсак. “Маънавият” арабчада “маъно”, “маъни” сўзларининг жамловчи шакли ҳисобланади. Истилоҳда олий ахлоқий тушунчалар мажмуи. Моддий дунёдан ташқаридаги руҳий олам ҳам маънавият билан изоҳланади. Қаердадир маънавият ҳақида гап кетдими, ўша ерда аввало инсоннинг ички дунёси, кўнгил гўзаллигини хаёлга келтириш керак. Демак, маънавият дегани “ҳаётингдан маъно топ” ёки “маъно касб этган ҳаёт” дегани.

 

Собиқ Совет иттифоқи мафкураси фақат моддиятга урғу берди ва одамларни меҳнат машинасининг мурватига айлантирди. Бу қандай разилликлар келтириб чиқаргани барчага аён. Энг катта касофат шундаки, аҳоли ёппасига кўнгил инқирозини бошдан кечириб, сунъий ватанпарварлик, сохта фидойилик ниқобини кийишга мажбур бўлди. Шу сабабдан узоқ йиллик бирёқлама қараш оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистонда маънавият масаласи сиёсат даражасига кўтарилди. Яна бир ҳақиқатни айтиш керакки, бизда маънавият исломдан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Аслида бу икки хазина бир-бирини тўлдиради. Ислом қоидалари, ҳадислар минг йиллик маънавиятимиз асосидир.

 

Бой маънавият ҳеч бир халққа зиён келтирмаган. Фақат уни тўғри тарғиб қилиш, одамларни бездириб қўймаслик керак.

 

– Сиз туман ё вилоятда, давлатнинг бошқа бир идорасида маънавият тарғиботчиси лавозимида ишласангиз, қандай услубни йўлга қўйган бўлардингиз? Умуман, маънавият вакилини қандай тасаввур қиласиз?

 

– Маънавият марказининг вакили бўлиши мумкин, лекин маънавият вакили бўлмайди. Маънавиятли киши бўлиши мумкин. У қандай бўлади? Бизнинг ҳолатда маънавиятли киши дунёвий билимларнинг ҳеч бўлмаганда биттасини чуқур ўзлаштирган, касб-корли, миллий ва диний қадриятларни ҳурмат қиладиган, қонундан оғишмайдиган, фуқаролик бурчини англаган, ҳушёр, фидойи ва бошқа фазилатлар соҳиби. Лекин у беайб фаришта эмас. Комилликка интилаётган инсон.

 

Маънавият тарғиботчисининг муайян вазифаси йўқ. У завод ишчиси эмас. Ҳар ким ўз савиясида тарғибот олиб боради. Аммо умумий қоидалар бор: ўзи ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган, Ўзбекистон ва жаҳондаги сиёсий жараёнлардан хабардор, таҳлил қобилиятига эга, нотиқ ва ташкилотчи. Ана шунда қайси ташкилотда бўлмасин, у мақсадига эриша олади. Йўқса, хат-ҳужжатчи кадрдан фарқи қолмайди.

 

Агар мен маънавият тарғиботчиси бўлиб ишласам,  аввало атрофимга халқ ҳурмат қиладиган, самимий, ҳалол одамларни йиғардим. Маърузалардан, қуруқ тарғиботдан қочиб, ҳар бир оилага оддий меҳмон ёки ижодкор сифатида кириб боришга ҳаракат қилардим. Яъни, ҳозир Отабек Ҳасанов олиб бораётган фаолиятга мувофиқ иш тутган бўлардим.

 

– “Халқимизнинг жуда бой маънавий мероси бор”. Бу гапни доим ишлатамиз. Бу чин гап аслида. Аммо бу мерос асли нималардан иборат, уни бугун қандай истифода этаяпмиз? Бу жараёндан қониқасизми?

 

– Саволингизда енгил киноя сезилаяпти, бошқаларда ҳам шундай. Бу соҳадаги кўп ишларнинг орқага кетишига ҳам шу сабаб бўлади.

 

Аслида мустамлакачилик оқибатида аждодлардан қўлимизда фақат маънавий мерос қолган. Моддий меросларнинг аксарияти ва энг қимматбаҳолари Эрмитаж, Лувр музейларида, кимларнингдир шахсий коллекциясида сақланмоқда. Маънавий меросимиздан салмоқли улуш Россия, АҚШ, Буюк Британия, Миср, Покистон, Ҳиндистон, Туркия кутубхоналари ва архивлари хазинасининг безаги бўлиб турибди.

 

Сўнгги йилларда уларни топиш, аниқлаш, тўплам ҳолида чоп этиш, нусха кўчириш ва ўрганиш бўйича қатор ишлар қилинди ва жараён давом этаяпти.

