Дунё элитасининг яширин хонаси эшиги – Эпштейн ўзи ким ва у нима қилган?


Сақлаш
10:06 / 06.02.2026 14 0

Қишнинг совуқ январь ойи дунё сиёсий саҳнасида жуда қайноқ ўтмоқда. Эрондаги намойишлар, Венесуэла Президентининг ўғирланиши, Давос форуми ва Эпштейн маълумотларининг эълон қилиниши ойнинг энг муҳим воқеалари бўлди. Сўнгги ҳодиса эса бутун дунёни шокка туширди. «Демократия қўриқчиси» мақомига даъвогар давлатга тегишли ҳудудда содир бўлган ноинсоний ҳаракатлар ва улардан иштирок этган таниқли инсонлар рўйхати барчани лол қолдирди.

 

Ўзи нималар бўляпти?

 

2005 йилнинг март ойида америкалик 14 ёшли мактаб қизининг васийси (ота-она ўрнига болага жавобгар шахс) Флорида штати полициясига мурожаат қилиб, унинг қизини Эпштейн исмли шахс Палм-Бичдаги уйида зўрлаганини маълум қилади. Уйни текширишга келган полиция ундан вояга етмаган кўплаб қизларнинг суратларини топади.

 

Кейинги тергов ҳаракатлари давомида яна 50 нафар эҳтимолий жабрланувчи аниқланади ва 2006 йил прокуратура Эпштейнга қарши жиноят иши қўзғатади. Тез орада бу иш Федерал қидирув бюросига топширилади.

 

Прокуратура айбловига кўра, Эпштейн ёш қизларни топиб, уларни катта ҳақ эвазига ишга ёллаган. Қизлар «жинсий йўсиндаги массаж қилиш»га мажбурланган. Бундай массажлар одатда мажбурий жинсий алоқа ёки мастурбация билан тугаган. Қизларнинг аксарияти 14 ёшдан кичик норасидалар бўлган.

 

Икки йиллик суриштирувлардан сўнг, 2008 йил июнь ойида Эпштейн фоҳишаликка ёллашда айбдор деб топилади ва жабрланувчиларга товон пули тўлашга рози бўлади. Прокуратура билан яширин келишув битими (АҚШда агар айбловчи томон ўз далиллари айбланувчини жазолашга етарли эмас деб ҳисобласа, айбланувчи билан келишув тузиши мумкин) тузган тадбиркор атиги 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бизнесман 18 ой муддатнинг 13-ойида озодликка чиқади.

 

 

2019 йил февраль ойида суд Эпштейнга келишув тузишга ёрдам берган прокурор Александр Акостанинг ҳаракатларида қонунбузарликни аниқлайди ва ишни қайта очади. Бу пайтда Меҳнат вазири бўлган Акоста истеъфога чиқишга мажбур бўлади.

 

Шу йилнинг 6 июлида Эпштейн Париждан қайтаётганда Ню-Жерси аэропортида яна қамоққа олинади. У жинсий қуллик учун одам савдоси ташкил қилиш ва эҳтимолий гувоҳларга пора берганликда айбланади.

 

2019 йил 10 август куни Манҳеттен қамоқхонасидаги Эпштейннинг камерасидан унинг жасади топилади. Тиббий экспертиза миллиардернинг ўлимини «ўз жонига қасд қилиш» дея таснифлайди.

 

Орадан бир йил ўтиб, Эпштейннинг шериги ва аёли, британиялик модель Гислейн Максвелл ҳам ҳибсга олинади. Суд текширувлари Максвелл 1990 йилларнинг ўрталаридан бошлаб Эпштейн учун вояга етмаган қизларни топиб, ишга ёллаганини кўрсатади.

 

Нью-Йорк федерал суди 2021 йилда Максвеллни жинсий қуллик учун одам савдоси ташкил қилишда айбдор деб топди. Суд собиқ моделни 20 йил қамоқ жазоси ва 750 минг доллар жаримага ҳукм қилди.

