Мафкура
Юнус Ражабий кўчаси 20-уй. Пойтахтнинг сўлим манзилида жойлашган. Кўча бўйлаб бораркансиз, муҳташамликни ҳис қиласиз, сокинлик юрагингизга инади. Бир пайтлар шу ерларда академик Юнус Ражабий яшаб ижод қилганини ўйласангиз, хаёлларингиз у киши яратган оҳанглар ила уйғунлашиб кетади. Ўзбек халқининг катта мусиқий мероси жамланиши-ю бунёд бўлишига гувоҳ хонадонда буюк бастакор ҳануз ижод қилаётгандай гўё – жим-жит, ҳамма нарса ўз ҳолича турибди, худди Юнус ота ҳозир қаёққадир чиққану қайтиб келиб изланишда давом этадигандай.
– Отамнинг ижодхонаси алоҳида эди. Онам “отангиз уйда ишлаяпти” деса бас, ҳаммамиз оёқ учида юрардик. Тиқ этган овоз ҳам у кишининг кайфиятига таъсир қиларди – дея эслайди устазода Ҳасан Ражабий. – Отам асосан тунда ишлар, кўпинча ярим кечаси соат икки-учларда уйғониб кетсам, ижод хонасидан тинғир-тинғир мусиқа овози келарди. Секин мўраласам, столнинг усти нота қоғозлар билан тўла бўлар, отам кўз қири билан менга қараб, “аччиқ чой дамлаб кел” деб чойнакни бериб юборарди. Бир кунда икки-уч соат ухлар эди, холос. Эслайман, ишхонада ҳам кечки пайт ишларди. Айтишларича, “Шашмақом”ни ёзиб олишаётганда трамвай овозининг тинишини кутиб, асосий ишни тунги ўн иккидан кейин бошлашар экан.
Юнус Ражабий ўзига қандай талабчан бўлса, шогирдларига ҳам шундай талаб қўярди. Шогирдлари кўп эслайди, уларга “Ашулани шунчаки ашула қилманг, ҳамма эшитадиган қилинг, унда қалб бўлсин” дер экан. Ҳақиқатан у киши нимага қўл урмасин, бутун қалбини бериб бажарган.
Отамизнинг халқ куйларини тўплаб, қайта ишлаб халқимизга тақдим этиши игна билан қудуқ қазишдай машаққатли иш бўлган. Халқ куйларини йиғиш анча илгаридан бошланган. 1938 йили икки жилдлик “Ўзбек халқ қўшиқлари” китоби яратилган. Шу тўпламга кўпгина бастакорлар халқ куйларидан йиғиб киритишган. Отам ҳам ўшанда 200 га яқин қўшиқни китобга ёзиб берган экан. Ва шу китоб сабаб у кишида ўзбек халқ куйларини йиғишга қизиқиш кучайган. Қолаверса, мусиқаларни қувваи ҳофизасида бошдан охир сақлаб қолиш қобилияти ва ёзиш маҳоратининг кучли бўлгани боис атрофидагилар ўзбек халқ мақомларини йиғиб, бир китобга жамлаш таклифини беришган. Ва шу таклиф сабаб Юнус Ражабий мақомни ўрганиб, йиғиб, халққа беқиёс хазина тақдим этди. Бу ҳақда отамнинг ўзи шундай деган:
“Қадимдан мақом деб айтилиб келган классик мусиқий ёдгорлигимиз IX, X, XIII асрларда Абу Наср Фаробий, Абу Али ибн Сино ва бошқа олимлар мақом ашулаларини чизма рақамлар ва ҳарфлар билан нота қилиб ёзишган. Ўша даврлардан то XVIII асргача “Ўн икки мақом” деб айтилиб келинган. XVIII асрдан бошлаб ҳамма мақомлар бирлаштирилиб, олти мақом, яъни шашмақом деб юритила бошланган. Олти мақомнинг номланиши қуйидагича: Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ. Бу олти мақомнинг ҳар бирида мушкулот, яъни чолғу қисми ва наср деб аталувчи ашула қисми бўлиб, бу мақомларнинг ҳар бирида 40 тадан то 60 тагача ашула ва мусиқа қисмлари бор. 1959 йилда радиокомитет қошида мақомчилар ансамбли ташкил қилинди, бу жамоанинг маҳорат билан қаттиқ ишлаши натижасида 1967 йилга қадар мақомнинг ашула йўллари ўрганилиб, 25 соатлик ашула қисмини магнит плёнкаларига ҳамда узоқ айланадиган пластинкаларга ёздирдик”.