 

Саволга қайтсак, маънавий меросимиз кўламини дафъатан тасаввур қила олмаймиз. Жоиз бўлса, исломгача бўлган даврдаги тарихнинг ўзи алоҳида бир тармоқ. “Авесто” каби муҳташам диний-бадиий обида ҳам ҳали очилмаган қўриққа ўхшайди. Тошбитикларимиз, Ўрхун-Энасой атиқалари ва Мўғулистон ҳамда Хитойдан топилаётган тарихий битикларимиз... Буларнинг бари бемисл бойликларимиз. Афсуски, уни тадқиқ ва тарғиб этиш масаласи ҳануз кўнгилдагидек эмас. Умуман, биз тарихий ёдгорликлар уёқда турсин, ўз оталаримиздан қолган ашёларни, содда ифода қилганда, китоб-дафтар, буюм-дашқолларни ҳам эҳтиёт қилмаймиз. Яқинда яшаб ўтган замондош устозлар уй-музейига кирсангиз, ғарибликдан кўнглингиз увушади. Шоирдан на ёзув машинкаси, на қўлёзма, на кийим-кечак, на арзирли сурат қолганини кўп кўрганман. Шунақа кўнгли кенг, парвойи палак, дарё халқимиз бор. Ҳа, майли, яхши бўп кетар...

 

Ислом кириб келгандан кейин минтақамиз илм-фани, адабиёти ва санъати, меъморчилиги ва бошқа соҳалари янги босқичга кўтарилди. Олимларимиз дунёвий ва диний илмларни шунчаки қабул қилмай, уларни бойитди, янги тармоқлар очди ва дунёга тақдим этди.

 

Жадидлар даври мероси ҳам мубҳам ҳолда эди. Мана энди, эътибор сабаб аён бўлдики, улар ўз давридан илгарилаб кетган алломалар экан. Астойдил ўрганилмоқда, халқимизга етказилмоқда.

 

Балки ғалати туюлар, лекин ҳатто совет даврида ҳам олиму адибларимиз халқ учун маънавий мерос қолдирган. Гарчи бу мерос узра узилмас қизил чизиқ кесиб ўтган бўлса-да, ҳар ҳолда бугунги ўзбек фани, адабиёти ва санъати ривожига ҳисса қўшган. Узоқ вақт ўзбекистонлик олимларнинг ютуқлари умумсовет фани тараққиётига қўшиб юборилди.

 

Бугун бекорга Ислом цивилизацияси маркази иш бошламади. Ҳар йили янги бир илмий марказ очилади, Ўзбекистонда халқаро илмий конференциялар, бахшичилик фестиваллари ва бошқа тадбирлар ўтказилаяпти. Буларнинг барчаси ана шу бой меросни халққа етказиш учун.

 

– Халқимиз сизни аввало катта ижодкор, эл дардини ўзиники ҳисоблаган зиёли деб билади. Эл севган шоирнинг битганлари, айтганлари эса барча учун, жумладан, маънавият ходими учун ҳам захира, қувват манбаи. Демак, ижодкор ҳам биринчи ўриндаги маънавиятчи экан-да...

 

– Албатта! Маъно оламининг султонларидан бири Алишер Навоий эканини ҳисобга олсак, шоирлар ҳам маънавият тарғиботчиси. Фақат шунга лойиқ бўлиш керак. Аслида қадимда шоирлик алоҳида мартаба бўлган. Замонасининг қатор илмларидан бехабар одамлар адабиётга яқинлаштирилмаган. Шунинг учун ҳам Шарқда буюк олимларнинг деярли барчаси шоир бўлган: Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Умар Хайём ва бошқалар.

 

Ижодкорнинг халқ олдида елкасига олган мажбурияти бўлади. Улардан бири ўқувчининг маънавиятини бойитиш, унинг ички дунёсини гўзаллаштириш, руҳиятига қувват бағишлаш. Шунинг учун ҳам Шарқ шоирларидан ҳеч бўлмаганда биттадан панднома руҳидаги асарлар қолган.

 

Биргина хамсачиликнинг ўзи ҳам ана шу мақсадда яратилмаганмиди? Жамиятнинг турли қатламлари ахлоқини шакллантириш, оғишган нуқталарини босқичма-босқич тузатиш асносида муҳташам санъат асарлари яратилган.

 

Бугунги ижодкор олдида ҳам шу масала туради. Бу атайин қилинадиган иш эмас. Аввало илҳом самараси ва давр эҳтиёжига айланиши керак. Замонамиз кишилари қисқалик тарафдори. Уларга қисқа, аммо тушунарли, теран ва таъсирли шеър, ҳикоя, асар бериш керак.

 

Уни етказишда ҳам замонавий барча технологияни ишга солган маъқул. Энди фақат баннер чиқариб қўйиш билан иш битмайди. Бугунги маънавият тарғиботчиси ижтимоий тармоқларда, керак бўлса, “Тикток”, “Инстаграм”да ҳам фаол бўлиши шарт.

 

– Миллий ғурур тушунчасини бугун айримлар кибр билан адаштираётганга ўхшайди. Инсон учун ўзидан, ўзлигидан ғурурланиш аслида фазилат эмасми?