 

АҚШ суди Эпштейн иши бўйича терговларни давом эттиради. 2023 йил декабрь ойида федерал судья Лоретта Преска Эпштейн билан боғлиқ шахсларнинг исмлари кўрсатилган ҳужжатларни оммага эълон қилишни буюрди. Бу ҳужжатлар «Эпштейн файллари» деб атала бошланди.

 

 

Эпштейн файлларини кенг кўламда очиқлаш 2025 йил охиридан қайта бошланди. 2026 йилнинг 30 январида эса АҚШ Адлия вазирлиги веб-сайтида энг катта маълумотлар тўплами эълон қилинди – тахминан 3 миллион саҳифалик ҳужжатлар, 2000 дан ортиқ видеолар ва 180 мингта фотосуратлар очиқ порталга жойлаштирилди.

 

Ушбу файлларда жуда кўп сиёсатчилар, таниқли юлдузлар ва ҳатто Президентлар исмлари бор эди.

 

Эпштейн ким?

 

Бруклинда яшовчи Полин ва Сеймур Эпштейнлар оиласида 1953 йил 20 январда фарзанд дунёга келади. Унга Жеффри деб исм қўйилади. Ёш Жеффрининг отаси боғбон, онаси эса уй бекаси эди.

 

Жеффри Эпштейн ёшлигидан математикага қизиқади ва бу фанда ўзини кўрсатади. 1969 йилда 16 ёшида обрўли Лафаетте ўрта мактабини тугатади. У хусусий Cooper Union коллежига ўқишга киради, бироқ икки йилдан сўнг Cоурант математика фанлари университетига (Нью-Йорк университетининг шўбаси) ўтади. 1974 йилда Эпштейн бакалавр дипломини ҳам олмасдан, ўқишни ташлайди.

 

Олий маълумоти йўқлигига қарамай, Жеффри Манҳеттендаги Тони Дальтон мактабига математика ўқитувчиси сифатида ишга киради у ерда икки йил дарс беради.

 

 

Дальтон мактабида ишлаётган пайтда Эпштейн ўқувчиларидан бирининг отаси, Bear Stearns банки бош директори Алан Греэнберг билан танишади. Греэнберг Эпштейндаги молиявий саводхонлик қобилиятини сезади ва унга иш таклиф қилади. Эпштейн банкда трейдер сифатида иш бошлайди ва тез орада банк ҳомийлар(шерик)ларидан бирига айланади, яъни, банк раҳбариятидан ўрин олади.

 

Бир йилдан сўнг Эпштейн Bear Stearns‘ни тарк этади. The Observer нашрининг ёзишича, у офисдан эсдалик сифатида олган нарсалардан бири Cосмополитан журналидан парча бўлиб, у ерда Эпштейн «Ой бўйдоғи» номинациясини олган.

 

Эпштейн 1981 йил мижозларга ўғирланган маблағларни қайтариб олишда ёрдам берувчи International Assets Group Inc. консалтинг фирмасига асос солади ва 1984 йилга келиб миллионерга айланади.

 

Орадан 4 йил ўтиб, Жеффри J. Epstein & Company (кейинчалик The Financial Trust Company дея қайта номланган) компаниясига асос солади. Компания 1 миллиард доллардан кўп маблағга эга мижозларга уларнинг капиталини бошқариш бўйича хизматлар тақдим этади.

 

Бу даврдаги Эпштейннинг бизнес ҳамкорлари ва мижозлари орасида машҳур инсонлар анчагина эди. Кейинчалик молиявий пирамида яратишда айбланган иқтисодчи Стивен Хоффенберг ҳам улардан бир бўлган.

 

Эпштейн бир неча йил давомида Victoriaʼs Secret бренди эгаси Лесли Векснернинг молиявий маслаҳатчиси бўлиб ишлайди. У бу лавозимдан 2007 йил, унга нисбатан тергов бошлангачгина четлатилади.

 

Жеффри Эпштейн миллиардер сифатида биринчи марта оммавий ахборот воситаларида 2001 йилнинг баҳорида пайдо бўлади. Ўша вақтда унинг ҳисобида 500 млн доллардан ортиқ маблағ бўлган ва йилига 10 млн доллар ишлаб топган.