Отам оилада ўн олти фарзанднинг энг кичиги бўлган. Юз билан юзлашиб яшаган бувимиз Ойшабиби ҳар доим отамни “хазинага йўлиққур” деб дуо қилар экан. Ота-она дуоси ижобат дейдилар, ҳақиқатан бувимнинг супрақоқдиси катта бир хазинага йўлиққан эди десам муболаға бўлмас. Отамнинг отаси Ражаб бобо катта ер эгаси, ўзига тўқ, бадавлат бўлган, мол, от, қўй боқиб, қассобчилик қилгани учун халқ орасида Ражаб қассоб аталган. У киши етмиш ёшдан сал ўтиб оламдан ўтгани боис биз кўрмаганмиз. Бобомизнинг Новза даҳасида гектарлаб ерлари бўлиб, икки-уч жойига шийпон қилинган экан. Кейинчалик бу ерларни бобомиз уч ака-ука – Шукурвой, Ризқивой ва Юнусвойларга бўлиб берган. Ражаббой қассоб мусиқа шинавандаси бўлганидан ёз паллалари шийпонга Мирза Қосим ҳофиз, Мулла Тўйчи ҳофиз, самарқандлик Ҳожи Абдулазиз ва бошқа санъаткорларни чорлаб тонготар суҳбатлар қилишаркан. Катталарнинг хотирлашича, отамиз кичиклигида, тўрт-беш ёшлар бўлган чамаси, мусиқа эшитса, шу куйга маҳлиё бўлиб қолар экан. Маълумотларга қараганда, Моцарт симфонияни бир марта эшитса хотирасида сақлаб қоларкан. Кичик Юнусда ҳам шундай қобилият бор эди, куйни бир эшитишдаёқ бошдан оёқ ёдлаб қоларди. Бу хислат отамга бувимиз Ойшабибидан ўтган экан. Буни кузатган отаси ўзини доим ром қилиб келган санъат оламига ўғлини етаклаган. Кенжасини ўзи борадиган сайилларга, ҳофизлар тўпланадиган чойхоналарга, такияхоналарга бирга олиб борган экан. Ана шундай муҳитда ўсган Юнус Ражабий бастакор, мусиқа алломаси бўлиб элга танилиб, халқимизга битмас-туганмас мусиқий меросни китобларга жо қилиб қолдириб кетди. Отамиз бастакоргина эмас, ўзбек классик мусиқаларининг моҳир ижрочиси ҳам эди. Амакиларим ҳам эл орасида машҳур санъаткорлар бўлишди. Ражаббой ота истаги амалга ошган эди.
Серфарзанд Ражаб қассобнинг кенжаси, бўй-басти баланд, келишган Юнус Ражабий ҳам серфарзанд бўлди. Биз ўн икки фарзанд (беш қиз, етти ўғил) эдик. Онамиз Қумри момо уй бекаси, болаларини оқ ювиб, оқ тараб ўтирарди. Кўпинча отам онамга “сен ҳаёт академигисан” дерди кулиб. Ўн икки фарзандни йўлга солиш, эплаш осонми ахир? Ҳаммамиз меҳнатда тобландик. Уйда ҳеч биримиз юмушсиз ўтирмасдик. Эрта баҳордан далага кўчиш учун от-арава келарди. Устига чиқиб, бир тўда бола чуғурлашиб далага кўчишнинг гашти ўзгача. Боққа етиб борсак, ўтлар бел баробар ўсган, ҳаммаёқ яшил. Сайроқи булбуллар саси атрофдаги жимликни бузиб турарди. Ҳаво ҳозиргидан юз чандон тоза, осмон тиниқ, ариқларда оқаётган зилол сувдан ичиб тўймасдик. Далада рўзғорга керакли ҳамма нарсани – полиз экинидан тортиб, резаворлару меваларгача ўзимиз етиштирардик. Ортганини бозорга олиб бориб, пуллаб ҳам келардик. Қишга тайёргарлик кўрардик, меваларни қуритиб, мураббо-ю тузламаларни ғамлардик. Дон-дунлар, хумларда ёғни айтмайсизми, ҳаммасини қоплаб ғамлаганмиз. Отамиз рўзғорни бут тутарди, гўштларни тузлаб қуритарди. Тийрамоҳ келаркан яна аравамизга ўтириб шаҳар ҳовлига йўл олардик. Ўйлаб қарасам, болалигимиз ёмон ўтмабди. Ота-онам бизни меҳнатга, камтарликка ўргатибди. Отам доим ҳаёт қисқа, лекин ҳамма нарсага улгурса бўлади дер эди. Ростданам, ҳаракат қилсангиз, умрингизга барака бераркан Худойим.