 

– Миллий ғурурни кибрга ўхшатаётганлар халқнинг уйғониши, тараққий этиши, жаҳонга бўйлашига қарши бўлган душманлар, хоинлар ёки жоҳиллар.

 

Миллий ғурур кибрга айланиши ҳам мумкин. Меъёрни унутмаслик керак. Ўз халқи ё миллатини бошқалардан устун қўйиш, қолганларни камситиш, ерга уриш, менсимаслик, беҳурмат қилиш... бу энди нафақат кибр, балки умуминсоний жиноятдир. Унинг оқибати уруш ва ички низолар.

 

Лекин ҳар бир халқ ўз тарихи, тили, қадриятлари, аждодлари, моддий ва маънавий меросидан фахрланишга ҳақли. Буни ҳеч ким чеклаб қўя олмайди. Кўп келтирилган бўлса-да, Расул Ҳамзатов ўз Доғистонидан ғурур туймаганда “Менинг Доғистоним” каби асар яратмаган бўларди. Агар Чингиз Айтматов қирғиз халқига мансублигидан мағрурланмаганида дунёни лол қиладиган асарлар ярата олмасди.

 

Ҳазрат Чўлпон-чи? Агар  миллатини севмаганида туркий тилнинг софлиги учун бу қадар курашга кирган бўлармиди?

 

Шу маънода бошқаларнинг ғурурига тегинмаган ҳолда ҳар бир халқ ўзлигидан фахр туюшга ҳақли.

 

– Иқбол ака, ўзбекнинг феъли, ютуғи-ю нуқсони, умуман, миллий менталитети яхлит акс этадиган илмий асосга эга асарга эҳтиёж бордек туюлади. Сиз қандай қарайсиз бу фикрга?

 

– Бундай асарга ҳар доим эҳтиёж бўлган. Фирдавсий ўттиз йилда “Шоҳнома” ёзиб Эрон тарихини улуғлаганидан завқланган Навоий ўттиз ойда туркий тилда беназир дурдона яратди.

 

Гап шундаки, ҳар бир давр ёзувчи олдига ўз саволини қўяди. Ана шу саволга жавоб бўла оладиган асар яратиш учун халқ тарихини чуқур билиш, ўрганиш, бугунни таҳлил қилиш, устозларнинг услубларини ўзлаштириш, жаҳон тажрибасидан фойдаланиш, ўқувчи савияси ва эҳтиёжини ҳам ҳисобга олиш керак.

 

Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси ва Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеъри ана шу эҳтиёж ўлароқ дунёга келган эди.

 

– Бугун халқни, ёшларимизни ортидан эргаштирадиган йўлчи юлдузлар, илғор мутафаккирлар йўқолиб бораяпти деган гапларга тез-тез дуч келаяпмиз. Бу замон талабими ёки тутумлар ўзгардими?

 

– Бугунги ёшлар олиму мутафаккирларга кумир сифатида қарармикан ўзи? Уларнинг хаёлида инстаблогерлар, шоу бизнес вакиллари, қандайдир мотиватору чала психологлар...

 

Лекин фақат салбий томонга оғиб кетиш яхшимас. Сўнгги йилларда ёшлар орасида кумир компаси сезиларли даражада бошқа қутбларга ўтмоқда.

 

Олимпиада ғолиблари, гроссмейстерлар, футболчилар, халқаро фан олимпиадаси ғолиблари – буларга ҳам қизиқиш кучли. Бугунги ёшлар чет эл спортчиларини эмас, ўзимизникиларни айтадиган даражага етдик.

 

Диёра Келдиёрова, Асила Мирзаёрова, Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашидов, Нодирбек Абдусатторов, Абдуқодир Ҳусанов, Аббос Файзуллаев, Элдор Шомуродов... Мана улар! Ёшларнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларига кирсангиз маълум бўлади постлардан.

 

Қолаверса, “Ёш китобхон” танлови ғолиблари ҳам бугун тенгдошларининг кумирига айланмоқда.

 

Бу жараённи сунъий ташкил қилиб бўлмайди. Ёшлар ўзлари танлайди қаҳрамонни.

 

Энди сиз айтган олимлар масаласига келсак, демак, Ўзбекистон илм-фани дарғаларини тарғиб қилиш зарур. Бунинг учун ижтимоий тармоқлар кучидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Нега ёшлар математик Шавкат Аюпов, тарихчи Аҳмадали Асқаров, ўзбек тили жонкуяри Шуҳрат Сирожиддиновни танимаслиги керак?

 

Энди тарғиботда юқоридагиларга ҳам эътибор қаратилса, кейин натижа кутиш мумкин. Эшикни тақиллатмай туриб, ўз-ўзидан очилишини кутиш ярамайди. Ёшларни ҳам айбдор қила олмаймиз. Гёте айтганидек, улар биринчи марта яшамоқда.

 

Шаҳноза РОФИЕВА суҳбатлашди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2025 йил 4-сон.

“Эшиклар ўз-ўзидан очилмайди” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

16:02 / 05.02.2026 0 21
Ҳукмронликнинг янги шакли





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30742
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//