 

Айнан шу пайтларда унинг фаҳш савдо империяси ҳам «гуллаган» ва ундан тушган пул айланмалари Эпштейн адвокатлари томонидан ҳеч қачон очиқланмаган.

 

Эпштейн томонидан 1998 йилда сотиб олинган икки шахсий орол – Little Sent Jeyms ва Great Sent-Jeyms ороллари (Кариб денгизда жойлашган) унинг асосий «ишратхоналар» эди. Little Sent Jeyms оролида Жеффрининг ҳашаматли вилласи, бассейн ва пляжи жойлашган. Ушбу оролга кўплаб машҳурлар ташриф буюрган. Уларнинг қайсилари оролда уюштирилган оммавий жинсий алоқалар, вояга етмаган қизларни зўрлашларда иштирок этгани ҳозирча тўлиқ аниқланмаган.

 

Доналд Трамп ва унинг аёли Мелания Трамп ҳамда Эпштейн ва Масквелл

 

ОАВ воситаларида Эпштейн жуда машҳур сиёсатчилар, юлдузлар ва молиячилар билан кўриниш берган. Хусусан, у 2002 йилда собиқ Президент Билль Клинтон, актёр Кевин Спейси ва комик Крис Такер билан Африкага саёҳат қилган. Эпштейн юқори доиралар билан жуда яхши алоқаларга эга бўлган ва бу унга ўзи жиноятини узоқ йиллар давомида яширишга имкон берган.

 

Очиқланган маълумотларда кимларнинг исмлари бор?

 

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган охирги файлларда кўплаб машҳур шахслар: технология магнатларидан тортиб сиёсатчиларгача бор. Уларнинг барчаси вояга етмаганлар ва қизларни жинсий зўрлашга алоқадорликни рад этган. Шу билан бирга, уларнинг айримлари Эпштейн 2008 йилда жинсий жиноятчи сифатида айблангандан кейин ҳам у билан дўстона муносабатларни давом эттирган.

 

Файлларда энг кўп тилган олинганлардан бири – АҚШнинг амалдаги Президенти Доналд Трамп. Унга доир ҳужжатлар ҳам, видео ва фотосуратлар ҳам анчагина. Оқ Уй раҳбари бунга қадар эълон қилинган маълумотларда ҳам асосий фигуралардан бири эди. Охирги файллар унинг Эпштейн билан қалин алоқаларга эга бўлганини яна бир бор тасдиқлади.

 

Маълумотларда исми бўлиши энг шармандали деб баҳоланган инсон эса Британия қироллик оиласи аъзоси, ҳозирги Буюк Британия қиролининг укаси Эндрю Маунтбеттен-Виндзор бўлди.

 

Собиқ шаҳзода унга қўйилган барча айбловларни рад этган. Бироқ 2025 йил октябрь ойида қирол Карл III Эндрюнинг Эпштейн билан алоқалари ҳақидаги навбатдаги маълумотлардан сўнг 65 ёшли укасини қироллик унвонларидан, жумладан, шаҳзода ва Йорк герцоги деб аталиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

 

Эндрю узоқ вақт Эпштейн билан алоқаларини рад қилиб келган

 

Январдаги файлларга Эпштейннинг Эндрюни 26 ёшли россиялик аёл билан таништириш таклифи, шунингдек, Маунтбеттен-Виндзор экани тахмин қилинаётган шахснинг ерда ётган аёл устида чўккалаб, унинг белига тегиб турган фотосуратлари киритилган.

 

Дунёнинг энг бой одами, Тесла ва СпаcэХ раҳбари Илон Маск номи ҳам маълумотларда камида бир неча бор тилга олинган. 2012 ва 2013 йилларда Маск Эпштейн билан ёзишмалар олиб борган ва молиячининг Кариб денгизидаги шахсий оролида ўтказадиган зиёфатларига бориш имкониятини муҳокама қилган.