Бу болалар фақат далада ишлаган экан деб ўйламанг. Дала ишларидан ташқари қизиқ-қизиқ ўйинлар ҳам ўйнаганмиз. Масалан, диафилм аппарати оберишганини яхши эслайман. Қувончимиз ичимизга сиғмаган ўшанда. Ертўламизга жой қилиб, маҳалла болаларига филм қўйиб берардик. Ҳамма қизиқиб томоша қиларди. Ўқиш ҳам эсимиздан чиқмаган, мактабда аълога ўқиганмиз. Яна шахмат, шашка ўйнардик. Ҳайвонот боғига боришни ҳам яхши кўрардик. Маҳалланинг жинкўчаларида ғилдирак айлантириб орқасидан чопардик, ўзимиз варрак ясаб учирардик, чиллак, черта (катта катак чизиқчалар чизиб, ўртасига тўртбурчак ёғоч ёки силлиқ тош отиб, чизилган чизиқларга тегмай бир оёқ билан катаклардан тепиб ўтказиб катакларни айланиб чиқиб кетиш керак) ўйнардик. Рўза пайти болалар билан йиғилиб, ҳар уй эшигига бориб рамазон айтардик.
Отамнинг сўзи биз учун қонун эди. Тўполонни ошириб юборсак, бир марта “ҳой” деб қўйса бас. Ҳамма жимгина иш-ишига равона бўларди. Ҳаммамиз навбатма-навбат отамнинг оёқ-қўлларини уқалардик. Қай биримиз қайсидир ишни эплолмасак, отам уришиб, танбеҳ бериб ўтирмасди. Эплолмаган ишимизга мос бирорта қизиқ воқеами, латифами ё афандими айтиб, “қилган ишингиз шунга ўхшайди” ёки “сизнинг ишингиз бундан ҳам ошиб тушди” деб мароқ билан куларди. Бу бизга жуда қаттиқ таъсир қилиб, чала ишимизни тезгина тузатиб, тўғрилаб қўярдик. Ҳар қандай масалани босиқлик билан ҳал қилиб, кулги билан тузатиб кетган экан донишманд отам.
Кўп фарзанд бўлганимиз учун отам кийимларнинг энг арзонидан сотиб олиб берарди. Шунгаям роса қувониб, раҳмат айтиб, ўпиб қўярдик. Ҳар биримизни яхши кўрарди, сизлаб гапирарди. Бирор муваффақиятга эришсак, мақтаб, алқаб қўярди. Мактаб даврида ҳам ҳар биримизнинг муаллимимиз билан алоҳида гаплашиб, доим назоратда ушлаган.
Ўзимиз кўп бўлсак, бунинг устига уйга дўстларимизни ҳам бошлаб келардик. Кўпинча ётиб қолишарди. Талабалик пайтларимизда-ку, айтмай қўяқолай, вилоятдан келган дўстларимизнинг кўпи бизникида яшаган десам ҳам бўлади. Уйимизнинг бир хонаси меҳмонларга ажратилган бўлиб, тунаб қоладиган дўстларимиз шу хонада қоларди. Отам шу қадар камтар эдики, ҳатто баъзи дўстларимизнинг тўйларига бориб, тўйни ўтказиб ҳам берарди. Ота-онамиз бағрикенг эди, ҳаммани очиқкўнгиллик билан кутиб олишарди. Уйимизда отамнинг дўстлари учун ҳам алоҳида хона ажратилган эди. У киши дўсту биродарларини шу хонада кутарди, тунаб қолишса айни хонага жой қилинарди. Эл суйган ҳофизу санъаткорлар билан тонготар суҳбат қилишарди. Меҳмондорчилик ҳам шунчаки ўтмасди, отам уларга албатта ўзи ош дамлар ёки шўрва қиларди. У киши тайёрлаган таомлардан тотсангиз, мазаси оғзингизда қоларди. Қолаверса, отам шинаванда одам эди, суҳбатлашиб тўймайсиз, латифалардан айтиб, даврани қиздириб ўтирарди.
Юнус Ражабий ўзбек халқининг буюк бастакори, миллий мусиқий маданиятимиз ва ижрочилик санъатининг ривожланишига, ўзбек мақомлари – “Шашмақом”нинг шаклланиши, такомил топиши ва тикланишига салмоқли ҳисса қўшган улкан арбоб эди. Эл ардоғидаги санъаткор беқиёс мусиқий бойлигимизни бутун Ўзбекистон бўйлаб йиғиб, тўплаб, нота ёзувларига кўчирди, сайқал бериб, бойитиб, ўзининг беш жилдлик “Ўзбек халқ мусиқаси”, олти жилдлик “Шашмақом” ва “Мусиқа меросимизга бир назар” номли рисоласига (аввалги нашрларига илова тарзида ёзилган) жамлади ва бир неча юзлаб ўзбек классик чолғу куйлари, қўшиқ ва ашулалари, олти ўзбек мақомининг ижроларини, ҳам устозлари, ҳам ўзи ва шогирдларининг бетакрор ижроларини магнит тасмалари ва грампластинкага кўчиртириб, халқимизга битмас-туганмас бебаҳо мерос қолдириб кетди. У киши ўзбек халқ мусиқий мулкининг забардаст хазинабони эди.
Гулжаҳон НАМОЗОВА ёзиб олди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.
Мафкура
Тарих
Адабиёт
Маънавият
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