 

Маск оролларга бормаганини ва Эпштейн билан дўст бўлмагани маълум қилди. У ёзишмалар душманлари томонидан Маскка қарши ғаразли мақсадда ишлатилaётганини даъво қилди.

 

Virgin Group асосчиси, миллиардер Ричард Бренсон ҳам файлларида номи қайд этилганлар рўйхатида бор. У эмаил орқали юборган мактубида Эпштейнни ўз оролига таклиф қилган. Хатда миллиардер Эпштейнга «Энг муҳими, ҳараминг билан кел!» дея ёзади.

 

Брансон ва унинг жамоаси Жеффри билан «ҳар қандай алоқа бизнес соҳасида бўлгани, агар Брансон Эпштейн жиноятлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлганда ҳеч қачон бундай муносабатларни ўрнатмаган бўларди» дея баёнот берган.

 

АҚШнинг собиқ президенти Билль Клинтон ҳам Эпштейннинг яқин дўстларидан бўлган. Клинтон вақти-вақти билан бизнесменнинг шахсий самолётидан фойдаланган ва у билан Оқ уйда учрашган.

 

Трамп каби Клинтон ҳам Эпштейннинг жиноятларидан хабардор бўлмаганини айтган. Унинг вакиллари собиқ президент Эпштейн билан муносабатларини 2006 йилдаги жиноий айбловлардан кейин тўхтатганини маълум қилган.

 

 

Шунингдек, Эпштейн файлларида Microsoft асосчиси Билль Гейтс, АҚШ Савдо вазири Ҳовард Лютник, Google асосчиларидан бири Сергей Брин, олим Стивен Ҳокинг, Исроилнинг собиқ Бош вазири Эҳуд Барак, Эндрюнинг хотини Сара Фергюсон, Британиялик собиқ вазир лорд Питер Менделсон, АҚШ Президентининг катта маслаҳатчиси Стивен Беннон, собиқ Словакия Ташқи ишлар вазири Мирослав Лайчак, қўшиқчи Майкл Жексон ва яна кўплаб обрўли инсонлар номи тилга олинган.

 

Ўзбек қизлари ҳам педофил қурбони бўлганми?

 

Афсуски, бутун дунёдан ёш қизларни «овлаган» Эпштейн ва унинг шериклари ўзбекистонлик қизларни ҳам ўз фаолиятларига жалб қилишга уринган.

 

Бир қатор ўзбек нашрлари АҚШ Адлия вазирлиги эълон қилган ҳужжатлар орасидан ўзбекистонлик қиз ва Эпштейн ўртасидаги ёзишмаларни топиб, уларни нашр қилди.

 

Эпштейн ва ўзбекистонлик қизнинг ёзишмалари 2012 йилдан бошланади. Қиз ўша йилнинг 8 март куни миллиардерга электрон почта орқали хат юбориб, ўз ҳолатини айтади. Шунингдек, АҚШга боргани (ёки бориш ҳаракатлари) сабаб университетдан четлатилгани, аммо таҳсилни давом эттириш учун олийгоҳ топгани ҳақида ёзади.

 

«Барча ариза ва имтиҳон жараёнларидан сўнг, улар мени талабалар сафига қабул қилишга рози бўлди. Ҳужжатлар Тошкентдаги ваколатхона орқали расмийлаштирилди. Ўқиш 4 семестр Малайзияда бўлади. Кейин менга иккита диплом беришади: бири Малайзиядан, иккинчиси Англиянинг Стеффордшир университетидан. Инглиз тилида таълим жуда қиммат. Лекин бу ерда диплом кучи бир хил бўлса-да, ўқиш нархи анча арзон – йилига 6800 доллар. Қолаверса, ўзбеклар учун Малайзияга виза талаби йўқлиги мени хурсанд қилди, бу мен учун олдинга ташланган қадам. Айниқса, ортда қолган ойлар давомида бу ерда ишлаш нақадар оғир бўлганини инобатга олсак», дейди у.

 

​Ўзбекистонлик қиз шундан сўнг Малайзияда яшаш харажатларини қоплаш учун пул топиши кераклигини, Ню Йоркдаги дўсти унга моделлик соҳасига киришда ёрдам бермоқчи эканини ёзади.

 

​Қиз Эпштейнга ёзган мактубида ўша йиллари ўзбекистонликлар учун катта муаммолардан бири бўлган хорижга чиқиш визаси ва чет эл ваколатхоналаридан виза олишдаги муаммолар ҳақида ҳам гапиради.

 

«Ўзим тўғримда гапирадиган бўлсам, Жеффри, албатта, доим сени соғинаман. Лекин ўзинг биласан. Мамлакатимиз анча муаммо туғдиради. Ҳар бир аҳмоқона қарор олдингисидан «яхшироқ». Лекин барибир ёш ва ёлғиз қизларга виза беришни сабабсиз рад қилишади. Малайзия, Қозоғистон, Грузия, Россия, Озарбайжон каби давлатлар, ҳатто Буюк Британияга ҳам бориш нисбатан осон. Аммо Шенген зонаси, БАА ва айниқса АҚШ жуда қийин. Уринишдан деярли фойда чиқмайди. Агар жиддий сабаб бўлмаса», деган у.

 

 

Қиз Эпштейнга яна бир қанча электрон хатлар юборади. Улардан бирида, ўша вақтда Ўзбекистон учун оғриқли мавзулардан бўлган мажбурий пахта терими муаммоси ҳам тилга олинади.

 

«Жеффри, мен ҳар куни тиш шифокоримга ваъда бериб юрибман. Аҳвол ёмонлиги учун ишни бошлаб юбордим. Сен эса ёрдам бераман дегандинг, мен кунбўйи кутяпман. Вақт фарқи сабабли пулни эртага олишим учун уни тахминан бир соат ичида юборишинг керак бўлади. Акс ҳолда яна бир кун ўтиб кетади. Шифокор эса мен учун ҳафтасига 7 кун ишлаяпти. Чунки Ўзбекистонда пахта терими яқин. Октябрь охирида барча шифокорлар икки ойга кетиб қолади. Шунинг учун ҳамма ишни шу пайтгача тугатишимиз керак», деб ёзади қиз.

 

Ҳозирда Эпштейн билан ёзишмалар олиб борган камида икки ўзбекистонлик ҳақида маълумотлар бор. Улар қачон, қандай қилиб америкалик бизнесмен билан танишгани, унинг оролида бўлган ёки бўлмагани каби саволлар ҳозирча очиқ.

 

Аксар ўзбекистонлик ва фаоллар, хусусан журналист Азиза Қурбонова Эпштейн билан ёзишган ўзбекистонлик қизларни тинч қўйиш кераклигини таъкидлаган.

 

«Очиқ маълумотларни яна қидирсам, қиз ўзи янгилаган ижтимоий тармоқ профили чиқиб келди. У Ўзбекистонда, тахминан яқин йилларда мактабда инглиз тилидан дарс берган, хотиржам, тинч ҳаёт кечиряпти.

 

Ҳозирда 35 ёшга тўлган ўзбек аёлини тинч қўйишимиз керак. Мен у билан ҳаммаси яхши эканига умид қиламан. Ҳаёти фақат яхшиликларга тўла бўлсин», дея ёзади журналист.

 

Эпштейн иши бўйича тергов ҳали ҳам давом этмоқда. Собиқ Президент Билль Клинтон ва унинг аёли Ҳиллари Клинтон бу масала бўйича Конгрессга чақирилди. Кўплаб мутахассислар файлларнинг баъзи қисмлар Президент Трамп исми борлиги учун АҚШ маъмурияти томонидан очиқланмаганини айтмоқда. Улар 3 йилдан кейин, АҚШда Президент алмашгач, Эпштейн иши бўйича яна қатор файллар эълон қилинишини башoрaт қиляпти.

 

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

16:02 / 05.02.2026 0 21
Ҳукмронликнинг янги шакли





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30736
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//